Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (143-дарс).-дарс. Қазои қадар иймоннинг рукнларидан

17:30 / 19.07.2021 4117 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي عَزَّةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا قَضَى اللهُ لِعَبْدٍ أَنْ يَمُوتَ بِأَرْضٍ جَعَلَ لَهُ إِلَيْهَا حَاجَةً». رَوَاهُمَا التِّرْمِذِيُّ.

Абу Азза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачонки Аллоҳ бандага бирор ерда ўлмоқни қазо қилган бўлса, унинг учун ўша ерда бир ҳожатни қилиб қўяди», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисни қазои қадар ҳақлигини, уни Аллоҳ таолонинг Ўзи жорий қилишини баён қилмоқдалар.

Мисол учун, бир одамнинг маълум бир жойда вафот этиши қазои қадар қилинган бўлса, Аллоҳ унинг учун ўша ерда бирор ҳожатини чиқарадиган қилиб қўяди. Банда ҳожатини кўзлаб боради-ю, қазосидаги бор ўлимни ўша жойда топади.

Бундай ҳолатларда халқ ичида «Ажали етиб қолган экан-да, ўз оёғи билан борибди», дейилади.

Бу нарса Аллоҳ таолонинг қанчалик мудаббир ва банданинг қанчалик тадбирсиз эканини кўрсатади.

Бу нарса Аллоҳ таолонинг илми қанчалик чексиз, банда қанчалик жоҳил эканини кўрсатади.

Бу нарса Аллоҳ таоло қанчалар қодир, инсон қанчалар ожиз эканини кўрсатади.

Қазои қадарга тегишли ҳар бир ишда, ҳаракатда шу маъноларни такрорлаш мумкин.

Қазои қадарга иймон келтиришга Ислом алоҳида эътибор берган ва у иймоннинг асосларидан ҳисобланган.

Эслатма: Ҳеч қачон бир масала бўйича бир ёки бир неча ҳадисга суяниб ҳукм чиқариб бўлмас экан. Иложи борича атрофлича ўргангандан сўнггина бир нарса дейиш керак.

Қазои қадар масаласини баён қилувчи оят ва ҳадисларда зоҳиран бандани мажбурлаш ва ихтиёрига қўйиб бериш маънолари борлиги баъзи кишиларнинг йўлдан озишига сабаб бўлган. Улардан бир қисмлари «Банда бу дунёда ҳамма ишни ўз ихтиёри билан эмас, мажбур бўлиб қилади», деганлар.

Ана шундай фикр ва эътиқоддаги кишилар «жабрия» мазҳабидагилардир. Бу мазҳабнинг кўзга кўринган тоифаларидан бири Жаҳм ибн Сафвон Самарқандийга мансуб «жаҳмийя» тоифасидир.

Жабрия мазҳабига қарши ўлароқ, баъзилар: «Инсон ўзининг ҳамма ишларида ҳурдир, у ўз ихтиёри билангина иш қилади, ўз амалини ўзи халқ қилади», деганлар. Булар «қадария» (қадарни инкор этувчи) деб аталган бўлиб, уларнинг асосчилари «мўътазилийлар»дир. Ушбу икки тоифа ҳам адашган ҳисобланади.

Исломнинг соф ақийдасини тутиб қолган Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби эса ўртача йўл тутган. Улар: «Инсоннинг дунёдаги ўзига ориз бўладиган ишларда ихтиёри борлари ҳам бор, ихтиёри йўқлари ҳам бор», деганлар. Уларнинг таъкидлашича, инсон ўз ихтиёри йўқ ишларда жавобгар эмас, аксинча, ихтиёри бор ишларда жавобгардир.

Ҳақиқат ҳам шунинг рост эканини кўрсатади. Саҳобалар, тобеъинлар ва ўтган салафи солиҳларнинг барчалари шу эътиқодда бўлганлар.

Ривоят қилинишича, имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи имом Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқ розияллоҳу анҳудан сўраган эканлар:

– Эй Расулуллоҳнинг ўғиллари, Аллоҳ ишни бандаларга тафвиз қилиб топшириб қўйганми?

– Аллоҳ таоло Роббликни бандаларга топшириб қўйишдан юқоридир!

– Бўлмаса, уларни мажбур қиладими?

– Аллоҳ таоло аввал уларни бир ишга мажбур қилиб туриб, сўнгра азоблашдан кўра одилроқдир!

– Бу нима дегани?

– Бу ўртача дегани. Мажбур қилиш ҳам йўқ, бутунлай қўйиб бериш ҳам йўқ. Зўрлаш ҳам йўқ, эга қилиб қўйиш ҳам йўқ.

Бу жавоблар нақадар тўғри эканини сиз билан биз юқоридаги баҳсларимизда англаб етдик.

Гоҳида «қадар» истилоҳи ва унинг муродифлари (синонимлари) дунёни ва ундаги нарсаларни тартибга солиб турувчи қонун-қоидалар, тузумлар ва сабабларга ҳам ишлатилади.

Мисол учун, «Албатта, Биз ҳар бир нарсани қадар билан яратдик» оятининг маъноси «ўлчов билан яратдик», бўлади. Яъни, дунёдаги ҳар бир нарсанинг ўзига яраша ўлчови, миқдори бор, дегани. Бу маънодаги оятлар анчагина бор.

Қазои қадар иймоннинг рукнларидан бўлиб, унга ҳеч қачон эътиборсизлик билан қараб бўлмайди. Бу соҳада доимо ҳушёр бўлиш керак. Ана ўша ҳушёрлик, эҳтиёткорлик йўқолса, инсон залолат йўлига кириб кетиши ҳеч гап эмас. Қадимда шундай ишлар кўп бўлган.

Кўпчилик айнан қадар масаласида ё у тарафга, ё бу тарафга оғиб, залолатга кетган. Қадар ва унга тегишли масалалар катта фитналарнинг келиб чиқишига сабаб бўлган. Мусулмонларга улкан зарарлар етказган.

Шунинг учун ҳам Аҳли сунна ва жамоа уламолари бу масалада қаттиқ турганлар. Ҳар бир мусулмон бу масалада ўзини қандай тутиши лозимлигини аниқ иборалар билан ифода этиб, ақийда китобларига битиб қўйганлар.

Бу ҳақда Аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг,  яъни омма мусулмонларнинг ақийдавий мазҳабининг энг мўътабар китобларидан «Ақийдатут Таҳовийя»нинг матнида жумладан, қуйидагилар айтилади:

«Аслида қадар Аллоҳ таолонинг махлуқотлардаги сирридир. У нарсадан муқарраб фаришта ҳам, юборилган набий ҳам хабардор эмас. У нарсада чуқур кетиш, назар солиш хорлик сабабчиси, маҳрумлик нарвони ва туғён даражасидир. У нарсага назар солишдан, фикр қилишдан ва васвасадан эҳтиёт бўлинг ва яна эҳтиёт бўлинг. Чунки Аллоҳ таоло қадар илмини Ўз бандаларидан ўраб қўйгандир ва уларни уни қасд қилишдан қайтаргандир. Аллоҳ таоло Ўз Китобида: «У Зот қилган нарсасидан сўралмас. Улар эса сўралурлар», деган. Бас, ким «Нима учун бундай қилди?» деб сўраса, қуръоний ҳукмни рад қилган бўлур. Ким Қуръоннинг ҳукмини рад қилса, кофирлардан бўлур».

Ушбу сўзлар кўплаб аччиқ тажрибалар бўлиб ўтгандан кейин, қадар тўғрисидаги ояту ҳадислар, саҳобаларнинг айтган гаплари атрофлича ўрганиб чиқилгандан сўнг битилган. Бу натижага эришгунча Аҳли сунна ва жамоа уламолари кўп тортишувларни, мунозараларни, ҳужжат солиштиришларни ва тажрибаларни бошларидан ўтказганлар. Охир-оқибат, мусулмонлар оммаси бу масалада мазкур қоидаларга амал қилсалар, фойдали бўлади, деган қарорга келганлар.

«Аслида қадар Аллоҳ таолонинг махлуқотлардаги сирридир».

Яъни қадарни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Бу дунёда махлуқотларга нима қадар қилинганини билиш Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хос.

«У нарсадан муқарраб фаришта ҳам, юборилган набий ҳам хабардор эмас».

Аслида муқарраб фаришта ва юборилган пайғамбарлар кўп сир-асрорлардан хабардор бўладилар. Аммо Аллоҳ таоло қадар илмини улардан ҳам сир тутган. Улар ҳам махлуқотларга нима қадар қилингани ҳақида ҳеч нарса билмайдилар. Чунки қадар масаласи Аллоҳнинг илми чексиз эканини баён қилувчи масаладир.

«У нарсада чуқур кетиш, назар солиш хорлик сабабчиси, маҳрумлик нарвони ва туғён даражасидир».

Яъни, қадар масаласида чуқур кетиб, уни текширишга ўтиш охири хорликка сабаб бўлади. Ўз эгасини кўп нарсадан маҳрум қилади. Охири келиб туғёнга кетишига сабаб бўлади. Дарҳақиқат, Қадария ва Жабрия мазҳаблари ва уларга эргашганлар шу ҳолга тушганлар.

«У нарсага назар солишдан, фикр қилишдан ва васвасадан эҳтиёт бўлинг ва яна эҳтиёт бўлинг».

Яъни қадар илмини биламан, деб уринишдан, у тўғрида «Нимага ундай бўлди, нимага бундай бўлди, ундай қилса, нима бўлар эди» каби фикр қилишдан эҳтиёт бўлинг. Шунингдек, «Ҳамма нарса маълум бўлса, амалнинг нима кераги бор, унинг ўрнига бундай деса бўлмасмиди?» каби васвасалардан ҳам эҳтиёт бўлинг. Чунки ҳамма нарса сизга эмас, Аллоҳга маълум. Аллоҳ сизни қадарга иймон келтиришга, амрига, шариатига амал қилишга буюрган, шуни қилинг!

«Чунки Аллоҳ таоло қадар илмини ўз бандаларидан ўраб қўйгандир».

Бандалар ҳаммаси бир бўлиб кичик бир зарранинг қадарини билишга уринсалар ҳам, била олмаслар.

«Ва уларни уни қасд қилишдан қайтаргандир».

Яъни Аллоҳ таоло бандаларни қадар илмини билишни қасд қилишдан қайтаргандир.

«Аллоҳ таоло Ўз китобида: «У Зот қилган нарсасидан сўралмас. Улар эса сўралурлар», деган».

Яъни Аллоҳ таоло нима қилса, Ўзи билади. Ундан биров «Бу ишни нима учун қилдинг?» деб сўрай олмайди.

Аммо Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳаммасидан ҳар бир ишни «Нима учун қилдинг?» деб сўрайди.

«Бас, ким «Нима учун бундай қилди?» деб сўраса, қуръоний ҳукмни рад қилган бўлур».

Яъни кимки бўлган нарса Аллоҳнинг қазои қадари экан, деб таслим бўлмасдан, «Аллоҳ нима учун бундай қилди?» деб сўраса, Қуръоннинг «У Зот қилганидан сўралмас», деган ҳукмини рад қилган бўлади.

«Ким Қуръоннинг ҳукмини рад қилса, кофирлардан бўлур».

Шунинг учун ҳам бу масалада ўта эҳтиёткор бўлмоқ керак. Эҳтиёткорлик шу даражада бўлиши керакки, ҳатто қадар масаласида чуқур кетадиганларга яқинлашмаслик ҳам даркор.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръоннинг ҳаммаси тавҳид, унинг аҳлининг ҳуқуқлари, мадҳлари ва ширкнинг мазаммати, унинг аҳлининг жазоси ва оқибатлари ҳақидадир. .Алҳамду лиллаҳи Роббил давоми...

1441 19:00 / 08 апрель
Аллоҳ таоло .Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли будир остидан анҳорлар оқади, мевалари ва соялари доимийдир. Бу тақво қилганларнинг оқибатидир. давоми...

7502 18:27 / 02.12.2016
9. Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбар бўлишларидан олдин жинлар осмондаги фаришталарнинг гапини ўғриликча эшитиб олиб, инсонлардан бўлган ўз яқинларига етказиб давоми...

2351 00:00 / 30.11.2022
Жаннат ва дўзах ndash иккаласи халқ қилингандир. Улар абадийдир, йўқ бўлмаслар. Бас, Аллоҳ жаннат ва дўзахни халойиқдан олдин халқ қилгандир. Уларга аҳл давоми...

5433 13:00 / 11.05.2020