Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (142-дарс). Банда тўрт нарсага иймон келтирмагунича мўмин бўла олмайди

16:00 / 12.07.2021 4950 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا يُؤْمِنُ عَبْدٌ حَتَّى يُؤْمِنَ بِأَرْبَعٍ: يَشْهَدَ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَأَنِّي رَسُولُ اللهِ بَعَثَنِي بِالْحَقِّ، وَيُؤْمِنَ بِالْمَوْتِ، وَيُؤْمِنَ بِالْبَعْثِ بَعْدَ الْمَوْتِ، وَيُؤْمِنَ بِالْقَدَرِ».

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Банда тўрт нарсага иймон келтирмагунича мўмин бўла олмайди: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва мен Аллоҳнинг Расулиман-у, У Зот мени ҳақ ила юборганига шаҳодат беради; Ўлимга иймон келтиради; Ўлгандан кейин қайта тирилишга иймон келтиради; Қадарга иймон келтиради».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадисларида мўмин-мусулмон киши иймон келтириши лозим бўлган тўрт нарсани алоҳида таъкидламоқдалар.

Шу тўрт нарса ичида қадарга иймон келтириш ҳам бор. Ҳадиснинг аввалида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эшитувчига кучли таъсир қилувчи олий услубни ишлатмоқдалар. Яъни «Банда тўрт нарсага иймон келтирмагунча, мўмин бўла олмайди», демоқдалар.

Бу, комил иймон ушбу тўрт нарсадан иборатдир, дегани эмас, албатта. Лекин мазкур тўрт нарсага иймон келтириш ўта муҳим эканини, буларсиз иймон ҳақида сўз ҳам очиб бўлмайдиган нарсалар эканини таъкидлашдир. Сўнгра ўша тўрт нарсани батафсил баён қилишни бошлайдилар.

1. «Аллоҳдан ўзга Илоҳ йўқлигига ва мен Аллоҳнинг Расулиман-у, У Зот мени ҳақ ила юборганига шоҳидлик беради».

Бу тавҳид калимасидир, иймоннинг аслидир, инсоният учун энг зарур нарсадир. Шу нарсага иймон йўқ экан, бошқа нарсаларга ҳам иймон бўлмайди. Шу шоҳидлик бўлмаса, амаллар ҳам қабул қилинмайди. Инсоният фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилиши, фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни охирги Пайғамбар деб билиши керак. Аллоҳ у кишини ҳақ дин билан юборганини тан олиши керак. Ким шуни тили билан айтиб, дили билан тасдиқласа, мўмин бўлади, акс ҳолда мўмин бўла олмайди.

2. «Ўлимга иймон келтиради».

Яъни ўлимнинг ҳақ эканини тан олади. Ана шунга ишониб, ўлимни кўз олдига келтириб яшайди. Бу ҳар бир инсон учун вожиб эътиқод эканини ва унинг ниҳоятда зарур эканини таъкидлашга ҳожат бўлмаса керак. Ўлимга ишонмаган, уни кўз олдига келтириб яшамаган одамдан яхшилик кутиб бўлмайди. Халқ ичида ёмон одамлар ҳақида «ўлмайман, деб ўйлармикан», деган гап юради.

Бу, унинг ёмонлиги ўлимга иймони йўқлигидан келиб чиқади, деб билишдандир. Ўлимни ўйлаш ҳар бир инсон учун ўта зарур бўлганидан ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлимга иймон келтиришни тўртта муҳим нарса ичида, Аллоҳга ва Расулга иймон келтиришдан кейин зикр қилмоқдалар.

3. «Ўлгандан кейин қайта тирилишга иймон келтиради».

Агар бу иймон бўлмаса, ўлимга ишонишнинг ҳам ҳожати йўқ. Ўлгандан кейин қайта тирилишга ишониш бу дунёда қилинган ишларнинг сўроқ-жавобига ишониш демакдир. Бу эса ўз навбатида, инсонни доимо яхшилик қилишга чорловчи омилдир. Агар «Дунёдаги ёмонликлар асосан ўлгандан кейин қайта тирилишга иймон йўқлиги ёки унинг заифлигидан келиб чиқади», десак, муболаға қилмаган бўламиз. Шунинг учун ҳам ушбу ҳадиси шарифда бунга бўлган иймон алоҳида таъкидланиб келмоқда.

4. «Қадарга иймон келтиради».

Бу қадарга бўлган иймоннинг нақадар муҳимлигининг яна бир бор таъкидидир.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Осмоннинг хабари бўлмиш ваҳийни қабул қилиб олиш, Аллоҳнинг каломи Қуръони Каримни қабул қилиб олиб, кишиларга етказиш ва уни татбиқ қилиш Муҳаммад соллаллоҳу давоми...

5114 19:00 / 04.04.2022
Ўлимни, охират кунини, ул кун ҳар бир одам бу дунёдаги қилмишлари юзасидан сўроқсавол қилинишини ўйлаш ҳар қандай шаккок, кофирни ҳам ўйлантириб қўяди. Шундай давоми...

49112 05:00 / 03.12.2016
Сифатларнинг тақсими Аҳли сунна ва жамоанинг халаф уламолари Аллоҳ таолонинг сифатлари ва гўзал исмлари ҳақида келган оят ва ҳадисларни атрофлича ҳамда чуқур давоми...

3246 14:00 / 05.04.2021
.Холиқ,нинг маъноси .Бориъ, билан бирга келганда .тақдир қилувчи, ndash .ўлчовли қилувчи, бўлади. .Бориъ,нинг маъноси эса .пайдо қилувчи,, .вужудга келтирувчи, бўлади. давоми...

5218 20:05 / 02.12.2019