1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

"Умматим, денг..." (шеърлар тўплами) 5

05:00 / 07.03.2017 4788 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ОЛТИНЧИ БОБ: ИНДАМАСЛАР ОЛАМИГА НАЗАР

ҚАБРДАН МАКТУБ.

Қабрдан бир мактуб олдик ёронлар,
Унда қизиқ сўзлар битмишлар буткул:
«Бу дунё биз учун асли имтихон,
Ундан омон чиқмак эрур хўп мушкул.

Одамлар иймонсиз не топсалар ҳам,
Биз ётган даргоҳда қиймати йўқдир.
Аллоҳнинг йўлида тиккан бўлса жон,
Кўнгли ана ўша инсоннинг тўқдир.

Фарзандин тарбия қила олмаган
Оталар қабрда дод-вой солмишлар,
Дунёнинг энг тотли неъматин бериб,
Унинг ҳаққига зор йиғлаб қолмишлар.

Дуо илинжида кўзлар заъфарон,
Ўтган-кетган жонга ҳалак ётибмиз,
Ҳаёти дунёда қиёмат йўқ деб
Ҳаддан ошибмиз ва ғафлат қотибмиз.

Тинмасдан ғийбатга ружъу қўйганда,
Биров индамабди, тинч бўлгин дея.
Миш-мишлар устуни тўлдирилганда
Шайтонлар тусламиш турли қофия.

Биз пайқай олмадик Аллоҳнинг изнин,
ЎлиV фариштаси келгач, бўлди кеч.
Озгина иймондан тахсил олгандик,
Бугун ўшал кунлар биз учун соғинч.

Ёдимда, қуръондан бир ҳарф ўқиб,
Ўзимни бахтиёр билгандим тенгсиз.
Қанийди ўшал кун айланса тинмай,
Айланса, айланса, айланса сўнгсиз.

Қуръон ўқиб тинмай, йиғлайверсам-у,
Кўзимнинг ёшига чўмилса дунё.
Умримнинг аламли йиллари келиб,
Жой тополмай кетса гўёки рўё.

Қанийди, дунёда фақат ибодат
Ва фақат тоатга белим боғласам,
Ислом деб бошимни кундага қўйиб,
Иймон деб қалбимни ўтда доғласам.

Қанийди, қанийди, қанийди, дўстлар,
Озгина бир фурсат берилса эди,
Мен шунинг барчасин Аллоҳ йўлига
Сарфлаб юборардим, бўлмайин кети...»

Шундай мактубдан сўнг ўзгарди дерсиз
Бизнинг телба ҳаёт, бирдан, дафъатан?!
Қаттиқ адашасиз, чунки мактубнинг
Муҳри келган пайтда эскирган экан...

ҚАБРДАГИ ҲОЛАТЛАР.

Қушлар парвоздан тўхтагач, ахлат титар эканлар,
Башар ҳам ғийбат-ла дўстин гўштин ютар эканлар,
Наҳот ҳақни била туриб, шундоқ ўтар эканлар?!
Қабрдаги ҳолатларни оз бўлса ҳам эсламак йўқ,
Гуноҳлар сероб ҳолинда охиратдан кўнгиллар тўқ!

Башар ғафлатдадир, гарчи қуёш минг йил чиқар ботиб,
Ўнг елкада ишсиз қолиб неча йиллар сарсон котиб,
Гуноҳкорлар гуноҳидан кўпчиган ботқоққа ботиб,
Қабрдаги ҳолатлардан бехабарлар йиғламаслар,
Бу қизиқ бепарволикдан ўликлар ҳам ухламаслар.

Бу даҳшатдан чумоли ҳам отилиб чиққай инидан,
Қиличлар ҳам суғурилса арзир эканлар қинидан,
Бир кунда минг кириб чиққан ота бобоси динидан
Қабрдаги ҳолатлардан бирор битта ибрат олмас,
Ўлим билан бирга юрар, ва ле ўз билгандан қолмас.

Соҳибқиронлар ўтдилар, тожу тахтлар бўлди мерос,
Уларнинг ҳам манзиллари икки газлик замин холос,
Тарихдан ўрнак олмагач ҳеч не бўлмагай иқтибос,
Қабрдаги ҳолатлардан сесканмаган одамлар хор,
То жаҳаннам маскан бўлур уларга шул кулбаи тор.

ЎЛИМ

Шохлар ўз тахтидан тушганин кўрдик,
Ҳаробага дўнмиш боғлар ҳам сўлим.
Охири барчамиз хулоса қилдик:
«Энг катта мавъиза аслида ўлим!»

У устун бўларкан, енгилмас экан,
Истаган пайтида буюрар ташриф.
Фақат ўлиб кетган инсонларгина
Унга айтолурлар холис бир таъриф.

Бу таъриф шундайки, унда йўқ алдов,
У бировга келмас икки букилиб.
Ўлим дунёдаги энг ноқулай ёв,
У уруш очмагай вақт эълон қилиб.

Қуръонда таърифи келганидек, у
Фақат олдимиздан қарши чиқаркан.
Дунёнинг юз карра чемпионин ҳам
Оддий бир зарб билан ерга йиқаркан.

Ўлимни ўлдириб бўлмас ёронлар,
У бизга тегишли бўлмаган олам.
Индамай бош эгмиш соҳибқиронлар,
Биз билмас тезликда ўлим келган дам.

Ўлим келганида қолмай биттамиз,
Ҳаммаси йўқ бўлди ғаниматларнинг.
Ўлим шарбатини тотмоғлигимиз
Ҳақиқатроғидир ҳақиқатларнинг.

Ўлим бир куларкан, бир йиғлар экан,
Мўмин ҳузурида кўзида кулгу.
Бақиртириб жонни суғурганида
Кофир юзларидан сапчийди қайғу...

Одам Ато тушган даврдан буён
Ўлим савдосига изн берилган.
Қандай мавқеларда яшамасинлар,
Барчаси қабрга бир-бир терилган.

Аллоҳ элчилари ўлдилар, шунинг
Ўзи етарли бир ҳикматдир бизга.
Кунига қабрга кираётганлар
Энг катта маъруза, ибратдир бизга.

Агар биз ўлимдан ибрат ололсак,
Бошқа бир даъватнинг бўлмас кераги.
Ўлимдан насиҳат олмаганидан
Тўхтаса яхшидир инсон юраги...

ҲАР КУНЛИК ТАНИШ.

Мен сизни ҳар куни кўраман, ҳар кун
Кўчада, метрода, ва хатто ишда.
Сиз кезиб юрасиз йилнинг ҳар фасли,
Ёзда ҳам ўшасиз, ўшасиз қишда...

Никоҳлаб олгансиз гўё дунёни,
Унинг лабларидан бўса оласиз.
Заррача дунёнгиз кетса гар ташлаб
Шайтонлаб қоласиз, йиғлаб қоласиз.

Биз билдик, англадик- дунё - бевафо,
Сиз мунча дунёга ҳарис бўласиз?!
Ҳеч кимса фанода қолмас бебақо,
Ахир сиз ҳам бир кун йиғлаб ўласиз...

Айтинг, яшаб-яшаб топдингиз нима,
Қандай мавқеларга эришдингиз сиз?!
Қизиқ, малакул мавт келган кечада
Ҳаётдан хўпризо, керишдингиз сиз...

Сиз ўзи қандайин одамсиз айтинг,
Нимага бунчалар ҳотиржамдирсиз?!
Гўёки дўзахдан озод этилган
Қиёмат кунига номаҳрамдирсиз?!

Юзингизда кулгу, табассум билан
Дунёни тинмасдан талаб қиласиз.
Ўлим ҳақидаги мавъизаларга
Эртак эшитгандек тинмай куласиз.

Жаҳаннам азоби тасвирланганда
Наҳот қалбингизгизни тирнамас ҳеч дард.
Сиз ё бир телбасиз, ёки бир даҳрий
Ва ёки жин чалиб ўзин билган мард...

Лабингиз гезармас во ажаб асло
Қабр азобининг тасвирларига,
Бир сония бўлсин охират демай,
Тайёрсиз дунёнинг таҳқирларига...

Пайғамбар кимлигин билиш истамай,
Бир умр юзингиз бурадирсиз сиз.
Одамлар бир тараф бўлсалар агар,
Дунёни бошқача кўрадирсиз сиз.

Фисқ-у фужур деса, югурасиз-у,
Азон айтилганда ётиб оласиз.
Шайтонлар мажлисин бошлаганида
Анжуман авжида пайдо бўласиз.

Фоҳишалар ҳақда тинмай ўқийсиз,
Уларнинг ранг-баранг сурати ёқар.
Кўнглингиз тубида эхтимол бир зум
Иймоннинг эшигин нимадир қоқар...

Лек сиз маҳрумсизки, уни очишдан
Хатто эътибор ҳам қилиб қўймайсиз.
Сиз шунчалар мараз, шунчалар палид,
Тинмасдан ейсиз-у, асло тўймайсиз.

Неча йил ховлингиз масжид олдида,
Азонлар кетидан азонлар янграр.
Эхтимол ўша пайт қалбингиз учун
Шайтонлар баландроқ эшакдек ханграр.

Сизга шу ханграшлар қадрдон эрур,
Сизга шу аслида мос эрур балки,
Энди буёғига умид қолмади,
Таъсир этмади-ку минг бир тарсаки...

Сиз ҳақда бировга айтсам ишонмас,
Бунақа одам йўқ, дегай шубҳасиз.
Сиздек бўлмоқликдан сўраймиз паноҳ,
Сиз ўзи топилмас ноёб нусҳасиз.

ҚАБРИСТОНДАН КЕЛАЁТГАН ОВОЗ

Бу дунёдан бегона, ёт кўрдик ўзни,
Жон берсак-да, унинг учун ботиб терга.
Оқ осмонга тикилганча юмдик кўзни,
Қаро ерга кирдик, дўстлар, қаро ерга.

Зор ўтсак ҳам оддийгина кулбамизга,
Дунё зир-зир титраса-да нағмамизга
«Малакул мавт» келиб кетди ҳаммамизга,
Қаро ерга кирдик, дўстлар, қаро ерга.

Бугун сизлар юрибсиз шод, кўзда кулгу.
Бўйингиздан бўй чўзгандир минг бир орзу.
Биз ҳам ўзни ўйлар эдик гўё мангу...
Қаро ерга кирдик, дўстлар, қаро ерга.

Ўзимизча, дунёларга устун бўлдик,
Фиръавнлар диёрига мафтун бўлдик.
Охир ўлим чангалига тутқун бўлдик,
Қаро ерга кирдик, дўстлар, қаро ерга.

Шу заминда нафас олдик, ўйнаб кулиб,
Ўзимизни ўлмайдиган махлуқ билиб
Устида кўп зулмларни одат қилиб,
Қаро ерга кирдик, дўстлар, қаро ерга.

Кучлиларнинг зулми ила умри тахир
Заифимиз йиғлаб-йиғлаб ўтди оғир,
Баъзимизга баъзимиз панд бериб охир,
Қаро ерга кирдик, дўстлар, қаро ерга.

Орамизда жой излабон толди қадр,
Ҳеч кимсага ёр бўлолмай ўтди сабр,
Искандар не, машраб ўтган Машраб недир...
Қаро ерга кирдик, дўстлар, қаро ерга.

Бахтли бўлди ким яшади даъват ила,
Илм-у динга холис туриб рағбат ила.
Биргалашиб, тартиб ила, навбат ила
Қаро ерга кирдик, дўстлар, қаро ерга.

Туғилган бор унга ўлим бўлди нася.
Ҳаёт ўн беш дақиқалик гўзал ҳадя.
Орамизда бирортамиз қолмади-я
Қаро ерга кирдик, дўстлар, қаро ерга.

Кеча тирик эдик, бугун саф-саф ўлган
Одамлардан кошки битта суяк қолган.
Ким бор яна ўзни худо даъво қилган?!
Қаро ерга кирдик, дўстлар, қаро ерга.

Мусо айтгач, Қорунни ер буткул ютди,
Нуҳ қавмини тўфон урди, лаънат тутди.
Фиръавндек малъун дод-вой солиб кетди.
Қаро ерга кирдик, дўстлар, қаро ерга.

Баъзимизга азиз бўлди оддий дирҳам.
Айримимиз дунё учун чекмади ғам.
Кетди ҳатто Аллоҳ суйган элчилар ҳам...
Қаро ерга кирдик, дўстлар, қаро ерга.

Баъзимиз шоҳ қаср қурдик - одамлар лол,
Вале битта ғишти бўлсин бўлмай ҳалол.
Бугун тандан руҳ айридир, ҳол бемажол,
Қаро ерга кирдик, дўстлар, қаро ерга.

Эй тириклар, бўлолмассиз ҳеч музаффар,
На тонгда-ю на оқшомда ва на саҳар,
Ёзилгандир сизга ҳам шу қутлуғ сафар
Қаро ерга кирдик, дўстлар, қаро ерга.

ИБРАТ.

Дунёда энг катта, зўр ибрат
Изласанг, сенгадир шул шиор,
Пайғамбар қилмишлар насиҳат:
«Қабрга бор, қабристонга бор!»

Бошингга бахт қуши ошиқди,
Мол-давлат йўлингга турар зор -
Қувончдан сапчима, яхшиси
Қабрга бор, қабристонга бор!

Баъзида ҳаётдан норизо
Кўнглингга ўрнашмиш минг ғубор.
Ҳаммаси ўткинчи, сербақо
Қабрга бор, қабристонга бор!

Олимлар кўп эди, хўш қани?
Ҳаммасин кул бўлмиш гулшани...
Ҳақиқий илмлар маскани -
Қабрга бор, қабристонга бор!

Яқинларинг қийнаб қўйса, бас
Дунё санга туюлса қафас,
Тирикларнинг уйига эмас,
Қабрга бор, қабристонга бор!

Ҳар куни ўлимдан ҳадиклар...
Кўзингда кўряпман куюклар.
Жонингга тегдими тириклар?! -
Қабрга бор, қабристонга бор!

Билиб бўлмас инсон боласин,
Ичда экан унинг оласи...
Энг ростгўй дўстларнинг давраси -
Қабрга бор, қабристонга бор!

Шовқинли бу дунё шиддатдир,
Унинг алам, дарди беҳаддир.
Жим бўлса-да катта ибратдир -
Қабрга бор, қабристонга бор!

Тупроқдирмиз ҳаммамиз бекам,
Шаҳаншоҳга тўлмиш пойқадам,
Унда Чингиз, Боту, Қайсар ҳам...
Қабрга бор, қабристонга бор!

Ўлим ҳақдир, келади бир кун
Қайта боғлиқ бўлмас бу тугун...
Ихтиёрсиз келишдан бурун
Қабрга бор, қабристонга бор!

ЎЛИМ.

Ўлим деган подшоҳ бир кун эшик қоқар
Худо билар у кимларга хушрўй боқар...
Бу ҳақиқат кимга ёқмас, кимга ёқар:
Отанг ўлди, онанг ўлди, навбат санга...

Ёшлигингда ота-онанг тугган тугун
Ечилишга тайёргарлик кўрар бугун,
Ўлим учун тадоригинг йўқдир нечун?!
Отанг ўлди, онанг ўлди, навбат санга...

Пайғамбарлар кетдилар-у, ибрат йўқдир,
Тобут турар сенга илҳақ, кўнглинг тўқдир.
Ҳаммага бир-бир отилган аниқ ўқдир -
Отанг ўлди, онанг ўлди, навбат санга...

Осмонўпар бинолар ҳам дарз кетдилар,
Энг чиройли санамлар ҳам қарз кетдилар.
Ва ҳаммаси бир манзилни уй этдилар,
Отанг ўлди, онанг ўлди, навбат санга...

Боланг йиғлар сабоқ истаб, нон тутасан
Жоҳил ўсса, йиғлаб тағин қон ютасан.
Айт, мунчалар нимани зор-зор кутасан
Отанг ўлди, онанг ўлди, навбат санга!

Нодон асли кибр билан кўкрак керур,
Иймонини пуч дунёга сотиб берур...
Ўлмайсан, деб алдаётган шайтон эрур
Отанг ўлди, онанг ўлди, навбат санга!

Ҳароб айлаб гулбўстонда гул ҳаётни
Аллоҳ туриб, дўст тутмагин ўзга ётни.
Унутмагин энг азалий тартиботни:
Отанг ўлди, онанг ўлди, навбат санга!

ҚАБР КАВЛАШ

Нафсни жиловингга олмоқ бўлсанг гар
Қорнинг тўймасидан таомга тўйгил.
Гулларни ҳидлашдан тўхта, биродар,
Қабр кавлашни ҳам ўрганиб қўйгил!

Ажал ўқи аниқ, бир кун етгуси,
Шошмасдан, ҳотиржам ҳалок этгуси,
Отанг бор, онанг бор - эртан кетгуси...
Қабр кавлашни ҳам ўрганиб қўйгил!

Битган гулзорларинг сўлар эртага,
Умр косаси ҳам тўлар эртага,
Баланд миноралар қулар эртага,
Қабр кавлашни ҳам ўрганиб қўйгил!

Биров хорма демас, толсанг югуриб,
Ёрдам ҳам беролмас аҳволинг кўриб,
Мард бўл-да, ўрнингдан бир сапчиб туриб
Қабр кавлашни ҳам ўрганиб қўйгил!

Майли, кўчат эккин эртани кўзлаб,
Майли, хосилин ҳам тотгин ёлғизлаб,
Лек қолмайин десанг қабрда бўзлаб,
Қабр кавлашни ҳам ўрганиб қўйгил!

Кўрдинг, дош беролмас минг-минглаб тузум,
Бир шамол учирди барисин юзин.
Элга сув чиқарган маҳалинг бир зум
Қабр кавлашни ҳам ўрганиб қўйгил!

Бу дунё мўминга бўлолмас беҳишт,
Кофир мушугига ҳеч ким демас кишт,
Ҳадеб ғишт устига тахлайвермай ғишт,
Қабр кавлашни ҳам ўрганиб қўйгил!

Дуолар тилаган қўлларинг ила,
Элаклар элаган қўлларинг ила,
Аёлинг силаган қўлларинг ила
Қабр кавлашни ҳам ўрганиб қўйгил!

Отанг ер чопганда, қарашиб юбор
Унинг юрагидан йўқолсин ғубор,
Шунда ҳам, биродар айтаман такрор
Қабр кавлашни ҳам ўрганиб қўйгил!

ШАЙ БЎЛ!

Бир кун мени қилдилар даъват:
«Дўстим, мўмин бўлмоққа шай бўл!»
Исломда чин топгач ҳаловат
Келди садо: «Ўлмоққа шай бўл!

Қабрга бор, йўқликни йўқла,
Йўқлик ичра кўнглингни тиғла.
Бу дунёда тинмасдан йиғла,
Сўнг беҳиштда кулмоққа шай бўл!

Нозик синов келмагай такрор
Унга хушёр турмоқлик даркор.
Баҳордан сўнг келажак қиш бор
Барг мисоли сўлмоққа шай бўл!

Бир кун нуқта кўргувси сўзинг,
Аслин қучиб ётгувси юзинг.
Дунёни кенг кўролган кўзинг
Сўнг тупроққа тўлмоққа шай бўл!

Кўрмоқ бўлсанг ёруғ юзингни,
Ҳисоб куни чечан сўзингни...
Ўлмасингдан бурун ўзингни
Сўроқ-савол қилмоққа шай бўл!

...Бир кун мени қилдилар даъват:
«Дўстим, мўмин бўлмоққа шай бўл!»
Мўминликда топгач ҳаловат
Келди садо: «Ўлмоққа шай бўл!»

ҚАНДАЙ БЎЛАРКИН?

Вақтинг бўлса агар жуда бемалол
Кел, мен бирла ғамгин бўлиб сур хаёл.
Ҳар дақиқа ўйлаганим бир савол:
Ўлим деган соат қандай бўларкин?

Туш кўраман, уйғонаман ҳар куни,
Уйқуларда тўлғонаман ҳар куни,
Наҳот лойга булғонаман бир куни
Ўлим деган соат қандай бўларкин?

Йиғлаганда ҳижолатни биламан,
Душман босса, бу ҳолатни биламан,
Нафас олар ҳар соатни биламан,
Ўлим деган соат қандай бўларкин?

Тирик зотлар, тирикликка тупуринг,
Дунё деган чанг-тўзонни супуринг,
Аҳли қубур, нега жимсиз, гапиринг
Ўлим деган соат қандай бўларкин?

У кун недир, очиқ қолган туйнукми?
Ё безовта қуш мисоли ўйликми?
Келган меҳмон гўзалмикан, ҳунукми,
Ўлим деган соат қандай бўларкин?

Тинмай Роббул ъаламийнни зикрланг,
Неъматини йиғлаб-йиғлаб шукрланг.
Инсоф қилинг, бир бор бўлсин фикрланг
Ўлим деган соат қандай бўларкин?

Фахрланманг тоза ўтган насабдин,
Ундан кўра адаб олинг адабдин.
Юрагингиз ёрилмас не сабабдин:
Ўлим деган соат қандай бўларкин?

Кўзи очиқ, қалби юмуқ инсонлар,
Қаранг бир-бир сафардадир ҳар жонлар,
Секин ўтар эхтимол минг-минг онлар,
Ўлим деган соат қандай бўларкин?

Хомиладор бир кун келиб туққандек,
Кўкка учган ғубор барбир юққандек,
Дор арқони бўғизни бир буққандек,
Ўлим деган соат қандай бўларкин?

Роб каломи Қуръон бизга эслатма,
Ажратгувчи Фурқон бизга эслатма,
Эй ёронлар, бул он бизга эслатма
Ўлим деган соат қандай бўларкин?

Сўз охири: бир ҳақни мен сўйлагум,
Истасангиз, ғамгин совтда куйлагум,
Минг йил умр берсалар ҳам ўйлагум:
Ўлим деган соат қандай бўларкин?

ОТА НАСИҲАТИ

Ўғлим, жигаргўшам, қалбим сурури,
Эътибор берма кўп ғамгин изларга.
Яхшиси, ҳаётнинг энг тезкор нури -
Намоз ўқиб, дуо юбор бизларга!

Ҳақимга дуо қил йиғлаб ҳилватда,
Доим қатнашиб юр илмий суҳбатда
Дунёнинг ишлари битар, албатта,
Намоз ўқиб, дуо юбор бизларга!

Омон бўлсин дейман ҳамиша бошинг,
Қадрла шиддат-ла ўтётган ёшинг.
Ўзингга буюрсин юз кило ошинг,
Намоз ўқиб, дуо юбор бизларга!

Унут, тирикларга тегишли қоида,
Ўзга қоидалар биз келган жойда,
Йиғлаб эслашингдан йўқ экан фойда,
Намоз ўқиб, дуо юбор бизларга!

Рамазон ойида рўзангни тутиб,
Закотинг керакли манзилга етиб,
Қурбинг етса, байтни зиёрат этиб,
Намоз ўқиб, дуо юбор бизларга!

Ҳаёт қадрига ет тирик онларда,
Ҳали имконият бордир жонларда
Бошқа таом йўқдир биз томонларда
Намоз ўқиб, дуо юбор бизларга!

Аёвсиз шамолдек елмоқда фурсат,
Унда сен иймоний қиррангни кўрсат.
Қасрлар қуришни бир зумга тўхтат,
Намоз ўқиб, дуо юбор бизларга!

Янги ҳаётимга келтирмагин доғ,
Биз яшар масканлар ўзгача чорбоғ.
Қишда ўтин бўлар, ёзда салқин боғ -
Намоз ўқиб, дуо юбор бизларга!

Фарзандинг талабин ҳаргиз кулиб бер,
Аёлингга майли дунё олиб бер,
Лекин қабрликлар фақат бир сўз дер:
Намоз ўқиб, дуо юбор бизларга!

Болам, ўйнаб кулгин қандингни уриб,
Бироқ бир ҳолатни ҳис этгин юриб…
Уяли алоқанг ўчириб туриб,
Намоз ўқиб, дуо юбор бизларга!

Ишин ўнгла ёрдам кутган хомушни,
Бажаргил етимдан қолган юмушни,
Ва лекин унутма асосий ишни
Намоз ўқиб, дуо юбор бизларга!

Аза ҳам ўтади, ўтар зақли тўй,
Тугайди бир куни жами хаёл, ўй.
Бошқа иш фойдасин бермас, билиб қўй,
Намоз ўқиб, дуо юбор бизларга!

ИЛТИМОС

Қай кун қизигандан қизиди гурунг,
Атрофни банд этди хиринг-хиринглар.
Дўстлар, ўн дақиқа индамай туринг,
Ўлимни эслашга фурсат беринглар!

Ташқари шовқиндир, уй ғала-ғовур,
Ҳаёт лаззатидан қалбимда сурур.
Жондан азиз қизим, қучоқламай тур!
Ўлимни эслашга фурсат беринглар!

Дардли ўй кўряпман қай томон кезмай,
Жуфтгинам, сендан ҳам бўларми безмай.
Фақат гўшт қани, деб кўксимни эзмай,
Ўлимни эслашга фурсат беринглар!

Ишга борганимда дунё ташвиши,
Тирикчилик дейман баҳор, ёз, қиши,
Беркинмачоқ ўйнар охират иши
Ўлимни эслашга фурсат беринглар!

Хахолаб ўтирсак кўрпа йиққунча,
Пишиллаб ухласак қкёш чиққунча,
Фонийлик қаърига итарманг мунча,
Ўлимни эслашга фурсат беринглар!

Юрибман намозим гўё пеш қилиб,
Ёзимни бир лаҳза оппоқ қиш қилиб.
Шамдек тутаяпман сизга қўшилиб
Ўлимни эслашга фурсат беринглар!

Бир бор бўлса ҳамки жаннатга бошланг,
Менинг холим ҳароб, кўзингиз ёшланг.
Қўлимга китобни боғлаблар ташланг,
Ўлимни эслашга фурсат беринглар!

Намозга бепарво бўлсам гар, уринг,
Розиман, энг бадбахт кимса деб кўринг.
Вақтинча ошга ҳам чақирмай туринг
Ўлимни эслашга фурсат беринглар!

Гарчи бу ёқимсиз, нафсга ёт сўзлар,
Сиздан ўтинчим шу, энтикиб кўзлар,
Кунда ўн дақиқа бўлса ҳам, дўстлар,
Ўлимни эслашга фурсат беринглар!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир куни ҳашаматли дастурхон устида тўпланган нознеъматлар баҳс қилиб қолишди. Димоғни қитиғловчи мазали ҳид таратиб турган қайноққина сомсалар дастурхонга давоми...

10732 15:35 / 13.11.2017
Ўстириб бизни авайлаб, бахтиёр айлар Ватан, Толею иқболимизни баркарор айлар Ватан,Асрагаймиз қорачиқдек жону дилда шаънини, Ботир ўғлонлар билан чин ифтихор давоми...

9374 05:00 / 07.03.2017
Жалолиддин Румий .Маснавий,ига шарҳлар .Эй хуш савдоли ишқимиз, сен шод бўл.., Шод бош, эй ишқи хуш савдои мо Эй табиби жумла иллатҳои мо Ишқи хушсавдомиз, эй, шод давоми...

1214 17:48 / 25 июнь
Мураттаб қорилар Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид ҳамда Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажидлар тартиб берган Навоийдан чу топқайлар навоеrdquo HilolNashrrdquo нашриёти, Тошкент, 2014 ва давоми...

3887 05:00 / 07.03.2017