1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Ҳар бир яхшилик садақадир

09:00 / 03.07.2021 2222 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир яхшилик садақадир», дедилар».

Шарҳ: Яхшилик, у қандай бўлмасин – каттами, кичикми, номи яхшилик бўлса, пулидан ёки молидан садақа қилиб, савоб олгандек бўлаверади.

Бизда пул ва мол сарфлаб, овқат пишириб, одамларни тўплаб едирсам, савоб оламан, деган фикр пайдо бўлиб қолган. Лекин оддий ҳолатларда қилинадиган яхшиликлар учун ҳам савоб олиш мумкинлиги ҳақидаги билимимиз камроқ.

«Садақа» албатта пул, мол сарфлаш билангина бўлмайди. Балки каттами, кичикми, ҳар қандай маъруф ишни, яъни яхши ишни қилиш билан ҳам садақанинг савобига эришилади.

Шунинг учун ҳар биримиз катта-кичик, арзийди, арзимайди, демасдан, яхшилик борки, ҳаммасини қилишнинг пайидан бўлишимиз керак ва ўша қилинган яхшиликнинг ҳар биридан бизга садақанинг савоби етиши, номаи аъмолимизга ёзилиши, охиратда манфаат беришини унутмаслигимиз лозим.

225. Абу Мусо отаси орқали бобосидан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳар бир мусулмоннинг зиммасида садақа бор», дедилар.

«Бордию, топа олмаса-чи?» дейишди.

«Қўли билан меҳнат қилади, шунда ўзига ҳам фойда келтиради, садақа ҳам қилади», дедилар.

«Агар бундай қила олмаса-чи (ёки қилмаса-чи)?» дейишди.

«Бошига иш тушган ҳожатмандга ёрдам беради», дедилар.

«Агар шуни ҳам қилмаса-чи?» дейишди.

«Яхшиликка (ёки маъруфга) буюради», дедилар.

«Агар шуни ҳам қилмаса-чи?» дейишди.

«Ундай бўлса, ёмонликдан тийилади, чунки бу ҳам унинг учун садақадир», дедилар».

Шарҳ: Садақанинг маъноси сиз билан бизнинг тасаввуримизга ўрнашиб қолганидан кўра қанчалик катта эканини мана шу ҳадисдан билиб оламиз.

Бир кишида имкон бўлса, хайр-эҳсон, садақа қилса – яхши, савобини олади. Имкони бор одам бу ишни кўпроқ қилиши керак.

Аммо бунга имкони йўқ одам куч-қуввати, ҳунари орқали ихлос билан меҳнат қилиб, мол-дунё топади, ўзига, оиласига сарфлайди, ортиб қолганини садақа қилиб, савоб олади.

Баъзиларнинг моли ҳам, ишлашга имкони ҳам йўқ бўлса, уларнинг садақаси ҳожатманд, муҳтож бўлиб турган одамга ёрдам бериш экан. Ишини қилиб бериш, юкини кўтариш, йўл кўрсатиш, хуллас, бирорта одамнинг ҳожатини яхши ният билан чиқариб бериш ҳам садақа бўлар экан.

Энди шунга ҳам имкони йўқ одам ҳам садақа қилиш имкониятидан маҳрум бўлмас экан. Бундайлар одамларни маъруфга чақириб, яхшилик қилишга ундаб турса ҳам, садақа ўрнига ўтади.

Бироқ энг нотавон, ҳатто мазкур ишларни ҳам қила олмайдиган аҳволга тушиб қолган, яхшилик қилишнинг ҳеч қандай имкони йўқ одамда ҳам садақа қилиш имконияти бўлар экан. Бундай одам ёмонликдан сақланиши керак экан, ёмонликдан сақлангани учун ҳам садақа қилганнинг савобини олар экан.

Энди бир ўйлаб кўрайлик. Ушбу ҳадисни чуқур тушуниб, унга амал қилишга ўтсак, ўзимиз, оиламиз, жамиятимиз – ҳамма-ҳамма фақат яхшиликка кўмилиб кетиши, ёмонликнинг номи ўчиши шубҳасиз. Чунки ёмонликни қилмай қўйиш ҳам «садақа» деб эътироф этиляпти.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бу ҳадиснинг аҳамияти ниҳоятда катта бўлиб, у ҳар бир инсон, ҳар бир оила, ҳар бир жамият учун шиор бўлиши лозим.

227. Абу Заррдан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Давлатмандлар (мол-дунёлари билан) ажрларини олиб кетишяпти-ку. Улар ҳам биз намоз ўқиганимиздек намоз ўқишади, биз рўза тутганимиздек рўза тутишади ва ортиқча молларидан садақа қилишади», дейишди.

«Аллоҳ сизларга садақа қиладиган нарсаларни бериб қўймаганми? Ҳар бир айтилган тасбеҳда ва ҳамдда ҳам садақа бор. Жинсий эҳтиёжингизни қондиришингизда ҳам садақа бор», дедилар.

«Шаҳватни қондиришда ҳам садақа бўладими?» дейишди.

«Агар шу шаҳватни ҳаром йўл билан қондирса, гуноҳ бўлмасмиди? Худди шунингдек, агар ҳалол йўл билан қондирса, бунга ажр бўлади», дедилар».

Шарҳ: Мазкур ҳадиси шарифдан Исломда садақа, ажр-савоб тушунчаси, ажру савоб олишнинг доираси қанчалик кенг эканини кўриб турибмиз.

Минг афсуслар бўлсинки, турли сабабларга кўра бизларда бу тушунчалар жуда тор бўлиб қолган. Ваҳоланки, Исломда бу тушунчалар ниҳоятда кенгдир.

Дастлабки пайтларда саҳобаларнинг онгида ҳам бизнинг бугунги онгимиздаги каби «садақа қилиш пул сарфлашдан иборат» деган тушунча бўлса керакки, «Аҳли дунёлар, яъни мол-дунёси борлар савобнинг ҳаммасини олиб кетди. Улар ҳам биз билан баравар намоз ўқишади, рўза тутишади, лекин ортиқча молларидан садақа ҳам қилишади, биз эса садақа қила олмаймиз», деб шикоят қилишибди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам садақа тушунчасининг кенглигини баён қилиш мақсадида «Аллоҳ таоло сизларга ҳам садақа қилиш имкониятини бериб қўймаганми?» деб уларнинг эътиборларини ўзларига қаратибдилар.

Пул, мол сарфлай олмай, садақа қила олмаганидан ҳасратда турган одамлар «Мол-дунёси бўлмай туриб, қандай садақа қилиш мумкин?» деб қизиқиб қолишибди.

Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Субҳаналлоҳ», дейиш ҳам садақа, «Алҳамдулиллаҳ», дейиш ҳам садақадир. Пул сарфлаган одам ҳам, тасбеҳ, ҳамд айтган одам ҳам садақа қилган бўлади», дебдилар.

Сўнгра садақанинг маъносини, моҳиятини тушунтириш учун янада кенгроқ, кучлироқ қадам қўйдилар:

«Шаҳватингизни қондиришингиз ҳам садақадир», дедилар.

Одамлар жуда ҳайрон қолишди. «Қандай қилиб шаҳватни қондириш билан садақанинг савобига эришиш мумкин?» деб сўрашди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни жуда осон ва тушунарли тарзда баён қилиб бердилар: «Агар шаҳватни ҳаром йўл билан қондирса, гуноҳ бўлмасмиди? Бас, шундай экан, уни ҳалол йўл билан қондирса, ажр олади», дедилар».

Демак, Исломда ният тўғри қилинса, диний таълимотлар бекаму кўст адо этилса, динимнинг таълимоти, буйруғи, кўрсатмаси бўлгани учун қиляпман, деган ихлос билан қилинса, четдан қараганда бу дунёнинг иши бўлиб кўринган, шаҳватни қондириш сингари ҳойи-ҳавасга ўхшаш амаллар ҳам мусулмон банда учун ибодатга айланади, ажр-савоб олинадиган ишга айланади.

Ҳар биримиз бу ҳикматларни чуқур англаб олишимиз керак. Шунда барча дунёвий ишларимизни ҳам ниятни тўғрилаш орқали, илм, маърифат орқали ибодатга айлантириб олишимиз мумкин бўлади.

Бу дунёдаги кўзланган мақсад ҳам бўлаверади, шаҳват ҳам қондирилади, дунёнинг ҳаваси ҳам қондирилади. Бироқ ниятни тўғрилаб, маърифатни ўрнига қўйгани учун, бошқалардан фарқли ўлароқ, ажр-савоб ҳам олинади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ажр ва савоб касб қилиш фақат пул-мол сарфлаш билангина бўлмаслиги.

2. Исломда садақа тушунчаси кенг экани.

3. Кишининг тасбеҳ ва ҳамд айтиш каби зикрга оид амаллари ҳам садақага ўхшаш ажру савоб боисидир.

4. Шаҳватни қондириш билан ҳам, агар диний таълимот ва ният асосида амалга оширилса, садақага бериладиганга ўхшаш савобга эга бўлиниши.

«Одоблар хазинаси» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
24. Саъд ибн Абу Ваққосдан ривоят қилинади.Аллоҳ таолонинг Китобида мен ҳақимда тўртта оят нозил бўлган.Онам агар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан давоми...

2850 10:03 / 25.11.2018
Бир аёл ҳар сафар ўғилларидан биронтасини хулқида ёмон ўзгаришни кўрса, дарров садақа қилиб, таом тарқатар ва .Молларидан садақа ол. Бу билан уларни давоми...

1710 21:08 / 11.11.2022
23. Ибн Аббосдан ривоят қилинади.У киши .Аллоҳ азза ва жалланинг .Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга .уфф, дема,дан давоми...

3610 10:30 / 19.11.2018
Муҳтарам жамоат Ислом дини инсоннинг тўғри йўлдан адашиб кетмаслиги учун ҳар бир ишда ўз кўрсатмаларини бериб боради. Шу жумладан, отаона ҳақларини фарзандлар давоми...

9828 10:56 / 05.10.2018
Аудиолар

135078 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55354 14:35 / 11.08.2021