Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Тасаввуф хакида тасаввур китобидан
Тасаввуф ҳақида бироз бўлса ҳам хабардор бўлган киши шатаҳот сўзини фақат тасаввуфда ишлатилишини ва у суфийларнинг ўзларини йўқотиб қўйганда айтадиган тушуниб бўлмайдиган, сиртдан қараганда айб, таъвил қилганда маъно касб этадиган сўзлари эканини билади.
Аслида шатаҳот сўзи ҳаракат ва тўлиб тошиш маъносини англатади. Журжоний шатаҳотни қуйидагича таърифлайди: «Шатаҳот қўпол ҳидли ҳамда яхшилик даъвосига далолат қилувчи сўз бўлиб аҳли маърифатдан изтирор ва изтироб пайтида содир бўлади. У муҳаққиқларнинг тойилишларидир. У орифнинг айтган ҳақ даъвоси бўлиб, илоҳий изнсиз айтилган гапдир».
Шатаҳот суфийнинг оғзидан оддий ҳолатда эмас, балки жазб ва қаттиқ таъсирланиш оқибатида чиқади. Зикр ила Аллоҳ таолога етишиб қолган суфий ўзини йўқотиб қўйиб нима деяётганини билмай қолади.
Дастлаб бу каби ҳолатлар Қуръони карим тиловати давомида юзага келар ва таъсирланган суфийлар хушларидан кетиб йиқилар эдилар. Кейинроқ бу нарса суфийларнинг ғазал услубида рамз билан айтган шеърларидан таъсирланишга ҳам ўтди.
Уламолар, ҳатто, баъзи суфийлар ҳам шатаҳотларни қаттиқ танқид қилишган. Айниқса, шайх Аҳмад Рифоъий Ҳалложга ва унинг шатаҳотларига қарши қаттиқ ҳужум қилган:
«Ҳаллождан унинг «Аналҳақ» - Ҳақ менман деганини нақл қиладилар. У ваҳми ила хато қилган. Агар у ҳақда бўлганида аналҳақ демас эди».
Агар суфийларга ўзларидан содир бўлган шатаҳотлар учун маломат сўзлари айтилса, ўзларини ҳимоя қилиб тушунарли сўзлар билан шатаҳотларини тафсир қилган ҳоллари ҳам бўлади.
Ибн Арабий бир вақт қуйидаги байтни айтган:
«Эй, мени кўрадиган ва мени Уни кўрмайдиган зот!
Қанчалар Уни кўраману, У мени кўрмайдиган зот!»
Бу ғаройиб маънодаги байтни эшитганлардан бири унга «Қандоқ қилиб сен Уни кўрасану У сени кўрмайди?!» деган.
Ибн Арабий дарҳол яна байт ўқиган:
«Эй, мени жиноятчи кўрадиган ва мени Уни азобловчи кўрмайдиган зот!
Қанчалар Унинг неъматин кўраману, У менинг ёлборганим кўрмайдиган зот!»
Суфийларнинг шатаҳотга йўл қўйганлари икки хил бўлганини таъкидлашимиз лозим. Зикр холига ғарқ бўлиб ўзини билмай қолганда шатаҳотга йўл қўйиб, ҳушёр ҳолга қайтганда ўзини оқлов сўзлари айтганлар ва ҳушёр холида ҳам шатаҳотда давом этаверганлар.
Биринчи тоифани маъзур топилган. Бунга ал-Ҳасрийдан нақл қилинган қуйидаги иқтибос далил бўла олади:
«Жунайд тамаккунли одам эди. Унинг ўзидан кетиши йўқ эди. Амр ва наҳийни улуғлар эди. У йўлни аслидан олган эди. Шунинг учун ҳам у барча тоифаларга мақбул бўлгани ажабланарли эмас».
Иккинчи тоифа номақбул топилган. Бу тоифанинг энг машҳур арбобларидан бири Мансур Ҳаллождир. У ўзининг машҳур шатаҳотини айтганда ҳушёр холида ундан қайтиши талаб қилинган. Аммо Ҳаллож ҳушёр холида ҳам гапидан қайтмаган. Шу тарзда тўққиз йил ўтган. Ўшанда ҳам айтганидан қайтмаганидан кейингина Ҳаллож қатл қилинган.
Аммо вақт ўтиши билан шатаҳотлар барҳам топган. Машҳур суфийлардан Жийлоний ва Рифоъийлар шатаҳотга йўл қўйиш у ёқда турсин, уни қаттиқ танқид ҳам қилишган.
Ўз шеърлари ва гапларида қадаҳ, май, лайло каби истилоҳларни ишлатган суфийлар ҳам кўп бўлган. Бундай истилоҳларни суфийларнинг ўзлари рамз, ишора ва лағз дейдилар.
Аҳли тассавуфнинг бундай услубни қўллагани сабаблари ҳақида Мисрдаги «Ашийраи Муҳаммадия» тариқати шайхи Муҳаммад Закий Иброҳим жумладан, қуйидагиларни айтади:
«Баъзи суфийлар ўз шавқу завқларини, эҳсосларини ифода этиш учун киноя ва истиора йўли ила рамз, ишора ва лағзларни ишлатганлар. Улар шу иш билани танилиб аҳли ишора номини ҳам олганлар. Уларнинг бундай қилишларини бир неча сабаблари бор:
1. Одатдаги сўз ва иборалар уларнинг шуъурлари, эҳсослари ва шавқу завқларини тўла ифода қилишга камлик қилгани.
2. Ҳар бир илмнинг ўзига хос истилоҳлари бор. Суфийлар ҳам ўзларига хом истилоҳларни ишлатсалар нима бўлибди?!
3. Зулм ва истибдод шароитида, очиқ гап учун жазоланиш муҳаққақ бўлиб турганда, ҳар ким ўзлигини билдириши лозим бўлганда суфийлар томонидан мазкур услуб қўлланган…».
Шунингдек, баъзи суфийлар зоҳирида шариатга хилоф ёки ҳурматсизлик бўладиган гапларини айтганликлари ҳам бор. Улар ҳам ўзларича буни завқни ўзига хос услуб билан изҳор қилиш дейдилар.
Аммо баъзи катта суфийлар бу ишларнинг ҳаммасини ҳам қоралаганлар. Мисол учун шайх Аҳмад Рифоъий раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни айтадилар:
«Аср кишиларидан баъзи биродарларимизнинг:
«Монастир олдида зунноримни боғладим.
Мен учун ҳимо фақиҳидан ўч олинг, дедим».
Гўёки, у бундан бошқа маъноларни ирода қилган эмиш! Зинҳор бу каби сўзларни қабул қилманг. Шайх ҳазратлари ҳақида яхши гумонда бўлишимиз лозим. Аммо динимизга бўлган одобимиз ундан ҳам кўпроқ лозим. Ҳақ тарафда туришимиз ҳаммасидан ҳам муҳим.
Биз зуннор боғламаймиз. (Зуннор ғайридинлар ўзларининг ғайридинлигини белгиси сифатида боғлаб юриши лозим белбоғ) Биз монастир эшиги олдидан ҳам ўтмаймиз. Биз фақиҳ қўлу оёғини ўпамиз. Биз ундан динимиз илмини ўрганамиз. Биз, шайх бу лафзлар ила ўзи беркитган мақсадларни талаб қилди, деймиз. Шоядки, у талаб қилган ҳам, беркитмаган ҳам бўлса эди ва ўшанинг ўрнига:
«Шариат эшиги олдида зунноримни ечдим.
Илоҳий фиқҳ ила асроримни пок этдим.
Монастир ва зуннор иккиси ҳам залолатдир.
Борий зотга етишиш эшиги ёлғиз шариатдир»,
деса яхши бўларди».
Ҳозирги кунимизда шатаҳотлар тарих бўлиб қолган. Тасаввуфни ва унинг тарихини ўрганган, мутасаввуфларнинг шеъриятини ўрганган кишилар бу масалага дуч келади. Боҳислар нима учун тасаввуф қолса ҳам шатаҳотлар йўқ бўлиб кетди деган саволга икки хил жавоб берадилар.
Биринчи жавоб, кейинги пайтда фанода ва истиғроқда олдинги суфийларнинг даражасига етадиган суфийлар чиқмай қолди.
Иккинчи жавоб аввалда суфийларнинг даъво қилган ўзини йўқотиб қўйиш ва шатаҳот даражасига етиш ҳоллари қалбаки бўлган. Ҳозирда ўша қалбакилик йўқолган.
Бизнинг фикримизча, икки сабаб ҳам қисман тўғри бўлса керак.
Шатаҳотларни ўрганган олимлар яна бир саволни қўзғаб унга ўзлари жавоб берадилар.
Мусулмонлардаги тасаввуфга ўхшаш ҳолат бошқа динларда, жумладан, масийҳийлик ва яҳудийликда ҳам бор. Аммо шатаҳот фақат мусулмонларда бор. Нима учун бу нарса мусулмонларда бору масийҳийлик ёки яҳудийликда йўқ?
Жавоб қуйидагича:
«Шатаҳотнинг мусулмонлар зоҳир бўлишининг сабаби Исломда Холиқ билан махлуқнинг орасидаги барча фарқлар очиқ-ойдин ёритиб берилган. Шу билан бирга Исломда Робб билан банданинг орасида восита ва тўсиқ бўлиши мумкин эмас. Мухлис банданинг қалби доимо ўз Роббисига етишишга интилади. Ана ўша талаб тасаввуф орқали қондирилган.
Масийҳийликда эса банда билан Роббиси орасида ёпиқ эшик бор. Роббга етишиш учун воситачи бўлиши керак. Воситачисиз У зотга мутлақо етишиб бўлмайди.
Яҳудийликда иш бундан ҳам мураккаб. Яҳудийларнинг эътиқоди бўйича Илоҳ ғазабнок, қасоскор ва жаббордир. У доимо чақмоқ, тўфон ва турли бало офатларни юбориб туради. Шунинг учун Робб билан банда ўртасида муҳаббат ва унс бўлиши мумкин эмас.