1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Мол-дунё ва бойлик одоблари

05:00 / 07.03.2017 4075 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бойлик инсоннинг ўз эҳтиёжидан ва оиласи эҳтиёжидан ортиқ пул, маскан, улов, асбоб-анжом ва турли неъматларга эга бўлишидир. У камбағалликнинг зиддидир.

«Мол» сўзи арабча «мола – ямийлу» феълининг ўзаги бўлиб, қийматга эга ва кўнгил майли тортадиган нарсани англатади. Кўнгил майли тортадиган қимматли нарсаларнинг ҳаммаси – пул, тилла, кумуш, кўчмас ва кўчар мулк ва бошқалар мол дейилаверади. Бу нарсалар кўнгил тортиши, иштаҳа қилиши дейилади. Иштаҳа эса шаҳват маъносини англатади. Шунинг учун Қуръони каримда бундай нарсаларнинг барчаси «шаҳватлар» деб аталган.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

«Одамларга аёллардан, фарзандлардан, тўп-тўп тилла ва кумушдан, боқилган отлардан, чорвалардан, экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди. Булар дунё ҳаётининг матоҳидир. Ва Аллоҳ – ҳузурида гўзал қайтар жой бор Зотдир» (14-оят).

Ушбу ояти каримада одамларнинг кўнглига муҳаббати зийнатланган, иштаҳалари доим тортиб турадиган нарсалар ҳақида сўз кетмоқда:

«Одамларга аёллардан, фарзандлардан, тўп-тўп тилла ва кумушдан, боқилган отлардан, чорвалардан, экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди».

Бу ояти каримада аёллар, улардан туғиладиган болалардан сўнг тўп-тўп тилла ва кумушнинг зикри келмоқда. Молу дунё шаҳвати жуда кучли шаҳват. Инсон фақат моли бўлишинигина эмас, балки моли тўп-тўп бўлишини хоҳлайди. Молни кўпайтиришнинг ўзи катта шаҳватдандир. Шунинг учун ҳам моли кўплар молсизлардан кўра кўпроқ бойлик тўплашга уринаётганини кўрамиз. Молга бўлган кучли шаҳватнинг сабаби – у бошқа шаҳватларга ҳам эриштирувчи восита эканлигидадир.

Ундан кейин гўзал отларнинг зикри келмокда. От ўзида муҳаббатга сабаб бўлувчи кўпгина сифатларни жамлаган ҳайвондир. Кишилар доимо яхши отга эга бўлишни ўзларига обрў деб билганлар. (Ҳатто ҳозирги техника замонида ҳам миллионлаб долларга савдо бўлаётган отлар бор.) Аммо бу ерда умуман, улов (автомашина) маъносида ҳам тушунилади. Атрофимизга бир назар солайлик: бирор киши йўқки, уловни орзу қилмаган бўлсин, бирор киши йўқки, улов харид қилиш мақсадида ўзини ҳар томонга урмаётган бўлсин.

Шунингдек, одамларда туя, сигир, қўй каби чорва ҳайвонлари ва экин-тикинларга ҳам муҳаббат кучли. Улар ушбу нарсаларни ўзларига мулк қилишга доимо интилишади.

Ояти каримада ушбу нарсаларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди, дейилмоқда. Демак, бу муҳаббат инсоннинг асл табиатида бор экан. Бундай ҳолатнинг бўлиши табиий бир ҳол экан. Модомики, ушбу рағбатлар инсон табиатида бор экан, Аллоҳнинг Ўзи инсонни шундай яратган экан, бу нарсалар инсон ҳаётини муҳофаза қилишда, унинг гўзал ва завқли кечишида хизмат қилмоғи лозим. Шунинг учун Ислом дини мазкур нарсаларни ҳаром қилган эмас, балки мубоҳ деган. Бу нарсаларни ман қилишни эмас, тартибга солишни йўлга қўйган. Ислом кишиларни тарбия қилиб, шаҳват дарёсида ҳалок бўлмасликка чақиради. Инсон мазкур шаҳватларнинг қули бўлиб қолмаслиги керак, балки уларнинг хожаси бўлиб, ўз тасарруфига олиши даркор.

Юқорида зикр этилган нарсалар ояти карима тушган вақт ва муҳитнинг шаҳватларидан намуналар, холос. Улардан ташқари яна кўп нарсалар бор. Лекин қанча бўлса ҳам,

«Булар дунё ҳаётининг матоҳидир».

Охиратники эмас, абадий ҳаётники эмас, шу дунёники.

«Ва Аллоҳ – гўзал қайтар жой Унинг ҳузурида бўлган Зотдир».

Бу жой жаннати наъиймдир. Унда киши нимани иштаҳа қилса, ўша муҳайёдир.

Шунинг учун дунёдан охиратни устун қўйиш керак. Шунинг учун ҳам мусулмон уламолар бир овоздан «Бойлик талаб қилиш Ислом шариатида бор иш», дейишган. Қуръони каримда ризқ ва мол талаб қилиш  Аллоҳ таолонинг фазлини талаб қилишга тенглаштирилган.

Аллоҳ таоло Жумуъа сурасида марҳамат қилади:

«Бас, намоз тугаганидан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шоядки, зафар топсангиз» (10-оят).

Намоздан кейин ким савдосига, ким касал кўргани, ким илм талабига ва ҳоказо – ҳамма ўз ишига қайтиши мумкин.

«...ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг…»

Аллоҳнинг фазлини талаб қилиш давомида дунёга ҳаддан таш­қари берилиб кетиб, йўлдан адашиш ҳам мумкин. Шунинг учун оятнинг охирида:

«...ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шоядки, зафар топсангиз», дейилмоқда.

Мол-дунёга муҳаббат қўйиш инсоннинг табиатида бор. Бу муҳаббат бўлмаса, дунё обод бўлмайди.

Аллоҳ таоло Фажр сурасида марҳамат қилади:

«Ва молни кўп яхши кўрасизлар» (20-оят).

Ислом инсон мол жамлаш орқали эришадиган турли фойдаларни инкор қилмайди. Балки Қуръони карим бир неча ўринда молни хайр – яхшилик деб атаган.

Аллоҳ таоло Аъдият сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, у мол-дунёга ниҳоятда ўчдир» (8-оят).

Шунинг учун ҳам баъзи ҳадиси шарифларда яхши тасарруф қилинган мол мақталгандир.

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга одам юбориб, кийимларимни ва қурол-аслаҳаларимни олиб боришимни тайинладилар. Борсам, таҳорат қилаётган эканлар. Менга бошдан-оёқ разм солдилар. Сўнг:

«Эй Амр, сени бир лашкарга бош қилиб юбормоқчиман. Шояд, Аллоҳ таоло сенга ўлжа берса. Шу нарсадан сенга солиҳ мол насиб бўлса, деган рағбатим бор», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен мол учун эмас, Ислом учун мусулмон бўлганман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлиш учун мусулмон бўлганман», дедим.

«Эй Амр, солиҳ одамнинг қўлидаги солиҳ мол қандай яхши!» дедилар».

Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифдан солиҳ инсонда солиҳ йўл билан топилган мол бўлиши яхши эканини, ушбу молнинг эгаси уни тўғри йўлга сарфласа, бунда ҳеч қандай ёмонлик йўқлигини билиб оламиз.

Мол-дунёни фақат ёмонлайвериш нотўғри. Фақат мол-дунё ҳаром-ҳаришдан топилган бўлса ёки у нопок, ҳаромхўр одамнинг қўлига тушиб қолган бўлса, мазаммат қилинади, ёмонланади, холос. Чунки бундай одам молни ёмонликка сарфлайди, исроф қилади. Бироқ шариатга мувофиқ топилган ва шундай сарфланган мол ҳақида ҳеч қандай ёмон хаёлга бормаслик керак.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Ижтимоий одоблар китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Қозилик китоблари, деганимизда одамлар орасида ҳукм чиқаришнинг фиқҳий ечимларини ўз ичига олган китобларни тушунамиз. Бу йўналишдаги китоблар ҳам фиқҳий давоми...

5406 16:10 / 13.02.2019
Учинчи қисмБир синфдаги раддга ҳақдор меросхўрлар билан бирга раддга ҳаққи йўқ меросхўрлардан бири, яъни эр ёки хотин ҳам бўлади.Бундай ҳолатда раддга ҳаққи йўқ давоми...

1675 11:00 / 19.06.2020
Ҳақиқий фиқҳий ижтиҳодларни ёзишни ташкил қилиш ҳақида сўз кетадиган бўлса, баъзи уламолар бу ишни Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи бошлаганларини давоми...

6701 16:30 / 26.12.2018
Мусулмон халқларнинг доимий равишда фатвога эҳтиёжлари тушиб туради. Халқ оммасини уламолар билан боғлаб турадиган кучли омиллардан бири ҳам фатводир. давоми...

5059 17:00 / 14.07.2019