1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Эр‑хотин орасидаги хилофни бартараф қилиш

11:00 / 13.05.2021 4021 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Албатта, ҳар бир оилада эр‑хотин тинч-тотув, аҳил-иноқ равишда, бахт нашидасини суриб яшаши айни муддаодир. Бунинг учун ҳамма ҳаракат қилади. Аллоҳ таоло барчага ана шундай бахтни ато этсин!

Аммо, жон бор жойда жанжал бор, деганларидек, кишилар истамасалар ҳам, оила аъзолари – эр‑хотин орасида тушунмовчиликлар, келишмовчиликлар ва уриш-жанжаллар чиқиб туриши бор. Ушбу ҳолатни тўғри ҳал қилиш ҳам оиланинг ва унинг аъзоларининг саодатига хизмат қиладиган муҳим омиллардан биридир.

Бу масалада икки тараф ҳам бир-бирини яхши тушуниши, аёл эрнинг, эр аёлнинг риоясини қилиши лозим. Икковлари бир-бирларининг одатларини, нимадан хафа ва нимадан хурсанд бўлишларини, руҳий кечинмаларида ва кайфиятларида бўладиган ўзгаришларни яхши тушуниб етишлари зарур. Сўнгра бир-бирларини хафа қиладиган нарсалардан йироқ бўлиб, хурсанд қиладиган нарсаларга яқин бўлишга ҳаракат қилишлари керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилаларида ана шу ҳолат ҳукм сурган.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنِّي لَأَعْلَمُ إِذَا كُنْتِ عَنِّي رَاضِيَةً وَإِذَا كُنْتِ عَلَيَّ غَضْبَى، فَقُلْتُ: وَمِنْ أَيْنَ تَعْرِفُ ذَلِكَ؟ قَالَ: أَمَّا إِذَا كُنْتِ عَنِّي رَاضِيَةً فَإِنَّكِ تَقُولِينَ لَا وَرَبِّ مُحَمَّدٍ، وَإِذَا كُنْتِ غَضْبَى قُلْتِ لَا وَرَبِّ إِبْرَاهِيمَ، قُلْتُ: أَجَلْ، وَاللهِ يَا رَسُولَ اللهِ مَا أَهْجُرُ إِلَّا اسْمَكَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Албатта, сен мендан қачон рози бўлсанг ҳам биламан. Мендан қачон аччиқланган бўлсанг ҳам биламан», дедилар.

«Уни қаердан биласиз?» дедим.

«Қачон мендан рози бўлсанг, «Муҳаммаднинг Робби ила қасамки, ундай эмас!» дейсан. Қачон аччиқланган бўлсанг, «Иброҳимнинг Робби ила қасамки, ундай эмас!» дейсан», дедилар.

«Тўғри! Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, исмингиздан бошқани ҳижрон этмайман», – дедим».

Муслим ривоят қилган.

Мана шу ҳадиси шарифда икки тарафнинг бир-бирларига нозик қарашлари ва илтифотлари очиқ баён этилмоқда. Оддий ҳолатдаги сўзлашув билан бошқа ҳолатдаги сўзлашувда ўрни алмашиб қоладиган биргина сўзнинг фарқига бориш ҳам мулоҳаза қилинмоқда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг гапларидаги бир оғиз сўзнинг ўзгаришидан у кишининг руҳиятидаги ўзгаришни англаганлар.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бўлсалар ўзларидаги ана ўша ўзгаришни жуда нозиклик билан юзага чиқарганлар. Бақир-чақир, йиғлаш, қовоқ солиш, зарда қилиш, гапирмай қўйиш, заҳарханда қилиш кабиларнинг бирортасининг ҳиди ҳам йўқ. Оддий ҳолатдагидан бошқа пайт фақат бир сўзнинг ўрнига бошқасини ишлатиш бор.

Икки тараф бир бўлганда эса, ҳар бирлари ўз кечинмаларини бир-бирларига очиқ айтганлар. Бир тарафнинг аччиғи чиққан, аммо бу жанжалга айланмаган, ҳар икки тараф керакли чорани кўрган ва иш яхшилик билан охирига етган.

Биз ҳам оилаларимизда худди шундай бўлишига ҳаракат қилишимиз керак. Эр‑хотинлар бир-бирларини яхши тушунишлари, бир-бирларига нисбатан кечиримли бўлишлари ва турли нохушликларнинг олдини биргаликда олишлари лозим.

Мусулмон мутахассислар эр‑хотин орасидаги хилофни ҳал қилиш учун ўз тавсияларини қуйидагича тақдим қиладилар:

Эр‑хотин орасидаги хилофни ҳал қилиш услубида гап кўп. Айнан ўша услуб орадаги хилофни йўққа чиқариши ҳам мумкин ёки авж олдириб юбориши ҳам мукин. Шунинг учун бу масалада эр‑хотин воқеъликдан келиб чиққан ҳолларида ёндашишлари ва уни ҳал қилиш учун муносиб услубни ишга солишлари керак.

Аччиқ сўз, қўполлик ва дўқ-пўписа дард устига чипқон бўлиши, ярани газак олдириши ҳамда ярашиб олгандан кейин ҳам қалб жароҳати шаклида туриши борлигини ҳар ким яхши англаши лозим.

Шунингдек, жим туриш, бир-бирини индамасдан «енгиш» ҳам вақтинчалик ечим бўлиб, мазкур нохушликларнинг жамланиб бориши, бир пайти келганда портлаб, ҳаммаси бирданига юзага чиқиши ҳам яхшиликка олиб бормайди.

Эр‑хотин орасидаги хилофни бартараф қилишда масхара, инкор, бош тортиш ва «меники тўғри»да маҳкам туриб олиб, бир томон иккинчисини енгиши услуби ҳам тўғри эмас. Бунда хилоф янада чуқурлашиши мумкин.

Эр‑хотин орасидаги хилофни бартараф қилишда насаб, мол, жамол ва унвонларни ишга солиш ҳам яхшиликка олиб бормаслигини унутмаслик зарур.

«Бахтиёр оила» китоби асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тарбия ҳам отаоналарнинг бурчи ва фарзандларнинг ҳаққидир..Тарбия, сўзи арабча .робба, феълидан олинган бўлиб, ўстирди, зиёда қилди, риоясига олди, раҳбарлик қилди давоми...

10839 15:30 / 31.08.2021
Ҳозирги кунимизда соғлиқни сақлаш, хасталикка чалинмаслик учун бадантарбия қанчалик аҳамиятли эканини ҳамма тушуниб етган. Каттаю кичик, иложи борича, давоми...

2338 11:20 / 30.04.2020
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Фотима алайҳассалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, қўлига қўл тегирмонидан етадиган давоми...

4482 20:37 / 07.06.2019
Ҳомиланинг жисмоний ва руҳий толиқишларсиз, яхши ривожланиб боришини таъминлаш.Ҳомила ҳар тарафлама яхши ўсиб бориши учун унинг онасини жисмоний ва руҳий давоми...

2615 19:29 / 19.10.2019