1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ростгўйликда намуна бўлган саҳоба

11:00 / 02.05.2021 2737 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, Табук ғазотидан кўплаб мунофиқлар, узрли саҳобалар ва соғлом содиқ саҳобалардан уч нафарлари қолиб кетишган. Улардан Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ғазотдан қолишларига ҳеч қандай узрлари йўқ эди. «Уловим бор, пулим бор, ҳаракат қилсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб оламан» деб, урушга тайёргарлик кўрмадилар, сусткашлик давом этаверди. Охири ғазот ҳам тугади.

Ғазот тугаб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага қайтганларида урушга бормаган мунофиқлар турли гапларни, баҳоналарни айтиб, узр сўрайдилар. Каъб ибн Молик, Ҳилол ибн Умайя, Мурора ибн Рабийъ розияллоҳу анҳум эса ғазотдан қолишларига узрлари йўқлигини айтишади ва нима учун бормаганларини баён қилишади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан нега урушга бормаганларининг сабабини сўраганларида, «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, сиздан бошқа дунё аҳлидан бирортасининг ҳузурида ўтирган бўлсам-ку, унинг ғазабидан узр билан чиқиб кетар эдим. Чунки мен фасоҳатли сўзамол кишиман. Лекин биламан, Аллоҳга қасамки, агар бу кун сизга ёлғон гапирсам, мендан рози бўлаверасиз. Бироқ тез фурсатда Аллоҳ мендан сизни ғазаблантириб қўяди. Агар сизга рост гапни айтсам, ўзим сизни ғазаблантириб қўяман. Албатта, мен Аллоҳ таолодан яхши оқибат умидидаман. Аллоҳга қасамки, менда узр йўқдир. Аллоҳга қасамки, сиз билан бирга бормай қолган пайтимда ҳар галгидан кучли ва бадавлат эдим», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу эса ҳақиқатда рост гапирди. Тургин, то Аллоҳнинг ҳукми келгунча кутиб тур», дедилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барча саҳобаларга шу уччовлари билан гаплашмасликни тайинладилар. Орадан анча вақт ўтди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уччовларига аёллари билан яқинлик қилмай туришни буюрдилар. Уларнинг сиқилиши ортиб, кенг дунё уларга торлик қилиб қолди. Ҳеч ким улар билан гаплашмасди. Вазиятни тасаввур қиляпсизми?!

Эллик кеча ўтгач, Аллоҳ таоло уларнинг тавбаларини қабул қилганини эълон қилди. Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга турли баҳоналарни айтмай, рост гапирганларидан хурсанд бўлдилар ва у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига йўлга тушдилар. Йўлда одамлар Аллоҳ таоло у кишининг тавбаларини қабул қилгани билан табриклашарди.

Ўзлари воқеани келган жойидан шундай давом эттирадилар: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига масжидга борганимда, у зоти бобаракот ўтиргандилар, атрофларида одамлар ўтиришганди. Шунда муҳожирлардан фақат Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу мен томон югуриб келиб, мен билан қўл бериб сўрашиб, табрикладилар. Аллоҳга қасамки, менинг олдимга Толҳадан бошқа муҳожирлар туриб келишмади. Шу боис Толҳа розияллоҳу анҳунинг бу ишини унутмайман».

Кейин Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу умрларининг сўнггигача ёлғон гапирмасликка сўз бердилар.

Шоир айтганидек:

«Ростликни ўргатсин Каъб ибн Молик,

Асри саодатни қаттиқ соғиндим!»

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу Толҳа розияллоҳу анҳунинг югуриб келиб, табриклаганларини ҳеч унутмадилар.

Қийин лаҳзаларда жароҳатга малҳам бўлиш унутилмайдиган ишдир.

Аллоҳ таоло барча содиқ саҳобалардан, жумладан, Каъб ибн Моликдан рози бўлсин!

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оламга тақдим қилган улкан хизматларидан иккинчиси инсоният бирлиги ва башарият тенглиги тасаввуридир. Авваллари давоми...

2066 11:00 / 12.07.2023
Қурайш мушриклари мусулмонларнинг ҳижратидан безовталаниб қолишди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига эргашган кишиларга бориб қўшилишларидан давоми...

2526 16:06 / 04.06.2020
ҳижрий 1 йилРамазон ойида ҳазрати Ҳамза розияллоҳу анҳу бошчиликларида ўттиз нафар муҳожирдан иборат саҳобалар тарафидан байроқ кўтарилган, улар Қурайш давоми...

3288 16:07 / 23.08.2020
Қўзғалончилар Мадинага қайтиб келиб, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳовлиларини қамал қилишганида, у киши Мадинаи мунавварани ҳимоя қилиш учун лашкар давоми...

2151 12:00 / 09.11.2024
Аудиолар

213270 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132492 14:35 / 11.08.2021