1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Аллоҳдан қўрқишнинг ёмонликка қарши курашдаги фойдаси

05:00 / 06.03.2017 3933 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳозирги кунда кишилар орасида ахлоқсизлик, разолат ва турли жиноятлар шу даражада кенг тарқалдики, бутун олам аянчли аҳволда қолди. Аллоҳни эсдан чиқариш, Унинг улуғлигини унутиш бунинг энг асосий сабабидир. Аллоҳдан қўрқиш доимо руҳий ҳаётнинг асосларидан бўлиб келган. Чунки бу нарса инсониятни яхшилик чўққиларига олиб чиққан. Шу фикрни кишилар қалбига жо қилиш учун келган барча динлар уларга Аллоҳнинг ғазаби бу дунёю у дунё азобига гирифтор қилишини баён этган. Аллоҳдан қўрқмас экан, инсон ҳеч қандай ёмонликдан қайтмайди, ҳавойи нафси нимани хоҳласа, шуни қилади, бу йўлда ўзидан бошқаларга қандай жабру ситамлар етиши ҳақида қайғурмайди. Инсонни ўзидан бошқага ёмонлик қилишдан қайтариш учун кишилар томонидан тузилган қонун-қоидалар ҳозиргача ҳеч қандай фойда бергани йўқ.


Ислом эса ёмонлик қилганларга муносиб азоб-уқубатларни қонунлаштириш билан бирга, доимо Аллоҳдан қўрқиб туриш, Унинг азобидан хавфда бўлишни кишиларга эслатиб келган. Шундагина кишилар Аллоҳга итоат этадилар ва Унинг розилигига муяссар қилувчи тўғри йўлдан борадилар. Қуръон оятлари бунинг гувоҳидир:


«Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этса ҳамда Аллоҳдан қўрқиб, Унга тақво қилса, бас, ана ўшалар – ўзлари ютуққа эришувчилардир» (Нур сураси, 52-оят).


«Албатта, ўз Роббларидан ғойибона қўрқадиганлар учун мағфират ва улуғ ажр бордир» (Мулк сураси, 12-оят).


«Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Бу Роббидан қўрққанлар учундир» (Баййина сураси, 8-оят).


Аллоҳдан қўрқиш инсонни одоб доирасида шижоатли қилади. Бу эса энг яхши инсоний сифатлардандир. Чунки бундай киши ўз фикрини, ўзи тўғри деб тушунган нарсани очиқ-ойдин айтади, одамларнинг гап-сўзидан, ҳукмдорларнинг ғазабидан қўрқмайди. Нотўғри деб билган ишига асло қўл урмайди, агар одамларга ёқмаса ҳам. Қуръон сураларида мусулмонлар шундай бўлишга чақирилган:


«Бас, агар мўмин бўлсангиз, улардан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар» (Оли Имрон сураси, 175-оят).


«Улардан қўрқасизми?! Агар мўмин бўлсангиз, қўрқишингизга ҳақли Зот Аллоҳдир!» (Тавба сураси, 13-оят).


«Аллоҳ йўлида жиҳод қилурлар ва маломатчининг маломатидан қўрқмаслар» (Моида сураси, 54-оят).


Ислом тарихида Аллоҳ йўлида жонларини фидо қилган қаҳрамонлар ҳақида маълумотлар жуда кўп. Улар ҳар қандай азоб-уқубатларга бардош берганлар. Қуръон Аллоҳдан қўрқиш билан умидворликни доимо ёнма-ён қўйган. Чунки Аллоҳ тавбасини қабул қилишидан ноумид бўлган киши хатарли бир қувватга айланиб қолади, ундан ҳеч яхшилик кутиб бўлмайди. Аллоҳ таоло билан банда орасидаги алоқанинг узилиши эса барча фасодларнинг бошидир. Кишининг ўз Парвардигоридан қўрқишида маълум чегара бўлиб, у ноумидликка етиб бормаслиги керак. Фақат қўрқитиш асосида қилинган тарбия Ислом назарида нотўғри тарбия ҳисобланади. Чунки бундай тарбия қалблардаги нурни сўндиради ва яхшилик аломатларини беркитади. Ҳар бир кишида яхши иш қилишга хоҳиш бўлиб, бу хоҳишни яхши мукофот ва Аллоҳнинг фазлу карамига эришиш ваъдаси билан руҳлантириб туриш лозим. Бу ҳақда Қуръон ояти шундай дейди:


«Ва ер юзида ислоҳ қилинганидан кейин бузғунчилик қилманг ҳамда Ундан қўрқиб ва тама этиб дуо қилинг. Албатта, яхшилик қилувчиларга Аллоҳнинг раҳмати яқиндир» (Аъроф сураси, 56-оят).


Аллоҳ ҳақиқий мўминларни сифатлаб, шундай дейди:


«Ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Роббларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар» (Сажда сураси, 16-оят).


Аллоҳ таоло баъзи пайғамбарларни шундай сифатлайди:


«Албатта, улар яхшиликларга шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди» (Анбиё сураси, 90-оят).


Аллоҳдан умидворлик билан қўрқиш инсон амалга оширадиган ишларга ижобий таъсир қилувчи энг муҳим омиллардан биридир. Бу нарса инсон қалбига яхшилик уруғини экади, тўғри йўлга бошлайди ва уни инсоният жамиятининг яхши аъзосига айлантиради.




Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Иймон китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир мўмин мусулмон банда ҳазир бўлиши лозим ва лобудд бўлган қалб хасталикларининг бири ҳасаддир. Уламолар, ҳасадбировга етган неъматга рашк билан қараш ва давоми...

6882 05:00 / 28.02.2017
Шунингдек, кечаси таҳажжудга уйғонганда ҳам аввалги каломи зикр бўлиши учун ҳаракат қилади. . ,. .Ибн Аббос давоми...

3588 15:10 / 30.12.2018
1. Ҳавойи нафсга эргашиш диннинг нуқсонидир.2. Ҳавойи нафсга эргашиш шайтонга дўстлик, Роҳманга душманликдир.3. Ҳавойи нафсга эргашиш Аллоҳ таолонинг наздида кўп давоми...

3711 00:00 / 30.10.2022
Ўзини юқори олган одам кибр аҳлидан бўлади. Камолот сифатларининг соҳиби бўлган одам ўзини бошқалардан юқори олмайди. Камолот сифатлари эса диний ва дунёвий давоми...

5645 20:00 / 26.02.2022
Аудиолар

230197 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148775 14:35 / 11.08.2021