Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Азиз ўқувчи, биз юқорида Аллоҳ таолонинг нақлий ва ақлий далиллар билан собит бўлган бир қанча сифатларини ўрганиб чиқдик. Ана ўша сифатларга иймон келтириш лозим ва лобуддир. Албатта, уларга иймон келтириш уларга зид бўлган сифатлардан Аллоҳ таолони поклашни ҳам тақозо қилади.
Бу ишни қилмоқчи бўлсак, баъзи кишилар оят ва ҳадисларни далил қилган ҳолда бизга бошқача гапларни ҳам айтганлар. Улардан баъзилари Аллоҳ таолога Унинг махлуқотларида бор сифатларни нисбат беришса, бошқалари тамоман тескари фикрни айтиб, Аллоҳ таолога ожизлик сифатини беришгача етиб борганлар. Улар асосан муташобиҳ оят ва ҳадислар асосида фитнали гапларни қўзғаганлар.
Биз эса уларнинг гапларига қулоқ солмай, Аҳли сунна ва жамоа мазҳабини маҳкам тутмоғимиз лозим бўлади. Ўшанда Аллоҳ таолонинг Оли Имрон сурасида нозил қилган қуйидаги оятларига амал қилароқ, Аллоҳ таолони барча нуқсонлардан поклаб ёд қилган бўламиз.
هُوَ الَّذِيَ أَنزَلَ عَلَيْكَ الْكِتَابَ مِنْهُ آيَاتٌ مُّحْكَمَاتٌ هُنَّ أُمُّ الْكِتَابِ وَأُخَرُ مُتَشَابِهَاتٌ فَأَمَّا الَّذِينَ في قُلُوبِهِمْ زَيْغٌ فَيَتَّبِعُونَ مَا تَشَابَهَ مِنْهُ ابْتِغَاء الْفِتْنَةِ وَابْتِغَاء تَأْوِيلِهِ وَمَا يَعْلَمُ تَأْوِيلَهُ إِلاَّ اللّهُ وَالرَّاسِخُونَ فِي الْعِلْمِ يَقُولُونَ آمَنَّا بِهِ كُلٌّ مِّنْ عِندِ رَبِّنَا وَمَا يَذَّكَّرُ إِلاَّ أُوْلُواْ الألْبَابِ
«У сенга Китобни нозил қилган Зотдир. Унда муҳкам оятлар бор – улар Китобнинг аслидир – ва бошқалари муташобиҳлар. Аммо қалбларида оғиш бор кимсалар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига осилиб оладир. Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда мустаҳкам бўлганлар эса: «Унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир», дерлар. Ва фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар» (Оли Имрон сураси 7-оят).
Ушбу ояти каримада Қуръони Каримнинг оятлари иккига – муҳкам ва муташобиҳга бўлиниши ҳақида сўз бормоқда.
«Муҳкам» сўзи маҳкам, очиқ-ойдин, бошқа ёққа буриб бўлмайдиган, деган маънони англатади.
«Муташобиҳ» сўзи эса ўхшаш, бирини биридан ажратиш қийин, бир неча маъноларни англатадиган, деган маъноларни билдиради.
Қуръони Карим оятлари ҳам муҳкам ва муташобиҳга бўлинади. Бунинг ўзи алоҳида бир илм бўлиб, Қуръон илмлари фани бўйича мутахассис уламолар буни махсус ўрганадилар.
Биз ўрганаётган ояти каримада худди шу мавзуда сўз бормоқда. Бу ояти кариманинг аввалида, юқорида зикр қилинган сифатларга эга бўлган Аллоҳ «У сенга китобни нозил қилган зотдир», деб Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилмоқда.
Китобдан мурод Қуръони Каримдир.
«Унда муҳкам оятлар бор – улар Китобнинг аслидир – ва бошқалари муташобиҳлар».
Қуръони Каримда келган муҳкам – ойдин оятларнинг маънолари равшан, тушунилиши ҳам осон.
«Улар китобнинг аслидир», яъни ўша муҳкам оятлар Қуръоннинг аслини ташкил қиладилар.
Шу билан бирга, Аллоҳ ирода қилган ҳикмат учун Қуръонда муташобиҳ – бир-бирига ўхшаш маъноларни билдирадиган, турлича маънога буриш мумкин бўлган оятлар ҳам бор. Лекин булар жуда ҳам оз бўлиб, кишиларнинг иймонини синашга хизмат қиладилар.
«Аммо қалбларида оғиш бор кимсалар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига осилиб оладир».
Демак, аслида эътиқоди бузуқ кишиларни фош қилишда муташобиҳ оятлар иш берар экан. Қалбида марази бор, ҳидоятдан оғган бундай кишилар ақийда ва шариатнинг нозик усулларини очиқ-ойдин баён қилиб берган муҳкам оятларни бир четга суриб қўйиб, ғойибдан эшитиш орқали собит бўладиган хабарларга, турли маъноларга далолат қиладиган муташобиҳ оятларга фитна қўзиш, уни таъвил қилиш мақсадида эргашар эканлар.
«Таъвил» сўзи бирор сўз ёки тушунчани сиртқи маъносидан бошқа маънога кўчириш, деган маънони англатади.
Қалбларида ҳидоятдан оғиш бор бўлган мазкур кишилар муташобиҳ оятларни ўзларига қурол қилиб олиб, фитна қўзиш учун ўз ҳавойи нафсларига мувофиқ таъвил қиладилар. Ва ҳолбуки, муташобиҳ оятларнинг таъвилини ҳамма ҳам билавермайди:
«Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас».
Муташобиҳ оятларнинг ҳақиқий таъвилини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Шунинг учун мўмин-мусулмон кишилар муташобиҳ оятларнинг таъвилига машғул бўлмасдан, уни Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола этишлари керак.
«Илмда мустаҳкам бўлганлар эса: «Унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир», дерлар».
«Илмда собит бўлганлар» – бандалар ичида илмнинг олий даражасига етган уламолардир.
Улар илмда собит бўлганлари учун кўп нарсадан бохабар бўладилар ва шу боисдан ҳам, муташобиҳга иймон келтирдик, барчаси (яъни оятларнинг барчаси) – муҳками ҳам, муташобиҳи ҳам Роббимиз ҳузуридандир, дейдилар.
Дарҳақиқат, етук олимлар ўзларининг илмий чегараларини аниқ тушуниб етадилар, Аллоҳнинг илми чегарасиз эканини яхши биладилар. Ҳамда ўрни келганда ҳеч иккиланмай, ўзларининг ожиз жойларини эътироф қиладилар. Аммо ҳақиқий илмдан бебаҳра, чаласавод кишилар эса ўзлари билган озгина нарсани, дунёдаги бор илм шу, деб тушунадилар ва ундан бошқа ҳамма нарсани инкор этиб, ўзларини ҳам, ўзгаларни ҳам овора қиладилар. Ушбу ҳақиқатларни
«Ва фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар»
Бундай нарсалардан ақл эгаларигина ваъз-насиҳат ва ибрат оладилар.
Мазкур ҳақиқатларни тушуниб етганларидан сўнг, Аллоҳ таолога ёлвориб дуо қилиб, қалбларини ҳақда собит қилишини ва ҳидоятдан оғдирмаслигини сўрайдилар:
رَبَّنَا لاَ تُزِغْ قُلُوبَنَا بَعْدَ إِذْ هَدَيْتَنَا وَهَبْ لَنَا مِن لَّدُنكَ رَحْمَةً إِنَّكَ أَنتَ الْوَهَّابُ
«Роббимиз, бизни ҳидоят қилганингдан сўнг қалбларимизни оғдирмагин ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ҳадя этгин. Албатта, Сен Ўзинг кўплаб ҳадя этувчисан» (Оли Имрон сураси, 8-оят).
Илмда собит бўлган мўмин кишининг ҳоли шу. У ҳидоят нима эканини, қандай улуғ неъмат эканини жуда яхши тушунади. Шунинг учун ҳидоятни берган Аллоҳга ёлвориб, қалбини ҳақ йўлига бошловчи ҳидоятдан оғдирмаслигини ўтиниб сўрайди.
«Роббимиз, бизни ҳидоят қилганингдан сўнг қалбларимизни оғдирмагин ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ҳадя этгин».
Улар Аллоҳ таолонинг «Ваҳҳоб» – кўплаб ато қилувчи Зот эканлигини ҳам яхши биладилар ва Унинг Ўзидан раҳмат ато қилишини сўрайдилар.
«Албатта, Сен Ўзинг кўплаб ҳадя этувчисан».
Улар ўз Роббларининг барча халойиқни бир куни жамлаб, ҳисоб-китоб қилишини ҳам яхши биладилар ва шунинг учун У Зотга бу ҳақда қуйидагича ёлворадилар:
رَبَّنَا إِنَّكَ جَامِعُ النَّاسِ لِيَوْمٍ لاَّ رَيْبَ فِيهِ إِنَّ اللّهَ لاَ يُخْلِفُ الْمِيعَادَ
«Роббимиз, албатта, Сен одамларни ҳақида ҳеч шубҳа йўқ Кунда йиғувчисан. Албатта, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас» (Оли Имрон сураси, 9-оят).
Келишига «ҳеч шубҳа йўқ Кун» қиёмат кунидир.
Аллоҳ таоло ўша кунда барча одамларни жамлаб, сўроқ-саволга тутиб, амалига яраша жазо ёки мукофот беришини ваъда қилган. Мўмин бандалар бу ишнинг албатта бўлишига қаттиқ ишонадилар. Чунки Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмайди.
«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди