1446 йил 10 рабиъус сони | 2024 йил 13 октябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Амалда ихлос шартлиги ҳақида

05:00 / 06.03.2017 3786 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Амалга эваз талаб қилсанг, сендан унда сидқ бўлиши талаб қилинади. Шубҳа қилувчига саломатлик мавжудлиги кифоя қилади.

 

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳининг ушбу ҳикматидаги биринчи жумлани оддийроқ сўзлар билан ифода этишга ҳаракат қиладиган бўлсак, «Қилган амалингга савоб олмоқчи бўлсанг, уни ихлос ила адо эт», деган маъно келиб чиқади. 

«Ихлос» сўзи луғатда «тозалаш», «холис қилиш» деган маъноларни англатади. Ихлоснинг шаръий истилоҳи – Аллоҳга худди У Зотни кўриб тургандек ибодат қилишдир.

Дарҳақиқат, динимизда ҳар бир ишни Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзига бирор нарсани шерик қилмай, ихлос билан бажаришга тарғиб қилинган. Бу борада Қуръони Каримда бир қанча оятлар келган.

Аллоҳ таоло Зумар сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, Биз сенга Китобни ҳақ ила нозил қилдик. Бас, Аллоҳга Унга динни холис қилган ҳолингда ибодат эт» (2-оят).

Бу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбарига хитоб қилиб, ҳеч кимга эътибор бермай, Қуръонни маҳкам тутишга ва Ўзига холис ибодат этишга чақирмоқда.

«Албатта, Биз сенга Китобни ҳақ ила нозил қилдик».

Эй Муҳаммад! Албатта, Биз сенга Қуръонни ҳақ билан нозил қилдик. Эй Муҳаммад! Албатта, Биз сенга Қуръонни ҳақ қилиб нозил қилдик. Эй Муҳаммад! Албатта, Биз сенга Қуръоннинг нозил бўлишини ҳақ қилдик.

Шундай бўлганидан кейин,

«Бас, Аллоҳга Унга динни холис қилган ҳолингда ибодат эт».

«Дин» сўзи «итоат», «ибодат», «жазо-мукофот» ва «шариат» деган маъноларни ўз ичига олади.

Демак, Аллоҳгагина холис итоат этган ҳолингда ибодат эт.

Аллоҳгагина ихлос қилган ҳолингда ибодат эт.

Аллоҳдангина шариат қабул этган ҳолингда ибодат эт.

Аллоҳнинг тавҳидига шак келтирма.

Аллоҳнинг динига бошқанинг динини аралаштирма.

Аллоҳнинг ибодатига бошқага итоат қилишингни аралаштирма.

Аллоҳдан жазо ёки мукофот кутишингга бошқадан жазо ёки мукофот кутишни аралаштирма.

Аллоҳ таоло Баййина сурасида марҳамат қилади:

«Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳга, динни Унга холис қилган, бошқадан Унга бурилган ҳолда ибодат қилишга, намозни тўкис адо этишга, закот беришга буюрилган эдилар, холос. Ана шу тўғри(миллат)нинг динидир» (5-оят).

Аллоҳ таолонинг динига ихлос қилиш фақат Аллоҳ таолонинг Ўзини кўзлаб, розилигини ўйлаб иш қилишдан иборатдир. Ихлос ибодатнинг мағизидир. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло:

«Мен ширкдан беҳожатларнинг беҳожатиман. Бас, ким бир амал қилса-ю, унда Мендан бошқани ширк келтирса, Мен уни ҳам, ширкини ҳам тарк қилурман», деган.

Уламоларимиз амалларни учга тақсимлаганлар:

1. Амр қилинган амаллар. Буларни қилишда Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаш шарт. Агар ният сал бошқача бўлса, риёга айланади.

2. Наҳйи қилинган – қайтарилган амаллар. Бундай амалларни ният қилмай, тарк қилса, уларнинг зараридан фориғ бўлади, аммо савоб олмайди. Аммо ният қилиб, Аллоҳ таолонинг розилиги учун мазкур ишларни тарк қилса, ажр олади.

3. Мубоҳ амаллар. Емоқ-ичмоқ, оила ҳаётига ўхшаш ишлар. Бу амалларни ниятсиз қилса, ажр олмайди. Аммо Аллоҳ таолонинг розилигини олиш ниятида қилса, ажр олади. Ҳар бир мубоҳ амал Аллоҳ таолонинг розилигини ният қилиш ила ибодатга айланади. Ибодатга қувват бўлсин деган ниятда таом тановул қилиш ҳам ибодатдир.

Аллоҳ таоло Ғофир сурасида марҳамат қилади:

«Бас, агар кофирлар ёқтирмасалар ҳам, Аллоҳга динни холис қилган ҳолингизда илтижо қилинг» (14-оят).

Мўмин киши доимо Аллоҳ таолонинг холис Ўзига ихлос билан ибодат этиши, дуо ва илтижо қилиши, ёлвориши лозим. Бу ишларда бошқа бировларнинг муносабатига эътибор бермаслик керак. Шунинг учун ҳам оятда «агар кофирлар ёқтирмасалар ҳам» деган жумла ишлатилмоқда. Кофирларга ёқмас экан, деб Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига динни холис қилиб ёлворишдан, ибодат қилишдан, Унинг йўлига юришдан тисланмаслик керак.

Аллоҳ таоло яна Ғофир сурасининг 65-оятида марҳамат қилади:

«У Зот тирикдир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Унга динни холис қилган ҳолда дуо қилинг. Оламларнинг Робби – Аллоҳга ҳамд бўлсин».

Эй одамлар, сизнинг Роббингиз, бутун оламларнинг Робби – Аллоҳнинг сифатларидан яна бирини билиб қўйинг:

«У Зот тирикдир».

Аллоҳ тирикдир. Унинг Ўзи аслида тирикдир. Тириклик Ундандир. У тирикликни кейин олган эмас. Унга тирикликни бошқа зот берган эмас. Тириклик азалдан У биландир. Тириклик У билан абадий қолур. Ўша Зотга ибодат қилинмай, кимга ибодат қилинади?!

«Ундан ўзга илоҳ йўқ».

Чунки Унинг мазкур сифатларига яқин келадиган зот ҳам йўқ.

«Бас, Унга динни холис қилган ҳолда дуо қилинг».

Аллоҳга динни холис тутган ҳолда дуо-ибодат қилинг. Яъни холис бўйсунган ҳолда, шариатга тўла амал қилган ҳолда, иймон-эътиқодга ёлғону риёни аралаштирмай дуо-ибодат қилинг.

«Оламларнинг Робби – Аллоҳга ҳамд бўлсин».

У Зотга ҳамд айтилмай, кимга айтилади?!

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

«Сен: «Роббим адолатга амр қилди. Ҳар бир ибодатхонада юзингизни тўғри тутинг. Унинг динига ихлос этган ҳолда дуо қилинг. Сизларни аввалда қандай яратган бўлса, ўша ҳолда қайтасизлар», деб айт» (29-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло айтмоқда:

«Ҳар бир ибодатхонада юзингизни тўғри тутинг».

Яъни ибодатларни Аллоҳ кўрсатганидек тўғри ҳолда адо этинг. Ибодатларни ҳаққоний ва тўғри адо этиш Қуръони Карим ва суннати набавияда кўрсатилган. Ҳар ким ўз билганича, отаси, ишбошиси ёхуд пири айтганидек ибодат қилиши дуруст бўлмайди.

«Унинг динига ихлос этган ҳолда дуо қилинг».

Яъни ибодатни ёлғиз ва фақат ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига холис ният билан қилинг. Ундан бошқага ихлос қилиш ширкдир.

«Сизларни аввалда қандай яратган бўлса, ўша ҳолда қайтасизлар».

Яъни ибтидо ва интиҳо бир хил бўлади. Бу дунёга яланғоч ҳолда келдингиз, ундан яна яланғоч ҳолда кетасиз.

Ихлос қалбни мусаффо, ботинни пок тутиб, Аллоҳга худди У Зотни кўриб тургандек, суюмли бўлиш учун уриниш, холос. Ана ўша ихлос қанчалик кучли бўлса, қилинган яхши амалнинг савоби шунчалик кўпаяверади.

Кўпчилик «Тоат-ибодат риёдан холи бўлса, ихлос ҳосил бўлади», деб ўйлайди. Аслида эса ундай эмас, яъни тоат-ибодатда ҳақиқий ихлос ҳосил бўлиши учун уларда Аллоҳ таолодан бошқа бирор нарсани, мисол учун, мол, обрў, шуҳрат, соғлик каби нарсаларни аралаштирмаслик керак. Мисол учун, намоз ўқишда Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш билан бирга, бадантарбияни ҳам ният қилиш ихлосга футур етказади. Рўза тутишда Аллоҳ таоло фарз қилган ибодатни адо этиш билан бирга, таомдан парҳез қилиб, озишни ният қилиш ҳам ихлосга футур етказади.

Шунинг учун ҳам банда тоат-ибодат қилганда фақатгина Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаши лозим. Ҳатто ўша қилган ибодатига савоб талабини ҳам қўшмаслиги керак. Чунки савоб икки тарафнинг олди-бердисида ишлатиладиган нарса эмас. Балки Аллоҳ таолонинг лутфидан бўладиган нарсадир. Ҳа, банда қилган амали эвазига савоб талаб қилиши мумкин эмас. Фақат банда Аллоҳ таоло Ўзининг лутфи ила савоб ато қилишидан умидвор бўлиши мумкин, холос.

Ушбу ўта нозик маънолар юзасидан бандалардан бирортаси ўзининг амаллари холис ихлосдан иборат эканини даъво қила олмайди. Ушбу даъвони қилишнинг ўзи ишни бузиб қўйиши бор. Аксинча, банда Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишда қанча зиёдага эришса, унинг ўзида Аллоҳ таолонинг ҳаққи қанчалар кўп эканини ҳис қилиши шунча зиёда бўлиб боради. Роббига қанча ибодат қилса ҳам озлигини ҳис қилиши кучайиб боради. Айни ушбу даражадаги бандалар ҳақида Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилган.

Аллоҳ таоло Муъминун сурасида марҳамат қилади:      

«Ва берадиган нарсаларини албатта, Роббларига қайтувчи эканликларидан, қалблари титраган ҳолда берадиганлардир» (60-оят).

Бу оятнинг тафсирида имом Аҳмад қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар.

Оиша онамиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга:

– Эй Аллоҳнинг Расули, «Ва берадиган нарсаларини албатта, Роббларига қайтувчи эканликларидан, қалблари титраган ҳолда берадиганлардир» ўғрилик этиб, зино қилиб, ароқ ичиб, кейин Аллоҳдан қўрқадиганларми? – дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Йўқ, эй Сиддиқнинг қизи! У намоз ўқийдиган, рўза тутадиган, садақа қиладиган ва шу билан бирга, Аллоҳдан қўрқадиган одам, дедилар».

Яъни бу мақомга эришган бандалар тоатларини титраб, нуқсонга учрашидан қўрқиб адо этадилар. Ана шу сиддиқлар мақомининг чўққисидир. Аллоҳ бизларни ҳам шунга эриштирсин!

«Амалга эваз талаб қилсанг, сендан унда сидқ бўлиши талаб қилинади» деганда амалнинг  сидқидилдан, чин кўнгилдан адо этилиши назарда тутилади.

Демак, амалда ихлосни даъво қилиш жуда ҳам қийин. Кўпчилик амалида ихлос талаб даражасида эканидан шубҳада бўлиши бор гап. Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ушбу ҳикматнинг иккинчи жумласини ўша шубҳадаги шахсларга қаратгандир.

«Шубҳа қилувчига саломатлик мавжудлиги кифоя қилади».

Яъни амалида холис ихлос борлигига шубҳа бўлган кишилар учун эваз талаб қилишдан кўра азоб-уқубатдан саломат қолишнинг ўзи кифоя қилади.

Аллоҳ таоло барчаларимизга амалга эваз талаб қилмайдиган ва амалда талаб қилинадиган сидқдан насибадор бўладиган бандаларидан бўлишимизни насиб этсин! 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Ҳислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Учинчи одобҚилган садақасини миннат қилиш ва озор бериш ила ҳабата қилмаслик.Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади .Эй иймон келтирганлар давоми...

3543 13:45 / 14.03.2020
.Карийм, сифати .карам, сўзидан олинган бўлиб, бир нарсанинг ўзида бор шарафига ёки хулқларидан биридаги шарафга далолат қилади. Карим киши, карим ҳайвон ёки карим давоми...

3438 05:00 / 28.02.2017
Алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн, вассолату вассаламу алан Набиййил амийн ва ала олиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн. Аммо баъд. Албатта, қалб танадаги барча аъзоларнинг давоми...

4602 05:00 / 01.03.2017
Арабчада .хирқа,, ўзбекчада .жанда, деб аталган ўзига хос кийим кийиш бир вақтлар сўфийлар орасида кенг тарқалган эди. Сўфийларнинг турли рангдаги ямоқлар солинган давоми...

4606 15:10 / 18.08.2019
Аудиолар

131689 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

52155 14:35 / 11.08.2021