1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Закот

Закот бериш кимларга фарз бўлади?

09:30 / 26.04.2021 3070 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фуқаҳоларимиз: «Закот мусулмон, балоғатга етган, оқил, ҳур, махсус нисобга ва шартларга эга бўлган мол соҳибига фарз бўлади», деганлар.

Мусулмон, балоғатга етган, оқил бўлиш бошқа барча исломий ибодатларнинг ҳам шартидир. Закот молиявий ибодат бўлганлиги туфайли унинг фарз бўлиши учун молга хос шарт қўшилиши табиий.

Мусулмон бўлмаган одамдан закот олинмаслиги закот исломий ибодат бўлганлигидандир. Худди намоз ўқиш ва рўза тутишни мусулмон бўлмаган одамдан талаб қилиб бўлмаганидек, закот беришни ҳам ундан талаб қилиб бўлмайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга омил қилиб жўнатаётиб айтган кўрсатмаларида жумладан:

«Уларни энг аввал даъват қиладиган нарсанг «Лаа илааҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ» шаҳодатидир. Агар улар сенга бунда итоат қилсалар, Аллоҳ уларга бир кеча-кундузда беш вақт намозни фарз қилганини билдиргин. Агар улар сенга бунда ҳам итоат қилсалар, хабар берки, Аллоҳ уларга бойларидан олиниб, камбағалларига бериладиган садақа (закот)ни фарз қилгандир», деганлар.

Яъни, закот беришни таклиф қилиш иймонга келганларидан кейин бўлишини таъкидлаганлар.

Баъзи бир кишилар: «Ислом давлати соясида яшаётган мусулмон бўлмаган одам турли имтиёзлардан, хизматлардан, қулайликлардан, ижтимоий манфаатлардан фойдаланади, ҳатто қарилик ёки ишга яроқсизлик нафақасини ҳам олади. Нима учун у закотдан тушган маблағлар ҳам сарфланган нарсалардан фойдаланади-ю, ўзи закот бермай юриши керак?» дейишлари мумкин.

Бу саволга уламоларимиз шундай жавоб берадилар:

«Ислом давлати соясида яшаётган мусулмон бўлмаган одам «зиммий» деб аталиб, у «жизя» деб номланган тўлов тўлайди. Исломдаги бу тўловга ибодат маъносида эмас, балки ҳукумат одамлари билан мусулмон бўлмаган кишилар ўртасидаги келишув орқали олиб бориладиган муомала сифатида қаралади».

Агар «жизя»га амал қилинмаётган бўлса, давлат ундай кишиларга алоҳида солиқ солиши мумкин. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида Бани Тағлаб номли араб қабиласига нисбатан шундай қилинган.

Балоғатга етган ва оқил бўлиш шарти ҳақида, тўғрироғи, ёш бола ва мажнун кишининг молидан закот чиқариш керакми-йўқми, деган масалада уламоларимиз икки хил йўл тутганлар. Чунки гап бу ерда баданий эмас, молиявий ибодат ҳақида кетмоқда. Баданий ибодат ёш болага ҳам, мажнунга ҳам фарз бўлмаслиги маълум. Чунки улар бу нарсани идрок қила олмайдилар, моҳиятини, адо қилиш шартларини ўрнига келтира олмайдилар.

Закот эса молиявий ибодатдир. Мол ўсиб турибди, уни валий бошқариб турибди, қисқача қилиб айтилганда, молдан кўзланган мақсад ҳосил бўлмоқда. Энди закот нима бўлади?

Бу саволга Ҳанафий мазҳаби уламолари «Ёш бола ва мажнуннинг зироати ва меваларидан закот берилади, бошқа молларидан берилмайди», деганлар.

Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари эса «Уларнинг ҳамма молларидан закот берилади», деганлар.

Ҳамаср уламолардан баъзилари «Жумҳурнинг мазҳаби рожиҳ (ортиқ, устун, мақбул)», дейдилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Закот тўплаш ишига кимлар ҳақдор эканини батафсил ўргандик. Закот тўпланди, ҳақдорлар аниқланди. Энди уни бўлиш, тақсимлаш масаласи қандай ҳал бўладиБугунги давоми...

4654 12:30 / 11.06.2018
Савол Тилла, кумушдан бошқа қимматбаҳо тошлардан ҳам закот чиқариладимиЖавоб Бундай тошлар тижорат мақсадида олинган бўлмаса, улардан закот берилмайди. Тилла давоми...

2532 18:12 / 22.11.2018
Аллоҳ таоло .Эй, иймон келтирганлар, касб қилган нарсаларингизнинг покларидан инфоқ қилинглар,, деган Бақара 267. Мужоҳид .Ушбу оят тижорат ҳақида тушган,, деган.Шарҳ давоми...

3059 05:00 / 14.01.2017
Эй иймон келтирганлар Сизга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан на олдисотди, на ошнаоғайничилик ва на шафоатчилик йўқ Кун келмасидан олдин инфоқ қилинг. Ва давоми...

7927 16:32 / 30.01.2018