Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сийрат дарслари (131-дарс). Аллоҳ бошлаган нарсадан бошланглар

14:30 / 09.04.2021 3796 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

502. Жаъфар ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳудан, у отасидан ривоят қилинади:

«Жобир ибн Абдуллоҳнинг олдига кирдик. У қавм ҳақида сўради. Менга етиб келганда: «Мен Муҳаммад ибн Алий ибн Ҳусайнман», дедим. У қўли билан бошимни силади. Тепа тугмамни ечди. Кейин пастки тугмамни ечиб, кафтини икки кўкрагим орасига қўйди. Ўша кунлари ёш бола эдим. Шунда у: «Хуш келибсан, эй биродаримнинг ўғли! Нимани хоҳласанг, шуни сўра», деди. Мен ундан сўрадим. У кўзи ожиз эди. Намоз вақти бўлиб қолди. Шунда у кийимига ўралган ҳолда турди. У кийимини елкасига тортганда у торлигидан яна қайтиб тушиб кетар эди. Ридоси эса ёнидаги кийим қўйгичда эди. У бизга намозга ўтди. Кейин мен унга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳажлари ҳақида гапириб беринг», дедим. У қўлини кўтариб, тўққиз бармоғини кўрсатди ва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўққиз йил ҳаж қилмай турдилар. Сўнгра ўнинчи йили одамлар орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж қилмоқчилар, деган эълон бўлди. Мадинага жуда кўп одам келганди. Уларнинг барчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо этишни ва у зот қилган амални қилишни истар эди. Шунда биз у зот билан бирга чиқиб Зулҳулайфага етиб келдик. Шунда Асма бинт Умайс Муҳаммад ибн Абу Бакрни туғди. У Расулуллоҳга одам юбориб: «Нима қилай?» деди. У зот: «Ғусл қил, бирор латта билан қонни тўс ва эҳромга кир», дедилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) намозни масжидда ўқидилар. Кейин Қасвога миндилар. Туялари у зотни кўтариб, Байдода тик турганда кўзим етган жойгача назар солсам, у зотнинг олдиларида уловли ва пиёда кишилар бор эди. Ўнг томонларида ҳам шунга ўхшаш, чап томонларида ҳам шунга ўхшаш, ортларида ҳам шунга ўхшаш эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўртамизда эдилар. У зотга Қуръон нозил бўлиб турарди. У зот унинг таъвилини билар эдилар. У зот нима амални қилсалар, биз ҳам ўша амални қилар эдик. Сўнг тавҳид «лаббайкаси»ни айтдилар: «Лаббайкаллоҳумма лаббайк. Лаббайка лаа шарийка лака лаббайк. Иннал ҳамда, ваннеъмата лака вал мулк. Лаа шарийка лак!» Одамлар ҳам ана шуни айтишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга бундан бирор нарсани рад қилмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз талбияларини айтавердилар.

Жобир розияллоҳу анҳу ўз сўзида давом этди: «Ҳаждан бошқа нарсани ният қилмадик. Умрани билмасдик. У зот билан Байтга етиб келганимизда рукнни истилом қилдилар, уч марта рамл қилдилар, тўрт марта юрдилар ва сўнг мақоми Иброҳим алайҳиссаломга ўтдилар. У зот «Ва мақоми Иброҳимни намозгоҳ тутинглар»ни қироат қилдилар. Кейин мақомни ўзлари билан Байтнинг орасида қолдирдилар. У зот икки ракатда «Қул ҳуваллоҳу аҳад» ва «Қул айюҳал каафирун»ни қироат қилар эдилар. Сўнг рукнга қайтиб бориб, истилом қилдилар. Кейин эшикдан Сафога чиқдилар. Сафога яқинлашганларида «Иннас-Сафо вал Марвата мин шаъаириллаҳи»ни қироат қилиб: «Аллоҳ бошлаган нарсадан бошланглар», дедилар. Шунда у зот Сафодан бошладилар. Унинг устига чиқдилар.  Байтни кўрганларида қиблага қараб туриб Аллоҳга тавҳид ва такбир айтдилар ва: «Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку, ва лаҳул ҳамду ва ҳува алаа кулли шайъин қодийр. Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу, анжаза ваъдаҳу ва насара абдаҳу ва ҳазамал аҳзаба ваҳдаҳу», дедилар. Бу орада дуо ҳам қилдилар ва ўшаларни уч мартадан айтдилар. Сўнгра Марва томон тушдилар. Қадамлари водийнинг пастлик ерларини босганда тезлаб юрдилар. Тепаликка кўтарилганда оддий юрдилар. Марвага етиб келгач, унинг устида туриб худди Сафо устида қилганларини қилдилар. Шундай қилиб, у зотнинг тавофларининг охири Марвада бўлди ва: «Агар ишни аввалдан бошлайдиган бўлсам, яна ортга қайтмасдим, қурбонлик ҳайдамасдим ва умра ният қилардим. Сиздан ким ўзи билан қурбонлик олмаган бўлса, эҳромдан чиқсин, ибодатини умра қилсин»дедилар. Шунда Суроқа ибн Жуъшум: «Эй Аллоҳнинг Расули! Бу ушбу йилимиз учунми ёки абадийми?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам панжаларини бир-бирининг ичига киритиб туриб икки марта: «Умра ҳажнинг ичига кирди. Йўқ, балки абадул абадга»дедилар.

Алий Ямандан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини олиб келди. У Фотима розияллоҳу анҳонинг эҳромдан чиқиб, бўёқ суртилган кийим кийиб, сурма қўйиб олганини кўриб, буни инкор қилди. Шунда у: «Отам менга шуни буюрдилар», деди. Алий Ироқдалигида айтди: «Ўшанда Фотиманинг қилган ишидан аччиқланиб, у берган хабар ҳақида сўрагани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. Мен унинг ишини инкор қилганим ҳақида хабар бердим. Шунда у зот: «Рост айтибди, рост айтибди. Ҳажни ният қилганингда нима деган эдинг?» дедилар. «Аллоҳим! Расулинг нимани ният қилган бўлса, ўшани ният қилдим, деб айтдим», дедим. «Менинг атаган қурбонликларим бор. Эҳромдан чиқма»дедилар у зот. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Ямандан олиб келган қурбонликлар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан олиб келган қурбонликлар ҳаммаси бўлиб юзта эди. Одамларнинг бари эҳромдан чиқиб, сочларини қисқартиришди. Фақат Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва қурбонлиги борлар бундай қилишмади.

Тарвия куни бўлганда Минога юзландилар. Улар ҳажни ният қилиб, талбия айтишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уловга миндилар. У ер(Мино)да пешин, аср, шом, хуфтон ва бомдодни ўқидилар. Сўнг бир пас туриб, қуёш чиққандан кейин Намирага ўзлари учун жун капа тикишга амр қилдилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юриб кетдилар. Қурайшликлар у зотнинг худди Қурайш жоҳилиятда қилганидек Машъарул Ҳаромда вуқуф қилишларидан ҳеч шубҳа қилишмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ердан ўтиб кетдилар ва Арафотга етиб бордилар. У зот ўзлари учун Намирада қурилган капани топдилар ва унга тушдилар. Қуёш оғганда амр қилувдилар, у зот учун Қасво эгарланди. Шунда водийнинг ўртасига бордилар ва одамларга хутба қилиб: «Албатта, қонларингиз, молларингиз, обрўларингиз сиз учун худди шу кунингиз, шу юртингиз, шу ойингиз ҳурмати каби ҳурматлидир. Огоҳ бўлинглар! Жоҳилиятнинг ишларидаги ҳар бир нарса менинг оёғим остига тўшалгандир. Жоҳилиятдаги қонлар қиймати ҳам тушди. Қонларимиздан биринчи бўлиб (қийматини) туширадиганим қон Ибн Робиъа ибн Ҳориснинг қонидир. Бану Саъдга эмизиш учун берилган эди. Уни Ҳузайл (қабиласи) қатл қилди. Жоҳилият рибосининг (қиймати) ҳам туширилгандир. Риболаримиздан биринчи бўлиб қийматини туширадиганим рибо Аббос ибн Абдулмуттолибнинг рибосидир. Бас, унинг ҳаммаси туширилгандир. Бас, аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки, сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олгансизлар. Уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ҳалол қилиб олгансизлар. Сизлар учун уларнинг зиммасида сиз ёмон кўрган бирор кишига тўшакларингизни бостирмаслик мажбурияти бор. Агар ўшани қилсалар, уларни ачитмайдиган қилиб уринглар. Улар учун сизнинг зиммангизда маъруф йўл билан ризқлари ва кийимлари мажбурияти бор. Батаҳқиқ, мен сизларга маҳкам ушласангиз ундан сўнг ҳеч ҳам залолатга кетмайдиган нарсани қолдирдим: Аллоҳнинг китобини. Сизлар мен ҳақимда сўралурсизлар. Хўш, нима дейсизлар?» дедилар. «Албатта, етказганингизга, адо этганингизга ва насиҳат қилганингизга гувоҳлик берамиз», дейишди. Шунда у зот кўрсаткич бармоқларини осмонга кўтариб, кейин одамларга қаратгач тушира туриб: «Аллоҳим! Ўзинг гувоҳ бўл!» деб уч марта айтдилар.

Сўнгра азон ва иқома айттириб, пешинни ўқидилар. Кейин яна иқома айттириб, асрни ўқидилар. Иккисининг орасида ҳеч нарса ўқимадилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (улов) миниб, мавқифга бордилар. Туялари Қасвонинг қорнини тошларга қаратдилар. Пиёдалар қаршиларида бўлиб қолди. У зот қиблага қараб турдилар. Шу туришларида қуёш ботгунча турдилар. Кейин Усомани ортларига мингаштириб, қайтишни бошладилар. У зот Қасвонинг жиловини қаттиқ тортганларидан унинг боши эгарнинг қошига тегай деб қолди. У зот ўнг қўллари билан ишорат қилиб: «Эй одамлар! Сокин бўлинглар! Сокин бўлинглар!» дер эдилар. Қум тепачалардан бирига келганда туя унга чиқиб олиши учун жиловни бироз бўшатар эдилар. Муздалифага етиб келганларидан кейин шом ва хуфтонни бир азон икки иқома билан ўқидилар. Иккови орасида ҳеч нарса ўқимадилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тонг отгунча ёнбошладилар. Субҳ (киргани) ўзларига аён бўлганида азон ва иқома билан бомдодни ўқидилар. Кейин Қасвога миниб, Машъарул Ҳаромга келдилар. Қиблага қараб дуо қилдилар, такбир, таҳлил ва тавҳид сўзлари айтдилар. Тонг тўла ёришгунча шу ҳолда турдилар.

Шунда қуёш чиқмасдан олдин жўнадилар. У зот Фазл ибн Аббосни мингаштириб олдилар. У гўзал сочли, оппоқ ва чиройли киши эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жўнаганларида аёллар (ҳавдажда) тезлаб ўтиб қолишди. Фазл уларга назар сола бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини Фазлнинг юзига қўйдилар ва унинг назар солиб турган юзини бошқа томонга бурдилар. У зот Батни Муҳассарга келганларида бироз тезладилар. Сўнгра Жамратул Куброга чиқадиган ўрта йўлга тушдилар. Дарахт олдидаги Жамрага келиб, еттита тошни ҳар бирини отганда такбир айтиб отдилар. Кейин бурилиб, қурбонлик сўядиган жойга бордилар. Шунда олтмиш учта(қурбонлик)ни қўллари билан сўйдилар. Қолганларини Алий сўйди. У зот уни қурбонликларига шерик қилдилар. Сўнгра амр қилиб, ҳар бир туядан оз-оздан гўшт олдириб, қозонга солдириб пиширтирдилар. Икковлари ундан еб, шўрвасидан ичишди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (уловга) миниб ифоза (тавоф) қилдилар. Маккада пешинни ўқидилар. Замзам тарқатаётган Бану Абдулмуттолиблар олдига келиб: «Тортинглар, эй Бану Абдулмуттолиблар! Агар одамларнинг сизни сув улашишингизда мағлуб қилиши бўлмаганида, мен ҳам сизлар билан сув тортар эдим»дедилар. Улар бир челакда сув узатишди. У зот ундан ичдилар».

Муслим ривоят қилган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Менинг бавосилим бор эди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан намоз ҳақида сўрадим.У давоми...

2390 13:00 / 06.12.2020
Сийрат илми олимларининг таъкидлашларича, Қурайш кофирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қатл қилишга келишганлар. Бу ёвуз ниятларини амалга ошириш давоми...

4061 16:01 / 23.12.2017
491. Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким ушбу масжидга ndash Қубо масжидига келиб, унда намоз ўқиса, худди давоми...

2245 14:00 / 19.03.2021
413. Зайнаб бинт Абу Саламадан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Умму Ҳабибанинг олдига кирдим. Ўшанда унинг отаси Абу Суфён давоми...

2831 13:02 / 18.09.2020