Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 7 рабиъус сони | 2024 йил 10 октябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (127-дарс). Исломда ҳаётни диний ва дунёвий қисмларга бўлиш йўқ

15:00 / 10.03.2021 3825 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

عَنَ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدُّ. وَفِي رِوَايَةٍ: مَنْ عَمِلَ عَمَلًا لَيْسَ عَلَيْهِ أَمْرُنَا فَهُوَ رَدٌّ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани янгитдан пайдо қилса, у рад қилингандир», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган бир амални қилса, у рад қилингандир», дедилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифда Китоб ва Суннатдан бошқа нарсага амал қилишнинг мардудлиги, яъни рад қилинган нарса эканлигини билдиришдир. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «ишимиз» деганда динимизни назарда тутмоқдалар. Динимизнинг ҳамма амаллари, ҳукм ва таълимотлари Қуръон ва Суннатда баён қилингандир. Ким Қуръонда ва Суннатда йўқ нарсани адо этса, бидъат нарсани қилган бўлади. Бу эса Исломга хилоф, мардуд нарсани қилмоқликдир.

Ушбу ҳадиси шариф улкан қоидани акс эттирган бир ҳадисдир. Уламоларимиз Ислом оламида бўлаётган ишларнинг шаръий-ношаръий эканлигини баён қилиш қоидасини ушбу ҳадисдан ишлаб чиққанлар. Асрлар давомида ҳаёт жараёнида пайдо бўлаётган ва нисбатан янгилик ҳисобланган ишларнинг шаръий ёки ношаръийлигини аниқлашга тўғри келади. Мусулмонлар ҳар бир нарсани шариатга мувофиқ келса, қиладилар, шариат мардуд, деган нарсани эса тарк этадилар.

Шунинг учун ҳам янги пайдо бўлган ҳар бир нарса тўғрисидаги биринчи ва асосий савол: «Бунга шариат нима дейди?» бўлади. Бу саволга Китоб ва Суннат жавоб беради. Агар ўша саволдаги иш динда йўқ нарса бўлса, мардуд ҳисобланади. Агар динда бўлса, қабул қилинади. Бу дегани, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида динда рухсат берилган ва берилмаган ҳамма нарсаларнинг рўйхати Қуръон ва Суннатда собит этилиб қўйилган, ўша рўйхатда бор нарсани қилиш керагу, йўғини мардуд қилиш керак, дегани эмас. Агар ундай бўлса, бундан ўн беш аср олдинги шароитда яшашга тўғри келар эди. Баъзилар шундай фикрга ҳам борганлар. Ушбу ҳадисга юзаки маъно бериб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтларида бўлмаган ҳар бир нарсани инкор қилганлар. Лекин аста-секин уларнинг бу хатолари ўзларига тушунтирилган. Қуръон ва Суннат мазкур нарсаларни аниқлаш услубини баён қилган, ўша вақтдаги мавжуд нарсалардан мисоллар келтирилган. Мусулмонлар ана ўша услуб асосида иш кўраверадилар. Ана ўша асосга тўғри келган нарса мақбул, тўғри келмагани эса мардуд бўлаверади.

Тушунарли бўлиши учун мисол келтирайлик. Қуръони Карим ва Суннатда маст қилувчи моддалар ҳаром қилинган. Ўша вақтда бу нарса узум, хурмо, арпа ва асалдан олинадиган ичимликдан иборат бўлган. Вақт ўтиши билан бошқа турли ичимликлар, чекиладиган, ҳидлаш ёки танага игна орқали юбориладиган маст қилувчи нарсалар чиқди. Буларнинг ҳаммаси ҳаром деб эълон қилинди. Яна ўхшашлари чиқса, яна ҳаром деб эълон қилинаверади. Бу ичимликнинг номи Китоб ва Суннатда зикр қилинмаган, шунинг учун уни истеъмол қилса бўлаверади, дейилмайди.

Шунингдек, кейинги пайтда мусулмон бўлмаган юртларда, бола кўрмаётган оилаларда уруғликни найчада урчитиб, аёлнинг бачадонига ўрнатиш орқали фарзанд кўриш имкони туғилди. Мусулмонлар бу масалага қандай қарашлари керак? Агар ушбу ўрганаётган ҳадисимизга масалага сиртдан, юзаки қарайдиган баъзи кишилар нуқтаи назаридан қарасак, бу иш умуман мумкин эмас. Чунки бундай иш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган. Агар бу иш қилинса, Ислом ишига ундан бўлмаган нарса янгитдан киритилган бўлади.

Лекин Ислом фарзанд кўришга қизиқтирган-ку! Умр бўйи бефарзанд ўтаётган оилани фарзанд кўриш имконидан қайтариб, умидини йўққа чиқариш яхшими? Шу ерда фарзанд кўришнинг шариат белгилаган услубларига назар солиш лозим бўлади.

Ислом фарзандни ҳалол йўл билан топилишини асосий шарт қилиб қўйган. Найча ёрдамида ҳомила пайдо қилишда ҳаромлик борми? Ўрганиб чиқилса, ҳаромлик бор экан! Найчада бегона эркакнинг уруғини урчитиб туриб, аёлнинг бачадонига ўрнатиш бор экан. Бу нарса ҳаром ва зинога тенг. Агар иш юқоридаги тарзда, бегона эркакнинг уруғини найчада урчитиб, ўз хотинидан бошқа аёл бачадонига қўйиш орқали амалга оширилса, Исломда бўлмаган мардуд иш қилинган бўлади. Аммо аёлнинг шаръий никоҳдаги ҳалол-пок эридан уруғлик олиб, найчада урчитилиб, сўнг аёл бачадонига қўйилса, монелик йўқ. Шунинг учун ҳам «Шаръий никоҳдаги эрдан олинган уруғликни урчитиб, ўз хотини бачадонига қўйиб, ҳомила пайдо қилиш жоиздир», деган фатво чиқарилди.

Баъзи уламолар: «Бу ҳадис ақийда ва ибодат бобига тегишли, ана ўша масалаларда ҳеч бир янги нарса жорий этиш мумкин эмас. Аммо ҳаётий нарсаларда, турмушнинг бошқа соҳаларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлган нарсаларнинг айни ўзи бўлиши шарт эмас», дейдилар. Лекин ҳамма нарса шариатимиз таълимотларига мос бўлиши керак. Аслини олганда, Исломда ҳаётни диний ва дунёвий қисмларга бўлиш йўқ. Ҳаётнинг ҳамма жиҳатлари исломий бўлиши шарт. Инсон ҳаётини диний ва дунёвий қисмларга бўлиш ғайридинларнинг иши. Ислом эса ҳам дин, ҳам дунё дегани! Мусулмон одамнинг ҳар бир иши шариатга мувофиқ бўлиши керак. Шунинг учун ҳам ушбу ҳадиси шарифга амал қилиш жуда зарур. Ҳар бир мусулмон ҳар бир ишининг Исломга мувофиқ бўлиши учун ҳаракат қилиши, Китоб ва Суннатни маҳкам ушлаши лозим. Ислом ишидан бўлмаган мардуд ишлардан узоқда бўлиши, ана шундай ишларни пайдо қилишдан сақланиши лозим.

Ушбу ҳадисдан оладиган фойдаларимиз ва унинг ҳикмати ана шулардан иборатдир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Ер юзида ёки ўзларингизга бирор мусибат етса, уни яратишимиздан олдин албатта китобдадир. Албатта, бу Аллоҳ давоми...

4614 13:10 / 15.07.2020
Отаонага яхшилик қилиш 13тавсия Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб,.Эй давоми...

6404 17:00 / 08.04.2016
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади . ..Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, Аллоҳ менинг умматимдан, модомики, гапирмасалар ёки давоми...

4543 14:00 / 04.03.2020
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Шайтон бирингизга келиб.Осмонни ким яратган Ерни ким яратган, дейди. У.Аллоҳ,, давоми...

5005 15:30 / 04.12.2019