1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Аллоҳ таолонинг валий бандаларидан бўлишимизга сабаб бўлувчи 10 та амал

17:00 / 04.02.2021 2137 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўнинчи амал

Банда ўзининг қалби билан Аллоҳ таолонинг ўртасига тўсиқ бўладиган ҳар қандай сабабдан узоқлашиши.

Бундай сабабларга Аллоҳ таолони танимаслик, бидъат ишларни қилиш, кибр, ҳасад, фахрланиш, ужб каби қалбга тегишли кабира гуноҳларни қилиш, ўғрилик, ароқ ичиш, зино, номаҳрамларга шаҳват билан қараш, ёлғон гапириш, бенамозлик каби зоҳирий кабира гуноҳларни содир этиш, гуноҳларни ошкора қилиш, гуноҳ ишларни бошлаб бериш, йўлга қўйиш, кўпчиликнинг гуноҳларга одатланишига сабабчи бўлиш, сағира гуноҳлардан тийилмаслик, беҳуда ишлар билан шуғулланиш, мубоҳ амалларга муккасидан кетиш, ғафлат аҳли билан ўтириш кабилар киради. Мана шу кабилар бандани Аллоҳ таолодан узоқлашишига сабаб бўладиган, ўртани тўсиб қўядиган ишлардир.

Аллоҳ таолога яқин бўлишни, Унинг муҳаббатига сазовор бўлишни истаган банда гуноҳ-маъсиятларнинг ҳар қандай туридан узоқ бўлиши керак. Аслида гуноҳдан тийилиш Аллоҳ таолонинг биз бандаларига буйруғидир.

Роббимиз Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

«Роббим ошкора ва яширин фаҳш ишларни, гуноҳларни, ноҳақ тажовузкорликни ва Аллоҳга У Зот ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳга нисбатан ўзингиз билмайдиган нарсани гапиришингизни ҳаром қилган, холос», деб айт (Аъроф сураси, 33-оят).

Аллоҳ таоло яна бир оятда бундай деб марҳамат қилган:

«Ва гуноҳнинг ошкорасини ҳам, махфийсини ҳам ташланглар! Гуноҳ қилувчилар албатта гуноҳларига яраша жазоланажаклар» (Анъом сураси, 120-оят)

Банданинг Аллоҳ таолодан узоқлашиши, қалбига доғ тушиши, ризқидан барака кетиши, бошига мусибатлар келиши қилган гуноҳлари сабабли бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَمَا أَصَابَكُم مِّن مُّصِيبَةٍ فَبِمَا كَسَبَتْ أَيْدِيكُمْ وَيَعْفُو عَن كَثِيرٍ

«Сизга қайси бир мусибат етса, бас, ўз қўлингиз қилган касбдандир ва У зот кўпини афв қилур». (Шуро сураси, 30-оят).

Инсоннинг ўзидан ўтмаса, унга бирор мусибат етмайди. Лекин ўта меҳрибон бўлган Аллоҳ бандасини ҳар бир гуноҳи учун мусибатга дучор қилавермайди, фақат баъзиси учунгина мусибатга дучор қилади, кўпини кечириб юборади. Агар Аллоҳ таоло инсонни ҳар бир айби учун мусибатга учратадиган бўлса, инсон дарҳол ҳалокатга юз тутар эди.

Имом Аҳмад, Имом Насаий ва Ибн Можа Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилишади: «Албатта, банда қилган гуноҳи туфайли ризқидан маҳрум бўлади, қадарни дуогина ўзгартиради, умрни эса яхшилик узайтиради». Баъзи муҳаддислар бу ҳадисни заиф дейишган.

Гуноҳлар қалбнинг қорайишига, қалб доғлар билан ўралиб қолишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

«Йўқ! Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолгандир» (Мутоффифун сураси, 14-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«Агар банда гуноҳга қўл урса, қалбига битта қора доғ тушади. Борди-ю, (ўша ишни) ташласа, истиғфор айтса, тавба қилса, қалби сайқалланади. Агар яна (гуноҳ) қилса, (қора доғ) баттар кўпаяди. Бориб-бориб қалбини бутунлай чирмаб олади. Бу – Аллоҳ Қуръонда зикр қилган – (қалбнинг) эгаллаб олинишидир».

Термизий, Насоий, Ибн Можа, Аҳмад, Ҳоким – Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфу тарзда – ривоят қилган. Термизий, Ҳоким ривоят санади саҳиҳ, деган.

Гуноҳ қиладиган мусулмон ҳеч қачон хотиржам бўлмайди. Юраги сиқилади. Аллоҳ таолодан узоқликни ҳис қилади.

Банда Аллоҳ таолони таниса, У Зотни яхши кўриб қолади, яхши кўрса, ибодатларни роҳатланиб, соғиниб адо этадиган бўлади.

Гуноҳларни ошкора, уялмай қиладиганлар, қилган гуноҳини одамларга айтиб, мақтанадиганлар «мужоҳирлар»дир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг

«Мужоҳирлардан бошқа умматимнинг ҳаммаси афв қилингандир. Албатта, бир кишининг кечаси бир ишни қилиб, тонг отганда Аллоҳ уни сатр қилган бўлса ҳам «Эй Фалончи, кечаси ундай қилдим, бундай қилдим», демоғи ҳам мужоҳарадандир. Батаҳқиқ, у Аллоҳ уни сатр қилган ҳолида ётган эди. Тонг отганда эса ўзидан Аллоҳнинг сатрини очади», деганларини эшитдим».

Икки шайх ривоят қилганлар.

Гуноҳ қилиш банданинг Аллоҳ таолодан узоқлашишига сабаб бўлса, ўша гуноҳни ошкора қилиш ва одамларга мақтаниб гапириш янада узоқлашишга сабаб бўладиган ишлардандир.

Юқорида айтганимиздек, бенамоз, Аллоҳ таолони зикр қилмай, ғафлат ботқоғига ботганлар билан ўтириш, ҳамсуҳбат бўлиш ҳам банданинг Аллоҳ таолодан узоқлашишига, ўртада тўсиқ ҳосил бўлишига сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

«Ўзингни эртаю кеч Роббларига, Унинг юзини ирода қилиб, дуо қилувчилар билан бирга тут. Дунё ҳаётининг зийнатини хоҳлаб, улардан икки кўзингни бурма. Қалбини Ўз зикримиздан ғофил қилиб қўйганларимизга ва ҳавойи нафсига эргашиб, иши издан чиққанларга итоат қилма» (Каҳф сураси, 28-оят).

Мана шу сабаблар яхши кўрувчиларни муҳаббат даражаларига етишларига сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизнинг Ўзига бўлган муҳаббатимизни зиёда айлаб, Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Фойдаланилган манбалар:

Quran.ksu.edu.sa

Islom.uz

Muslim.uz

Siyrat.uz

Vaqf.uz

Mehrob.uz

Hordiq.uz

Surxonmuslim.uz

Xadicha.uz

Minor.uz

Hadis.islom.uz

Fitrat.uz

Islaminstitut.uz

Azon.uz

Ahlisunna.uz

Khutabaa.com

Dorar.net

Masrawy.com

Alwafd.news

Манбалар асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Мавзуга оид мақолалар
Нафсимизни поклайдиган ва ахлоқимизни сайқаллайдиган энг кучли омиллардан бири Қуръон тиловатидан сўнг энг афзал ибодат Аллоҳ таолонинг зикридир..Зикр, сўзи давоми...

2572 18:03 / 05.03.2020
Ҳунайн ғазоти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазотлари ичида алоҳида ўринга эга. Масофа қисқа эди. Душманнинг сони ҳам, қуроли ҳам оз эди. Гўё натижа давоми...

1404 09:45 / 05 октябрь
Бир йигит кекса отасини шифокорга олиб борди. Шифокор кўригидан қайтаётганда отахон .Болам очликни ҳис қиляпман,, деди. Ўғил дарҳол отасини қиммат ресторанлардан давоми...

1653 13:04 / 15.04.2023
Нафснинг Аллоҳга етишувидаги кўтарилиш босқичлари1. Нафсул аммора mdash .Ёмонликка кўп ундовчи нафс,..Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка кўп давоми...

4084 15:00 / 09.05.2022