Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бундан бир неча ой аввал Кореяда меҳнат қилаётган бир ватандошимиз инстаграм саҳифасида бир китобни кўриб қолибди. Бу китоб корейс тили марказида ўқитилаётган китоблардан бири экан. Ватандошимиз унинг нусхасини бир юрист танишига юборибди. Ҳуқуқшунос юртдошимиз китобни варақлаб кўриб, унда «Аллоҳнинг барча қилган ишлари ичида ягона хатоси – аёл кишини яратганидир» деган жумлани ўқиб қолибди. Гапнинг ортидан қавс ичида Ислом деган жумлага кўзи тушиб, динимизга бўлган бу ҳурматсизликдан қаттиқ ғазабланиб кетибди.
Айни ўша пайтларда Францияда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаънларига номуносиб расмлар чиқариш, кейин бундан норози бўлган мусулмонларни радикалликда айблаб, ёмонотлиқ қилиш фитнаси авж олиб турган, динимиз душманлари ана шундай қабиҳ ишлар қилиб турган эди. Шунинг учун бу йигит ҳиссиётларни бир четга суриб, ақл билан иш тутишни, китоб муаллифини топиб, гаплашишни режа қилибди. Интернетдан китобнинг муаллифини ва уни чоп этган нашриётни топиб, уларнинг устидан арз қилибди. Шикоятда ўша китобда мусулмонлар эътиқод қиладиган Ислом динига нисбатан туҳмат гаплар ёзилгани, бу гаплар мутлақо хато эканини, бунинг оқибатида Кореяда корейс тилини ўқиётган мусулмон талабалар ичида катта келишмовчилик келиб чиқишини тушунтирибди. Бу китоб аслида корейс тили ва маданияти ҳақида ёзилган экан, унда нима учун бошқаларнинг дини ҳақида далилсиз, асоссиз гаплар киритилгани ҳақида изоҳ талаб қилиб, керакли жойларга арз қилибди.
Орадан икки ҳафта ўтгач, юртдошимизга ўша нашриётдан қўнғироқ бўлибди. Нашриёт вакили унга китоб муаллифининг узрини етказиб, кўришиш истагида эканлигини, қилган хатоси учун мусулмонлардан узр сўраганини айтишибди. Ватандошимиз эса муаллиф бу билан қутулиб кета олмаслигини айтиб, китобдаги туҳмат гапларни дарҳол олиб ташлашни, олдин нашр этилган нусхаларни эса сотмасликни талаб қилибди.
Орадан яна икки ҳафта ўтар-ўтмас, нашриётдан яна қўнғироқ бўлибди. Вакил китобнинг сотувдаги минглаб нусхалари барча китоб дўконларидан ва кутубхоналардан қайтариб олингани, сотуви тўхтатилгани, кейинги сафар Исломга нисбатан айтилган асоссиз гаплар олиб ташланиб, қайта нашр этилишини маълум қилибди. Китобнинг сотуви тўхтатилиб, нусхалари йиғиштириб олингани учун молиявий зарар кўришганини айтиб, узр сўрашибди ва бу борада бошқа жойларга даъво қилмасликни илтимос қилишибди. Ватандошимиз эса исбот тариқасида аввал муаллиф билан гаплашиб кўрмоқчилигини айтибди. Китоб муаллифи корейс тилининг тарихи бўйича мутахассис экан, чет элликларга корейс тили ва маданияти бўйича дарсликлар тайёрлар экан, ҳозирда Ёнсе университетида профессор экан. Ватандошимиз у билан учрашишга келишган экан, бироқ пандемия сабаб учрашув қолдирилибди. Профессор эса бунинг учун яна бир бор узр мактубини жўнатибди. Мактубда профессор барча мусулмонлардан узр сўраб, хатосини тўғрилашда бевосита ёрдам берган ватандошимизга миннатдорчилик билдирибди. Келгусида Корея жамиятида бу каби фитналарга сабаб бўладиган ишларни қилмаслигини, мусулмонларнинг динини ўрганишини айтибди. Хатга қўшимча қилиб, китобнинг янги нашридан бир саҳифасини ҳам юборибди. Саҳифада китобнинг 3-бобида келтирилган ўша асоссиз, туҳмат маълумотлар олиб ташланган экан.
Китоб 2009 йилда нашр этилиб, ҳозиргача Кореяда тил ўрганиш курсида ўқиётган чет элликларга ўқитиб келинган. Демак, корейс тилини ўрганаётган жуда кўплаб мусулмонлар бу китобни кўришган, ўқишган. Лекин нима учундир шу нотўғри маълумотлар ҳақида ҳеч ким лом-мим демаган. Шунинг учун шу пайтгача Исломга нисбатан очиқдан-очиқ туҳматлар ёзилган бу китоб асосида тил ўргатиб келинаётган экан.
Ватандошимиз эса бу туҳматларни кўриб қолгач, Аллоҳ таолодан бу муаммони яхшилик билан ҳал қилишни насиб этишини сўраб, ҳиссиётларни четга суриб, қонуний иш кўришга бел боғлаган. Натижада китобдан динимизга нисбатан туҳмат гаплар олиб ташланган.
Аллоҳ таоло Исломга муҳаббати, динимизга бўлган садоқати, ҳамияти туфайли Исломга нисбатан асоссиз, туҳмат маълумотларнинг йўқ қилинишига сабаб бўлган бу ватандошимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида асрасин!
P.S. Юртдошимиз бу воқеани минг истиҳола билан айтиб берар экан, риё бўлиб қолмасин деган хавфда ўзининг исмини сир тутишимизни илтимос қилди.