1447 йил 24 шаъбон | 2026 йил 12 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

103-боб. Қул хожасига сидқидилдан хизмат қилса

17:00 / 15.12.2020 2573 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қул хожасига сидқидилдан хизмат қилса ва Роббига ибодатни гўзал адо этса, унга икки марта ажр бўлади», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан кўринадики, Исломда қул ўз хожасига сидқидилдан хизмат қилса ва Роббига ибодатни ҳам гўзал адо этса, бу қулга икки баробар ажр берилар экан.

Қул бўлган одам икки ажр олиш имконига эга бўлиши катта гап: хожасига сидқидилдан хизмат қилгани учун бир ажр, Роббига ибодат қилгани учун бир ажр.

Солиҳ ибн Ҳаййдан ривоят қилинади:

«Бир одам Омир Шаъбийга:

«Эй Абу Амр! Биз ўзимизча бир одам ўзидан бола туққан чўрисини озод қилса, сўнг уни ўзига никоҳлаб олса, Аллоҳ йўлига атаб қўйган туясини ўзи мингандек бўлади, деб юрамиз», деди.

Шунда Омир айтди:

«Менга Абу Бурда отасидан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга шундай деган эканлар:

«Уч тоифа одамга икки ажр бор:

Аҳли китобдан аввал ўзининг набийсига, сўнг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирганига икки ажр бор.

Аллоҳнинг ҳаққини ҳам, хожасининг ҳаққини ҳам адо этган қулга (икки ажр бор).

Чўрисига гўзал тарбия берган, гўзал илм берган, сўнг уни озод қилиб, ўзига никоҳлаб олган кишига икки ажр бор».

Шарҳ: Одамларда «Бир одам ўзидан бола туққан чўрисини озод қилса, сўнг уни ўзига никоҳлаб олса, Аллоҳ йўлига атаб қўйган туясини ўзи мингандек бўлади», деган тушунча бўлган экан. Яъни улар «Бу ишни қилган одам осон йўл билан уйланишга ҳаракат қилгани учун, қул озод қилганнинг савобини олмайди», деган фикрда эканлар.

Бу фикр Ислом таълимотига тўғри келиши ёки келмаслигини билмоқчи бўлган кишилардан бири бу ҳақда тобеъинларнинг энг машҳур олимларидан Омир Шаъбийдан сўраганида, у киши саволга ҳадис билан жавоб берганлар:

«Уч тоифа одамга икки ажр бор:

Аҳли китобдан аввал ўзининг набийсига, сўнг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирганига икки ажр бор».

Ўз набийсига иймон келтиргани учун бир ажр, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтиргани учун яна бир ажр.

«Аллоҳнинг ҳаққини ҳам, хожасининг ҳаққини ҳам адо этган қулга (икки ажр бор)».

Аллоҳнинг ҳаққини адо этгани учун бир ажр, хожасининг ҳаққини адо этгани учун яна бир ажр.

«Чўрисига гўзал тарбия берган, гўзал илм берган, сўнг уни озод қилиб, ўзига никоҳлаб олган кишига икки ажр бор», деган эканлар».

Чўрисига гўзал тарбия бергани, гўзал илм бергани учун бир ажр. Чўрисини озод қилиб, ўзига никоҳлаб олгани учун яна бир ажр.

Абу Мусодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббининг ибодатини гўзал адо этган ва хожасига нисбатан зиммасига фарз бўлган итоат ва сидқидилликни адо этган қулга икки ажр бор», дедилар».

Шарҳ: Қул бўлган кишилар ўз вазиятларидан келиб чиққан ҳолда ҳам Аллоҳ таолонинг, ҳам ўз хожаларининг ҳақларини адо этишлари лозим бўлади.

Бу икки ҳақ ҳам ўзига яраша бўлади. Аллоҳнинг ҳаққини адо этиш баҳонаси билан хожанинг ҳаққини поймол қилиб бўлмайди. Шунингдек, хожанинг ҳаққини адо этиш баҳонаси билан Аллоҳ таолонинг ҳаққини поймол қилиб бўлмайди.

Албатта, бу ҳолат ўзига яраша қийинчилик туғдириши мумкин. Аммо бунинг ўзига яраша мукофоти ҳам бор. Бундай кишилар икки ҳисса ажр олиш имконига эга бўладилар.

Абу Бурда отасидан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қул Аллоҳнинг ибодатида – ёки «гўзал ибодатида», деди – У  Зотнинг ҳаққини адо этса ва унга эгалик қиладиган хожасининг ҳаққини адо этса, унга икки ҳисса ажр берилади», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам аввалги ҳадиси шарифнинг маъноси таъкидланмоқда.

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Усома ибн Шарийкдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдим. Аъробийлар келиб қолишди. Улар жуда кўпчилик эди. Ҳар қаёқдан келиб, давоми...

2486 16:00 / 09.05.2023
Абу Умомадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан икки қулни олиб келдилар. Улардан бирини Али салавотуллоҳи алайҳига совға қилдилар. давоми...

1821 11:00 / 02.05.2020
Ниҳоят, Макка фатҳ бўлди. Бир пайтлар ғордан ваҳий даҳшатидан титрабқалтираб ёлғиз тушиб келган бир нафаргина Инсон бутун бир умматга айланди. Тун зулматида давоми...

1459 15:55 / 12.07.2025
Амр ибн Муъоз Ашҳалий момосидан ривоят қилади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга .Эй мўмина аёллар Сизлардан ҳеч бир аёл зинҳор ва зинҳор қўшни аёлга давоми...

2677 11:20 / 23.11.2019
Аудиолар

230136 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148716 14:35 / 11.08.2021