1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ҳижрий учинчи йилдаги муҳим ҳодисалар ва Уҳуд ғазоти

11:00 / 26.11.2020 2594 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бану Назир қабиласининг йўлбошчиси Каъб ибн Ашраф қирқ отлиқ билан Маккага борди ва Қурайш қабиласини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши курашга кўндирди.

Фаришта Жаброил алайҳиссалом тезда бу хабарни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга етказди. Бунинг устига, Каъб ибн Ашраф Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни қаттиқ ҳажв қилди. Шунда (ҳижрий 3 йил рабиъул аввал ойининг 14-кечаси) Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳу у зотнинг изнлари билан Каъбни ўлдириб келдилар.

Шаъбон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг қизлари Ҳафса онамизга уйландилар.

Уҳуд ғазоти ва унинг сабаблари

7 шаввол, шанба куни Уҳуд ғазоти бўлиб ўтди.

Қурайш бошига тушган мусибатлар, мағлубиятлар ва ўлдирилган одамлари учун ўч олишга интилди. Абу ­Суфён уч минг сонли лашкар билан урушга чиқди ва Уҳуд тоғи яқинига келиб, лашкаргоҳ қурди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга маслаҳат солдилар. Уларнинг кўплари урушга чиқишга ишора қилиб гапирдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам минг нафар жангчи билан йўлга чиқдилар. Йўл юриш давомида мунофиқлар хиёнат қилишди. Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг «Урушга чиқмайлик» деган гапига кўнмаганларини баҳона қилиб, лашкарнинг учдан бирини ўзи билан олиб қайтиб кетди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қолган аскарлари билан бирга Мадинаи мунавваранинг шимол тарафидаги Уҳуд тоғининг олдига келиб, тоғ лашкарнинг ортида қоладиган бўлиб тушдилар. Ўша тоққа Абдуллоҳ ибн Жубайр розияллоҳу анҳу бошчилигида эллик камончини жойлаштириб, уларга нима бўлса ҳам шу тоғдан тушмасдан, қўриқчи бўлиб туришларини тайинладилар. Сўнг аскарларни тартибга солдилар. Байроқни Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуга бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари шижоат билан уруш қилдилар. Абу Дужона розияллоҳу анҳуга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қиличларини берган эдилар. Шунингдек, Талҳа, Ҳамза, Алий ва бошқалар жуда катта жасорат кўрсатиб жанг қилдилар.

Куннинг биринчи ярмида мусулмонлар нусрат қозондилар. Улар мисли кўрилмаган қаҳрамонлик кўрсатдилар. Душманлар енгилишди. Ўшанда камончиларнинг кўплари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига хилоф қилиб, ўлжа йиғиш учун ўзлари қўриқлаб турган тепаликни ташлаб пастга тушдилар. Шунда Холид ибн Валид тоғни айланиб ўтиб, отлиқлар билан уларнинг орқасидан бостириб келди. Бу кутилмаган фожиа бўлди. Мусулмонларнинг изтиробга тушиб, қўрқинч босганидан фойдаланган кофирлар уларга қақшатқич зарба беришди. Мусулмонлардан етмишдан ортиқ киши шаҳид бўлди ва баъзилари қоча бошлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жароҳат етди, тишлари синди. Мусулмонларнинг байроғини кўтарган Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу ушбу жангда шаҳид бўлдилар. Шунингдек, Ваҳший исмли қора танли қул Ҳамза розияллоҳу анҳуни найза билан ўлдирди. Ҳанзала ибн Абу Омир жунуб ҳолида шаҳид бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни малоикалар ғусл қилдиргани ҳақида хабар бердилар.

Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фармонларига биноан тоғ томон чиқиб кетдилар. Мушриклар уларни тамоман енгишдан ожиз қолишди. Шунда Абу Суфён: «Биз сизларни келаси йили Бадрда урушга чақирамиз!» деди. Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари билан унга қарши «Бўлди, ўша жой сен билан бизнинг учрашув жойимиз!» дейишди. Уҳуд жанги жуда оғир синов куни бўлди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мўминларни поклади, мунофиқларни шарманда қилди. Ўзи истаган бандаларини шаҳидлик билан сийлади. Ушбу жангни тасвирлаб, Оли Имрон сурасида оятлар нозил бўлди.

وَلاَ تَهِنُوا وَلاَ تَحْزَنُوا وَأَنتُمُ الأَعْلَوْنَ إِن كُنتُم مُّؤْمِنِينَ۝ إِن يَمْسَسْكُمْ قَرْحٌ فَقَدْ مَسَّ الْقَوْمَ قَرْحٌ مِّثْلُهُ وَتِلْكَ الأيَّامُ نُدَاوِلُهَا بَيْنَ النَّاسِ وَلِيَعْلَمَ اللّهُ الَّذِينَ آمَنُواْ وَيَتَّخِذَ مِنكُمْ شُهَدَاء وَاللّهُ لاَ يُحِبُّ الظَّالِمِينَ۝ وَلِيُمَحِّصَ اللّهُ الَّذِينَ آمَنُواْ وَيَمْحَقَ الْكَافِرِينَ۝ أَمْ حَسِبْتُمْ أَن تَدْخُلُواْ الْجَنَّةَ وَلَمَّا يَعْلَمِ اللّهُ الَّذِينَ جَاهَدُواْ مِنكُمْ وَيَعْلَمَ الصَّابِرِينَ۝ وَلَقَدْ كُنتُمْ تَمَنَّوْنَ الْمَوْتَ مِن قَبْلِ أَن تَلْقَوْهُ فَقَدْ رَأَيْتُمُوهُ وَأَنتُمْ تَنظُرُونَ۝ وَمَا مُحَمَّدٌ إِلاَّ رَسُولٌ قَدْ خَلَتْ مِن قَبْلِهِ الرُّسُلُ أَفَإِن مَّاتَ أَوْ قُتِلَ انقَلَبْتُمْ عَلَى أَعْقَابِكُمْ وَمَن يَنقَلِبْ عَلَىَ عَقِبَيْهِ فَلَن يَضُرَّ اللّهَ شَيْئًا وَسَيَجْزِي اللّهُ الشَّاكِرِينَ۝

«Бўшашманглар! Маҳзун бўлманглар! Агар мў­мин бўлсаларингиз, сизлар устунсизлар. Агар сизга жароҳат етган бўлса, у қавмга ҳам шунга ўхшаш жароҳат етган. Бу кунларни одамлар орасида айлантириб турамиз, токи Аллоҳ иймон келтирганларни билиши учун ва сизлардан шаҳидларни саралаб олиши учун – Аллоҳ золимларни суймас – ҳамда Аллоҳ иймон келтирганларни яхшилаб поклаши ва кофирларни нобуд қилиши учун. Ёки Аллоҳ сизлардан жиҳод қилганларни билмасдан ва сабрлиларни билмасдан туриб, жаннатга кирамиз, деб ўйладингизми?! Дарҳақиқат, йўлиқмасингиздан олдин ўлимни орзу қилган эдингиз. Энди уни ўзингиз назар солган ҳолда кўриб турибсиз. Муҳаммад ҳам бир Расул, холос. Ундан олдин ҳам расуллар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?! Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч қандай зарар келтира олмас. Аллоҳ шукр қилувчиларни албатта мукофотлар». (139–144-оятлар).

«Ислом тарихи» биринчи китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом охират кунига иймон келтиришни ҳам иймондаги рукн масалаларидан қилган. Иймон келтириш лозим бўлган нарсалар ичида бу масалага алоҳида эътибор берилади. давоми...

2258 09:45 / 18.11.2023
Исмоил алайҳиссалом пайғамбарлар ичида энг насаби машҳур, яъни отаонаси машҳур зотлардан бирлари десак, муболаға қилмаган бўламиз. У зот Иброҳим алайҳиссалом ва давоми...

7710 15:00 / 17.02.2019
ИСЛОМНИНГ ҲИНДИСТОНГА КИРИБ КЕЛИШИ. Бу мамлакатга Исломнинг ёйилиш тарихи тўғрисида III бобда сўз юритилган эди. Синдлик рожа Даҳир VII аср охирида арабларнинг давоми...

4947 05:00 / 24.02.2017
Бу масалада етарли маълумотга эга бўлиш учун Бақара сурасидаги қуйидаги ояти каримани батафсил ўрганиб чиқишимиз лозим бўлади.Ана ўшалар расуллардир. Уларнинг давоми...

2734 12:00 / 20.07.2019
Аудиолар

230729 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

149285 14:35 / 11.08.2021