1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Кабутарнинг ҳикояси

17:09 / 04.11.2020 4826 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ғордаги кабутар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратлари ҳақида ҳикоя қилиб беради

Мен пок оқ кабутарман. Каъба томондан дон-дун олиб келиш учун у ерга учиб бориб келаман ва ҳеч ким менга хавф туғдирмайди.

Ўша куни эрталаб Макка ва Мадина орасидаги йўлда жойлашган ғор устида учиб юрар эдим. Тухум қўйиш учун қулай жой қидираётгандим. Мўлжаллаган жойларимда тулки ва илонларни кўрдим. Шунинг учун тухум қўйиш учун жой танлашга қийналдим. Чунки илонларга яқинлашсам улар мени ютиб юборишар эди. Шунда мен ўргимчакдан: «Нима учун шунча тулки ва илон бу ерга жам бўлишди?» деб сўрадим.

Ўргимчак бундай жавоб берди: «Улар Маккадан келаётган икки кишининг йўлини тўсиш учун кутиб туришибди». Мен: «У кишилар кимлар?» деб сўрадим. Ўргимчак: «Билмайман. Сен эса узоқ жойларга уча оласан, бу ҳақда билиб олишинг мумкин», деди.

Ҳавога кўтарилиб, токи муҳожирларни кўргунимча анча масофа учиб ўтдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни кўрдим. Ўша пайт улар бир маконда, орқаларидан қувиб келаётган кофирлардан хавфда ўтиришган эди. Улар ғорга беркинишга қарор қилишди. Мен учиб бориб, қодир бўлганимча ғорни илонлардан тозалашга ҳаракат қилдим. Илонларга ҳужум қилиб, чўқилаб ҳайдаб чиқардим. Кўрганларимни ўргимчакка айтиб бердим. У бу икки мўътабар инсонни кутиб, хурсанд бўлди. Биз улар кеч қолаётганидан жуда хавотирландик. Хайриятки, эсон-омон етиб келиб, ғорга киришди. Шу пайт ғорнинг ичидаги бир илон Расулуллоҳни соллаллоҳу алайҳи васаллам чақмоқчи бўлди. Лекин Абу Бакр оёқлари билан тўсиб, илоннинг устига ўтириб олдилар. Мен қўрқиб у ёқдан бу ёққа уча бошладим.

Ўргамчак: «Нега безовталанаяпсан? Нима учун тухум қўйишга жой ҳақида ўйламаяпсан?» деб сўради. «Мен Макка аҳлидан қўрқяпман. Уларнинг йўлларини билмоқчиман. Улар ғорга келишмасин деб қўрқаман», дедим.

Мен Макка томон учиб бориб-кела бошладим. Охирги қайтишимда қўрқувдан титрар эдим. Ўргимчакка: «Бу келаётган ёмонлар агар Муҳаммад ва унинг дўстини кўриб қолишса, уларга зарар етказишлиги турган гап. Нима қиламиз?

Ўргимчак бироз ўйланиб, сўнг: «Ғор оғзига ипларимни тортиб, унинг оғзини ёпаман», деб жавоб қилди.

Бу гапига кулиб юборай дедим. Худди унинг иплари ғорнинг оғзини тўсиб қўядигандек. Лекин ўйлаб ўтирмай тезда ин қуриб тухум қўйдим. Ва ғор оғзида кутиб ўтира бошладим. Шу вақтнинг ўзида кофирлар ғор олдига етиб келишди. Улар бир-бири билан суҳбатлашаркан: «Муҳаммад ва дўсти шу ерга кирганмикан?» деди улардан бири. «Бўлиши мумкин», деди иккинчиси. «Шу ғорга кирган бўлишлари керак», деди бошқаси.

«Бундай деб ўйламайман, – деб рад қилди улардан бири. – Бу жой тулки ва илонларга тўла».

Улар «кирамизми-кирмаймизми» деб мунозара қилиб туришганда, ораларидан бир киши: «Бу ерга узоқ вақтдан бери ҳеч ким кирмаган бўлса, қандай қилиб бу ғорга кирамиз?» деб қолди.

Улар ҳайрон бўлиб: «Буни қаердан билдинг?» деб сўрашди.

«Қаранглар... Ўргимчак ғор оғзига ин қўйган. Агар бирон киши кирса, бу ипларни узиб ташлаган бўларди. Мана бу кабутар инида тухум очилишини кутиб ўтирипди. Агар бирон киши бу ердан ўтганида кабутар учиб кетиб, ўша одам тухумларини синдириб юборган бўларди. Бу ғорга анчадан бери ҳеч ким кирмаган», деб жавоб қилди бояги одам. «Ҳа, тўғри айтасан. Улар бу ерда бўлиши мумкин эмас», дея шериклари хотиржам бўлишди.

Улар ғордан нари кетишди. Мен ва ўргимчак улар узоқлашган сари тасалли топар эдик. Мушриклар кўздан ғойиб бўлишгач, хурсанд бўлиб ҳавога кўтарилдим. Ўргимчак ҳам ипларининг ўртасида туриб севинганидан сакрай кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини Абу Бакрнинг оёқларидаги илон чаққан жойга қўйдилар, шу пайт Аллоҳнинг қудрати билан у киши шифо топдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр розияллоҳу анҳу бироз дам олиб, йўлларида давом этишди. Мен эса уларнинг устларида узоқ масофагача учиб бориб, оқ йўл тилаб қолдим.

Арабчадан Жаҳонгир Барноев таржимаси

«Ҳилол» журналининг 10(19) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Усайр ибн Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Қачон Умарга Ямандан мадад кучлари келса.Ичингизда Увайс ибн Омир борми, деб сўрар эди. Охири у Увайсни топди давоми...

2142 15:30 / 05.09.2019
Усмон раҳматуллоҳи алайҳ айтади .Бир киши Имом Моликнинг олдига бир масала сўраб келди. Имом унга .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар,, деб давоми...

1669 08:50 / 01.09.2019
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳуга .Эй мўминларнинг амири Аллоҳга қасамки, Исломни қабул қилганингиз динга ёрдам бўлди. Амирлигингиз фатҳларга давоми...

1412 07:10 / 20.05.2019
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Ўлганидан кейин маййитнинг даражаси кўтарилади. Шунда у.Эй Роббим, бу нима, дейди..Боланг сенга истиғфор айтди,, дейилади,.Албатта, давоми...

4617 20:00 / 02.01.2019