1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Фаҳшдан четланиш учун бажариладиган амаллар (йигирманчи мақола)

15:30 / 02.11.2020 3954 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Ҳаром қилинган ишлардан сақланиш ҳар бир мусулмоннинг Аллоҳ олдидаги бурчидир. Хусусан, фаҳш ишлардан четланиш ҳам банда учун фарз амаллардан ҳисобланади.

Шундай ишлардан бири ва аввалгиси Аллоҳга сидқидилдан тавба қилишдир.

Тавбанинг луғавий маъноси «қайтиш»дир. Уламолар: «тавба - қилган гуноҳига надомат қилиш, ундан тўхташ ва уни қайтиб қилмасликка азму-қарор қилишдир» деганлар. Ҳар қандай гуноҳдан тавба қилиш мусулмон банда учун фарздир. Зеро, кечиримли зот бўлган Аллоҳ Ўз бандаларини тавбага буюрган: «Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар» (Нур сураси, 31-оят).

Ислом олимлари тавбанинг тўрт шарти бор экалигини айтганлар:

1. Ўша заҳоти гуноҳни тарк этиш.

2. Гуноҳ қилиб қўйгани сабабидан надомат қилиш.

3. Гуноҳга ҳеч қачон қайтмасликка қаттиқ, жазм ила азму‑қарор қилиш.

4. Агар гуноҳи бировнинг ҳаққига тааллуқли бўлса, ўша одамга унинг ҳаққини адо қилиш ва ундан розилик олиш.

Тавбанинг энг катта шарти эса у холис Аллоҳ учун бўлишидир.

Фаҳш ишга қўл урган банда билсинки, у Улуғ Аллоҳга осийлик қилди. Энди унга бу ишдан дарҳол тўхташ ва тавба қилиш фарз бўлади. Шунингдек у билсинки, унинг Роббиси бўлган Аллоҳ унинг тавбасидан хурсанд бўлади ва тавбасини қабул қилиб, уни кечиради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг қанчалар кечирувчи зот эканлигини қуйидаги ҳадислари орқали баён қилиб берганлар: «Аллоҳ банданинг тавбасини жон талвасасига тушгунга қадар қабул қилади»

Бухорий ривояти.

Демак, Аллоҳга тавба қилиш ҳеч қачон кеч эмас экан. Банда тавбасида сидқидил бўлса, тавбанинг барча шартларини ўзида мужассам этса, у келажакка яхши умидлар ила қарай олар экан.

Руҳий тарбия устозлари «тавба қилиш қийин иш эмас, лекин холис, сидқидилдан тавба қилишни Аллоҳ осон қилмаса қийин ишдир» дейдилар. Шу боисдан ҳам Аллоҳ мўминларни «холис тавба» қилишга чақирган: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар! Шоядки Роббингиз гуноҳларингизни ювса ва сизни дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса» (Таҳрим сураси, 8-оят).

Фаҳшдан четланиш учун бажариладиган амаллардан яна бири - Аллоҳдан фаҳшга тушишдан паноҳ беришини ёлвориб сўрашдир.

Аллоҳ таоло  айтади:

«Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», деди» (Ғофир сураси, 60-оят).

Аллоҳга банда томонидан қилинадиган дуо ва ибодат луғатда бир хил маънони билдиради. Дуо ва ибодат хоҳ сўздан иборат бўлсин, хоҳ амалдан, банда томонидан Аллоҳ таолонинг розилигини излашдир, иймон ила Унинг розилигини сўрашдир.

Дуо ва ибодат банданинг Аллоҳ таоло ҳузурида ҳожатманд эканини эътироф этишидир. Ўзининг ночорлигию ожизлигини тан олишидир. Бу ишни фақат иймони борларгина, қалб кўзлари очиқларгина, ўзининг кимлигини англаб етганларгина, инсоф қилганларгина, қалбида Аллоҳга нисбатан кибру ҳаво бўлмаганларгина қила оладилар. Буни бандага Аллоҳнинг Ўзи буюргандир.

Аллоҳ ўз Пайғамбарига хитоб қилиб қуйидагича марҳамат қилган: Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар. (Бақара сураси, 186‑оят).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан имом Аҳмад ривоят қиладилар: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қалблар идишга ўхшайди. Баъзилари баъзисидан кўпроқ жойлаштиради. Агар Аллоҳдан бирор нарса сўрайдиган бўлсангиз, ижобат бўлишига қаттиқ ишониб сўранг. Ғофил қалб билан дуо қилган банданинг дуосини Аллоҳ қабул қилмайди», дедилар.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар банда шошилмаса, дуосига ижобат қилинади. «Дуо қилдим, қабул бўлмади», демасин», деганлар.

Банда фаҳшдан узоқда бўлиши учун Аллоҳдан бу нарсани сўрамасдан туриб муроди ҳосил бўлмайди. Ҳар қандай яхши ишга муваффақ бўлиш ва ҳар қандай ёмон ишдан четда бўлиш фақатгина Аллоҳнинг тавфиқи ва У зотнинг қўллаши билан бўлади.

Фаҳшдан четланиш учун бажариладиган амаллардан яна бири - ўз динини тартибли равишда ўрганишдир.

Исломни тартибли равишда, атрофлича ўрганишни йўлга қўйган инсон буюк насибага, яъни Аллоҳнинг бандаларига ўргатган нарсаларига эришади. Бу нарсанинг ўрнини ҳеч қандай бойлик, ҳеч қандай обрў ва ҳеч қандай мансаб боса олмайди.

Диний илм катта неъмат эканлигини Аллоҳ қуйидаги оятда баён қилган: «Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар. Албатта, Аллоҳ азиз ва ўта мағфиратли зотдир» (Фотир сураси, 28-оят).

Аллоҳдан қўрқиш илмсиз кишидан, динини билмаган кишидан содир бўлмайди. Аллоҳни таниган, ўз дини асосларини мустаҳкам билиб эътиқоди тўғри бўлган бандагина қўрқади. Бундай банда фаҳшга ва унга олиб борувчи йўллардан буткул четда бўлади. Агар фаҳш иш содир қилиб қўйса, дарҳол холис тавба қилиб, Аллоҳга ёлвориб дуо қилади ва ўша гуноҳга қайтиб қўл урмайди. Фаҳш ишлар ва гуноҳлардан четда бўлишда иродасини мустаҳкам қилади ва доимо Роббисини ёдида тутади.

Аллоҳни таниш, пайғамбарни таниш, Ислом эътиқодини билиш, ҳалол ва ҳаромни, фарз нима, вожиб нима билиш ҳар бир ўзини мусулмонман деган инсон учун мажбурий ишдир. Ушбу санаб ўтилган нарсаларни билмаслик, уларни ўрганмаслик ёки уларни ўрганишни ортга суриб юриш бандани кофирликка етакловчи нарсадир ва мутлақо ҳаромдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм ўрганиш ҳар бир мусулмонга фарздир» деганлар.

(Байҳақий ривояти).

Яъни, зарурий диний илмни ўрганиш ҳар бир эркак ва аёл мусулмонга мажбурий бўлиб, уларни бундан бошқа иложлари йўқдир.

(Давоми бор)

Афзал Аброр таржимаси

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло айтади.Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга панднасиҳат қилинглар, сўнг яъни, насиҳатларинг кор қилмаса, уларни ётоқларда давоми...

16068 15:00 / 21.03.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, ҳамиймўта қайноқ сув уларнинг бошларидан қуйилур ва тешиб қорнига етиб давоми...

3330 11:09 / 09.01.2020
Ҳаё зинокорлик ва бузуқлик йўлидаги энг катта тўсиқдир. Лекин қайси банда зино йўлига юрса, энг аввал ундан ҳаё жавҳари кетади ва беҳаёлик унинг табиатига давоми...

1822 15:30 / 12.04.2025
Таҳлил ndash учталоқ қилган кишига хотинини ҳалоллаб бериш мақсадида, унинг хотинини никоҳига олиб, сўнг талоқ қилиш.Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганлар давоми...

4294 12:45 / 18.03.2019
Аудиолар

230184 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148762 14:35 / 11.08.2021