Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 18 жумадул аввал | 2024 йил 20 ноябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (105-дарс). Нафс риёзати ва хулқни сайқаллаш

13:11 / 17.10.2020 4289 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Руҳий тарбия илмида «риёзат» деб нафсни чиниқтириш мақсадида нафсни Аллоҳнинг тоатида чиниқтиришга айтилади.

Гўзал хулқ анбиёлар ва сиддиқларнинг сифатидир. Ёмон хулқлар заҳри қотилдир. Улар ўз эгасини шайтоннинг йўлига ва обрўни тўкадиган абадий хасталикларга бошлайди. Шунинг учун иллатни аниқлаб, уни даволаш учун енг шимариш лозим бўлади.

Тазкиятун нафс – нафсни поклаш, ўстириш, тарбиялаш, яъни нафснинг турли дард ва офатлардан покланиши, унинг мақомотларга эришиши ва олий сифатлар ила зийнатланишидир. Нафснинг тазкияси уч омилга боғлиқдир:

Биринчи омил – мазкур хасталиклардан даволаниш.

Иккинчи омил – маълум мақомотларни рўёбга чиқариш.

Учинчи омил – маълум исм ва сифатлар ила хулқланиш.

«Руҳий тарбия» деб номланган ушбу китобимизнинг биринчи жузи «Покланиш» деб аталган ва нафс тарбиясининг мазкур уч омилидан биринчиси – турли нафс хасталикларидан даволанишга бағишланган.

яхши хулқ фазилати ва ёмон хулқ мазаммати ҳақида

Кўпинча хулқнинг яхшилиги халқ билан бирга зикр қилинади: «Фалончининг хулқи ҳам, халқи ҳам гўзал», дейилади. Бу унинг ичи ҳам, сирти ҳам яхши деганидир. «Хулқ»дан мурод ички сурат, «халқ»дан мурод ташқи суратдир. Зотан, инсон жасад ва нафсдан иборатдир.

Жасад тан кўзи ила, нафс қалб кўзи ила идрок қилинади. Уларнинг ҳар бирининг ўзига яраша шакл-шамойили, чиройли ва хунук сурати бор.

Қалб кўзи ила идрок қилинадиган нафс тан кўзи ила идрок қилинадиган жасаддан улуғдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уни улуғлаб:

«Албатта, мен қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан башар яратувчидирман. Бас, қачонки уни бекаму кўст қилиб бўлганимда ва ичига Ўз руҳимдан пуфлаганимда унга сажда қилган ҳолингизда йиқилинг» (Ҳижр сураси, 28-29-оятлар).

Бу оятда Аллоҳ таоло жасад лойга, руҳ эса Ўзига мансублигининг хабарини берди.

Хулқ нафсдаги мустаҳкам ҳайъатдан иборат бўлиб, ундан амаллар фикр ва ўйлашсиз, енгиллик ва осонлик ила содир бўлади. Агар амаллар яхши бўлса, «яхши хулқ» деб, ёмон бўлса, «ёмон хулқ» деб аталади.

Дангасалик танасига сингиб кетган ва риёзатни ёқтирмайдиган баъзи бир кишилар: «Худди ташқи суратни ўзгартириб бўлмаганидек, ахлоқларни ҳам ўзгартиришни тасаввур қилиб бўлмайди», дейдилар.

Бу мутлақо нотўғри гап. Агар ахлоқни ўзгартириб бўлмайдиган бўлса, ваъзу насиҳатлар қилишнинг маъноси бўлмас эди. Ўзимиз овлаб келган ваҳший ҳайвоннинг уй ҳайвонига айланаётганини кўриб туриб, қандай қилиб ахлоқнинг ўзгаришини инкор қиламиз?! Ит таомни емай тарк қилишни, от чиройли юришни ўрганади. Фақат баъзилари осонлик билан, бошқалари қийинчилик билан ўрганади, холос.

Баъзилар, аввал айтиб ўтилганидек, асли яратилганда бор нарсани ўзгартириб бўлмайди, деган хаёлда бўладилар. Яхши билиб олишимиз керакки, мақсад мазкур сифатларни бутунлай йўқ қилиб ташлаш эмас. Балки риёзат чекиб уринишдан мақсад, шаҳватларни ифрот (ортиқчалик) ва тафрийт(нуқсон)нинг ўртаси бўлган мўътадилликка қайтаришдир. Уларни тамоман йўқ қилиб юбориш мумкин эмас.

Зотан, асл яратишда шаҳватни фойда учун зарур бўлгани учун яратилган. Мисол учун, таом шаҳвати кесилса, инсон ҳалок бўлиши, жинсий шаҳват қирқилса, насл кесилиши турган гап. Агар ғазаб бутунлай йўқ бўлса, одам ўзини ҳалок қиладиган нарсадан ҳам ҳимояланмай қўяди.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

«…аччиғини ютадиганлар» (134-оят).

«Ғазабни йўқотадиганлар», деган эмас.

Шунингдек, таом шаҳватида ҳам баднафслик билан ўта чимхўрлик орасидаги мўътадиллик матлубдир.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

«Еб-ичинг ва исроф қилманг» (31-оят).

Фақат билиб қўйиш керакки, муршид шайх ўз муридида ғазаб ёки шаҳватга мойилликни кўрса, уни мўътадилликка қайтариш учун мазкур икки нарсани ёмонламоғи керак.

Нафс риёзатидан мурод мўътадиллик эканига далиллардан бири шуки, сахийлик шариатда талаб қилинган хулқ бўлиб, у ўта мумсиклик билан исрофчиликнинг ўртасидаги бир ҳолдир.

Аллоҳ таоло уни мадҳ этиб, Фурқон сурасида марҳамат қилади:

«Нафақа қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар» (67-оят).

Ушбу мўътадиллик гоҳида Аллоҳ таоло берган комил табиат ила ҳосил бўлади. Кўп болалар биров ўргатмаса ҳам ростгўй, сахий ва ҳалим бўлиши шундан. Гоҳида мазкур мўътадилликни касб қилиб топиш керак бўлади. Бунда нафсни кўзланган хулқни жалб қилувчи амалларни бажаришга мажбурлаш керак бўлади.

Бас, ким олий ҳимматлик хулқини ҳосил қилишни ирода қилса, бир нарсаларни сарфлашда олий ҳимматлилар қиладиган ишларга ўзини мажбурласин, токи табиати ўша хулққа мослашсин.

Шунингдек, тавозели бўлишни истаганлар ўзини тавозелиларнинг ишини қилишга мажбурласин. Бошқа гўзал ахлоқлар ҳам шунга ўхшаш. Чунки бу ишларда одатланиш ва бардавомликнинг таъсири кучли бўлади.

Аксинча, яхшиликни тарк қилиш бардавом бўлса, у ҳам салбий таъсир қилиши турган гап.

Фазилатларга сабаб бўладиган нарсаларни қилиш ҳам инсон нафсига таъсир қилиб, унинг табиатини яхшилик томон буришга омил бўлиши мумкин.

Гоҳида фазл аҳлининг суҳбатида бўлиш ила яхши хулқлар касб қилинади. Чунки инсон табиати яхшиликка ҳам, ёмонликка ҳам мойил бўлади.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳнинг ҳаққиБанданинг зиммасидаги энг буюк ҳақ ўзини яратган Зотга ибодат қилишдир. У Зоти таолонинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтишдир. Ўз зиммасидаги давоми...

3995 05:00 / 06.03.2017
Ҳар бир инсон нафсини ислоҳ қилишга ва уни яхши томонга ўзгартиришга ҳаракат қилади. Баъзилар бу ишни чорасиз деб, ноумидликка тушади. Қуйидаги сатрларда давоми...

3505 05:00 / 01.03.2017
Шукр араб тилида аслида оз ем билан семирадиган ҳайвонга нисбатан ишлатилади. Неъмат берувчига мақтов сўзларини айтишга шукр сўзини ишлатиш машҳур бўлган.Шукр давоми...

5833 05:00 / 28.02.2017
Ихлос амалларнинг мағзидир. Қилинган амалнинг қабул бўлиши ёки бўлмаслиги ундаги ихлоснинг бор ёки йўқлиги билан белгиланади. Шунинг учун ҳам ихлос мавзуси давоми...

2966 05:00 / 01.03.2017
Аудиолар

134897 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55186 14:35 / 11.08.2021