Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (106-дарс). Терини ошлаш ҳукмлари

13:22 / 15.10.2020 3778 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир ошланмаган тери ошланса, пок бўлади. Фақат чўчқа ва одамнинг териси бундан мустасно.

Бунда ошлашнинг барча турлари кўзда тутилган. Нима қилса ҳам терининг қўланса ҳидини оладиган ва уни бузилишдан сақлайдиган нарса бўлса, кифоя. Бунинг энг ози туз сепишдир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маймунанинг озод қилган чўрисига садақадан берилган қўйнинг ўлигини кўрдилар ва:

«Бунинг терисидан фойдалансангиз-чи!» дедилар. Улар:

«Бу ҳаром ўлган», дейишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уни ейиш ҳаром, холос», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«У киши: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ошланмаган тери ошланса, батаҳқиқ, пок бўлур», деганларини эшитганман», деган».

Бошқа бир ривоятда:

«Қайси бир ошланмаган тери ошланса, батаҳқиқ, пок бўлур», дейилган.

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Демак, тери ошлаш билан пок бўлар экан. Ошлаб, пок қилиб олгандан кейин ундан турли мақсадларда фойдаланса бўлаверади.

Фақат ҳурмати юзасидан одамнинг териси ва асли нажас бўлгани учун чўчқанинг териси бундан истисно қилинган.

Териси ошлаш билан пок бўладиган нарса уни (шаръий) сўйиш ила ҳам пок бўлади. Шунингдек, гўшти ҳам, гарчи ейилмаса ҳам. Бўлмайдигани бўлмайди. Ўлимтикнинг жуни, тиши ва пайи покдир. Шунингдек, инсон ҳам.

Бу бобдаги «пок» сўзи «ифлос» – «нажас» сўзининг зиддидир. У ҳеч қачон ҳалол маъносини билдирмайди. Бир нарса пок бўлиши ва айни пайтда ҳаром бўлиши мумкин. Мисол учун, ҳаром ўлган қўйнинг териси ҳаром, аммо уни ошласа, пок бўлади. Унинг устида намоз ўқиса бўлаверади.

Ўзи ҳаром бўлса ҳам, териси ошлаш ила пок бўладиган ҳайвоннинг ўзи ҳам пок бўлади. Ўша ҳайвоннинг гўшти ҳаромлиги учун ейилмаса ҳам, териси шилиб олингани учун пок бўлади. Яъни ўша гўшт бирор жойга тегса, уни нажас қилиб қўймайди. Ўша ерни ювиш ҳам лозим бўлмайди.

«Бўлмайдигани бўлмайди», дейилгани териси ошлаш ила пок бўлмайдиган ҳайвонни шаръий йўл билан сўйилса ҳам, на ўзи ва на гўшти пок бўлмайди. Унинг ҳалол бўлмаслиги турган гап, аммо пок ҳам бўлмайди. Бунга ёрқин мисол чўчқадир. Бутун бошли борлиғи билан нажас бўлгани учун ҳам унинг ҳеч бир аъзоси ҳеч қайси амал билан пок бўлмайди. Бинобарин, чўчқанинг қаерига бўлса-да, теккан кийим ёки баданни камида уч марта ювиб поклаш зарур. Айни чоғда чўчқанинг ҳеч бир нарсасидан буюм сифатида ҳам фойдаланиб бўлмайди.

Қуйидаги жумлада ҳаром ўлиб қолган ҳайвоннинг баъзи аъзоларининг ҳукми баён қилинади.

Ўлимтикнинг жуни, тиши ва пайи покдир.

Уламоларимиз мазкур уч нарсага ўлимтикнинг пати, туёғи, шохи каби нарсаларини ҳам қўшганлар.

Дора Қутний Ибн Аббоснинг ҳадисидан Абдулжаббор ибн Муслим орқали ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлимтикдан фақат унинг гўштини ҳаром қилганлар. Аммо териси, жуни, тукининг ҳечқиси йўқ».

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:

«Эй Савбон! Фотимага пайдан қилинган мунчоқ ва фил суягидан бўлган икки билакузук сотиб олиб кел», дедилар».

Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.

Ҳанафий мазҳабининг бу борадаги умумий қоидаси «Чўчқадан бошқа барча ҳайвонларнинг қон оқмайдиган бўлаклари, у тирикми, ўликми ёки гўшти ейиладиганми, ейилмайдиганми, покдир». Шунга биноан, суяк ҳам покдир.

Йиртқич қушлар, сичқон, чаён ва мушук каби ҳайвонларнинг сўлаклари макруҳ.

Чўчқа, ит ва йиртқич ҳайвонларнинг сўлаги ҳам, улар теккан сув ҳам нажасдир.

Тухум ҳам покдир. У билан кийим ёки сув нажас бўлиб қолмайди. Аммо ўша сув билан таҳорат қилиш макруҳдир.

Пашша, қурт, чумоли, чаён, ари, бурга каби қони йўқ қуруқлик ҳайвонлари покдир.

Гўшти ейиладиган ва ҳавода туриб тезак ташлайдиган кабутар, чумчуқ каби қушларнинг тезаги покдир. Қадимдан Масжидул Ҳаром ва бошқа масжидларда кабутарлар боқиб келинган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг устиларига кабутар тезак ташлаганда, артиб ташлаб, намоз ўқиганлари маълум. Худди шундай ҳолат Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг устиларига чумчуқ тезак ташлаганда ҳам бўлган.

Шунингдек, имом Абу Ҳанифа ва Абу Юсуфнинг наз­дида гўшти ейилмайдиган ва ҳаводан тезак ташлайдиган лочин, қирғий ва қарға каби қушларнинг тезаги ҳам пок. Яъни уч марталаб ювмасдан, артиб ташлаб, сўнг намоз ўқиса бўлаверади.

Балиқнинг қони покдир. У аслида қон эмас.

Шунингдек, ҳайвон сўйилгандан кейин томирлари ва гўштида қоладиган қон ҳам покдир.

Шунингдек, инсон ҳам.

Унинг тиш, пай, сочлари ейиш ҳаром бўлса-да, пок саналади.

«Кифоя» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Зоҳирур ривоя.Имом Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг кучли қавллари.2. Имом.Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи.3. Шайхони ndash Икки шайх.Имом давоми...

4484 13:30 / 14.05.2020
Ҳaнaфийлар нaздидa витрнинг учaлa рaкъaти бир сaлoм билaн ўқилиши лoзим. Яъни икки рaкъaтдaн сўнг сaлoм бeриб, яна бир ракъат алоҳида ўқиш жoиз эмас. Лeкин қолган уч имoмнинг давоми...

2506 19:00 / 09.02.2023
Энди нима учун қуёш чиққан куннинг энг яхшиси жума куни эканини ҳадиси шарифда келган қуйидаги жумлалар ёрдамида ўрганиб чиқайлик 1. .Унда Одам халқ давоми...

1630 19:00 / 19.10.2023
. Ибн Абу Шайба, Таҳовий ва Насоий қилган ривоятда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай деганлар.Қачонки жаноза ўтиб кетишидан қўрқсанг ва таҳоратинг давоми...

3260 13:00 / 03.12.2020