1447 йил 24 шаъбон | 2026 йил 12 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Бадр жанги

16:09 / 22.09.2020 13480 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(ҳижрий 2 йил, 17 Рамазон; милодий 624 йил, март)

Албатта, бир кун келиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари билан Қурайш ўртасида тўқнашув бўлиши тайин эди, чунки Қурайшнинг бутларига, уларнинг обрўсига таҳдид солиш юз берган ва бунинг сабабидан уларнинг ўсиб бораётган тижорати пасайиб кетиши эҳтимоли бор эди. Улар Макка ва Шом орасида тижорат қилишарди. Ушбу тижорат ҳам таҳдид остида қолган эди.

Кичик бир ҳодиса ушбу тўқнашувнинг бошланишига сабаб бўлди. Абу Суфённинг карвони Шомдан қайтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожир ва ансорлардан иборат 313-317 киши билан уларни тўсиш учун чиқдилар. Буни сезган Абу Суфён қурайшликларни ўз карвонларини қутқариб қолишга чақирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу хабарни эшитганларидан сўнг саҳобалар билан маслаҳат қилдилар. Муҳожирлар яхши сўзларни гапиришди, ансорлар эса уларга ёрдам беражакларини билдиришди.

Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу: «Бизни қаёққа бошласангиз, шу ёққа юринг. Аллоҳ таолога қасамки, агар биз билан бирга денгизга шўнғийдиган бўлсангиз, бирга шўнғиймиз», дедилар. У кишидан бошқалар ҳам шунга ўхшаш гапларни айтишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари ёришиб кетди. Улар йўлга чиқишди.

Абу Суфён карвоннинг йўлини ўзгартириб, ўтиб кетди. Лекин Абу Жаҳл барибир урушга чиқишга қаттиқ қасд қилди. У 950 нафар мушрик билан келиб, Бадрда лашкаргоҳ қурди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббларига нусрат сўраб дуо қилдилар. Ҳис-ҳаяжонга тўла тазарру ила ёлвордилар. Ўша вақтда қилган дуоларининг ичида «Аллоҳим, менга берган ваъдангни Ўзинг рўёбга чиқаргин. Аллоҳим, мен ваъдангдан умидворман. Аллоҳим, агар ушбу гуруҳ ҳалок бўладиган бўлса, Сенга ер юзида ибодат қиладиган ҳеч ким қолмайди», деган дуолари ҳам бор эди.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

«Ҳа (кифоя қилади)! Агар сабр ва тақво қилсангиз, улар шу пайт келиб қолсалар ҳам, Роббингиз сизга белгили беш минг фаришта ила мадад беради» (125-оят).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Бадр куни фаришталарнинг белгиси оқ салла бўлиб, пешини орқаларига тушириб олишган экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини сабр қилишга, собит туришга чақирдилар.

«Ислом тарихи» биринчи китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исмоил алайҳиссаломнинг қиссалари, у зотнинг ҳаётлари ҳақида юқоридаги саҳифаларда .Исмоил алайҳиссалом, сарлавҳаси остида батафсил сўз юритганмиз. Бу ерда эса давоми...

3917 07:20 / 10.06.2019
Профессор Талал Ақилий айтади.Бу атрофлар бозор эди. У Рум эҳромини ўраб турарди. Эҳромнинг ичида қадамжо бор эди. Бу девор Рум эҳромининг ташқи девори эди. У давоми...

2324 11:17 / 08.02.2024
1979 йилда Каъбатуллоҳнинг олтин эшигидаги ёзув ва безакларни ватандошимиз Абдураҳим Амин Бухорий 19171993 йй. .сулс, хатида ёзиб берган. У 1917 йил Қўқон хонлиги давоми...

2172 15:07 / 23.08.2024
Ислом тарихида .Ҳажжож, исми эсланса, кўпинча унга .золим, сифати қўшилади. Унинг асл исми Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий бўлиб, у Умавийлар давлатининг қўмондонларидан давоми...

4806 17:00 / 16.02.2022
Аудиолар

230135 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148715 14:35 / 11.08.2021