Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (103-дарс). Сувларнинг турлари

14:09 / 17.09.2020 5806 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

وَيَتَوَضَّأُ بِمَاءِ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ، وَإِنْ تَغَيَّرَ بِالْمُكْثِ، أَوِ اخْتَلَطَ بِهِ طَاهِرٌ، إِلَّا إِذَا أَخْرَجَهُ عَنْ طَبْعِ الْمَاءِ، أَوْ غَيَّرَهُ طَبْخًا، وَهُوَ مِمَّا لَا يُقْصَدُ بِهِ النَّظَافَةُ. وَإِنِ اخْتَلَطَ بِهِ نَجَسٌ، فَإِنْ كَانَ جَارِيًا أَوْ عَشْرًا فِي عَشْرٍ، لَا تَنْحَسِرُ أَرْضُهُ بِالْغَرْفِ: لَا يَنْجَسُ، إِلَّا إِذَا غَيَّرَ طَعْمَهُ أَوْ لَوْنَهُ أَوْ رِيحَهُ، وَإِنْ لَمْ يَكُنْ يَنْجُسُ. وَلَا بَأْسَ بِمَوْتِ مَائِيِّ الْمَوْلِدِ، وَلَا بِمَوْتِ مَا لَيْسَ لَهُ دَمٌ سَائِلٌ. وَلَا يَتَوَضَّأُ بِمَاءٍ اعْتُصِرَ مِنْ شَجَرٍ أَوْ ثَمَرٍ، وَلَا بِمَاءٍ اسْتُعْمِلَ لِقُرْبَةٍ أَوْ رَفْعِ حَدَثٍ.

Осмон ва ер суви ила таҳорат қилинади, гарчи кўп туриш ила ўзгарган ёки унга пок нарса аралашган бўлса ҳам. Аммо (аралашган нарса) уни сувлик табиатидан чиқарган ёки (қайнатиб) пишириш ила ўзгартирган бўлса, ўша нарсадан назофа (тозалик) қасд қилинган бўлмаса, (у билан таҳорат қилиб) бўлмайди.

Агар унга нажас аралашган бўлса, оқар сув ёки ўнга ўн бўлиб, ҳовучлаб олганда ери очилиб қолмайдиган бўлса, у нажас бўлмайди. Аммо таъмини, рангини ёки ҳидини ўзгартирса, нажас бўлади. Лекин ундай (оқар сув ёки ўнга ўн бўлиб ҳовучлаб сув олинганда ери очилиб қолмайдиган) бўлмаса, нажас тушган сув ҳам нажасга айланади.

Сувда туғиладиган ва оқар қони йўқ нарса (сувда) ўлиб қолса, ҳечқиси йўқ. Дарахт ёки мевадан сиқиб чиқарилган ва қурбатга ёки бетаҳоратликни кетказиш учун ишлатилган сув ила таҳорат қилинмайди.

Бу жумлаларда қандай сув билан таҳорат ва ғусл қилиш мумкинлиги ва қандай сув ила жоиз эмаслиги ҳақида сўз бормоқда. Келинг, уларни бирма-бир ўрганиб чиқайлик.

Осмон ва ернинг суви ила таҳорат қилинади, гарчи кўп туриш ила ўзгарган ёки унга пок нарса аралашган бўлса ҳам.

«Осмон суви» деганда ёмғир, қор, дўл ва шудринг кабилар англанади. Аллоҳ таоло Анфол сурасида:

ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ

«У сизни поклаш учун устингизга осмондан сув туширган эди», деган (11-оят).

Шунингдек, Аллоҳ таоло Фурқон сурасида:

ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ

«Ва осмондан пок сув туширдик», деган (48-оят).

«Ер суви» деганда булоқ, қудуқ, чашма, дарё ва денгиз сувлари кўзда тутилади.

Аллоҳ таоло Зумар сурасида:

ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ ﰆ ﰇ

«Аллоҳ осмондан сув тушириб, уни ердаги манбалардан оқизиб қўйганини кўрмадингми?!» деган (21-оят).

Ер юзидаги ҳамма сувларни Аллоҳ азза ва жалла осмондан ёғдирган. Хоҳ булоқ ва қудуқлар, хоҳ ер ости дарёлари ва ер усти дарёлари суви бўлсин, ҳамма-ҳаммасини Аллоҳ таоло осмондан тушириб қўйгандир.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَأَلَ رَجُلٌ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّا نَرْكَبُ الْبَحْرَ وَنَحْمِلُ مَعَنَا الْقَلِيلَ مِنَ الْمَاءِ، فَإِنْ تَوَضَّأْنَا بِهِ عَطِشْنَا، أَفَنَتَوَضَّأُ بِمَاءِ الْبَحْرِ؟ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ r: «هُوَ الطَّهُورُ مَاؤُهُ، الْحِلُّ مَيْتَتُهُ». رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:

«Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, биз денгиз(кемаси)га минамиз. Ўзимиз билан озгина сув оламиз. Агар у билан таҳорат қилсак, чанқаймиз. Денгизнинг сувидан таҳорат қилаверайликми?»

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«У суви пок, ўлимтиги ҳалол нарсадир», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Мазкур сувларнинг ҳаммаси покдир ва покловчидир.

Агар кўп туриш ила ўзгарган ёки унга пок нарса аралашган бўлса ҳам.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَجُلًا وَقَصَهُ بَعِيرُهُ وَنَحْنُ مَعَ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم وَهُوَ مُحْرِمٌ، فَقَالَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم: «اغْسِلُوهُ بِمَاءٍ وَسِدْرٍ، وَكَفِّنُوهُ فِي ثَوْبَيْنِ، وَلَا تُمِسُّوهُ طِيبًا، وَلَا تُخَمِّرُوا رَأْسَهُ، فَإِنَّ اللهَ يَبْعَثُهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مُلَبِّيًا». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Бир одамни туяси йиқитди (ўлди). У эҳромда эди. Биз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан эдик. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уни сув ва сидр ила ювиб, икки кийимда кафанланглар. Унга хушбўй суртманглар ва бошини ҳам ёпманглар, чунки Аллоҳ уни қиёмат куни талбия айтган ҳолида тирилтиради», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Сувнинг ҳоли ўзи шуни талаб қилади, чунки сувга турли нарсалар тушиб ёки қўшилиб туриши табиий ҳол. Мисол учун, тупроқ, дарахтларнинг барги, чўпу хаслар ва бошқалар.

Ҳанафий мазҳаби бўйича, сувга суюқ бўлмаган пок нарса аралашса, унинг поклигига зарар етказмайди.

Аммо (аралашган нарса) уни сувлик табиатидан чиқарган ёки (қайнатиб) пишириш ила ўзгартирган бўлса, ўша нарсадан назофа (тозалик) қасд қилинган бўлмаса, (у билан таҳорат қилиб) бўлмайди.

Бу ҳолатларда мазкур сувни таҳоратга ишлатиб бўлмайди.

Тозалик мақсадида сувга баъзи нарсалар қўшиб ишлатилади. Ўша нарсалар сувни ўз табиатидан чиқариб юбормаса, у сувни таҳорат ва ғусл учун ишлатиш мумкин. Масалан, кофур – мусулмон ўлкаларида кенг ишлатиладиган хушбўй модда бўлиб, маййитни ювишда уни сувга қўшиб ишлатилади. Бунда жасад тез қотади ва тез айнимайди.

Агар унга нажас аралашган бўлса, у оқар сув ёки ўнга ўн бўлиб, ҳовучлаб олганда ери очилиб қолмайдиган бўлса, у нажас бўлмайди.

Бу жумладаги «ўнга ўн» ибораси сув сақланадиган ҳовузнинг ҳажмини билдириш учун айтилган. Яъни, сув сақланадиган ҳовузнинг кенглиги ўн аршинга ўн аршин, эни ҳам, бўйи ҳам ўн аршиндан бўлса ва ундан ҳовучлаб сув олганда тагидаги ер очилиб қолмайдиган даражада чуқур бўлса, унинг бир тарафига нажас тушганда бошқа тарафидан таҳорат қилаверса бўлади, чунки бу ҳажмдаги ҳовузлар оқар сувнинг ҳукмида бўлади. Бунда ҳовузнинг сатҳи юз газ бўлса бўлди. Ҳовуз хоҳ доира шаклида бўлсин, хоҳ учбурчак шаклида бўлсин ёки эни тор, бўйи узун шаклда бўлсин, фарқи йўқ.

Ҳанафий мазҳаби уламолари, нажас нарса тегиши билан ёки тушиши билан нопок бўлиб қолмайдиган энг оз сув миқдори – эни ўн аршин, бўйи ўн аршинли ҳовузнинг сувига тенг, деганлар.

«Аршин» деганда ўртача одамнинг бармоқлари учидан тирсагигача бўлган узунлик тушунилади, бу 61,2 см.га тенг. Демак, эни ва бўйи 6 метру 12 см.дан бўлган ҳовузнинг суви ҳанафий мазҳаби бўйича, нажас нарса тушса, нопок бўлмайдиган энг оз сув ҳисобланар экан.

(Давоми бор)

 «Кифоя» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
иккинчи мақола . . .Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан.Бир киши ўлими олдидан олтита қулини озод қилди. Унинг ўшалардан бошқа моли йўқ эди. давоми...

2052 11:00 / 14.07.2020
Азон айтилган масжиддаги одам намозни ўқимай чиқиши макруҳдир. Чунки бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари қайтарганлар. . давоми...

3785 19:00 / 19.05.2023
Моликий мазҳаби асосчиси имом Абу Абдуллоҳ Молик ибн Анас ибн Молик ибн Аби Омир алАсбаҳий ҳижрий 93 санада таваллуд топдилар.У кишининг оналари фозила, оқила аёл давоми...

10299 11:32 / 17.10.2018
...Қурбонлик Аллоҳ таолога атаб қилингани учун уни соғсаломат, ҳеч бир нуқсонсиз бўлишига уриниш Аллоҳ таолога нисбатан юксак одобни кўрсатади. Қурбонликнинг давоми...

20392 05:00 / 17.01.2017