1446 йил 3 жумадул аввал | 2024 йил 05 ноябрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аллоҳнинг дўстига душманлик қилманг!

11:05 / 10.09.2020 1708 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Уламолар Аллоҳ таолонинг наздида қандай мавқега эга эканини биласизми? Мажлиси диннинг ислоҳи, жасаднинг зийнати, ўзлари эса «пайғамбарларнинг меросхўрлари» бўлган уламолар билан муомала қилишда уларнинг мавқеларини билишимиз ўта аҳамиятлидир.

Аллоҳ таоло мўминларни ва шаръий илм соҳиблари бўлган уламоларни олий даражаларга кўтариши ҳақида башорат бериб бундай деган:

«Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларнинг ва илм берилганларнинг даражаларини кўтарадир» (Мужодала сураси, 11-оят).

Уламоларга эҳтиром кўрсатиш – Аллоҳнинг китоби ва расулининг суннатидан иборат шаръий илмларга нисбатан эҳтиром кўрсатишдир. Шу сабабли уламоларни ҳурмат қилиш вожиб бўлади:

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кексаларимизни улуғламаган, кичикларимизга раҳм қилмаган ва олимимизнинг ҳаққини билмаган кимса умматимдан эмасдир», дедилар» (Аҳмад ривояти).

Уламоларни ва улар томонидан айтилган фатволарни эҳтиром қилиш пайғамбарлар қолдирган меросни эҳтиром қилиш демакдир. Чунки улар пайғамбарларнинг меросхўрлари бўлиб, улар ўзига хос мавқе ва фазл эгалари ҳисобланишади. Бунга қуйидаги ҳадис далолат қилади:

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Олим учун осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди тўлин ойнинг бошқа юлдузларга нисбатан фазлига ўхшайди. Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса улуғ насибани олибди» (Термизий ривояти).

Ҳа, уламолар ана шу улуғ насиба соҳибларидир!

Аллоҳ таоло бизга бирор ишда мушкулликга дуч келсак, уламоларга мурожаат қилишни, улардан савол сўрашни буюрган:

«Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар» (Наҳл сураси, 43-оят).

Ҳа, билмаган ишларимизни уламолардан сўраймиз ва уларнинг ҳикмат билан айтган фатволарига юрамиз, амал қиламиз. Чунки уларнинг бу фатволари Қуръон ва суннатнинг чашмаларидир. Жоҳиллардан эҳтиёт бўлинг!. Чунки улар бизнинг тилимизда гапирса-да, биз каби кўринса-да, лекин жаҳаннамга чорлашади. Ҳадиси шарифда бундай марҳамат қилинади:

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ҳақида сўрашар эди. Мен эса ўзимга етишидан қўрқиб ёмонлик ҳақида сўрардим. «Эй Аллоҳнинг Расули, биз жоҳилиятда ҳамда ёмонликда эдик. Аллоҳ бизга бу яхшиликни келтирди. Энди мана шу яхшиликдан кейин ёмонлик бўладими?» дедим. У зот: «Ҳа» дедилар. «Ўша ёмонликдан кейин яхшилик бўладими?» дедим. У зот: «Ҳа, лекин унда тутун бўлади», дедилар. «Унинг тутуни нима?», дедим. У зот: «Бир қавм менинг тўғри йўлимдан бошқа йўлга бошлайди. Сен улар (қилаётган ишлар)дан нималарнидир танийсан, нималарнидир танимайсан», дедилар. «Ўша яхшиликдан кейин яна ёмонлик бўладими?», дедим. У зот: «Ҳа, жаҳаннам эшиклари томон чорловчилар бўлади. Буни ижобат қилганни ўшанга ташланади», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, бизга уларни сифатлаб беринг», дедим. У зот: «Улар ўзимиздан бўлади, ўзимизнинг тилимизда гапиришади», дедилар. «Ўша нарса менга етса, менга нимани буюрасиз?», дедим. У зот: «Мусулмонлар жамоаси ва уларнинг имомини маҳкам тутасан», дедилар. «Уларнинг жамоаси ҳам, имоми ҳам бўлмаса-чи?», дедим. У зот: «У ҳолда дарахтнинг томирини тишлаб бўлса ҳам ўша фирқаларнинг барчасидан четда бўласан, токи, ўлим сенга ўша ҳолингда етсин», дедилар (Бухорий ривояти).

Таассуфки, айрим инсонлар уламоларни танқид қилишни ўзлари учун суҳбат мавзуси қилиб олишади. Бу ишлари билан ўзларини катта муаммони ҳал қилаётгандек ҳис қилишади. Сиз бу каби ишлардан эҳтиёт бўлинг. Чунки Абу Дардо розияллоҳу: «Сизлар уламоларнинг фаросатидан эҳтиёт бўлинг! Агар улар сизнинг зарарингизга гувоҳлик беришса, сизларни дўзахга ағдариб юборишади. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло уларнинг қалблари ва кўзларига ҳақни кўрсатиб қўяди», деган.

Демак, уламолар диққат-эътибор билан назар солсалар, Аллоҳ берган фаросат ёрдамида кимнинг қандай инсон эканини англаб олишлари мумкин. Шунингдек, улар одамларнинг хулқ-атворлари ҳамда ўз тажрибаларидан келиб чиқиб ҳам кимнинг ким эканини билиб олишлари мумкин. Шу сабабли уларнинг гувоҳлиги аҳамиятлидир. Шундай экан, ҳар бир инсон ўзи ҳақида илм эгалари ва тақводор мўминлар қандай гумонда эканига эътибор қаратиши лозим. Чунки қилаётган ишларимизни бутун дунё фосиқлари маъқуллаб, олқишлаб, қўллаб-қувватлаб турсалар-да, лекин биргина диёнатли олим унга салбий баҳо берса, олимнинг сўзи эътиборли ҳисобланади.

Ҳа, олимлар биз ҳақимизда ёмон фикрга бориб қолишидан эҳтиёт бўлайлик! Уларни муҳокама қилишдан ва танқид остига олишдан сақланайлик!

Тўғри, олимлар ҳам адашиши мумкин. Аллоҳ ва Унинг Расулидан бошқалар маъсум бўлмагани учун уларнинг айрим сўзлари ва фатволари рад қилиниши эҳтимолдан холи эмас. Лекин уларга раддия беришга кимлар ҳақли? Улар томонидан содир этилган баъзи хато-камчиликларни худди ўзлари каби забардаст олимлар илм омонатдорлиги жиҳатидан етарли далил-исботларини келтириб, одоб ва ҳурмат-эҳтиром билан тўғрилаб туришади. Ҳаким зотлардан бири айтган экан: «Агар хатога йўл қўйган ёки янглишган ҳар бир кишидан батамом воз кечиб юборилаверса, уларнинг қилган яхши ишлари ҳисобга олинмаса, илм-фан, саноат ва адолат йўқолиб кетади, шунингдек, уларга олиб борадиган воситалар ҳам ишдан чиқади».

Шунинг учун катта олимлар сукут қилиб турган масалаларда илмсиз кишилар турли танқидий фикрларни айтавермасликлари лозим. Аслида бундай кишилар мунозара майдонига тушмасликлари лозим. Чунки улар илмсиз мунозаралари сабабли шайтоннинг ўйинчоғига айланиб қолишади. Уларнинг фойдасидан кўра зарари кўпроқ бўлади. Шунинг учун Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: Агар жоҳил одам сукут қилганида эди, одамлар ўзаро келишмовчиликка боришмаган бўларди, деганлар.

Агар бирор олим оламдан ўтса, у ўзи билан бирга илмнинг бир қисмини ҳам олиб кетади. Олимларнинг қилган меҳнати ва машаққатлари улар вафот этганидан сўнг кўзга яққол ташланади. Аллоҳ таоло олимлар сабабли қанчадан-қанча балоларни даф қилиб туради. Шариат илмлари олимлар воситасида тарқатилади. Олимлар вафот этса, мусулмон киши унга дуо қилади, унинг учун истиғфор айтади, унга Аллоҳнинг раҳматини сўрайди, унинг қилган яхши ишларини уммат ўртасида кенг тарқалишига ҳаракат қилади. Олимлар вафот этса, ёмон инсонлар хурсанд бўлади, одамларни адаштириш учун ўзларининг ботил ишларини кенг ёйиш ҳаракатида бўлишади. Ҳадиси шарифда шундай дейилган:

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, Аллоҳ таоло бандаларидан илмни бирданига суғуриб олмайди. Балки илмни уламоларнинг жонини олиш билан тортиб олади. Ниҳоят, бирорта олимни қолдирмагач, одамлар жоҳилларни бошлиқ қилиб олишади. Кейин улар сўраладилар ва илмсиз равишда фатво беришади. Натидажа адашадилар ва адаштирадилар», деганларини эшитдим» (Бухорий ривояти).

Эй биродар, олимларни яхши кўринг, одамларни ҳам олимларни яхши кўришга тарғиб қилинг. Олимларни сўзингиз, қаламингиз ва бошқа барча имкониятларингиз билан ҳимоя қилинг. Шариат уламоларига бирор мажлисда ёки бошқа бирор жойда бўлсин, зинҳор душманлик қилманг! Агар уларга қарши душманлик қилсангиз, Аллоҳ томонидан сизга қарши бўладиган уруш эълонини билиб қўйинг! Аллоҳ асрасин! Агар шундай бўлса, мағлуб бўлишингиз шубҳасиздир. Чунки ҳадиси шарифда бундай дейилган: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло: «Ким менинг дўстимга душманлик қилса, мен унга уруш эълон қиламан», деди» (Бухорий ривояти).

Шаръий илмлар соҳиби бўлган раббоний уламоларга душманлик қилаётганларга, шунингдек, жамият орасида уларнинг обрўсини тўкиш мақсадида турли нолойиқ гапларни тарқатаётганларга қарши курашиб олимларни ҳимоя қилиш – Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиб Қуръонни, суннатни, шариатни ва динни ҳимоя қилиш каби савоби улуғ ишлардан ҳисобланади.

Мусулмон киши уламоларни ҳурмат қилиши лозим. Чунки уламолар улар билан ўзаро гаплашганда ҳам, улар билан бирга ўтирганда ҳам ҳурмат-эҳтиромга ҳақли бўлган инсонлардир. Уларнинг суҳбатидан ва ахлоқидан истифода қилинг. Уларга нисбатан қалбингиз ва тилингизни эҳтиёт қилинг. Улар учун Аллоҳ таолодан тавфиқ сўраб дуода бўлинг. Агар улар сизнинг хизматингизга эҳтиёж сезишса, ҳеч ҳам тараддудланмай ихлос ва сурур ила Аллоҳ учун уларга хизмат қилинг.

Аллоҳ таоло уламоларимизни ҳақ йўлда собитқадам қилсин! Уларни ҳурмат қилиш ва уларнинг илмидан истифода қилишни бизларга муваффақ айласин!

 

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси Қудратуллоҳ Сидиқметов

«Ҳилол» журналининг 8(17) сонидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир киши Жаъфар асСодиқ розияллоҳу анҳуга .Аллоҳнинг борлигига қандай далил бор Фақат менга олам, ундаги дунё матоҳи ва дуру гавҳарлардан далил келтирма, деди. давоми...

1621 07:10 / 31.07.2019
Ҳикоя қилинишича, подшоҳлардан бирига ферузадан бўлган, гавҳарлар қадаб нақш солинган ноёб, беназир бир қадаҳ олиб келинди. Подшоҳ жуда ҳам хурсанд бўлди ва давоми...

4563 15:00 / 30.03.2019
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазондаги охирги ўн кунлик кирса, тунни қоим қилар ва аҳлларини уйғотардилар, давоми...

1972 19:20 / 28.04.2020
Илм дин бўлмаса илҳодатеизмга айланиши мумкин. Дин илмсиз хурофотга айланиши мумкин. Илм билан дин ўртасидаги алоқалар жуда кўп бор бузилган. Турлича кўринишлар давоми...

2122 14:00 / 08.03.2022
Аудиолар

133463 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53809 14:35 / 11.08.2021