1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Қизимга

11:40 / 23.08.2020 2873 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир куни қизим чуқур ўйга толган ҳолда менга Ислом дини ва унга тобелик даъвосидаги айрим кишилар ҳақида саволлар бера бошлади. Унинг саволлари, унинг тили билан айтганда, ҳар қандай янгиликка тўғон бўлиб оладиганлар, шунингдек, ўзини мусулмон деб билса-да, аслида эса қалби Исломга нисбатан адоват билан тўлган, диндорликнинг барча кўринишларига салбий муносабатда бўлган, дин билан хурофотни айнан бир нарса деб баҳолайдиган (Аллоҳ сақласин!) ва бу нарсаларга ижоддан, ривожланишдан тўсадиган иллат деб қарайдиган кимсалар ҳақида эди. У эътиқод масалалари ва инсоннинг Аллоҳ таоло билан алоқаси ҳақида гапирган эди, унга қуйидагиларни айтдим:

Баъзилар динни инсоннинг ақлини ва эркини ўғирлайдиган, унинг иқтидорини сўндириб, тарихий ёки ижтимоий тақлидга айлантирадиган нарса деб тушуниши ҳақидаги гапларингга қўшиламан. Лекин бизнинг мақсадимиз, орзуимиз Ислом динини қандай бўлса, шундайлигича ўрганиш, унинг таълимотларини ўз манбаларидан олиш, унинг мусаффо саҳифаларини булғаган башарий қўшимчаларни рад қилишдир.

Дин инсонни турли қийинчиликлар, ғам-алам, қайғу ва ситамлар қуршовида қолганида Буюк Аллоҳдан узилиб, ўзига ишониб, кейин ҳаёт сўқмоқларида сарсон-саргардон бўлиб, бутунлай зое бўлишдан асровчи ягона омилдир.

Бир неча сонияга бўлса ҳам Аллоҳга муножот қилиш қалбимга ҳеч нарсага солиштириб бўлмайдиган, пул билан баҳоланмайдиган жўшқин қудрат, ажиб бир сокинлик бахш этади. Мен мусибат ва маломатларга кўмилганимда ҳам, оддий ҳаёт тарзимда ҳам муножот қилишга интиламан, бахтга эришишнинг қулай фурсати келганда бу бахтни қаро ерга кўмиш учун ваҳшийлик ҳужум қилганида ҳам шу томон юзланаман ва ҳар гал Роббимнинг мени ҳимоя қилиб, рози этиб, шафқат кўрсатиб, қайта-қайта фурсат берганини, ниҳоят, бахт­саодат топганимни биламан.

Аллоҳга бўлган иймон мезонлар бузилганда мен учун мувозанатни сақлаб беради. Аллоҳни таниганим учун оқни қорадан ажратиб, Аллоҳнинг исми билан қилинаётган сохтакорликларнинг асл башарасини кашф қиламан ҳамда У Зот гўзал ва гўзалликни севишини, зулм, адолатсизлик, таассуб ва кибру ҳавони ёмон кўришини, У Зотнинг Ўзи мулойимлигини, ҳар бир ишда мулойимликни севишини, мулойимлик учун берган нарсасини қўполлик ва бошқа ҳеч бир нарса учун бермаслигини яхши биламан.

Унинг номи билан қилинаётган зўравонлик хоҳ оилада бўлсин, хоҳ жамиятда, хоҳ сиёсий соҳада бўлсин, хоҳ дину диёнатда бўлсин, шахсий адоват бўлиб, бу адоват дин ниқоби билан тўсилган, холос. Аслида эса дин раҳмат ва бағрикенгликдан иборатдир.

Жойнамоз устида намоз ўқиб, сажда қилар эканман, биламанки, менинг ушбу ҳолимни кўриб турган Аллоҳ Унинг буйруғига қарши иш тутишни қасд қилган чоғимда ҳам мени билиб туради. У Зот менга қайта-қайта муҳлат бериб, офиятли ҳаётимни узайтиради. Мен эса бунинг ортида мағфират, кечирим ва фазлу карам борлигидан умид қилиб яшайман. Зотан, У Зотнинг фазлу марҳамати чегара билмасдир.

Агар ҳаёт Аллоҳга бўлган иймон насимидан бебаҳра бўлса, борлиқ ушбу бепоён кенглиги билан игнанинг тешигидан ҳам тор бўлиб қолади. Вужудидаги ҳар бир зарра Улуғ Яратувчининг исмини айтиб ҳайқираётган инсон Роббидан кечиб, қаерга ҳам борарди?

Атрофни ўраб олган хунук одатлар, ёмон иллатлар кишиларни Аллоҳнинг йўлидан тўсаётгани, турли мафкуравий курашлар Ислом дини очиб берган кенг имкониятларни чегаралаб қўйгани, ҳатто инсонларда ҳаёт ва дин ҳақида яхлит тушунчани буткул йўққа чиқариб юборгани ёки шунга яқин олиб келиб қўйгани ҳеч кимга сир эмас. Лекин биз илоҳий рисолатнинг гўзаллигини намойиш қилишга, бутун инсониятга юксак намуна кўрсатишга бор кучимиз билан жидду жаҳд қилишимиз лозим.

Қалбдаги Аллоҳга бўлган иймон кишини амалга ундовчи, унга куч-қувват бахш этувчи ва уйғониш, тараққий этиш сари ҳаракатлантирувчи омилдир. Тиришқоқлик, иш-ҳаракат, яхшилик қилиш ва адолатли бўлишга қизиқтирадиган асосий куч ҳам удир.

«Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар (ишлардан) ҳамда зулмкорликдан қайтарур. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз» (Наҳл сураси, 90-оят).

Аллоҳга иймон келтириш ҳар бир йўловчи учун ниҳоятда осон ва шунинг билан бирга, кенг ва ёруғ йўлдир. Бироқ ўзини кишиларни ушбу йўлга йўллайдиган шахс деб ўйлайдиган айримлар уни қийинлаштириши ёхуд унга тўсиқ бўлиши мумкин.

Баъзан киши қайсидир муаммо устида ғам-аламга кўмилиб, ақлу тафаккури билан чираниб юриб, қандайдир бир «аниқ» фикрга тўхталади. Кейин ҳоли ўзгариб, иш енгиллаб, хушхабарлар келиб, у учун дунё қайтадан очилганда, худди ўша ишга қайта назар солиб кўрса, ўзи аниқ деб билган хулосалардан ўзи ижирғанади ва қалби­ю ақли бошқа бир фикрга мойил бўлади. Бинобарин, ақлу фикримиз бизни руҳий қийинчиликларимиз ва оғриқли туйғуларимиздан халос этавермайди.

«Сен: «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила. Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир», деб айт» (Юнус сураси, 58-оят).

Ҳа, сен ҳаётнинг инсон кесиб ўта олмайдиган, фақатгина мустаҳкам иймонга эга бўлсагина, раббоний қувватга суянсагина кесиб ўтиш мумкин бўлган иссиқ чўлида ўша ҳақ билан, Аллоҳнинг фазли билан шодланасан, қувончга тўласан.

Шуниси аниқки, баъзан иш жуда осон кечади ва Аллоҳ бемору толиққан, узоқ муддат қийинчилик тортган кўнгилларга иймону ихлос, беғуборлик ва софлик нурини қуяди.

«Иймон ҳар тур қийинчиликлардан, ғам-аламдан холи бўлган озгинагина одамлар эришадиган нарса экан­да», деган фикрга келиб қолишингни истамасдим. Зотан, ким бўлишидан қатъи назар, инсонга бу дунёда озми-кўпми, машаққат тортишини Аллоҳ тақдир қилган.

«Албатта, сизларни бир оз хавф ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга хушхабар бер» (Бақара сураси, 155-оят).

«Батаҳқиқ, Биз инсонни машаққатда яратдик» (Балад сураси, 4-оят).

Дин ақлни улуғлайди, унинг қувватини асраб-авайлайди. Динда биз ошкор этиш, сўзлаш ёки муноқаша қилишдан қўрқадиган ҳеч нарса йўқ. Фақат айрим одамларнинг тор тушунчалари, шошқалоқликлари кишиларга бунинг аксини тасвирлаб қўймоқда.

Мен мусулмон бўлмаган киши билан қайси мавзуда бўлмасин, тортишишдан ҳеч бир танглик сезмайман, чунки менинг Исломим бақувват, буюк, қаноат ва ҳужжатга тўладир. Лекин хато­ю тойилишлар ва эҳтимолий гапларни ушлаб олган заиф мусулмон менга рақиб бўлиб чиққанида тамом тангликда қоламан. У мендан Китоб ва Суннатда акс этган юксак маънони эмас, балки Ислом ҳақидаги ўзининг хос тушунчаларини бошқаларга сингдиришимни истайди. Бу билан у Исломга зарба бериш учун ва унинг қатъий ҳукмлари ва асосларига қарши исён уюштириш мақсадида Исломни кўр­кўрона мақтайдиган кимсаларни истаб юрганлар учун ҳужжат, ақлий далил ва воқеий бурҳон тақдим қилади.

Шуни яхши билишимиз керакки, агар биз хатоларимизни Исломга юклар эканмиз, ўзимизни унинг раҳматидан маҳрум қиламиз ва одамларни ҳам, бутун оламни ҳам Унинг йўлидан ва ҳидоятидан маҳрум қилиб қўямиз. Иймон ва раҳмат йўлини тўсишга хизмат қилган бўламиз. Ҳакиму Алим Зот Ўзининг муқаддас Китобида бундай марҳамат қилади:

«Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғонга чиқарган кимсадан кўра золимроқ ким бор? Албатта, золимлар зафар топмаслар» (Анъом сураси, 21-оят).

 

Одинахон Муҳаммад Содиқ

«Ҳилол» журнали 8(17) сонидан олинди.

 

Муаллиф
Одинахон Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Баъзи сабабларга кўра .мужоҳид,, .шайх, ва .муршид, каби васфлар аёлларга нисбатан қўлланилмайди. Гўёки бу сўзлар аёллар учун тақиқлангандек. Шундай бўлгани учун давоми...

3040 12:46 / 10.02.2022
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо жамоатчилик ишларида ҳам, хусусан, аёлларга оид ишларга бошқош бўлар эдилар. Бу нарсани ўша пайтдаги баъзи бир маросимлар ҳақида давоми...

4004 21:05 / 11.12.2018
IIIСавда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳо уч йилдан кўпроқ ўзлари ёлғиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хотин бўлиб турдилар. У киши ўз ҳолларини ўзлари давоми...

2903 11:20 / 02.02.2019
Олтинчи ҳижрий сананинг Шаъбон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Бани Мусталиқ қабиласининг у зотга қарши одам тўплаётганлиги ҳақида хабар келди. давоми...

2553 19:04 / 18.11.2018