1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Маккада йўқолган хамён (реал воқеа)

11:07 / 07.08.2020 5807 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу воқеани тошкентлик бир танишимиз сўзлаб бердилар:

– Бир йили муҳтарама онамиз билан ҳажга борган эдик. Онамизнинг ёшлари анча ўтиб қолган, қийналиб қадам босардилар.

Бироқ ҳаж амалини бажариш кўп йиллик орзулари бўлгани учун бу ноқулайликларга қарамай, сафарга отландилар. Орзиқиб кутганимиз Маккага етиб, Масжидул- Ҳаромга кириб бордик.

Дунёнинг турли бурчакларидан келган миллионлаб мусулмонлар Каъбани тавоф қилиб, ҳаж арконларидан бирини адо этишарди. Катта маърака ичида онажонимнинг қийналиб қолишларини ўйлаб махсус аравачада тавоф қилдирмоқчи бўлдим. Кўнмадилар: «Шунча жойдан келиб, Аллоҳ буюрган фарзни аравада талтайиб бажараманми?» деб туриб олдилар. Ўз ҳолларига қўяй десам, оломон орасида эзилиб қоладилар.

Шунда бир ҳадисда айтилганидек, елкамда опичлаб тавоф қилдиришни ўйладим. Ҳам онажонимга қулай, ҳам розиликларини олишим менга фойда. Опичлаб тавофни бошладим. Ҳужжатлар ва пуллар солинган чарм сумкачани қўлларига тутқазиб, эҳтиётлашни тайинладим. Онам елкамда тинмай дуо ўқиб борардилар.

Каъбаи муаззамани учинчи бор айланганимизда онам сумкачани тушириб қўйганларини айтиб қолдилар. Аъзои баданим музлаб кетди. Шу куни элликбошимиз паспортларимизни ҳам қўлимизга бериб қўйган эди. Совға-саломга аталган пулларимиз ҳам сумкада эди.

Бирдан миямга истиржо айтиш фикри келди: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун». Аллоҳ таолога илтижо қилиб ёлбордим: «Ё Роббим, онам розилигини топай деб ҳажга олиб келдим, елкамда кўтариб тавоф қиляпман. Аммо бу йўқотиш сабаб бўлиб у кишини дилларини оғритиб қўйишдан Ўзинг паноҳ бер!

Ҳозирги ҳолатимизда тўхташни ҳам, сумкачани ахтаришнинг ҳам асло иложи йўқ эди. Қолаверса, нега бепарво бўлдингиз, деб волидаи шарифамни айблаб ҳам бўлмасди.

Кўнглимда шундай ўй ўтди: «Пулни ҳалол йўл билан топганман, ҳаж ниятим ҳам холис эди. Демак, Аллоҳ бизни сарсон қилиб қўймайди, ҳужжат билан боғлиқ дилхиралик ва оворагарчиликларга рўбарў қўймайди».

Кўнгилда «Аллоҳим, Ўзингга таваккал қилдим, ҳожатларимни Ўзингга ҳавола этдим!» деган ишонч билан, хотиржам ҳолатда тавофни давом эттира бошладик.

Олтинчи бор айланаётганимда оёғимга нимадир илашиб, юришга ҳалақит бера бошлади. Кейинги айланишлар одатдагидан тезроқ бўлгани учун тўхтаб олиб ташлашнинг асло иложи йўқ эди. Қийналиб, терга ботиб кетдим. Тавофни тугатиб, сал четроққа чиқиб, онажонимни елкамдан туширдим.

Шу пайт оёғимга илашган нарса эсимга тушди. Не кўз билан кўрайки, йўқотган сумкачамиз экан. У қандай тушиб қолди, орадан бирор вақт ўтиб яна қандай топилди, энг асосийси ва ҳайратланарлиси, қай тарзда айнан менинг оёғимга илашди – бу саволлар мени анча шошириб қўйди.

Аллоҳнинг карами кенгдир...

Islom.uz портали таҳририяти

Мавзуга оид мақолалар
Мен бу қиссани сира ҳам унутмайман. Шомнинг Ҳамидия бозори кўчасида ўта фақир йигит газлама мато сотар, газламанинг метри 50 лира бўлиб, 1 долларга тенг эди. Унинг давоми...

3219 12:30 / 12.06.2021
Канаданинг Альберта провинциясида истиқомат қилувчи ёш муслима олмос қазиб олишнинг янги усулини кашф қилди. Айни пайтда оддий усулда олмос қазиб чиқариш давоми...

3696 19:20 / 05.01.2019
Мўминларнинг онаси Софийя бинт Ҳуяй розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтирган эдилар. У зотни зиёрат қилгани бориб, давоми...

2542 08:00 / 11.01.2021
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .Батаҳқиқ, мўминлар зафар топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир, Муъминун сураси, 12оятлар Ушбу давоми...

9457 14:00 / 12.12.2023
Аудиолар

230211 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148789 14:35 / 11.08.2021