1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ғийбатни бас қилайлик!

15:17 / 15.07.2020 4705 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Динимиз тил орқали содир этиладиган гуноҳлардан қайтарган. Хусусан, бундай гуноҳларга ёлғон гапириш, чақимчилик қилиш, ёлғон гувоҳлик бериш, бировнинг обрўсига тил теккизиш, бировни ҳақорат қилиш, мазах қилиш, сўкиш, бўҳтон қилиш ва ҳоказо. Булар тил офатлари дейилади. Ана шундай тил офатларидан бири — ғийбатдир. Барчамизга маълумки, биродаримиз эшитса хафа бўладиган гапни у йўқ пайтида гапириш ғийбат дейилади.  

Афсуски, бугунги кунда бу гуноҳни содир этадиганлар кўпайиб қолди. Суҳбатларнинг кўпи ғийбатдан холи бўлмаяпти. Икки гапнинг бирида ғийбат қилиб қўйиляпти. Ғийбат қилаётган кимса «Ўша одамнинг ўзи шу ерда бўлганда юзига ҳам айтардим» деб ўзини оқлашга уриняпти. Ваҳоланки, бундай гап билан ўзини оқлаш ва ғийбатни давом эттириш аҳмоқлик, жоҳилликдан ўзга нарса эмас. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда биз бандаларини гуноҳлардан қайтарар экан, ғийбат ҳақидаги оятда ғийбатнинг нақадар жирканч гуноҳ эканини мисоллар билан баён қилган.

У Зот Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

«Сизлардан баъзингиз баъзингизни ғийбат қилмасин. Бирортангиз ўлик ҳолдаги биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Бас, ундан нафратланасизлар-ку!» (Ҳужурот сураси, 12-оят)

Эътибор берсак, бу оятда ғийбат қилиш ўлган биродарининг гўштини ейишга ўхшатилмоқда. Ким ўлик биродарининг гўштини ейишни истайди?! Кимнинг табиати бундай ишни кўтаради?! Ҳеч кимнинг, тўғрими? Бу ишдан табиатимиз шунчалик жирканар эканми, демак, ғийбатдан ҳам ана шундай жирканишимиз лозим.

Ғийбатчи охиратда аламли азобга дучор бўлади.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Меърожга чиқарилганимда бир қавмнинг ёнидан ўтдим. Уларнинг мисдан бўлган тирноқлари бўлиб, улар (ўша тирноқлар ила) юзларини ва кўкракларини тирнар эдилар. Мен: “Эй Жаброил, булар ким?” деб сўрадим. У: “Улар одамларнинг гўштларини ейдиган (ғийбат қиладиган) ва уларнинг обрўларига тил теккизадиган кишилардир” деб жавоб берди”. 

Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Улфатлар билан чойхонадами, уйдами, дам олиш масканларидами ёки бошқа бирон жойда ўтирганимизда суҳбат қизиб, ғийбатга ўтиб кетишдан сақланишимиз керак. Бўладиган суҳбатимиз дунёимиз ва охиратимизга фойдали гап-сўзлар бўлиши, бировни камситиш, обрўсини тўкиш бўлмаслиги керак. Шерикларимиз кимнидир ғийбат қилишни бошласалар, дарҳол уларни бу гуноҳдан қайтаришимиз, унинг нақадар жирканчлигини эслатишимиз керак. Бордию улар насиҳатимизни олмай, ғийбат қилишда давом этсалар, у ҳолда ўзимиз ундай мажлисни тарк этишимиз, ғийбатчилар билан бирга ўтирмаслигимиз керак.

Ҳар сафар ғийбат қилмоқчи бўлганингизда, кўзларингизни юмиб, шундай хаёл суринг:

Вафот этиб, уйида юзи ўраб қўйилган ҳолда ётган биродарингизнинг танасидан бир парча гўштни пичоқ билан кесиб олиб, оғзингизга солиб чайнамоқчисиз, қон аралашган қип-қизил гўштни тишларингиз орасига олиб эзиб-эзиб емоқчисиз.

Энди кўзингизни очинг! Хўш, ғийбатни давом эттирасизми ёки бас қиласизми?

Жоҳиллик қилиб бировни ғийбат қилиб қўйсак, ундан узр сўрашимиз, ғийбат қилган мажлисимизда, ғийбатимизни эшитган одамлар олдида ўша одамни мақтаб, яхши сифатларини эслашимиз, “Мен фалон куни фалончини ғийбат қилгандим. Аслида у кишининг бундай-бундай фазилатлари бор” деб, хатойимизни тузатишимиз керак.  

Аллоҳ таоло барчамизни ғийбат қилишдан ва бошқалар томонидан ғийбат қилинишдан асрасин!

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Мавзуга оид мақолалар
Абдулхолиқ ибн Абдуллоҳ Абдийдан ривоят қилинади .Кеч кирса, Ато раҳматуллоҳи алайҳ қабристонга бориб, шундай дерди .Эй қабр эгалари, сизлар вафот қилдингиз. Воҳ, давоми...

2702 08:09 / 29.02.2020
Мана шу аканинг зиёратидан сўнг, каминада ҳам .тасуф,га қизиқиш ортиб, бу ҳақда вақтли матбуотдан маълумотларни излаш кал одамнинг бошидан тук қидиришдек давоми...

1220 14:30 / 27.12.2021
Аллоҳ таоло бу ҳаётда инсонни ажойиб буюк ҳикмат учун пайдо қилди. У ҳам бўлса синовдан ўтказишдир. Аллоҳ таоло ушбу дунё хаётида инсонни бошқа бир биродари олдида давоми...

1782 11:00 / 06.05.2020
Бир киши Муовиянинг эшигига келиб, унинг хизматкорига .Муовияга айт, туғишган акаси келди,, деди. Хизматкор .Халифанинг сендақа акаси йўқ,, деяётган эди, Муовия буни давоми...

1686 08:00 / 10.11.2020
Аудиолар

135091 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55369 14:35 / 11.08.2021