Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (91-дарс). Қуръони Каримда муҳкам ва муташобиҳ

13:00 / 23.06.2020 5092 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу мавзу Улуми Қуръондаги энг нозик мавзулардан бири ҳисобланиб, уламоларимиз унга катта аҳамият берганлар. Бу мавзуга киришдан олдин ушбу икки нарса – муҳкам ва муташобиҳнинг луғатдаги маъноларини яхшилаб ўрганиб олишимиз лозим бўлади.

«Муҳкам» сўзи бир нарсани яхшилаб қилиш ва унинг бузилишини ман қилиш маъносини билдирувчи «аҳкама» сўзидан ясалган бўлиб, «яхшилаб қилинган, маҳкам қилинган», «бузилмас» деган маънони англатади. Мисол учун, «аҳкама ал-амра» деган жумла «ишни яхшилаб қилди ва уни бузилишдан сақлади» деган маънони ифода қилади. Араблар отнинг юганидаги унинг оғзига солиб қўйиладиган темирдан бўлган «сувлиқ»ни ҳам «ҳакаматун» дейишади. Чунки у отни яхшилаб бошқаришга ва у ёқ-бу ёққа бурилиб кетишининг олдини олишга хизмат қилади.

Қуръони Каримнинг сифатларидан бири «Ҳаким» эканининг сабаби – унда ҳаққа ҳидоят қилувчи ва ботил ҳамда фасоддан ман қилувчи ҳикмат борлигидир. Шу билан бирга, Қуръони Каримнинг назми ва услуби олий даражададир, балоғати мўъжизадир, мақсадлари олийдир, маънолари тўғри ва содиқдир. Бунинг устига, унда қарама-қаршилик йўқ, тафовут йўқ. Даража ва ожиз қолдирувчиликда унга ҳеч бир калом бас кела олмайди.

Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида марҳамат қилади:

«Алиф лаам ро. (Бу) оятлари мустаҳкам қилинган, сўнгра ўта ҳикматли, ўта хабардор Зот томонидан муфассал қилинган Китобдир» (1-оят)

Яъни «муҳкам» сўзининг «тузилиши пухта», «далолат қилиши дақиқ», «ҳар бир сўзи чуқур маъноли», «ҳамма тарафи бир-бирига муносиб», «ҳеч камчилиги йўқ» деган маънолари бор.

«...сўнгра ўта ҳикматли, ўта хабардор Зот томонидан муфассал қилинган Китобдир».

Батафсил баён қилиш керак бўлган ҳар бир жиҳати, жумладан, ғоялари, мақсадлари, мавзулари батафсил баён қилингандир.

«Қуръони Каримнинг муҳкам ояти» деганда равшан маъно билан келган ва эшитувчиси маъносини таъвил ва баёнсиз англаб оладиган деган маъно тушунилади.

«Муташобиҳ» сўзи «бир-бирига ўхшаш» деган маънони билдирувчи «ташабуҳ» сўзидан ясалган бўлиб, луғатдаги маъноси бизнинг тилимизда «ўхшаш» ва «аралаш» сўзлари атрофидаги маъноларда айланади. Арабларда икки нарса бир-бирига ўхшашлиги туфайли аралашиб кетганда ва уларни бир-биридан ажратиб олиш қийинлашиб қолганда ушбу сўз ишлатилади.

Ушбу луғавий маълумотлардан кейин мулоҳаза қиладиган бўлсак, «муҳкам» сўзида равшанлик ва маънони мустақил равишда баён қилиш борлигини кўрамиз. «Муташобиҳ» сўзида эса маънони ифода этишда ягона мустақиллик йўқлигини ва равшанлик етишмасдан, бир нарса иккинчисига ўхшаб қолишини англаймиз.

«Ташабуҳ» калимасидан ясалган сўзлар Қуръони Каримнинг баъзи оятларидагина келган.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«(У) уларга ўхшаш қилиб берилгандир» (25-оят).

Яъни жаннатийларга бу дунёда баҳраманд бўлган меваларига ўхшаш мевалар берилади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«...қалблари ўхшаш бўлди…» (118-оят)

Яъни ҳақни кўрмасликда ва залолатда кофирларнинг қалблари бир-бирига ўхшашдир.

Аллоҳ таоло Зумар сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ энг гўзал сўзни ўхшаш... китоб этиб туширди» (23-оят).

Қуръони Карим энг гўзал сўздир. Унинг оятлари гўзалликда, пурмаъноликда, ҳикматда, тўғриликда, ҳукмда ва бошқа хусусиятларда бир-бирига ўхшашдир.

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
3. Эй одамлар Аллоҳнинг сизга берган неъматларини эсланг Аллоҳдан бошқа сизларга осмон ва ердан ризқ берадиган холиқ борми Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. давоми...

4503 05:00 / 23.01.2017
Аллоҳ таоло Анкабут сурасида марҳамат қилади .Ана шундай қилиб, сенга ҳам китоб нозил қилдик. Бас, Биз китоб берган кимсалар унга иймон келтирурлар. Анавилардан давоми...

1030 19:00 / 22 сентябрь
2. Бу сенга у ила огоҳлантиришинг учун ва мўминларга эслатма этиб нозил қилинган китобдир. Кўнглингда ундан танглик бўлмасин.Аллоҳ таоло Пайғамбари Ҳазрати давоми...

4409 05:00 / 23.01.2017
бешинчи мақолаИбн Ашта .АлМасоҳиф, китобида Ибн Шиҳобдан Мусо ибн Уқба ривоят қилган маълумотни келтиради.Қуръонни жамлаб, вараққа ёзишгач, Абу Бакр .Унга исм давоми...

5172 14:05 / 22.10.2019
Аудиолар

210862 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130127 14:35 / 11.08.2021