Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 10 жумадул аввал | 2024 йил 12 ноябрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (87-дарс). Энг машҳур китоб «Ниқоя Мухтасари Виқоя»

13:32 / 28.05.2020 4445 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Мухтасари Виқоя» китоби Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя»ларига боғлиқ китобдир. Бу китобнинг тўлиқ номи, аввал ҳам айтиб ўтилганидек, «Ниқоя Мухтасари Виқоя»дир.

Лекин аҳли илм ва халқ орасида у «Мухтасари Виқоя» номи ила машҳурдир.

«Мухтасари Виқоя» Ҳанафий мазҳабидаги энг машҳур китоблардан бири ҳисобланади. Чунки у бу мазҳабдаги асосий эътимодга сазовор бўлган тўрт матндан бири бўлмиш «Виқоя» китобининг қисқартирилган шаклидир. Уламолар ва толиби илмлар бу китобни қадимдан эъзозлаб келадилар.

«Мухтасари Виқоя»га кўзга кўринган алломалар шарҳлар ёзганлар. Улардан баъзиларини эслаб ўтамиз.

1. «Камолуд-дироя фий шарҳин-Ниқоя».

Бу шарҳнинг муаллифи ҳижрий 872-санада вафот топган Шайх Тақийюддин Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад аш-Шаманийдир.

2. Шайх Зайнуддин Абу Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Абу Бакр ибн Айний Ҳанафий шарҳи.

3. Абдулвожид ибн Муҳаммад шарҳи.

4. Алоуддин Али ибн Муҳаммад Мусаннифук шарҳи.

5. Қосим ибн Қутлуғбуға Ҳанафий шарҳи.

6. Илёс Румий шарҳи.

7. Шамсуддин Муҳаммад Хуросоний Қўҳистоний шарҳи. «Жомеъур румуз» деб номланади.

8. Абул Макорим ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад шар­ҳи.

9. Нуриддин Абдурраҳмон ибн Аҳмад Жомий шарҳи.

10. Мавлоно Нуриддин Али ибн Султон Қори Ҳаравий шарҳи.

Мулло Али Қори раҳматуллоҳи алайҳининг «Мухтасари Виқоя»га қилган катта шарҳлари «Фатҳу бобил иноя би шарҳи китобин-Ниқоя» деб номланади. Кейинроқ бу китобни қисқартириб «Ихтисори ривоя ала Мухтасари Виқоя» деб атаганлар.

Биз «Мухтасари Виқоя»да келган масалаларни ҳозирги кунимиз тили, услуби ва руҳида тақдим қилишга ҳаракат қилдик.

Ҳозирги кунимизда эҳтиёж тушмайдиган, тушуниш қийин бўлган баъзи матн ва фаслларни қолдириб ҳам кетдик.

Шу билан бирга, бугунги кун тақозоси ила, фуқаҳоларимиз ҳар бир масалани қайси оят, ҳадис ва бошқа шаръий масдарлардан олганларини қисқача баён қилдик.

Яна мусулмонларга керак бўлган, янги пайдо бўлган бошқа маълумотларни ҳам замонавий китоблардан фойдаланган ҳолда келтиришга ҳаракат қилдик.

Ушбу камтарона китобни аслига қофиядош бўлсин деган мақсадда «Кифоя» деб номладик. Қадимги уламоларимиз одатларига эргашадиган бўлсак, китобнинг тўлиқ исми «Кифоя шарҳи Мухтасари Виқоя» бўлади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан бу ожизона ишимизни ҳусни қабул этишини ва фойдасини мўл қилишини тилаб илтижолар қиламиз. Роббул оламин ушбу амалимизнинг манфаатини кўпайтириб беришини сўраб тазарруъ ила дуолар қиламиз.

Сиз муҳтарам ўқувчиларимиздан эса бу дунёдан ўтган ота-онамиз ҳамда устозларимиз ҳақларига дуолар умидидамиз. Шу билан бирга, дуоларингизда камина ходимингизни ҳам унутмассиз, деган умиддамиз.

Сиз азизлардан яна бир ўтинчимиз, агар бу фақирона уринишдан бирор фойда ва яхшилик топсангиз, Роббимиз субҳанаҳу ва таолодан, нуқсону камчиликлар бўлса, камина ходимингиздан деб билгайсиз.

 

Камоли эҳтиром ва дуолар умиди ила,

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

الْحَمْدُ لِلَّهِ رَافِعِ أَعْلَامِ الشَّرِيعَةِ الْغَرَّاءِ، جَاعِلِهَا شَجَرَةً أَصْلُهَا ثَابِتٌ وَفَرْعُهَا فِي السَّمَاءِ. وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ مُحَمَّدٍ أَفْضَلِ الرُّسُلِ وَالْأَنْبِيَاءِ، وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ نُجُومِ الْاِقْتِدَاءِ وَالْاِهْتِدَاءِ.

وَبَعْدُ، فَإِنَّ الْعَبْدَ الْمُتَوَسِّلَ إِلَى اللهِ تَعَالَى بِأَقْوَى الذَّرِيعَةِ: عُبَيْدُ اللهِ بْنُ مَسْعُودٍ بْنِ تَاجِ الشَّرِيعَةِ - سَعِدَ جَدُّه، وَأُنْجِحَ جِدُّهُ - يَقُولُ: لَمَّا ألَّفَ جَدِّي وَمَوْلَايَ الْعَالِمُ الرَّبَّانِيُّ، وَالْعَامِلُ الصَّمَدَانِيُّ، بُرْهَانُ الشَّرِيعَةِ وَالْحَقِّ وَالدِّينِ، وَارِثُ الْأَنْبِيَاءِ وَالْمُرْسَلِينَ، مَحْمُودُ بْنُ صَدْرِ الشَّرِيعَةِ، جَزَاهُ اللهُ تَعَالَى عَنِّي وَعَنْ سَائِرِ الْمُسْلِمِينَ خَيْرَ الْجَزَاءِ.

لِأَجْلِ حِفْظِي كِتَابَ: «وِقَايَةُ الرِّوَايَةِ فِي مَسَائِلِ الْهِدَايَةِ»، وَهُوَ كِتَابٌ لَمْ تَكْتَحِلْ عَيْنُ الزَّمَانِ بِثَانِيهِ، فِي وِجَازَةِ أَلْفَاظِهِ، مَعَ كَثْرَةِ مَعَانِيهِ.

لَكِنْ قَصَرَتْ هِمَّةُ أَكْثَرِ أَهْلِ الزَّمَانِ عَنْ حِفْظِهِ، فَاتَّخَذْتُ مِنْهُ هَذَا «الْمُخْتَصَرَ»، مُشْتَمِلًا عَلَى مَا لَا بُدَّ مِنْهُ، فَمَنْ أَحَبَّ اسْتِحْضَارَ مَسَائِلِ «الْهِدَايَةِ»، فَعَلَيْهِ بِحِفْظِ «الْوِقَايَةِ»، وَمَنْ أَعْجَلَهُ الْوَقْتُ، فَلْيَصْرِفْ إِلَى حِفْظِ هَذَا الْمُخْتَصَرِ عِنَانِ الْعِنَايَةِ، إِنَّهُ وَلِيُّ الْهِدَايَةِ.

бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Шариати ғарро(соф шариат)нинг байроқларини баланд қилган ва унинг аслини собит ва шохларини осмон баробар дарахт қилиб қўйган Аллоҳга ҳамд бўлсин!

У Зотнинг Расули, пайғамбар ва анбиёларнинг афзали Муҳаммадга ва у кишининг иқтидою эҳтидо юлдузлари бўлмиш аҳллари ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин!

Аммо баъду: Аллоҳ таолога энг қувватли восита ила ўтинувчи банда Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тожуш шарийъа – унинг насибаси улуғ ва сайъи нажотли бўлсин – айтадики:

«Бобом ва мавлом, олими роббоний, омили сомадоний, шариат, ҳақ ва диннинг бурҳони, анбиё ва мурсалинлар вориси Маҳмуд ибн Содруш-шарийъа – Аллоҳ таоло мен ва барча мусулмонлар номидан (қилган хизматлари учун) у кишига яхши мукофотлар берсин – менинг ёд олишим учун «Виқоятур-ривоя фи масоили Ҳидоя»ни таълиф қилдилар.

Бу китобнинг лафзлари қисқа ва маънолари кўп бўлганлигидан унга ўхшаш китоб ила замоннинг кўзи сурмаланмагандир.

Лекин кўпчилик аҳли замоннинг ҳиммати уни ёд олишга қисқалик қилиб қолди. Бас, ундан энг керак нарсаларни ичига олувчи ушбу «Мухтасар»ни туздим. 

Ким «Ҳидоя»нинг масалаларини ёдда сақлашни яхши кўрса, «Виқоя»ни ёд олсин. Кимнинг вақти шошириб қўйса, иноят жиловини ушбу «Мухтасар»га бурсин. 

Албатта, У Зотнинг Ўзи ҳидоят эгасидир.

«Кифоя» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Намоздами ёки намоздан ташқаридами, тиловат қилаётганда сажда оятининг ўзини қолдириб, ундан кейинги оятга ўтиб кетиш макруҳдир. Бунда саждадан, Аллоҳ таолонинг давоми...

1625 19:00 / 10.08.2023
Қиблага юзланиш намознинг шартларидандир. Аммо баъзи узрли вақтда юзланмаса ҳам бўлар экан. Хавфдаги кишининг қибласи қудрати етган тарафидир. Бир кишига давоми...

3963 17:39 / 21.10.2021
Аллоҳ таоло Бақара сурасида .Эй иймон келтирганлар Касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан инфоқ қилинглар,, деган 267оят. . .Мужоҳид .Ушбу оят тижорат давоми...

392 19:00 / 10 октябрь
. .Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг видолашув ҳажидаги давоми...

2761 15:05 / 21.07.2020