1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Иймоннинг нури тафаккурдир

11:00 / 26.05.2020 1911 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Тафаккур» «фикр» сўзининг ўзагидан олинган бўлиб, бир нарса ҳақида чуқур фикр юритиш маъносини англатади.

Аллоҳнинг Китобида ўн еттита оятда тафаккур қилишга тарғиб қилинган. Улардан баъзиларини ўрганиб чиқамиз. Инсон ақлининг баркамоллигига зикрга фикрни қўшиш билан эришилишини Қуръони Карим баён қилган.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ҳамда кеча-кундузнинг алмашиб туришида ақл эгалари учун оят(белги)лар бор. Улар Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида зикр қиладилар ва осмонлару ернинг яратилиши ҳақида тафаккур қиладиларки…» деган (190-191-оятлар).

Ушбу ояти карималардан кўриниб турибдики, Аллоҳ таолонинг биру борлиги ҳамда чексиз қудрати ва бошқа комил сифатларини тўла англаб етиш учун зикр ва тафаккур лозим экан. Бири бўлиб, иккинчиси бўлмаса ҳам иш битмас экан.

Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларда эслаш даражаси улуғ даража бўлиб, инсон ибодатнинг олий мақомига эришгандагина ушбу даражага кўтарилади.

Шундай даражада тафаккур қилган одамнинг қалби соф ҳолга келади ва дуо қилса, ижобат бўладиган мақомга етади.

Ибодат қилиб, осмонлару ернинг яратилиши ҳақида фикр юритган одам, албатта, Аллоҳ таоло бу нарсаларни бекорга яратмаганини тушуниб етади ва уни «Ўзинг поксан», деб тасбеҳ айтиб ёдга олади.

Ушбу борлиқнинг яратилишини, ундаги нарсаларнинг ҳақиқатини тушуниб етиш уларда тадбиркорлик, ҳикмат ва мақсад борлигини англаб етишга олиб боради. Бу эса бу дунёда яшаётган кишилар учун адолат ҳам зарурлигини тушуниб етишга сабаб бўлади. Демак, одамлар қилган ишларнинг ҳисоб-китоби ҳам бўлиши аниқ.

Аллоҳ таоло Юнус сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, дунё ҳаётининг мисоли худди Биз осмондан туширган сувга ўхшайдир. Бас, одамлар ва чорвалар ейдиган ер набототи у билан аралашиб, ер безагини олганда ва зийнатланганда ҳамда унинг аҳли энди бунга эришдик, деб ўйлаганда, кечаси ёки кундузи унга амримиз келиб, уни худди куни кеча яшнаб турмагандек қуритиб қўямиз. Тафаккур қиладиган қавмлар учун оятларимизни ана шундай батафсил баён қилурмиз» (24-оят).

Ушбу ояти каримада бу дунё ҳаёти ва унинг матоҳлари табиатда рўй бериб турадиган ҳодисаларга ўхшатилмоқда. Қуруқ ерга ёмғир ёғиб, сув тушса, одамларга ҳам, чорва ҳайвонларига ҳам озуқа бўладиган наботот – ўсимликлар униб чиқади. Бу ўсимликлар ер юзини безайди. Ўсган сари гўзаллиги ортиб боради. Ҳосил вақти яқинлашганда эгаларининг кўзлари қувонади. Энди бир нарсали бўладиган бўлдим, деб келгуси ҳосил устида ҳар хил режалар тузади. Шунда хоҳ кечаси, хоҳ кундузи бўлсин, Аллоҳдан амр келиб, ҳалиги ўсимликлар бирдан қуриб қолади. Қуруқ хашакка айланади. Яшиллиги ҳам, гўзаллиги ҳам, мева-ҳосили ҳам йўқ.

Фикрли, фаросатли одамлар учун бу дунё ҳаёти ҳам худди шундай. Инсон туғилади, ўсади. Тинмай ҳаракат қилади. Маълум бир натижаларга ҳам эришади. Аммо Аллоҳ таоло хоҳлаган лаҳзада у эришган нарсани олиб қўйиши мумкин. Яъни бу дунё матоҳи бир лаҳзага арзимайдиган нарсадир.

Ҳадиси шарифда ривоят қилинишича, қиёмат куни бу дунёда энг улкан неъматларга эришганларни олиб келиб, дўзахга бир солиб олиб: «Ҳеч яхшилик кўрганмисан? Ҳеч бир неъматга эга бўлганмисан?» – деб сўралганда, «Йўқ», – деб жавоб берар эканлар. Бундай нарсаларни ҳар бир банда яхши тафаккур қилмоғи лозим.

«Тафаккур қиладиган қавмлар учун оятларимизни ана шундай батафсил баён қилурмиз».

Аммо тафаккур қилмаганлар, Аллоҳнинг айтганига юрмаганлар бу дунёю у дунёларини куйдирадилар.

Аллоҳ таоло Раъд сурасида марҳамат қилади:

«У ерни ёйиб, унда барқарор тоғлар ва анҳорлар қилган, барча мевалардан жуфт-жуфт қилган Зотдир. У кечани кундузга қоплайдир. Бунда, албатта, тафаккур қилувчи қавмлар учун оят(белги)лар бордир» (3-оят).

Ҳа, У Зот кўз ўнгингизда ерни ёйиб қўйган Зотдир. Қаердан қарасангиз, қаршингизда ер ёйилиб ётибди. Буни ким қилган? Албатта, Аллоҳ таоло қилган.

«Унда барқарор тоғлар ва анҳорлар қилган».

Ердаги пурвиқор тоғларни ким барпо этган? Ердаги анҳорларни ким оқизиб қўйган? Албатта, Аллоҳ азза ва жалла.

«Барча мевалардан жуфт-жуфт қилган Зотдир.»

Агар меваларда жуфтлик – эркак ва урғочилик хусусияти бўлмаганида, мевага айланмас эди. Буни ким қилган? Албатта, Аллоҳ таоло.

«У кечани кундузга қоплайдир».

Кеча ва кундуз ҳам бир жуфтлик бўлиб, бир-бирини қоплайди. Навбат билан кеча кундузни, кундуз кечани қоплаб туради. Бу жараён асрлардан буён давом этиб келмоқда. Хўш, буни ким қилмоқда? Албатта, Аллоҳ таоло. Ушбу ҳодисаларни ҳар бир одам ўйлаб кўрмоғи лозим:

«Бунда, албатта, тафаккур қилувчи қавмлар учун оят(белги)лар бордир».

Тафаккур қилмаганлар эса онгсиз ҳайвонларга ўхшаб юраверадилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларида ҳам тафаккур алоҳида эътибор ила тилга олинган..

Ато раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади:

«Мен, Абдуллоҳ ибн Умар ва Убайд ибн Умайр Оишанинг олдиларига кирдик. Ибн Умар: «Бизга Расулуллоҳ алайҳиссаломдан кўрган энг ажойиб нарсани айтиб беринг», деди.

У киши йиғладилар, сўнгра дедилар: «Ҳамма ишлари ажойиб эди. Менинг навбатим кунларидан бирида келиб, мен билан бирга ўринга кириб, баданларини баданимга теккизиб ётдилар.

Бир муддат ўтгандан сўнг: «Эй Оиша, менга изн бер, Роббимга ибодат қилай», дедилар. Мен: «Ёнимдалигингиз ва истагингизни жуда яхши кўраман», дедим.

Туриб, уйдаги сув идишга бориб, оз сув ишлатиб таҳорат қилдилар. Сўнгра туриб, қироат қилдилар, йиғладилар. Мен кўз ёшларининг ёноқларини ҳўл қилиб юборганини кўрдим.

Кейин ўнг ёнбошларига суяниб, ўнг қўлларини яноқларига қўйдилар, йиғладилар. Мен кўз ёшларининг ерни ҳўл қилиб юборганини кўрдим.

Кейин Билол келиб, у зотни намозга чақирди. У зотнинг йиғлаётганларини кўриб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ сизнинг аввалгию кейинги гуноҳларингизни кечган бўлса ҳам йиғлаяпсизми?» деди.

«Шукр қилувчи банда бўлмайинми?! Мен йиғламай, ким йиғласин! Ҳолбуки, бу кеча менга «Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ҳамда кеча-кундузнинг алмашиб туришида...» ояти нозил бўлди», дедилар».

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бошланган илк ваҳий уйқудаги солиҳ туш бўлди. Ул зот қандай туш кўрсалар, албатта, худди тонг ёруғидек аниқ ўнгидан келар эди.

Сўнгра у зотга холи қолиш маҳбуб бўлиб қолди. Ҳиро ғорида холи қолиб, аҳллари олдига тушишдан олдин бир неча кеча «таҳаннус» ибодати қилар эдилар. Яъни ўз аҳлига қайтишдан олдин бир неча кечани ибодат ила ўтказар эдилар. Бунинг учун зоди роҳила олар эдилар.

Сўнгра Хадижанинг олдига қайтиб, яна ўшанчага етарли зоди роҳила олар эдилар. Ул зотга ҳақ келгунича шундай бўлди. Ҳиро ғорида эканликларида фаришта келиб: «Ўқи!» деди.

«Мен ўқувчи эмасман», дедим. У мени тутиб, ўзига тортди. Ҳаттоки менга қийинлик етказди. Сўнгра мени қўйиб юборди ва: «Ўқи!» деди.

«Мен ўқувчи эмасман», дедим.

У мени иккинчи марта тутиб, ўзига тортди. Ҳаттоки менга қийинлик етказди. Сўнгра мени қўйиб юборди ва: «Ўқи!» деди.

«Мен ўқувчи эмасман», дедим.

У мени учинчи марта тутиб, ўзига тортди. Сўнгра мени қўйиб юборди ва:

«Ўқи! Яратган Роббинг номи билан. У инсонни алақдан яратди. Ўқи! Ва Роббинг энг карамлидир!» деди».

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша(оят)лар ила қалблари титраб-қақшаб қайтдилар ва Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳонинг олдига кирдилар ва: «Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар!» дедилар.

Бас, у зотдан қўрқинч кетгунча ўраб қўйдилар. Кейин у зот Хадижага хабарни айта туриб: «Ўзимга бир нарса бўлмаса эди деб қўрқдим», дедилар.

Шунда Хадижа: «Ундай эмас! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни ҳеч қачон шарманда қилмайди. Албатта, сиз силаи раҳм қилурсиз, заифга ёрдам берурсиз. Йўқсилларни қўллайсиз, меҳмонга зиёфат берасиз, ҳақ йўлда бошга тушган кулфатларда ёрдам берасиз», деди.

Сўнгра Хадижа у зотни олиб, Варақа ибн Навфал ибн Асад ибн Абдулуззо(Хадижанинг амакисининг ўғли)нинг олдига борди. У жоҳилият даврида насронийликка кирган одам эди. Иброний китоб ёзар эди. Инжилдан ибронийчасига Аллоҳ ёзишини хоҳлаганини ёзар эди. У кўзи ожиз бўлиб қолган қари чол эди.

Хадижа: «Эй амакимнинг ўғли! Биродарингизнинг ўғлини бир тингланг!» деди. Варақа у зотга: «Эй биродаримнинг ўғли, нима кўрмоқдасан?» деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари кўрган нарсанинг хабарини айтиб бердилар.

Варақа у зотга: «Бу Аллоҳ Мусога нозил қилган «Номус»дир. Эҳ! Қани энди, сени қавминг ҳайдаб чиқарганда бақувват бўлсам эди! Қани энди, тирик бўлсам эди!» деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мени улар ҳайдаб чиқарадиларми?!» дедилар.

«Ҳа! Қайси бир киши сен келтирган нарсани келтирса, душманликка учрайди. Сенинг ўша кунингга етсам, албатта, сенга қўлимдан келган ёрдамни бераман», деди.

Кўп ўтмай Варақа вафот этди. Ваҳий узилиб қолди».

Бухорий ривоят қилган.

Мусулмон уламоларимиз ҳам тафаккур ҳақида ажойиб фикрларни билдирганлар.

Имом Ғаззолий «Иҳё»да ёзади: «Луқмон ёлғиз ўзи узоқ ўтирар эди. Хизматкори унинг олдидан ўтаётиб: «Эй Луқмон! Ёлғиз ўзинг узундан-узоқ ўтирасан. Бундан кўра одамлар билан ўтирсанг яхшимасми?» дер эди.

«Узоқ вақт ёлғиз қолиш фикрлашга қулай, узоқ фикрлаш эса жаннат йўлининг кўрсаткичидир», дерди Луқмон».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Тафаккур ила ўқилган икки ракъат қисқа намоз тун бўйи фикрсиз бедор бўлгандан яхшидир».

Умар ибн Абдулазиз айтади: «Аллоҳ азза ва жалланинг неъматлари ҳақида фикр юритиш энг афзал ибодатдир» (4-жуз, 224-225-бетлар).

Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади: «Бир соат тафаккур қилиш бир кечани бедор ўтказишдан яхшидир» (242-бет).

Имом Жалолиддин Суютий «Ад-Дуррул Мансур» тафсирларида қуйидагиларни ёзадилар:

«Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қурайшликлар яҳудийларга бориб: «Сизларга Мусо келтирган мўъжиза нима?» дедилар.

«Асо ва назар солувчиларга оппоқ бўлиб кўринадиган қўли», дейишди.

Насороларга бориб: «Ичингизда у қандай бўлган эди?» деб сўрадилар.

«Туғма кўр ва песни тузатар ҳамда ўликни тирилтирар эди», дейишди.

Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Роббингга дуо қил. Бизга Сафони тилла қилиб берсин», дейишди.

Бас, у зот дуо қилдилар ва «Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ҳамда кеча-кундузнинг алмашиб туришида ақл эгалари учун оят(белги)лар бор» ояти нозил бўлди.

Бас, улар ана шу ҳақда тафаккур қилсинлар» (2-жуз, 407-бет).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Барча нарсалар ҳақида тафаккур қилинг. Фақат Аллоҳнинг зоти ҳақида тафаккур қилманг» (409-бет).

Вакийъ ибн Жарроҳнинг «Зуҳд» китобида шундай дейилади:

«Абдуллоҳ ибн Утбадан ривоят қилинади:

«Умму Дардодан: «Абу Дардонинг афзал ибодати нима эди?» деб сўрадим.

«Тафаккур ва эътибор эди», деб жавоб берди» (474-бет).

Имом Жалолиддин Суютий «Ад-Дуррул Мансур» тафсирларида қуйидагиларни ёзади:

«Омир ибн Абду Қайсдан ривоят қилинади: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир неча саҳобаларидан: «Иймоннинг зиёси ёки иймоннинг нури тафаккурдир», дейишганини эшитдим» (2-жуз, 409-бет).

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исиғфор арабча сўз бўлиб, она тилимизга таржима қилганда Aллоҳдан гуноҳларни кечиришини сўраш деган маънони билдиради. Aстағфируллоҳ дегани Aллоҳдан гуноҳларимни давоми...

2518 19:00 / 05.07.2022
Шайх, доктор Нуриддин Итр раҳимаҳуллоҳ дедилар.Ҳар бир салоҳият соҳибини, хоссатан, ҳадис илмлари талабаларини компьютерни барча имкониятлари билан мукаммал давоми...

1460 11:00 / 06.10.2021
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан бир сафарга чиқдилар. Кечаси бир кишининг маконига етиб бордилар. У ўзининг ҳовузининг олдида ўтирган эди. давоми...

2738 09:32 / 06.01.2022
Шаръий узрларАвратга қарашни мубоҳ қилувчи узрлар ўнтадир.1.Бирор кимсанинг зиёнига гувоҳлик қилмоқ ниятида. Масалан зино қилувчиларни шахсини билиб олиш учун, давоми...

4046 11:43 / 29.09.2020