Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (87-дарс). Аллоҳни жаннатда кўришга иймон

13:10 / 25.05.2020 8061 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Аҳли жаннат учун (Аллоҳни) кўриш ҳақдир. У кўриш иҳотасиз ва кайфиятсиздир. Худди Роббимиз Китоби нутқ қилганидекдир: «У Кунда яшнар юзлар бор – «Қийама»ўз Роббига назар солувчилар» (Қиёмат сураси, 22-23-оятлар). Бунинг тафсири Аллоҳ таоло ирода қилганидек ва билганидекдир. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган барча нарса у зот айтганларидекдир. Унинг маъноси у киши ирода қилганларидекдир. Бу борада ўзимизча таъвил қилишга киришмаймиз ва ҳавойи нафсимизга биноан асоссиз гумонлар қилмаймиз. Чунки инсон Аллоҳга ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга таслим бўлмагунича ва ўзи учун иштибоҳли бўлган нарсани олимларга қайтармагунича, зинҳор динида саломат бўла олмайди.

Шарҳ: Ушбу бандда жаҳмия, мўътазилия ва уларга эргашган хавориж ва шийъаларга раддия бордир. Чунки улар Аллоҳ таолони жаннатда кўриш масаласида мусулмонлар жумҳурига хилоф қилганлар. Уларнинг бу ақийдалари Қуръон ва Суннат орқали мардуддир.

Аллоҳни жаннатда кўриш собитлигини саҳобалар, тобеъинлар, Ислом динидаги маъруф имомлар, аҳли ҳадислар ва Аҳли сунна вал жамоага мансуб барча қолган тоифалар тасдиқлаганлар. Бу масала ақийда бобидаги энг шарафли ва энг улуғ масалалардандир. Чунки унинг мавзуси – Аллоҳни жаннатда кўришдир, энг улуғ, энг шарафли ва энг лаззатли неъматдир.

Муаллифнинг «Аҳли жаннат учун (Аллоҳни) кўриш ҳақдир», деб аҳли жаннатни хослаб айтишидан улардан бошқалар кўрмаслиги келиб чиқади.

Шунингдек, оятда:

«Йўқ, албатта, ўша кунда улар ўз Роббларидан ҳижоблангандирлар» (Мутоффифун сураси, 15-оят) дейилишидан, Аллоҳ таоло кофирлардан ҳижобланиб олиб, уларга кўринмаслиги ҳамда мўминлар билан Аллоҳ ўртасида ҳижоб бўлмаслиги келиб чиқади.

Муаллифнинг «У кўриш иҳотасиз ва кайфиятсиздир», дейиши Аллоҳ таолонинг улуғлиги ва гўзаллиги камолидан, уни кўзлар кўрса ҳам, иҳота қила олмаслигини билдиради. Худди бир нарсани билинади-ю, аммо уни илм билан иҳота қилиб бўлмаганидек. Киши ақл кўзи билан Аллоҳни иҳота қилиб билмаганидек, очиқ кўзи билан ҳам кўриб, иҳота қила олмайди.

Аллоҳ таоло:

«Уни илм ила иҳота қила олмайдилар», деган (Тоҳа сураси, 110-оят).

Муаллифнинг «Бу борада ўзимизча таъвил қилишга киришмаймиз ва ҳавойи нафсимизга биноан асоссиз таъвиллар қилмаймиз», дегани «Мўътазилийларга ўхшаб кўриш ҳақида Қуръон ва Суннатда келган далилларни ўз фикримизча таъвил қилмаймиз ва турли асоссиз гумонларни айтмаймиз», деганидир. Чунки энг тўғри таъвил Суннатда келган нарсага мувофиқ таъвилдир. Бузуқ таъвил эса Суннатга хилоф таъвилдир.

«Таъвил» гапирувчининг ирода қилган нарсаси ҳақида хабар беришдир. У кўчирма гап эмасдир. Бузуқ таъвил қилувчи эса Аллоҳга ва Унинг Расулига нисбатан ёлғон тўқувчидир.

Аллоҳ таоло:

«Аллоҳга ёлғон тўқигандан ҳам золимроқ кимса борми?!» деган (Софф сураси, 7-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким менга қасддан ёлғон гапирса, дўзахдан ўзига ўрин тайёрлайверсин», деганлар.

«Таъвил қилувчи кофир бўлмайди», деган гапга келсак, бунда тўғри таъвил ва диндаги зарурий бўлмаган нарсадаги таъвил кўзда тутилган.

Каломни гапнинг бориши далолат қилмайдиган равишда, маъно ишора қилмайдиган равишда, суннатда келган нарсага хилоф равишда таъвил қилиш эса ҳавойи нафсига мос гумон қилиш бўлади.

Ҳақиқатни айтганда, ашаддий низочи далилнинг лафзи ва матнини инкор қилишдан ожиз бўлганида, маъносини инкор қилишга ўтади ва: «Менимча, бунинг маъноси ундоқ бўлса керак», дейди.

Муаллифнинг «Чунки инсон Аллоҳга ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга таслим бўлмагунича ва ўзи учун иштибоҳли бўлган нарсани олимларга қайтармагунича, зинҳор динида саломат бўла олмайди», дегани «Ҳеч ким Аллоҳнинг Китоби ва Унинг Расулининг суннатига таслим бўлиб, бўйин эгмагунча, уларга шак келтириб, эътироз қилишдан ва фосид таъвиллар қилишдан сақланмагунча, динида саломат бўла олмайди», деганидир.

Баъзиларнинг «Ақл нақлнинг аслидир, агар нақл ақлга тўғри келмаса, ақлнинг айтганини қиламиз», дейишлари шунга ўхшайди. Чунки нақл собит ва саҳиҳ бўлса, ақлнинг далолат қилгани жаҳлдир.

Вожиб шулки, Аллоҳ таолонинг Китобига ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига комил таслим бўлиб, уларга бўйсунмоқ, икковларининг хабарини тасдиқ ила қабул қилмоқ, ботил хаёлимиздаги нарсани ақл деб, уларга эътироз қилмаслигимиз керак. Бас, юборилган Расулни ҳукмларини қабул қилишда, таслим бўлишда, бўйсунишда, итоат қилишда ва ортидан эргашишда танҳо зот деб қабул қилишимиз лозим. Расул юборувчи Зот – Аллоҳ таолони эса ибодатда, хушуъ-хузуъда, тавбада ва таваккулда танҳо Зот деб қабул қилмоғимиз шарт.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларини бажариш, хабарларини тасдиқлаш учун аввал шайхга, имомга, мазҳаб бошига, тоифага ёки одамлар наздида улуғ ҳисобланган қандайдир шахснинг гапига солиштириб, агар изн берсалар, қабул қилиб, изн бермасалар, тарк этиб ёки бузуқ таъвил қилиб, ўша шайх ва имом ёки бошқаларнинг гапига мос қилиш каломни ўз маъносидан бузишдир. Бу ширкдан кейинги энг катта гуноҳдир.

Аксинча, мўмин киши ўзига саҳиҳ ҳадис етган чоғда, уни худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан эшитгандек қабул қилмоғи лозим. Айтинг-чи, мўмин киши учун ўша ҳадисни қабул қилишни ва унга амал қилишни «Олдин фалончининг фикрига, каломига ва мазҳабига солиштириб кўраман», деб ортга суриш тўғри келадими?! Йўқ. Албатта, ҳеч кимга қарамасдан қабул этиб, амал қилмоққа шошилиш лозим.

Аҳли жаннатнинг Аллоҳни кўришига далиллардан биринчиси:

«У Кунда яшнар юзлар бор – ўз Роббига назар солувчилар» (Қиёмат сураси, 22-23-оятлар) оятидир.

Ким ушбу оятни «таъвил» номи билан бузадиган бўлса, унинг учун охират, жаннат, дўзах, ҳисоб ҳақидаги оят ва ҳадисларни таъвил қилиш жуда ҳам осондир. Оят ва ҳадисларни таъвил қилувчи ва бузувчи ҳар бир бузғунчи ушбу оятни таъвил қилувчининг фосид услубидан ва касодли узридан фойдаланади. Тўғри таъвил билан нотўғри таъвил орасидаги фарқ ҳақида юқорида гапириб ўтганмиз.

Ушбу таъвилга ўхшаш нарсалар дину дунёни бузгандир. Яҳудий ва насоролар Таврот ва Инжилга нисбатан шундай қилишган. Аллоҳ таоло бизларни уларга ўхшаган нарсани қилишдан ҳазир бўлишга чақирган.

Ботилчилар эса фақат уларнинг йўлидан юришни хоҳладилар. Бузуқ таъвил динга ва унинг аҳлига қанчадан-қанча жиноятлар қилди: ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу бузуқ таъвил туфайлигина ўлдирилдилар. Шунингдек, Жамал куни, Сиффийнда, Ҳусайннинг ўлдирилишида, Ҳаррада бўлган ишлар ҳам бузуқ таъвил туфайли бўлди.* Хавориж, мўътазилия, рофиза каби фосид мазҳабларнинг чиқиши ҳам, умматнинг етмиш учга бўлиниши ҳам фосид таъвил туфайли бўлган. («Шарҳи «Ақийдатут-Таҳовия», 204-с.)

Ҳеч шак-шубҳа йўқки, ушбу оятда назарнинг юзга ифода қилиниши, сўнгра «илаа» ҳарфининг келтирилиши Аллоҳ таоло инсон юзидаги кўз билан Ўзига назар солишни ирода қилганига очиқ-ойдин далилдир. Бундан бошқа ҳеч қандай маъно бўлиши мумкин эмас.

Ушбу оятни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Ибн Аббос, Ҳасан Басрий, Икрима ва Аҳли сунна вал жамоа тафсирчилари худди шундай тафсир қилганлар.

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу дунёда тўплаган барча нарсасини инсон ўзидан кейин шу дунёда қолдиради. Ҳеч кимса, хаттоки унинг оила аъзолари, қариндошлари, дўстлари ва бу дунёда унинг давоми...

9261 16:31 / 02.08.2017
.Сизга баён қилишимиз учун,. Яъни сизга қудратимиз қанчалик эканини баён қилиш учун сизни яратдик. .Ва бачадонларда хоҳлаган нарсамизни маълум муддатгача қарор давоми...

2472 19:00 / 19.06.2023
Ва баъсга ўлгандан сўнг қайта тирилишга, қиёмат куни амалларнинг жазо ва мукофоти берилишига, арзга, ҳисобга, китобни ўқишга, савобга ва иқобга, сирот ва мезонга давоми...

7867 18:23 / 02.12.2016
Ҳеч шакшубҳа йўқки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таслим бўлмаган одамнинг тавҳиди нуқсонга учрайди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

3093 13:49 / 15.06.2020
Аудиолар

135057 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55333 14:35 / 11.08.2021