1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Ҳайит одоблари

04:38 / 24.05.2020 4720 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бу йилги Рамазон ойи Юртимиз мусулмонлари учун ўзгача бир тароватда ўтди. Ватанимиз тинч, осуда. Халқимиз ибодатларни бемалол адо этиб келмоқда. Исхлосли мўмин-мусулмонларимиз кундузлари рўза тутиб, кечалари масжидларда таровеҳ намозларида, хатми Қуръонларда иштирок этиб, Яратгандан юрт-элимиз тинчлиги, ободлигини сўраб дуою илтижолар қилдилар. Буларнинг ҳаммаси, умид қиламизки, азиз Ватанимиз осудалиги ва жонажон халқимиз ҳаётининг фаровонлигига сабаб бўлади, албатта.

Рамазон ойининг, бу йилгидек, ёзнинг энг иссиқ ва узун кунларига тўғри келиши, аслида, рўза тутишни бироз қийинлаштирса-да, рўзадорларнинг ўзгача шавқу завқ билан, рўзанинг машаққатидан малолланмай, аксинча кўтаринги кайфиятда юрганларини кўриб, беихтиёр қувонасан киши. Зотан, ибодат қанчалар машаққатли кечса, унинг ажру мукофоти ва инсон руҳи, маънавияти учун манфаати шунча зиёда бўлади, деб бежиз айтилмаган.

Рамазон ойи охирлар экан, муҳаддисларимиз ривоят қилган бир ҳадиси шарифни эслаб, қалбларимиз шодлик ва умидга тўлади:

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади», дедилар. Улар: «Эй Аллоҳнинг  Расули, у Қадр кечасими?», деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади», дедилар. Имом Аҳмад ривоят қилган.

Имом Абу Довуд Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ таоло сизларга Рамазон ойи рўзасини фарз қилди. Мен сизларга унинг кечаларини қоим қилишни суннат қилдим. Ким унинг рўзасини тутса ва кечаларини қоим қилса, гуноҳларидан онаси туққан кунгидек фориғ бўлади», деганлар».

Гуноҳ қилмаган ким бор?! Гуноҳининг ювилишини истамаган ким бор?! Инсон ўзи учун чексиз манфаатлар гарови бўлган ибодатни адо этиши баробарида, сон-саноқсиз гуноҳлардан покланиб, қалб сокинлигига эришиши қандай ҳам яхши! Рамазон ойи гуноҳлардан қутулиш учун ана шундай энг зўр имконият мавсумидир.

Шу билан бирга, Рамазон ойидан чиқар эканмиз, ўзимизга бир назар ташлаб кўришимиз ҳам даркор. Қани, ибодатларимиз яхшиландими? Тақволаримиз зиёда бўлдими? Гуноҳлардан ҳақийқатда тўхтала олдикмикин? Зотан, гуноҳ кечирилганлигининг аломати ўша гуноҳдан тийилишдир, дейди уламоларимиз. Агар рўзадан кўзланган мақсадга эриша олмаган бўлсак, Аллоҳ асрасин, иш чатоқ бўлади.

Имом Бухорий ва бошқа муҳаддисларимиз Абу Ҳурайра ва Анас ибн Молик розияллоҳу анҳумолардан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга кўтарилдилар-да, «Омийн», дедилар. Кейинг иккинчисига кўтарилдилар-да, «Омийн», дедилар. Сўнг тик турдилар-да, «Омийн», дедилар. Шунда у зотнинг асҳоблари: «Нимага «Омийн» дедингиз, эй Аллоҳнинг Расули?» дейшди. У зот дедилар: 

«Жаброил алайҳиссалом келиб, менга: «Эй Муҳаммад, ҳузурида сиз зикр қилсангиз-у, сизга соловат айтмаган кишининг бурни ерга ишқалсин», – деди. Мен: «Омийн», – дедим. Кейин: «Ота-онасини ёки улардан бирини топган, бироқ улар уни жаннатга киргиза олмаган кишининг бурни ерга ишқалсин», – деди. Мен: «Омийн», – дедим. Сўнг: «Рамазон ойини топиб, мағфират қилингмаган кишининг бурни ерга ишқалсин», – деди. Мен: «Омийн», – дедим».

«Бурни ерга ишқалсин», деган сўз арабларда «хор бўлсин, юзтубан бўлсин» деган маънода ишлатилади.

Демак, Рамазон ойидан унумли фойдалана олмаган, унда гуноҳлардан фориғ бўла олмаган кишининг ҳолига вой экан. Чунки Аллоҳ таолонинг энг муқарраб фариштаси шундай деб дуо қилган экан ва бу дуога Роббулоламийннинг энг суюкли Расули, охир замон Пайғамбари «Омийн» деган экан. Бундай дуонинг ижобат бўлишида шубҳа бўлиши мумкин эмас. Мана шу ҳақийқатларни доимо ёдда тутишимиз лозим.

Шу боис, баъзи салафи солиҳларни ҳайит кунлари маҳзун кўриб, асҳоблари улардан: «Нега маҳзунсиз, ахир бугун шодлик, хурсандчилик куни-ку?», деб сўрашганда, улар: «Тўғри, сиз ҳақсиз, лекин менга Роббим бир ишни – рўза тутишни амр қилган эди, мен уни бажардим, аммо у қабул бўлдими ёки бўлмадими, билмайман», деб жавоб берган эканлар.

Рўза улуғ ибодат, агар бироз фикр юритсак, унинг қанчалар буюк ва мукаммал эканини англаб олишимиз мумкин.  Рўзадор бир ой давомида куни билан ўзини еб-ичишдан тияди, ҳатто бир қултум сув ҳам ичмайди. Шунингдек, эр-хотинлик муносабатларидан ҳам ўзини четда тутади. Ҳар қанча кун узун бўлмасин, ҳар қанча ҳаво иссиқ бўлмасин, ўз устидан ўзи назоратчи бўлиб, ҳеч ким кўрмайдиган ўринларда ҳам мазкур нарсалардан сақланади. Бу билан у жисмини ҳам, руҳини ҳам поклайди, нафсини тарбия қилади. Асли ҳалол бўлган нарсалардан маълум муддат ўзини тия олган киши йил бўйи ҳаром нарсалардан ўзини сақлашликка етарли малака ҳосил қилади. Рўза тутган кишининг ўзига бўлган ишончи ортади, иродаси мустаҳкамлашади, сабр-бардоши қатъийлашади ва бошқа кўплаб фазилатларга эга бўлади.

Ана шундай буюк ва машаққатли ибодатни эсон-омон адо этиб, унинг беқиёс фойдаларини қўлга киритиш бахтига мушарраф бўлганликлари шукрона ва шарафига мўмин-мусулмонлар Рамазон ойи тугаган куннинг эртасига, Шаввол ойининг биринчи кунини байрам қиладилар. Исломда бу байрам ўзига хос услубда ўтказилади.

Ушбу биз «Рамазон ҳайити» деб номлайдиган кун диний манбаъларимизда «Ийд ал-Фитр» деб юритилади. «Ийд» сўзи араб тилида «қайта-қайта такрорланиш», «фойда-манфаат» маъноларини билдиради. Ҳайит куни ҳар йили такрор, қайта-қайта келгани ва унда Аллоҳнинг неъматлари бандаларига сероб бўлгани учун уни «ийд» деб номланган. «Фитр» эса «оғиз очиш», «таомланишни бошлаш» деган маъноларни англатади. Демак, «Ийд ал-Фитр» рўзадан чиқиб, таомланишга ўтиш куни деганидир.

Тилшунос мутахассисларнинг таъкидлашларича, «ҳайит» сўзи ҳам асли «ийд» сўзидан олинган экан. («Ўзбек тилининг изоҳли луғати», 676-бет. Москва. 1981 йил.). Ўғузлар (қадимги турклар) айрим ҳолларда сўз бошидаги унли олдига «ҳ» қўшиб талаффуз қилишган экан. («Девону луғатит турк», 135-бет. Маҳмуд Қашғарий. Тошкент. 1961 йил. Ўз.ССР Фанлар Академияси нашрёти.) Ана шундоқ қилиб, «ийд» сўзи бизда кейинчалик «ҳайит» шаклини олган экан.

Халқимиз қадимдан, Ислом дини билан мушарраф бўлган кундан бошлаб «Ийд ал-Фитр» кунини тантанали равишда байрам қилиб нишонлаб келган.  Ийд намозини ўқиш учун бутун шаҳар аҳли бир намозгоҳга йиғилган. Намоздан сўнг бева-бечоралар ҳолидан хабар олиш, фақиру камбағалларга моддий ёрдам кўрсатиш, болаларга ҳайитллик совғалари улашиш халқимиз ичида анъанага айланган.

Шўролар даврида халқимиз бошқа кўплаб қадрятлари қатори ҳайит кунларини расман байрам қилиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинган эди. Юртимиз ўз мустақиллигини эълон қилган кундан бошлаб кўплаб миллий-дийни қадрятларимиз қайта тикланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рўза ҳайитини дам олиш куни деб эълон қилиш тўғрисида”ги 1992 йил 27 мартдаги ПФ-368-сон Фармони юртимиз мусулмонлари учун тарихий воқеа бўлди.

Шундай бўлса-да, ҳали-ҳануз кўпчилик одамларимиз ушбу куннинг келиб чиқиши, мўин-мусулмон шахс учун аҳамияти, ҳаётимизда тутган ўрни ҳақида етарли маълумотга эга эмас. Уни айрим кишилар оддий бир урф-одат деб тушуниши ҳам сир эмас. Ана шу жиҳатларни эътиборга олиб, сиз азизларга ушбу муборак куннинг келиб чиқиш тарихи, унга доир одоб ва аҳкомлар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтишни мақсадга мувофиқ деб топдик.

Исломнинг аввалида Рамазон рўзаси ҳам, Рамазон ҳайити ҳам бўлмаган. Зотан, бу каби аҳкомлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар Макка шаҳридан Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганларидан кейин бирн-кетин жорий қилинган. Ҳижратнинг иккинчи йили Рамазон рўзаси фарз қилинди ва мана шу йили 29 Рамазон куни рўза ибодатининг тантанаси ўлароқ Рамазон ҳайити Аллоҳ таоло томонидан мусулмонлар учун байрам қилиб берилди. Бу ҳақда муҳаддисларимиз қуйидагиларни келтирадилар:

عَنْ أَنَسٍ t قَالَ: قَدِمَ رَسُولُ اللهِ r الْمَدِينَةَ وَلَهُمْ يَوْمَانِ يَلْعَبُونَ فِيهِمَا فَقَالَ: مَا هَذَانِ الْيَوْمَانِ؟ قَالُوا: كُنَّا نَلْعَبُ فِيهِمَا فِي الْجَاهِلِيَّةِ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ r: إِنَّ اللهَ قَدْ أَبْدَلَكُمْ بِهِمَا خَيْرًا مِنْهُمَا يَوْمَ اْلأَضْحَى وَيَوْمَ الْفِطْرِ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, у (Мадиналик)ларнинг икки куни бўлиб, улар ўша кунларида ўйин-кулги қилшар эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу икки кун қандоқ кун?», – деб сўрадилар. Улар:

«Биз жоҳилиятда шу кунларда ўйин-кулги қилар эдик», – дейишди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ сизларга у иккиси ўрнига улардан кўра яхшироқ –  Азҳо ва Фитр кунларини берди», – дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилган.

Азҳо – Қурбон ҳайити, Фитр – Рамазон ҳайитини билдиради.

Демак, бу икки ҳайит кунларини сиз билан биз мўмин-мусулмонларга бевосита Аллоҳ таолонинг Ўзи байрам қилиб берган экан. Уларни одамлар ўзлари ўйлаб топган ёки олимлар жорий қилган эмас, балки илоҳий ирода шуни ихтиёр қилган экан. Ана шу эътибордан, ушбу кунларни байрам қилишнинг ўзи алоҳида ибодат ҳисобланади.

Мадина аҳли Исломдан олдин йилнинг иккита кунини – баҳорда шамсий йилнинг бошланиш кунини, кузда Меҳрижон кунини байрам қилишар эди. Ўша кунларни улар турли ўйин-кулгилар билан ўтказишар эди. Аллоҳ таоло уларга ўша икки куннинг ўрнига бошқа икки кунни байрам қилиб нишоллашни Ислом шариатида жорий қилиб берди. Шундай қилиб, Ислом аркон – асосларидан ҳисобланган икки буюк ибодат – рўза ва ҳаж ибодатларининг якуни мусулмонлар учун энг улуғ байрам этиб тайинланди.

Ана шундан буён мўмин-мусулмонлар бу кунларни байрам қилиб келадилар. Уларни ўзига хос гўзал суратда, ибодат, хайру саховатлар билан, ахлоқ-одоб меъёрлари асосида нишонлайдилар. Бу кунлар доимо эзгулик, хайру барака, меҳр-оқибат рамзи ҳисобланиб келган.

Диний манбаъларимизда ҳайит кунларига доир одоб ва аҳкомлар батафсил баён қилинган. Биз ҳозир фақат Рамазон ҳайитига тегишли одоб ва аҳкомлар ҳақида сўз юритамиз.

Рамазон ҳайити кунига эсон-омон етиб келган ҳар бир мусулмон киши қуйидаги амалларни бажаради:

1. Ийд кечасини ибодат билан ўтказиш.Ийдга ўтар кечанинг ҳам ўзига яраша фазилати бор. Уни бутунлай ёки бир қисмини, хусусан кечасининг учинчи қисмини Қуръон тиловати, зикр, тасбиҳ ва нафл намозлар билан бедор ўтказиш кўплаб яхшиликларга, улкан савобларга сабаб бўлади.

عَنْ أَبِي أُمَامَةَ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : «مَنْ قَامَ لَيْلَتَيِ الْعِيدَيْنِ مُحْتَسِبًا لِلَّهِ ، لَمْ يَمُتْ قَلْبُهُ يَوْمَ تَمُوتُ الْقُلُوبُ». رواه ابن ماجه والطبراني.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким икки ийд кечаларини Аллоҳдан савоб умидида қоим қилса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмас», – дедилар».

Ибн Можа ва Тобароний ривоят қилган.

2. Ҳайит намози учун ғусл қилиш. Ислом поклик дини. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир ҳадисларида: «Поклик иймоннинг ярмидир», деганлар. Хусусан, мана шундай ибодатлар олдидан, кўпчилик жамоат тўпланадиган жойларга боришдан олдин ғусл қилиш динимизда алоҳида таъкидланган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни ғусл қилар эканлар.

عَنِ الْفَاكِهِ بْنِ سَعْدٍ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ r كَانَ يَغْتَسِلُ يَوْمَ الْفِطْرِ وَيَوْمَ النَّحْرِ وَيَوْمَ عَرَفَةَ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ.

Фокиҳ ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр, Азҳо ва Арафа кунлари ғусл қилар эдилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

3. Тишларни мисвок ёки тиш пасталари ёрдамида тозалаб олиш. Тишни тоза тутишга Ислом диничалик эътибор берган бирорта дин ёки таълимот йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар умматимга машаққат бўлишидан қўрқмаганимда, уларни ҳар намоз олдидан мисвок қилишга буюрган бўлар эдим», деганлар. 

Шу боис, ҳар намоз олдидан мисвок қилиш суннат амал ҳисобланади. Ҳайит намози учун эса, бу нарса янада таъкидлироқдир.

4. Ийд учун ясаниш. Мусулмон киши ҳайитга энг яхши кийимларини кийиши, иложи бўлса, янги кийим сотиб олиши мустаҳаб. Бу ҳам бўлса, Аллоҳ байрам қилиб берган кунни нишонлаш, уни қадрлаш рамзи ҳисобланади. Бу иш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидандир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ийдда ҳибара чопон кияр эдилар».

«Ҳибара» – Яманнинг машҳур кийими.

Ўша даврда Яманда саноат ривожланган эди. Яман кийимлари энг яхши кийимлар ҳисобланарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жума ва икки ийд кунлари хутбага чиққанларида Ямандан келтирилган ҳибара деган чиройли тўнларини кийиб олардилар. Шунга биноан, ийдга энг яхши кийимларни кийиш мусулмонлар ичида кенг тарқалган. Саҳобаи киромлар ҳам ушбу суннатга доимо амал қилганлар. Халқимиз қадимдан ушбу суннатни гўзал тарзда амалга ошириб келган. Ҳайит арафаларида кийим-кечак бозорларимизда савдо-сотиқ қизғин авжига чиқиши ҳам шундан. Бу ишда Аллоҳ таоло берган неъматларга шукр қилиш бор.

Аммо шуни ҳам унутмаслик лозимки, аёлларнинг зийнатланишлари шариат доирасида ва маҳрамлар даврасида бўлиши керак.

5. Ҳушбўйлик суртиш. Бу ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан. Жамоатчилик жойга киришда хушбўйлик суртиб олиш юксак одоб намуларидан бири бўлиб, кўплаб ноқулайликларнинг олдини олади.

Юқорида ўтган одобларга эркагу аёл баробар амал қилиши лозим.

6. Намозга чиқишдан олдин бирор егулик тановул қилиб олиш. Рамазон ҳайитида, Қурбон ҳайитига акс ўлароқ, намозга чиқишдан олдин бирор нарса еб олиш ҳам Рамазон ҳайитининг одобларидан саналади. Бунда Фитр куни рўза тутишдан бўлган қайтариққа урғу бериш ва Рамазон рўзаси якун топганлигига эътиборни қаратиш бор. Ўша егулик қуруқ ёки ҳўл мева бўлгани яхши.

عَنْ أَنَسٍ t قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ r لاَ يَغْدُو يَوْمَ الْفِطْرِ حَتَّى يَأْكُلَ تَمَرَاتٍ وَيَأْكُلُهُنَّ وِتْرًا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни бир неча хурмо емасдан туриб чиқмас эдилар. Тоқ ер эдилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилган.

7. Фитр садақасини бериш. Фитр садақаси рўзага боғлиқ садақалардан бўлиб, ҳар бир жон учун икки кило буғдой қийматида берилади. Унинг миллий пул бирлигимизда қанчага тўғри келиши ҳар йили масжидларда эълон қилинади. Фитр садақасини бериш закотга қодир кишиларга вожиб, бошқаларга ихтиёрий ҳисобланади. У фақир, мискинларга берилади. Уни Рамазон ичида бериш ҳам жоиз, аммо афзали ҳайит намозга чиқишдан олдин беришдир.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ t قَالَ: فَرَضَ رَسُولُ اللهِ r زَكَاةَ الْفِطْرِ طُهْرَةً لِلصَّائِمِ مِنَ اللَّغْوِ وَالرَّفَثِ وَطُعْمَةً لِلْمَسَاكِينِ مَنْ أَدَّاهَا قَبْلَ الصَّلاَةِ فَهِيَ زَكَاةٌ مَقْبُولَةٌ وَمَنْ أَدَّاهَا بَعْدَ الصَّلاَةِ فَهِيَ صَدَقَةٌ مِنَ الصَّدَقَاتِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:     

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш ва мискинлар учун таомланиш бўлсин деб фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, у мақбул закот – покловчи садақа бўлур. Ким уни намоздан кейин адо қилса, садақалардан бир садақа бўлур».

8. Такбир айтиш. Такбир айтиш деганда, «Аллоҳу акбар», дейиш тушунилади.

Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини фарз қилганини айта туриб, жумладан шундай деган:

ﭽ ﯗ  ﯘ  ﯙ  ﯚ   ﯛ  ﯜ  ﯝ   ﯞ  ﯟ  ﯠ  ﯡ  ﯢ  ﯣ  ﯤ   ﯥ  ﭼ

«Аллоҳ сизларга осонликни истайди ва сизларга қийинликни истмайди. Саноғни мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун». (Бақара сураси, 185-оят).

Ояти каримадаги «Аллоҳни улуғлашингиз учун» деган сўзни аниқроқ айтадиган бўлсак, «Такбир айтишингиз учун» бўлади.

Демак, Аллоҳ таоло бу оятда мусулмонларга рўзани фарз қилиши, унда енгилликни жорий қилиши, рўзани фарз қилиш билан уммати Муҳаммадга осонликни ирода қилиши – буларнинг барча-барчасини «мусулмонлар такбир айтиши учун» қилганини таъкидламоқда.

Валийд ибн Муслим айтади: «Авзаъий ва Молик ибн Анасдан икки ҳайитда такбирни ошкор айтиш ҳақида сўрадим. Улар: «Ҳа, Абдуллоҳ ибн Умар Фитр куни имом чиққунича табирни ошкора айтиб турар эди», дедилар».

Ибн Абу Шайба имом Зуҳрийдан ривоят қилади:

«Одамлар манзилларидан чиққандан бошлаб, то номозгоҳгача, ҳатто имом чиқгунича такбир айтишар эди. Имом чиққач, жим бўлишар ва у табир айтганда такбир айтишар эди».

Такбирни тўлиқроқ айтмоқчи бўлган киши Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан нақл қилинган қуйидаги такбирни айтади: «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Лаа илааҳа иллаллоҳ! Валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Ва лиллааҳил ҳамд».

Маъноси: «Аллоҳ улуғдир! Аллоҳ улуғдир! Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ! Ва Аллоҳ улуғдир! Аллоҳ улуғдир! Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!».

Такбир Рамазон ойининг охирги куни қуёш ботгандан бошлаб, то ҳайит намози вақтига қадар айтилади.

9. Ҳайит намозига чиқиш. Ийд намози ҳар бир балоғатга етган, соғ-саломат мўмин-мусулмон эр кишига вожибдир. У, ҳайит кунги энг асосий, муҳим амал ҳисобланади. Ҳайит кунининг асосий фазилати ҳам Ийд намозини ўқиш билан рўёбга чиқади. Ийди Фитр намозининг вожиблигига Қуръон ва Суннатда далиллар мавжуд.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида Рамазон ҳақидаги ояти каримани қуйидаги жумлалар билан якунлаган:

ﭽ ﯟ  ﯠ  ﯡ  ﯢ  ﯣ  ﯤ   ﯥ  ﯦ  ﯧ  ﭼ

«Саноғни мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки, шукр қилсаларингиз». (185-оят).

 Ушбу оятдаги «Аллоҳни улуғлашингиз учун» иборасида ҳайит намозини ўқиш назарда тутилган, дейди уламоларимиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозини тарк қилмаганлар ва ҳатто узрли аёлларни ҳам, намоз ўқимасалар-да, намозгоҳга ҳозир бўлишга, аммо намозга қатнашмай бир четда туришга амр қилганлар. У зотдан кейин рошид халифалар, саҳобаи киромлар ва салафи солиҳларнинг барчаси Ийд намозига алоҳида аҳамият берганлар. Ислом уммати бугунга қадар Ҳайит намозларини қолдирмай адо этиб келмоқда.

Ийд намозининг вақти кун чиққандан тақрибан 15-20 дақийқа ўтгандан бошлаб, то аср вақтигачадир. Унинг қазоси йўқ, омма жамоат билан ўқиш шарт. Ийд уч кун давом этади.

Ийд намози икки ракъатдир. Унга азон ва иқома айтилмайди. Ҳанафий мазҳабига кўра, ҳар икки ракъатида қўшимча учтадан такбир айтилади ва ҳар такбир айтилганда, такбири таҳримадаги каби, қўллар қулоқ баробарига олиб келинади. Бу такбирлар биринчи ракъатда санодан кейин, иккинчи ракъатда замми сурадан сўнг, рукуъга кетишдан олдин айтилади.

Ийд намозининг биринчи ракъатига «Аълаа» сурасини, иккинчи ракъатга «Ғошия» сурасини замми сура қилиш мустаҳаб саналади.

عَنْ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ قَالَ: «كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقْرَأُ فِي الْعِيدَيْنِ وَفِي الْجُمُعَةِ بِسَبِّحِ اسْمَ رَبِّكَ الْأَعْلَى وَهَلْ أَتَاكَ حَدِيثُ الْغَاشِيَةِ». رواه مسلم.

Нуъман ибн Башийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайитда ва жумъада «Саббиҳисма Роббикал аълаа» ва «Ҳал атаака ҳадиисул Ғошийа»ни ўқир эдилар».

Муслим ривоят қилган.

Ийд намози ўқилгандан сўнг имом минбарга чиқиб хутба қилади. Ийд хутбасига ўтирган кишилар уни жим туриб тинглашлари вожиб.

Ийд намози Рамазон фазилатлари шукронасининг рамзидир, динимизнинг буюклиги ва олийжаноблигининг нишонасидир, мўмин-мусулмонларнинг Аллоҳга бўлган бандаликлари изҳоридир. Тўлиқ бир ойни кундузларини рўза тутиб, кечаларини қўлдан келганича ибодатлар билан ўтказиб, яна ўша ибодатларининг қабул этилишини Аллоҳдан  сўраб, жамоат бўлиб, биргаликда намоз ўқиш, ҳақиқатан, ана шундай юксак маънолар касб этади.

Ҳайит намозига тўпланган жамоатга Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилади, Аллоҳ уларнинг гуноҳларини кечиради, дуоларини қабул қилади.

Ибн Ҳиббон ва Имом Байҳақийлар Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, у киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазон ойи фазилатлари ҳақида гапира туриб, жумладан қуйидагиларни айтганларини эшитган эканлар:

«Фитр кечаси бўлганда бу кеча «Мукофот кечаси» деб номланади. Фитр куни бўлганда Аллоҳ азза важалла фаришталарни шаҳарларга юборади, улар ерга тушадилар ва кўчаларнинг оғзида туриб олиб, инсон ва жиндан бошқа барча Аллоҳ азза важалла яратган нарсалар эшитадиган овозда нидо қилиб: «Эй уммати Муҳаммад, кўп савоб берадиган ва катта гуноҳларни мағфират қиладиган карамли Роббингиз томон чиқинг», дейдилар. Қачонки улар намозгоҳларига чиққанларида, Аллоҳ азза важалла: «Эй фаришталарим, ижарага ёлланган кишининг ишини бажаргандаги мукофоти нимадир?», дейди. Улар: «Илоҳимиз, Хожамиз, унинг мукофоти ҳақини тўлиқ берилишидир», дейдилар. Шунда Аллоҳ: «Мен сизларни гувоҳ қиламанки, эй фаришталарим, албатта Мен уларнинг Рамазон ойининг рўзасини тутганлари ва кечаларини қойим қилганлари савобини Ўзимнинг розилигим ва мағфиратим қилдим», дейди».

Бошқа бир ривоятда келишича, мўмин-мусулмонлар Рамазон ойи рўзасини адо этиб, намозгоҳга чиққанларида, Аллоҳ таоло: «Эй фаришталарим, ҳар бир ишчи ўз ҳақини талаб қилади, мен уларни мағфират қилдим», дейди. Шунда бир нидо қилувчи: «Эй уммати Муҳаммад, манзилларингизга қайтинглар, батаҳқиқ, гуноҳларингиз ҳасанотларга алиштирилди», деб нидо қилади. Шунда Аллоҳ таоло: «Эй бандаларим, Менинг учун рўза туттинглар, Менинг учун оғиз очдинглар, бас, мағфират қилинган ҳолда ўринларингиздан туринглар», дейди.

Мазкур ажр ва мукофотларнинг ҳеч қандай муболағали жойи йўқ, булар Аллоҳга осон, У Зотнинг фазлу марҳамати чексиз. Фақат, ушбу фазийлатларга эга бўлиш учун, сиз билан биз ушбу савобларни умид қилган ҳолда, чин ихлос билан Ийд намозига қатнашишимиз лозим.

Ийд намозини ўқишда, умуман, Ийд кунини байрам қилишда оддий урф-одат ёки қандайдир кўникма маъносида эмас, балки, Аллоҳдан савоб умидида, ваъда қилинган яхшиликларни қасд қилган ҳолда, иймону ихлос билан бўлишимиз, ана шу руҳда иш тутишимиз даркор. Ана шунда кўзлаган мақсадга ета оламиз.

10. Ийд намозига эртароқ, пиёда, виқор билан, такбир айтган ҳолда бориш. Намозга қанча эрта бориб, қанча кўп интизор бўлинса, савоби шунча кўп бўлади. Агар йўл узоқ бўлмаса, имкони бор киши пиёда боргани яхши.

Имом Термизий қилган ривоятда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу:

«Ийдга пиёда чиқиш суннатдир», деганлар.

11. Ҳайит намозга бир йўл билан бориб, бошқасидан қайтиш. Бу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан ҳисобланади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ r إِذَا خَرَجَ يَوْمَ الْعِيدِ فِي طَرِيقٍ رَجَعَ فِي غَيْرِهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَالْبُخَارِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд куни бир йўл ила чиқсалар, бошқаси ила қайтар эдилар».

Термизий, Абу Довуд ва Бухорийлар ривоят қилган.

Уламоларимиз ушбу суннатнинг бир қанча ҳикматлари борлигини таъкидлаганлар. Жумладан, қилинган яхши амалга Қиёмат куни гувоҳлик берадиган нарсаларни кўпайтириш, зеро, ер ўз устида қилинган яхшию ёмон амалларга гувоҳлик беради. Шунингдек, бунда ийдни олқишлаш, Исломнинг маконатини, баракасини кўрсатиш ҳам бор. Қолаверса, мусулмонларнинг кўпроқ қисмини ҳайит билан табриклаш, улардан ҳол сўраш учун ҳам борди-келди йўлни бошқа қилишнинг аҳамияти катта.

12. Хонадон аҳлига кенгчилик, серобчиликка шароит яратиш. Ҳайит кунлари оила ичида ҳам байрам кайфиятини тиклаш керак. Уйга қилинадиган харажатларни одатдагидан яхшироқ қилиш даркор. Иложи бўлса, уларга совға ва махсус ҳадялар улашилса, янада яхши бўлади. Бунда ҳадяларни қўни-қўшни ва бошқа мусулмонларга ҳам берилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : " تَهَادَوْا تَحَابُّوا " رواه البيهقي وغيره.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ўзаро ҳадя беришинглар, бир-бирингизга муҳаббатингиз бўлади», – деганлар».

Байҳақий ва бошқлар ривоят қилган.

13. Қариндош-уруғ, қўни-қўшниларни зиёрат қилиш, бева-бечораларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга хурсандчилик улашиш. Ҳайит муносабати билан устоз ва олим кишиларни зиёрат қилиш ҳам жуда катта савобли ишлардан ҳисобланади. Шунингдек, бемор кўриш, йўқсил, қамбағаллар ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳам ҳайитни нишонлашларига кўмаклашиш айни савоб иш бўлади.

Ҳайит кунлари сила раҳм қилиш, қариндош-уруғ, қуда-андаларни зиёрат қилиш ҳар қачонгидан ҳам кўра таъкидланган бўлиб, савоби кўпроқ бўлади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t عَنِ النَّبِىِّ r قَالَ: مَنْ سَرَّهُ أَنْ يُبْسَطَ لَهُ فِي رِزْقِهِ وَأَنْ يُنْسَأَ لَهُ فِي أَثَرِهِ فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ. رَوَاهُ الثَّلاَثَةُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимни ризқини кенгайтирилиши ва ажалини ортга сурилиши масрур қилса, қариндошларига силаи рақм қилсин», – дедилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Шунингдек, узоқлашиб кетган қариндошлар билан, айрим аразлашган дўст-яқинлар билан ҳайит баҳонасида алоқаларни тиклаш, ярашиб олиш лозим. Зеро, силаи раҳмни узган ёки мусулмон биродарига гина қилган кишиларга фазийлатли кунларнинг яхшилиги етмаслиги ҳақида ривоятлар бор. Шу боис, бунга жиддий қараш керак. Бундай ҳолатларда ҳайитликлар бериш ҳам орадаги кудуратни кўтарилишига сабаб бўлади.

Ибн Абуддунё «Макааримул ахлаақ» номли китобида қуйидаги ҳадисни келтиради:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ , قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : «تَهَادَوْا ، فَإِنَّ الْهَدَيَّةَ قَلَّتْ أَوْ كَثُرَتْ تَذْهَبُ بِالسَّخِيمَةِ وَتُورِثُ الْمَوَدَّةَ».

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳадялар беришинг, чунки ҳадя, оз бўлсин ё кўп бўлсин, кек-адоватни кетказади ва меҳр ўйғотади», – дедилар.

14. Болажонларга ҳайитлик бериш, уларга ушбу байрамнинг шукуҳини кўрсата билиш. Болаларга муносиб ҳадя ва совғалар улашилса, айни мақсадга мувофиқ бўлади. Фарзандларимиз йил давомида ҳайитни эслаб юрсин, уни орзиқиб кутсин, унинг буюклигини ҳис қила билсин, ана шунда яхши бўлади. Бу каби ишлар фарзандларимиз онгида миллий-диний қадрятларимизга нисбатан эҳтиром туйғусининг шаклланишига, уларнинг Ватан ва миллатга ҳақиқий садоқатли инсонлар бўлиб тарбия топишида муҳим аҳамият касб этади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир қавмнинг ўз байрами бор, бу (Ийд куни) бизнинг байрамимиздир», деганлар. Демак, биз бу кунларни ана шундай кўтаринги руҳда ўтказишмиз лозим.

15. Таниш-билиш, ёру дўст ва ҳар бир кўринган мусулмон кишини ҳайит билан табриклаб, уларга хурсандчилик ва шодлик изҳор қилиш. Ҳайит муносабати билан табриклаш жамиятда ака-укачилик, биродарлик ришталарини мустаҳкамлайди, мусулмонларнинг бир-бирларига бўлган муҳаббатларини зиёда қилади, ўзаро алоқаларини мустаҳкамлайди. Хусусан, берилган ва мактуб орқали келган табрикларга жавоб қайтаришни унутмаслик лозим. Саҳобаи киромлар ҳайит куни бир-бирлари билан учрашганларида «Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам яхши амалларимизни қабул айласин», деб қўйишар экан. Бундан ташқари, «Ҳайитингиз муборак», «Ҳайитингиз қутлуғ бўлсин» каби иборалар ҳам табриклашнинг бир кўринишидир.         

Табрик ва тилакларни изҳор қилишда замонавий имкониятлардан фойдаланилиш ҳам мумкин. Масалан, телефон қилиш ёки телефонда мактуб жўнатиш, электрон почта орқали ёзишмалар қилиш каби.

16. Ҳайит куни одоб доирасида, ҳаром ва манъ қилинган нарсаларни аралаштирмаган ҳолда айрим кўнгилхуши маъносидаги ўйин-кулгилар ҳам қилиш мумкин. Аждодларимиз бундан минг йиллар муқаддам ҳайит кунини «байрам» деб ҳам аташган экан. Бу сўзнинг асли «базрам» бўлиб, «ўйин-кулги қилинадиган, шодиёна кун» деган маънони англатар экан. Улар ҳайит кунлари ўйин-кулги қилиб, шодлик, хурсандчилик  изҳор қилиш жоизлигига далолат қилувчи шаръий маълумотлардан келиб чиқиб, ҳайит кунларини «байрам» деб аташган бўлса, ажаб эмас. Ўша маълумотлардан айримларини имом Бухорий ўз «Саҳиҳ»ларида келтирганлар:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: دَخَلَ أَبُو بَكْرٍ وَعِنْدِي جَارِيَتَانِ مِنْ جَوَارِي اْلأَنْصَارِ تُغَنِّيَانِ بِمَا تَقَاوَلَتِ اْلأَنْصَارُ يَوْمَ بُعَاثَ قَالَتْ: وَلَيْسَتَا بِمُغَنِّيَتَيْنِ فَقَالَ أَبُو بَكْرٍ: أَمَزَامِيرُ الشَّيْطَانِ فِي بَيْتِ رَسُولِ اللهِ r وَذَلِكَ فِي يَوْمِ عِيدٍ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ r: يَا أَبَا بَكْرٍ إِنَّ لِكُلِّ قَوْمٍ عِيدًا وَهَذَا عِيدُنَا. وَفِي رِوَايَةٍ: إِنَّ أَبَا بَكْرٍ دَخَلَ عَلَيْهَا وَعِنْدَهَا جَارِيَتَانِ فِي أَيَّامِ مِنًى تُغَنِّيَانِ وَتَضْرِبَانِ وَرَسُولُ اللهِ r مُسَجًّى بِثَوْبِهِ فَانْتَهَرَهُمَا أَبُو بَكْرٍ فَكَشَفَ رَسُولُ اللهِ عَنْهُ وَقَالَ: دَعْهُمَا يَا أَبَا بَكْرٍ فَإِنَّهَا أَيَّامُ عِيدٍ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Абу Бакр кирганида олдимда ансорийларнинг қизларидан икки қизча Буос куни ансорлар айтишган нарсани қўшиқ қилиб айтаётган эдилар. Икковлари қўшиқчи эмасдилар. Шунда Абу Бакр:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида шайтоннинг нағмаси бўлаяптими?!», – деди. Бу, ийд куни бўлганди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Абу Бакр, ҳар бир қавмнинг байрами бор. Бу бизнинг байрамимиздир», – дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Абу Бакр у(Оиша)нинг олдига Мино кунларида кирганида унинг ҳузурида икки қизча қўшиқ айтар ва дуфф (доира) чалар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ки­йимларига бурканиб ётар эдилар. Абу Бакр иккови(қиз)ни жиркиб тўхтатди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини очиб:

«Тек қўй уларни, эй Абу Бакр, бу кунлар ийд кунларидир», – дедилар», дейилган.

Икки шайх ва Насаий ривоят қилган.

Буос Мадина яқинидаги бир жойнинг номи бўлиб, у ерда Авс ва Хазраж қабилалари орасида қаттиқ уруш бўлган ва ўша кун «Буос куни» деб номланиб қолган. Арабларнинг одати бўйича, ўша Буос урушида икки тараф ҳам фахр маъносида, ўзларини шижоатлантириш учун турли мазмунда байтлар айтишган. Ўша байтлар одамлар орасида тарқаб, халқ қўшиғига айланиб кетган. Ушбу ривоятда айтилаётган икки қизча ҳам ўша байтларни қўшиқ қилиб айтишган экан. Бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ижозат берган эканлар.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ يَوْمَ عِيدٍ يَلْعَبُ السُّودَانُ بِالدَّرَقِ وَالْحِرَابِ فَإِمَّا سَأَلْتُ رَسُولَ اللهِ r وَإِمَّا قَالَ تَشْتَهِينَ تَنْظُرِينَ فَقُلْتُ: نَعَمْ فَأَقَامَنِي وَرَاءَهُ خَدِّي عَلَى خَدِّهِ وَهُوَ يَقُولُ: دُونَكُمْ يَا بَنِي أَرْفِدَةَ حَتَّى إِذَا مَلِلْتُ قَالَ: حَسْبُكِ قُلْتُ: نَعَمْ قَالَ: فَاذْهَبِي. وَفِي رِوَايَةٍ: جَاءَ حَبَشٌ يَزْفِنُونَ فِي يَوْمِ عِيدٍ فِي الْمَسْجِدِ فَدَعَانِي النَّبِيُّ r فَوَضَعْتُ رَأْسِي عَلَى مَنْكِبِهِ فَجَعَلْتُ أَنْظُرُ إِلَى لَعِبِهِمْ حَتَّى كُنْتُ أَنَا الَّذِي انْصَرَفْتُ عَنِ النَّظَرِ إِلَيْهِمْ. رَوَهُمَا الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Ийд куни эди. Қоралар қалқон ва найзаларни ўйнашар эди. Ёки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим, ёки у зот:

«Томоша қилишни хоҳлайсанми?», – дедилар. Мен:

«Ҳа», – дедим.

У киши мени орқаларига турғиздилар. Яноқим у зотнинг яноқларига тегиб турарди. У зот бўлсалар:

«Эй Бани Арфидалар, давом этаверинглар», – дердилар».

Ниҳоят, мен малолланганимда:

«Бўлдингми?», – дедилар.

«Ҳа», – дедим.

«Кетавер», – дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Ҳабашлар келиб, ийд куни масжидда сакраб рақс туша бошладилар. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени чақирдилар. Мен бошимни у зотнинг елкаларига қўйиб, уларнинг ўйинларига назар сола бошладим. Ниҳоят, ўзим уларга назар солишдан қайтдим», де­йилган.

Икки шайх ва Насаий ривоят қилган.

Демак, ҳайит кунлари зикр маъносидаги, яхшилик, шижоат, мардлик, халқсеарлик, ахлоқ-одобга тарғиб қиладиган қўшиқларни тинглаш ҳамда довюраклик, полвонлик ўйинларини томоша қилиш каби шариатда рухсат берилган ўйин-кулгилар билан машғул бўлиш ҳам жоиз экан. Бундай ишлар болаларни топқирликка, зийракликка ўргатадиган, кишиларни илм-маърифатини оширишга хизмат қиладиган турли тадбир, мусобақалар шаклида ўтказилса, янада яхши бўлади.

Мен ўзим мусулмон малакатларидан бирида хизмат сафарида бўлган чоғимда ана шундай тадбирларда иштирок этиб, уларнинг шариат асосларида ўтказилиши билан бирга, жуда ҳам кўнгилочар, хузурбахш бўлганини кўриб, қойил қолган эдим. Ўшанда биз билан бир нечта етук олимлари ҳам бирга қатнашишган эди.

Шунингдек, ҳайит кунлари адабий, илмий анжуманлар ўтказиш, маълум мақсадларга қаратилган байрам зиёфатлари уюштириш ҳам яхши натижалар беради.

Ҳайит кунига доир одоблар тўла-тўкис бўлиши учун, ушбу кунда қилиш дуруст бўлмаган айрим нарсалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш даркор. Ийд куни қуйидаги ишлардан сақланиш лозим:

1. Рўза тутиш. Ҳайит куни байрам бўлгани, ҳамма мусулмонлар турли услуб ва амаллар билан бу кунни нишонлаши эътиборидан, бу кунда рўза тутишдан қйтарилган.

عن أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نَهَى عَنْ صِيَامِ يَوْمَيْنِ يَوْمِ الْفِطْرِ وَيَوْمِ النَّحْرِ. رواه مسلم.

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки куннинг – Фитр куни ва Наҳр куни рўзасидан қайтардилар».

Муслим ривоят қилган.

Фитр куни – Рамазон ҳайити куни, Наҳр куни – Қурбон ҳайити кунидир.

2. Ийд намозидан олдин ёки кейин нафл ўқиш. Одатда Ийд намози кун ёйилиши билан ўқилгани боис, аслида ундан олдин намоз ўқиш ўзи шундоқ ҳам макруҳлиги ҳаммага маълум. Аммо Ийд намози агар кейинроқ ўқилган тақдирда ҳам ундан олдин намоз ўқиб бўлмайди. Шунингдек, Ийд намозидан сўнг ҳам намоз ўқилмайди.

عن ابن عباس أن النبي صلى الله عليه وسلم خرج يوم العيد فصلى ركعتين لم يصل قبلهما ولا بعدهما . رواه أبو داود.

Ибн аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ийд куни икки ракъат намоз ўқидилар, ундан олдин ҳам, ундан кейин ҳам намоз ўқимадилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

3. Гуноҳ содир қилиш. Ҳайит куни қилинган яхши амалларнинг савоби кўп бўлгани каби, бу кунда қилинган гуноҳларнинг иқоби ҳам қаттиқ бўлади. Шу боис, ҳайит экан деб, бўлар-бўлмас ишларни қилиб, шундай улуғ кунда гуноҳга ўтиб кетмаслик керак. Фисқ-фужурга, ахлоқсизликка ундайдиган, шаҳвоний ҳирсни қўзғайдиаган қўшиқ ва ўйин-кулгилардан эҳтиёт бўлиш лозим. Зеро, Исломда «байрам куни нима қилса бўлаверади» деган фасафа йўқ. Балки ҳар қандай шароитда ҳам эзгулик, яхшилик, Аллоҳ таолога итоат руҳида бўлиш таъкидланган.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ таолога осийлик қилмаган ҳар бир кунимиз биз учун ҳайитдир», деган эканлар.

4. Ҳайит кунлари аёлларнинг қабристонларга бориши яхши эмас. Динимизда айнан ҳайит куни қабристонга бориш ҳақида кўрсатмалар йўқ. Хусусан, айрим жойларда эркаклар Ийд намозидан қайтадиган вақтда аёлларнинг қабристонга қатнаши натижасида жуд ҳам кўп ноқулайликлар келиб чиқаётганига гувоҳ бўлганмиз.

Қабр зиёратига Ислом нуқтаи назаридан қараладиган бўлса, аввало қабрни ибрат учун, охиратни эслаш мақсадида зиёрат қилиниши лозимлиги таъкидланади. Шу боис, динимизда қабрларни зиёрат қилиш маълум кун ё соатга белгиланган эмас. Балки тез-тез, хусусан, қалб ғафлати ортганини сезган чоғда қабристонларни зиёрат қилиш тавсия этилади.

5. Ҳайит кунларини азага айлантириб олиш. Икки ийд кунлари мўмин-мусулмонларнинг энг улуғ байрамлари ҳисобланади. Диний манбаъларимизда бу кунларни хурсандчилик, шодлик руҳида, байрам кайфиятида ўтказилиши кераклиги таъкидланган. Аммо ҳайит кунлари фотиҳахонлик қилиш ҳақида кўрсатмалар йўқ. Бугунги кунда бу одат мусийбат аҳилларига ҳам кўплаб қийнчиликлар туғдираётгани ҳеч кимга сир эмас. Баъзан бу нарса азадорларнинг ярасини янгилаш, машаққатлари устига яна машаққат туғдириш бўлаётганининг ҳам гувоҳи бўлмоқдамиз. Шунинг учун ҳам уламоларимиз уч кундан кейин таъзия билдириш узоқдаги кишилар учун, бошқаларнинг мазкур муддатдан кейин таъзия билдириши мусийбатни янгилаш бўлади, бу эса мусийбат аҳлига оғир келади, кўзланган мақсадга зид иш бўлади, деб айтганлар.

Тўғри, мусийбатга учраган айрим кўнгил яқин кишиларни ҳайит муносабати билан йўқлаш мумкин. Аммо бу ҳам аза тутиш кайфиятида қилинмайди. Эҳтимол, ана шундай кўнгиловлаш шаклида йўлга қўйилган иш кейинчалик фотиҳахонликка айланиб кетгандир. Шу боис, ҳайит кунларини азага айлантириб олиш тўғри бўлмайди.

Ушбу кўрсатмалардан ҳам маълум бўладики, мусулмонларнинг байрам нишонлаши ўзига хос тарзда бўлади. Аввало улар ушбу кунларга етказганининг шукронаси маъносида Аллоҳ таолога бандалик изҳор қилишади – жамоат бўлиб, ҳамалари бир бўлиб намоз ўқишади, Аллоҳ таолога илтижолар қилишади, берган неъматлари учун У Зотга ҳаду шукрлар айтишади. Кейин бир-бирларини ҳайит билан қутлаб, зиёратлар қилишади. Бева-бечоралар, беморлар ҳолидан хабар олишади, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар билан ўзаро борди-келдилар қилишади. Ўйин-кулгиларини ҳам ахлоқ-одоб доирасида, Аллоҳ таолога осий бўлмаган ҳолда олиб боришади. Ана шундоқ қилиб, ҳайит кунларини фақат яхшилик билан, эзгу амаллар билан ўтказишади. Шунинг учун, уларнинг байрамларида турли тартибсизликлар, ҳар хил нохушликлар юз бермайди, балки ҳолатлари янада гўзаллашади. Зотан, мўмин банданинг ҳайити – Аллоҳга боғлиқлиги гўзал бўлган кунидир.

Динмизда ҳайит кунларини нишонлашга доир керакли таълимотлар батафсил баён қилинган. Биз уларнинг асосийлари билан бир қатор танишиб чиққан ҳам бўлдик. Мўмин-мусулмонлар ушбу кўрсатмаларга риоя қилишлари лозим. Уларнинг ҳайит кунларини қаршилашда бошқа халқларнинг байрам нишонлашдаги урф-одатларига тақлид қилишга ҳожатлари йўқ, бундай қилишлари дуруст ҳам эмас. Акс ҳолда, ахлоқ-одобга, шариъат кўрсатмаларига, Ислом ақийдаларига зид бўлган ҳолатлар юзага келиши мумкин.

Ийд кунлари Аллоҳ таоло улуғ қилган кунлардир, Исломнинг нишоналари, шиорларидандир. Бинобарин, уларни нишонлашда мана шу руҳ доимо балқиб туриши лозим.

Рамазон ҳайити байрамини мазкур одобларга риоя қилган ҳолда ўтказсак, ушбу улуғ кунни муносиб нишонлаган бўламиз, кўплаб яхшиликларга, ажру савобларга эга бўламиз, халқимиз орасида эзгулик, меҳр-оқибат бардавом бўлишига ҳисса қўшган бўламиз, энг муҳими, ушбу кунларни бизга байрам қилиб берган Роббимизнинг розилигига  мушарраф бўламиз. Сиз билан биз мусулмонларнинг бахтимиз шундаки, ушбу икки ҳайит кунларини байрам қилиб нишонлаш билан Аллоҳ таолога итоат қилган бўламиз, У Зотга ибодат қилган бўламиз, дунёу охират яхшилигига машарраф  бўламиз. Мана шу ҳақийқатни  утутмаслигимиз лозим.

Ҳаммалирингизга кириб келаётган Рамазон ҳайити муборак бўлсин!

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид        

2011.08.20

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Мавзуга оид мақолалар
Ўқилиши .Субҳаана зилмулки валмалакуут. Субҳаана зилъиззати валъазомати валқудроти валкибрийаа`и валжабаруут. Субҳааналмаликил ҳаййиллазии лаа янааму ва лаа давоми...

2150 21:00 / 30.03.2023
Агар Рамазонда фаҳш ва одобсиз нарсаларни кўрсатадиган каналлардан четланиб, бомдод намози ва ундан олдинги саҳарликка куч йиғишни ният қилиб ухласак, таҳорат давоми...

2031 05:09 / 19 март
Афсуски, кўплаб кишилар улуғ Рамазон ойини қадрига етмайдилар, уни ғанимат билмайдилар.Қанчадан қанча одамлар бу ойнинг кечаларини уйқуда, ғафлатда ўтказади давоми...

2280 11:00 / 19.04.2022
Қиёмул лайл ndash таҳажжуд намозларига ўзингизни одатлантиринг. Турли чалғитувчи смартфондаги бекорчи ўйинлар, телевизордаги кераксиз сериаллар нарсалардан давоми...

1685 13:22 / 04 март
Аудиолар

135343 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55595 14:35 / 11.08.2021