1446 йил 4 рабиъус сони | 2024 йил 07 октябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Закот

Закот олиши мумкин бўлмаган тоифалар

17:00 / 03 апрель 3044 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир увқийя қийматида моли бўла туриб, сўраса, хиралик қилган бўлади» (бошқа бир ривоятда «Батаҳқиқ, хиралик ила сўрабди»), дедилар».

Мен: «Ёқута (номли) туям увқийядан яхшироқ», дедим».

Абу Довуд, Насаий ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бир увқийя қирқ дирҳамга тенг.

Бундан ўзига етарли пули ва моли бор одам закот олиши дуруст эмаслиги кўринади.

Ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳаб уламолари ушбу ҳадисни ва шу маънодаги бошқа ҳадисларни ҳужжат қилиб, «Нисобдан оз бўлса ҳам, ўзига яраша молга эга бўлган одам закот олиши мумкин эмас», деганлар.

Саҳл ибн Ҳанзолийя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ўзининг ҳожатига етарли нарсаси бўла туриб, сўраган одам, албатта, дўзахдан кўпроқ сўраган бўлади» (бошқа ривоятда «Жаҳаннамнинг чўғидан»), дедилар».

«Эй Аллоҳнинг Расули, ҳожатига етарли нарса нима?» дейишди.

«Тушлик ва кечки таомига етарли миқдор», дедилар».

Бошқа бир ривоятда эса:

«Бир кеча-кундуз тўйишига етарли нарсаси борлиги», дейилган.

Абу Довуд ва Ибн Ҳиббон ривоят қилганлар. Ибн Ҳиббон саҳиҳ, деган.

Шарҳ: Бу ҳадис тиланчилик қилиш маъносида айтилган ҳадисдир. Шундай бўлса ҳам уни бу ерда келтиришдан мақсад, ўзидан муҳтожроқ кишилар борлигини била туриб, ўзини закотга уриш яхши эмаслигини англатишдир.

Ато ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Садақа бойга ҳалол бўлмайди. Магар беш кишига: Аллоҳ йўлидаги ғозийга, унинг учун (тайинланган) омилга, қарздорга, ўз моли ила у(садақа)ни сотиб олган одамга ёки бир одамнинг мискин қўшниси бўлса-ю, мискинга берилган садақасини бойга ҳадя қилса, бўлади», дедилар».

Абу Довуд, Аҳмад ва Ҳоким саҳиҳ ҳадис сифатида ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бойга закот фақат беш ҳолатда ҳалол бўлади:

1. Аллоҳ йўлидаги ишга чиқса.

Албатта, Аллоҳ йўлидаги ишга ўз молидан сарфласа, жуда яхши бўлади. Аммо закот молидан сарфласа ҳам ҳаром бўлмайди.

2. Садақага омил бўлса, яъни закотчи бўлиб ишласа, иш ҳаққини бой бўла туриб, закотдан олиши жоиз. Чунки Аллоҳ таоло Ўзи бунга рухсат берган.

3. Қарздорга.

Ўзи бой бўла туриб, аммо кўпчилик фойдаси учун бирор каттароқ харажатни бўйнига олиб, қарзга ботган одам ҳам закотдан олиб, қарзига берса, жоиз.

4. Бир камбағалга закотдан мисол учун, бир дона қўй тегди. Уни бой одам камбағалдан ўз пулига сотиб олди. Бу албатта, жоиз. Лекин одамларда закотни сотиб олиш дуруст эмас экан, деган тушунча чиқмаслиги учун бу нарса ҳадисда баён қилинган.

5. Камбағал ўзига закотдан теккан нарсадан бойга ҳадя қилса, бой олиши жоиз. Бу ҳам олдингига ўхшаб, закот бўлган нарса бойга ҳадя шаклида келса ҳам ҳаром, деган фикр чиқмаслиги учун айтилган. Закот камбағалнинг мулкига айланганидан кейин уни ўзи қандай хоҳласа, шундай тасарруф қилади.

Уламоларимиз бу масалага оид ҳамма ҳужжат ва далилларни атрофлича ўрганиб чиқиб, қуйидаги хулосага келганлар. Унга биноан, закот олиши ҳаром бўлганлар қуйидагилар:

Бойлар.

Кучли ва бирор касбга қодир бўлган кишилар.

Динсизлар, дин душманлари ва аҳли зимма.

Закот берувчининг болалари, ота-оналари ва аҳли аёли.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг қариндошлари.

Энди ушбу тоифаларни бирма-бир, батафсил ўрганиб чиқишимиз лозим.

Бойлар.

Аслида бойлар закот беришлари керак. Бинобарин, уларнинг закот олишлари мутлақо мумкин бўлмайди.

Шундай бўлса ҳам, ўтган ҳадиси шарифда закот ишида қатнашган ҳамда кўпчилик манфаати учун қарздор бўлиб қолган бойларга закотдан олишлари мумкинлиги айтиб ўтилди.

Баъзи бир кишилар ўзларидан бошқаларнинг бойлиги туфайли ҳам бой ҳисобланадилар ва уларнинг закот олишлари дуруст бўлмайди. Мисол учун, балоғатга етмаган ёш бола отасининг бойлиги туфайли бой ҳисобланади. Шунингдек, фақир аёл эрининг бойлиги ила бой ҳисобланади. Чунки унинг нафақаси эрига вожиб бўлади.

Бу масалада: «Нафақаси бойга вожиб бўлган кишиларга, унинг болалари, хотини, ота-онаси ва шунга ўхшаш яқинларига закот олиш ҳаромдир», дейилган.

Кучли ва бирор касбга қодир бўлган кишилар.

Жумҳур уламолар «Бу тоифадаги кишиларга закот олиш жоиз эмас», десалар ҳам, Ҳанафий уламолари «Моли нисобга етмаган бўлса, олса бўлаверади», дейдилар.

Динсизлар, дин душманлари, аҳли зиммалар.

Динсизларга ва дийн душманларига ҳеч нарса бериб бўлмаслиги маълум. «Аҳли зимма» деб аталувчи бошқа дийн вакилларига ҳам закот бериб бўлмайди. Чунки закот мусулмонлардан олиниб, мусулмонларга берилиши шарт.

Аммо аҳли зиммага нафл садақалардан, садақаи фитрдан берса бўлади. Чунки аввал айтилганидек, закот молиявий ибодат бўлиб, уни бериш учун ҳам, олиш учун ҳам мусулмон бўлиш керак.

Фосиқларга закот бериб бўладими?

«Фосиқ» деб баъзи гуноҳ ишларни қилиб, номи чиққан одамга айтилади. Қадимги уламолар «Аслида мусулмон-ку, лекин гуноҳ ишлар ҳам қилган одамларга закот берса бўлади», деганлар. Шу билан бирга, улар закотни олгандан кейин уни фисқ ва гуноҳ ишларга сарфламаслиги керак, деган шарт қўйганлар. Бу билан закот бериш асносида у фисқни тарк этиб, тақво йўлини тутишига даъват қилинади. Лекин фис­қи билан мусулмон жамиятига, дийнга ва дийн аҳлига ёмонлик қилган одамга закот берилмайди.

«Бенамозлиги билан фосиқ бўлган одамга закот бериладими?» деган саволга баъзи уламоларимиз «У намоз ўқишга чақирилади, агар намоз ўқишга ваъда берса, берилади, бўлмаса йўқ», деганлар.

Закотни эрга, ота-онага ва қариндошга берса бўладими?

Закотни болаларга, хотинга бериш мумкин эмаслиги ҳақида айтган эдик. Шунингдек, ота-онага ҳам бериш мумкин эмас. Чунки боланинг мол-мулки ота-онаники ҳисобланади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир фарзанд­га «Сен ҳам, молинг ҳам отангга мулксизлар», деганлар.

«Бой-бадавлат хотин ўзининг камбағал эрига закотини берса бўладими?» деган саволга баъзи маз­ҳаблар «Бўлади», деб  жавоб берганлар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг хотинлари Зайнаб розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Закотимни эримга берсам бўладими?» деб сўраганида, ул зотнинг: «Бўлади», деб жавоб қилганларини ҳужжат маъносида келтирадилар.

Ҳанафий мазҳаби уламолари эса Зайнаб розияллоҳу анҳонинг ҳодисасини хусусий деб биладилар ва «Хотин закотини эрига бериши дуруст эмас, чунки эр уни олиб, яна хотиннинг ўзига ишлатади», дейдилар.

«Бошқа қариндошларга закотини берса бўладими?» деган саволга баъзи уламолар «Уларнинг нафақаси лозим бўлса, бўлмайди. Чунки бунда нафақа ўрнига закот бериш билан ўзи фойда топади», дейишган.

Аммо Ҳанафий мазҳаби уламолари «Бўлади. Чунки нафақа ўзига яраша шартлар билан вожиб бўлади. Яқин қариндошларнинг мулки ота-боланикига ўхшаб бирлашиб кетмайди. Яқин қариндошга берилганда мулк закот берувчидан закот олувчига кўчади. Бу ҳолат эса закот бериш мумкин эканлиги гаровидир», дейишади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . .Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Аббос Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан закотни вақти келишидан олдин бериш ҳақида давоми...

1730 12:00 / 04.05.2021
Закот молга фарз бўладими ёки мол эгасининг зиммасигами Ҳанафий мазҳабида .Молга фарз бўлади,, дейилган. Моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларида .Молнинг давоми...

3639 16:26 / 06.06.2018
Закотrdquo сўзи луғатда покликrdquo ва ўсишrdquo маъноларини билдиради.Закот берган кишининг моли покланади. Закот бермаган кишининг моли эса ичида закотга давоми...

11017 05:00 / 16.01.2017
Аллоҳ таоло .Эй иймон келтирганлар, садақаларингизни миннат ва озор билан ботил қилманг,, деган Бақара, 264.Шарҳ Бундан садақа қилган киши берган садақаси орқасидан давоми...

4320 05:00 / 14.01.2017
Аудиолар

131233 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51736 14:35 / 11.08.2021