1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Рўза тутмасликка рухсат берилганлар

04:00 / 16 март 4275 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жуда қартайиб қолган киши рўза тутишга ожиз бўлса, оғзини очади ва ҳар бир тутмаган куни учун бир мискинга садақаи фитр миқдорида таом беради. Кейинроқ рўза тутишга қодир бўлиб қолса, қазосини тутади.

Ҳомиладор ёки эмизикли аёллар рўза туфайли ўзига ва боласига зарар етишидан, бемор эса хасталиги кучайишидан қўрқса ёхуд мусофир сафарда бўлса, оғзини очади ва фидясиз қазо тутади. Лекин зарар қилмаса, сафарда ҳам рўза тутган афзалдир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Ва уни (рўзани) қийналиб тутадиганларга бир мискин таоми» ояти ёши улуғ қарияларга тегишли рухсатдир. Улар рўза тутишга қийналадилар. Шунинг учун оғизларини очиб, ҳар бир кун ўрнига бир мискинга таом беришади. Ҳомиладор ва эмизикли аёллар қўрқсалар, оғизларини очадилар».

Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилишган. Бухорийнинг лафзида:

«Ибн Аббос: «Бу оят мансух эмас, балки қари чол ва кампирлар учундир. Улар рўза тутишга қодир эмас. Шунинг учун ҳар бир кун ўрнига бир мискинни таомлантиришади», деди», дейилган.

Маълумки, Ислом инсонга тоқатидан ташқари нарсани юкламайди. Жумладан, рўза масаласида ҳам шундай. Аллоҳ таоло қариб қолгани учун рўза тутишга қийналиб қоладиган кексалар учун рўза тутмасликка рухсат берган. Бу ҳақда Бақара сурасида оятлар келган. Мазкур оятга кўра, қартайиб қолган чол-кампирларга рўза тутмасликка рухсат бор, улар ҳар бир рўза тутилмаган кун учун бир мискинга таом берадилар. Баъзи кишилар ўзи соғ бўлса ҳам, кексайиб қолгани учун рўза тутса қийналадиган бўлиб қолади. Ана шундай кишилар ҳам рўза тутмай, ўрнига фидя беришлари мумкин.

«Фидя» сўзининг луғавий маъноси «фидо қилиш» бўлиб, шариат ҳукмига кўра, маълум бир нарсанинг ўрнига мол сарфлаш «фидя бериш» дейилади. Қариликлари туфайли рўза тута олмайдиганлар учун фидя беришнинг жорий қилиниши бежиз эмас. Унда мискинларнинг манфаати билан бирга ўша рўза тута олмаган, ибодатни адо эта олмаган кишиларнинг афсус-надоматларини енгиллатиш ҳам бор.

Юқоридаги ривоятда қари чол ва кампирлар ҳукмига ҳомиладор ва эмизикли аёллар ҳам қўшилиши, агар улар ёш болаларининг соғлигига зарар етишидан қўрқишса, оғизларини очишлари мумкинлиги ҳақида ҳам сўз кетмоқда. Ҳомиладор ва эмизикли аёллар ўзлари ва болаларига зарар етишидан қўрқишса, рўзани очиб юборишга рухсат бор. Бунга барча уламолар бир овоздан иттифоқ қилишган.

Аммо ҳанафий мазҳабига кўра мазкур тоифадаги аёллар рўзанинг қазосини тутадилар. Мазҳаб уламоларининг бу масалада ўзларига яраша ҳужжат-далиллари бор. Қари чол-кампирларнинг фидя бериш билан кифояланишларига рухсат берилиши уларнинг кейинчалик ҳам рўза тута олмасликлари эътиборидандир, чунки улар борган сари қариб, заифлашиб боришаверади. Уларнинг қайта ёшариб, рўза тутишларидан умид йўқ.

Ҳомиладор ва эмизикли аёллар эса вақтинчалик беморга ўхшайдилар. Ҳомилани туққанидан, болани кўкракдан ажратганидан сўнг яна рўзани тутиш имконига эга бўладилар. Бир йилда бир келадиган рўзани қазо қилиб тутиш осондир.

Бемор ва мусофирларнинг рухсатлари Қуръони Карим оятларида зикр қилинган. Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

«Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, унинг рўзасини тутсин. Ва сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан. Аллоҳ сизларга осонликни ирода қилади ва сизларга қийинликни ирода қилмайди», деган (185-оят).

Тузалишидан умид қилинаётган беморнинг хасталиги Рамазон кунлари ҳам давом этса ёки бир киши Рамазон кунлари сафарга чиққан бўлса, ўша кунлари рўза тутмай, кейин имкон бўлганда, тутмаган кунлари саноғича қазо рўза тутишига асосий далил мана шу ояти каримадир. Шунинг учун рўза тутса дарди оғирлашадиган ёки тузалиши кечикадиган беморлар Рамазон ойида бемалол рўза тутмай юришлари мумкин. Аллоҳ таоло уларга беморлиги туфайли рухсат берган.

Шунингдек, Рамазони шариф кунлари сафарга чиққан одам ҳам рўза тутмаслиги мумкин. Сафардан қайтганида Рамазон тугамаган бўлса, уларни тутаверади. Рамазондан кейин эса сафарда неча кун тутмаган бўлса, ўшанча кун қазосини тутиб беради.

Мусофир учун сафарда ортиқча қийинчилик бўлмаса, рўза тутмаганидан кўра тутгани афзалдир, чунки Аллоҳ таоло мусофирларга рўза тутмасликка рухсат берган оятнинг охирида «Рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир», деган.

Хулоса қилиб айтсак, рўза тутишга узрли бўлганлар қуйидагилардир:

1. Ўта қари кишилар.

2. Ҳомиладор аёллар.

3. Эмизикли аёллар.

4. Мусофирлар.

5. Беморлар.

Уламоларимиз яна қуйидаги тоифаларни ҳам узрлиларга қўшганлар:

6. Очлик ва ташналик оқибатида ҳолдан тойганлар.

Ўта қаттиқ очлик ёки ташналик оқибатида ҳалок бўлиш даражасига келган, ақлига ёки бирор аъзосига шикаст етиши хавфи туғилган киши ҳам рўза тутишдан узрли ҳисобланади. У ҳам кейин қазосини тутиб беради, чунки Аллоҳ таоло «...(Ўзингизни) ўз қўлингиз билан ҳалокатга ташламанг...»деган.

7. Мажбурланган киши.

Ўлдириш ёки аъзоларидан бирини ишдан чиқариш билан таҳдид қилиб, рўзасини очишга мажбурланган киши ҳам узрли ҳисобланади ва рўзасини очади, қазосини кейин тутиб беради.

Мажбурлаш деганда мажбурланган одамнинг жонига ёки бирор аъзосига таҳдид бўлиши шарт. Бу даражада мажбурланмаса, гуноҳ ишни қилаверишга йўл очилмайди. Фақат ўлим хавфи ёки танасидаги аъзоларидан бирининг йўқ бўлиши, майиб бўлиши хавфигина шаръий эътибордаги мажбурлаш ҳисобланади.

8. Машаққатли касб эгаси.

Касби билан шуғулланмаса куни ўтмайдиган киши ёки рўза тутганда касбини қила олмай қоладиган кишилар узрли ҳисобланади. Бу тоифага новвой, темирчи ва кон ишчилари кабилар киради. Улар саҳарликни қилиб, рўзани ният қилишади. Иш давомида ҳоллари оғирлашса, рўзани очиб, қазосини кейин тутиб беришади.

Мусофир муқим бўлган, ҳайзли аёл пок бўлган, ёш бола балоғатга етган ва кофир мусулмон бўлган куни куннинг қолган вақтида ўзини еб-ичиш ва жимоъдан тияди. Рамазонда куннинг бир қисми ўтгандан сўнг мусофир сафардан қайтиб келса, ҳайз кўриб турган аёлнинг ҳайзи тўхтаса, ёш бола балоғатга етса ёки кофир одам Исломни қабул қилса, буларнинг ҳаммаси куннинг қолган қисмида худди рўзадордек бўлиб, емай-ичмай юради. Балоғатга етган ёш бола ва янги мусулмон бўлган одамга ўша куннинг қазосини тутиш лозим бўлмайди.

Муқим киши сафарга чиқса, ўша куннинг рўзасини охирига етказади. Лекин очиб юборса, унга каффорат лозим бўлмайди. Ўз юртида яшаб турган одам рўза тутиб олиб, куннинг маълум қисми ўтганидан кейин сафарга чиқса, рўзасини сафарда бўлса ҳам охирига етказади. Мабодо «мусофир бўлдим» деган фикр билан ўша куннинг рўзасини очиб юборса, қазосини тутади, аммо каффорат бермайди.

Ойнинг барча кунларида мажнун бўлиш рўзани соқит қилади, лекин айрим кунларида бўлса, соқит бўлмайди. Бир Рамазон ойи тўлиқ мажнун бўлган кишига рўза тутиш фарз бўлмайди. Аммо Рамазон ойининг баъзи кунлари мажнун бўлиб, қолган кунлари соғайиб қолса, соғ кунларининг адосини, касал бўлган кунларининг қазосини тутади. Агар бир неча кун ҳушидан кетиб ётган бўлса, ўша кунларнинг қазосини тутади. Фақат ният қилган куннинг қазосини тутмайди, чунки ўша кунги рўзаси ўз ўрнида адо бўлган ҳисобланади.

«Мўминнинг қалқони» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони каримни хатм қилишда ҳар ким ўз даражаси, вақти каби имкониятларини ҳисобга олиб, қуйидагиларга тақсимлаш мумкин.1 30 кунда хатм қилиш йўлиҲар куни 1 давоми...

4092 19:00 / 12.04.2021
Аллоҳ таоло айтади .Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишга, Унинг динигагина ихлос қилишга, бошқа динларга мойил бўлмасликка, намозни тўлиқ ўқишга, закот давоми...

4075 14:30 / 07.04.2022
Рамазон тақво ойидир. Бу ойда хулқимиз янада юксалиб, ҳаром ва шубҳалардан ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ тийилишимиз зарур. Шундай табаррук ойда қизкелинларимизни давоми...

2642 11:00 / 10.04.2023
Келишинг энтикиб кутганимиз фазилатли ой ҳам кўз очибюмгунча сафари қариб, жўнашга шайланиб турибди...Ҳаёт ҳам шундай....Соат қиёмат иши эса, кўз очибюмгандек ёки давоми...

1850 19:40 / 12.05.2021