Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 8 рабиъус сони | 2024 йил 11 октябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (86-дарс). «Жаннат ва дўзах ҳозир яратилмаган», деганларнинг далиллари

13:36 / 18.05.2020 5193 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръондан далиллар:

«Унинг юзидан бошқа ҳар бир нарса ҳалок бўлувчидир» (Қосос сураси, 88-оят);

«Ҳар бир жон ўлимни тотувчидир» (Оли Имрон сураси, 185-оят).

Агар икковлари ҳозирда бор бўлсалар, қиёмат куни йўқ бўлишларига тўғри келади. Шунингдек, ўша куни уларда ким бўлса, ўлиши керак бўлади.

Аллоҳ таоло шундай деган:

«Унда (жаннатда) биринчи ўлимдан бошқа ўлимни тотмаслар» (Духон сураси, 56-оят);

«Унда (дўзахда) ўлиб ўлмас, тирилиб тирилмас» (Аълаа сураси, 13-оят).

Қуръонда Фиръавннинг хотини тилидан: «Эй Роббим, менга ҳузурингда, жаннатда уй бино қилгин», дейилган (Таҳрим сураси, 11-оят).

Агар жаннат ҳозирда мавжуд бўлса, бу дуонинг нима кераги бор?

Суннатдан далил:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга Исро қилдирилган кечаси Иброҳимни учратдим. У менга: «Эй Муҳаммад, умматингга мендан салом айт. Ва уларга хабар бергинки, жаннат тупроғи пок, суви ширин, экинсиз бир жойдир. Унинг кўчати – «Субҳаналлоҳи вал ҳамду лиллаҳи ва лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбардир», деди», деганлар (Термизий Ибн Масъуддан ривоят қилган).

Агар жаннат ҳозир тўла-тўкис халқ қилинган бўлганида, у экинсиз жой бўлмас эди. Мазкур кўчатнинг маъноси ҳам бўлмас эди.

Ушбу далилларга жавоб:

Агар сизлар «Жаннат ва дўзах ҳозир йўқдир», деган гапингиз билан сурга пуфлаш ва одамларнинг қабрларидан туриш мақомини ирода қилган бўлсангиз, бу гапингиз ботилдир. Юқорида Қуръон ва Суннатдан келтирилган оят ва ҳадислар бунга далилдир.

Агар «Жаннат ва дўзах ҳали мукаммал бўлмагандир. Аллоҳ уларнинг аҳлига тайёрлаган нарсаларнинг ҳаммасини халқ қилгани йўқ. Аллоҳ у ерда бирин-кетин баъзи нарсаларни пайдо қилиб турибди. Мўминлар жаннатга, кофирлар дўзахга кирган пайтларида Аллоҳ бошқа ишларни пайдо қилади», десангиз, бу қайтариб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Сиз зикр қилган далиллар айнан ушбу маънога далолат қилади.

«Унинг юзидан бошқа ҳар бир нарса ҳалок бўлувчидир» оятини далил қилишингиз эса яхши тушунмаганингиздандир (Қосос сураси, 88-оят). Қолаверса, ўша оятни жаннат ва дўзах ҳозирда мавжуд эмаслигига далил қилиб келтиришингиз худди биродарларингизнинг жаннат ва дўзахнинг йўқ бўлишига, хароб бўлишига ва уларнинг аҳлининг ўлишига келтирган далилига ўхшайди. Сизлар ҳам, биродарларингиз ҳам оят маъносини тушуниб етишга муваффақ бўла олмагансиз.

Бунга муваффақ бўлган Ислом имомлари: «Ҳар бир нарса»дан мурод, Аллоҳ йўқ ва ҳалок бўлишини ирода қилган нарсалардир», дейдилар. Жаннат ва дўзах эса фонийлик учун эмас, боқийлик учун халқ қилингандир. Шунингдек, Арш ҳам боқийлик учун халқ қилингандир. У жаннатнинг шифтидир.

Аллоҳ таоло «Унинг (ернинг) устидаги барча жонзот фонийдир» оятини нозил қилганида, фаришталар «Ер аҳли ҳалок бўлди», деб ўзлари боқийликни тама қилган эканлар (Ар-Роҳман сураси, 26-оят).

Шунда Аллоҳ таоло:

«Унинг юзидан бошқа ҳамма нарса ҳалок бўлувчидир» (Қосос сураси, 88-оят) оятини нозил қилиб, осмону ер аҳли баробар ҳалок бўлишининг хабарини берган. Кейин фаришталар ҳам ўлишларига ишонч ҳосил қилганлар.

Муаллифнинг «Улар абадий йўқ бўлмаслар», деган гапи салаф ва халафнинг имомлари жумҳурининг гапидир. Жаннат ва дўзахнинг фонийлиги ҳақида биринчи бўлиб гап чиқарган одам муъаттила мазҳаби бошлиғи Жаҳм ибн Сафвон Самарқандийдир. Ундан олдин бу гапни саҳобалардан ҳам, тобеъинлардан ҳам, мусулмон уламолардан ҳам ва аҳли суннатлардан ҳам бирор киши айтмаган. Уни шу гапи учун «кофир» деб эълон қилганлар.

Жаннатнинг абадийлигига Қуръондан далиллар:

«Албатта, бу – Биз берган ризқдир. Унинг тугаши йўқдир» (Сод сураси, 54-оят);

«Жаннатнинг мисоли: остидан анҳорлар оқади, мевалари ва соялари доимийдир» (Раъд сураси, 35-оят);

«Ва улар ундан (жаннатдан) чиқарилувчи эмаслар» (Ҳижр сураси, 48-оят) ва бошқа оятлар.

Жаннатнинг абадийлигига суннатдан далиллар:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким жаннатга кирса, неъматланади, муҳтож бўлмайди, бардавом қолади ва ўлмайди», деганлар (Имом Муслим ривоят қилган).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир нидо қилувчи нидо қилиб: «Эй аҳли жаннат! Сизлар учун абадий равишда соғлом бўлишингиз бор, бемор бўлишингиз йўқ. Ёш бўлишингиз бор, қаришингиз йўқ. Ҳаёт кечиришингиз бор, ўлишингиз йўқ», дер», деганлар (Муслим Абу Саъиддан ривоят қилган).

Дўзахнинг абадийлигига Қуръондан далиллар:

«Ким ёмонлик касб қилса ва уни хатоси иҳота қилиб олган бўлса, бас, ана ўшалар дўзах соҳибларидир. Улар унда бардавом қолурлар» (Бақара сураси, 81-оят);

«Ва уларга муқим турувчи азоб бор» (Моида сураси, 38-оят);

«Бас, сизга фақат азобдан бошқани зиёда қилмасмиз» (Набаъ сураси, 30-оят);

«Ва улар дўзахдан чиқувчи эмаслар» (Бақара сураси, 167-оят);

«Улар туя игна тешигидан ўтмагунча, жаннатга кирмаслар» (Аъроф сураси, 40-оят) ва бошқа кўплаб оятлар.

Батаҳқиқ, суннатда ҳам кўплаб ҳадисларда гуноҳкор мўминларнинг дўзахдан чиқишлари таъкидлаб айтилган. Демак, улар чиқсалар, кофирлар унда абадий қоладилар.

Муаллифнинг «Уларга аҳл бўладиганларни ҳам яратгандир», деган гапининг далиллари:

«Батаҳқиқ, Биз жаҳаннам учун жинлардан ва инслардан кўпларини яратганмиз» (Аъроф сураси, 179-оят);

«Албатта, Биз унга йўл кўрсатдик. (У эса) ёки шукр қилувчи, ёки куфр келтирувчи бўлди» (Инсон сураси, 3-оят);

«Куфр келтирувчи» дўзах аҳлидандир. «Шукр қилувчи» жаннат аҳлидандир.

«У сизларни халқ қилган Зотдир. Бас, сизлардан кофир бор ва сизлардан мўмин бор. Ва Аллоҳ қилаётган амалингизни кўриб, билиб турувчидир» (Тағобун сураси, 2-оят);

Оиша онамиз:

«Эй Аллоҳнинг Расули, бу қандай ҳам яхши! Жаннатнинг чумчуқларидан бир чумчуқ. Ёмонлик қилгани йўқ. Уни идрок этгани йўқ», деганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ жаннат учун аҳлини халқ қилган. Уларни унинг учун оталари сулбида халқ қилган. Шунингдек, дўзах учун ҳам аҳлини халқ қилган. Уларни унинг учун оталари сулбида халқ қилган», деганлар (Муслим, Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган).

Муаллифнинг «Улардан кимни хоҳласа, Ўз фазли ила жаннатга...» деганининг шарҳи:

Билиб қўйиш вожиб бўлган нарсалардан бири шулки, савобнинг сабаби бўлмиш амали солиҳ ман қилинмагунча, Аллоҳ таоло савобни ман қилмайди. «Ким мўмин ўлароқ, солиҳ амаллардан қилса, бас, зулмдан ва ҳақларининг зое бўлишидан қўрқмас». Шунингдек, Аллоҳ таоло бирор кишини иқобнинг сабаби ҳосил бўлмагунча иқоб қилмас. Аллоҳ таоло:

«Сизларга етган ҳар бир мусибат қўлларингиз касб қилган нарса сабабидандир. Ва кўпини афв қилур», деган (Шууро сураси, 30-оят). Бандага иқобнинг сабабини беришда ҳикмат ва адолат бор.

Аллоҳ хоҳлаган ишини қилади. Аллоҳ:

«Шундай қилиб, баъзиларини баъзилари билан синадик. «Анавилар ичимиздан Аллоҳ неъмат берганлардир», дейишлари учун. Аллоҳ шукр қилувчиларни яхши билувчи эмасми?!» деган (Анъом сураси, 53-оят).

 «Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ақоид илмида .ғайбиёт, номини олган масалалар инсон зоти учун бутунлай ғойиб бўлган, ҳеч ким кўрмаган ва бошқа нарсага солиштириб ҳам билиб бўлмайдиган, уни билиш давоми...

3450 19:00 / 17.01.2023
Ва куфр келтирганлар жаҳаннамга гуруҳгуруҳ қилиб ҳайдалди. Унга етиб келган чоғларида унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга .Сизларга ичингиздан давоми...

4730 19:13 / 24.02.2018
Аввалги дарсимиздаги ҳадиснинг давомида нима учун одамлар бирбирларининг ёки ўзларининг бадбахт ёки некбахтлигини била олмасликлари баён давоми...

3260 16:00 / 07.06.2021
Ва, албатта, Қуръон Аллоҳнинг каломидир. Қуръон У зотдан кайфиятсиз сўз бўлиб зоҳир бўлди. У зот уни ўз Расулига ваҳий сифатида нозил қилди. Мўминлар уни ана ўша давоми...

3826 23:37 / 02.12.2016
Аудиолар

131521 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

52004 14:35 / 11.08.2021