1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

АЛЛОҲГА СОДИҚЛИК

05:00 / 02.03.2017 2968 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бизнинг тилимизда ижобий маънода ишлатиладиган «садоқат», «содиқлик», «ростгўйлик» каби сўзлардан кўзланган маъно арабчада «сидқ» шаклида бўлади ва сўзда бўлсин, бошқа нарсаларда бўлсин «қувват» маъносини англатади. Бу сўз кизб – ёлғоннинг зиддидир. Ёлғон ботил бўлгани учун кучсиз, сидқ ҳақ бўлгани учун қувватли бўлган. Уламоларимиз сидқнинг ҳақида бир бирини тўлдириб келадиган бир неча таърифлар айтганлар.

Роғиб раҳматуллоҳи алайҳ «Муфрадот»да: «Сидқ гапнинг виждонга ва хабарини берилаётган нарсага баробар тўғри келишидир. Бу шартлардан бирортаси йўқолса сидқ тугал бўлмайди», деган (277 – бет).
Журжоний «Таърифот»да: «Сидқ ҳукмнинг воқеъга тўғри келишидир. У ёлғоннинг зиддидир», деган (132 – бет).
Жунайд раҳматуллоҳи алайҳдан сидқ ва ихлос ҳақида «икковлари бирми ёки ораларида фарқ борми» деб сўралганда: «Ораларида фарқ бор. Сидқ аслдир. Ихлос фаръдир. Сидқ барча нарсанинг аслдир. Ихлос фақат амаларни бошлагандан кейингина бўлади. Амаллар икковисиз мақбул бўлмайди», деган (Далилул Фолиҳийн. 202 – бет).
Имом Абдулкарим Қушайрий: «Сидқ аҳволингда аралашган нарса, эътиқодингда шубҳа ва амалингда айб бўлмаслигидир», деган.

Сидқнинг турлари:

Уламоларимиз сидқнинг турлари учта бўлишини айтганлар:
1. Гап сўздаги содиқлик.
Бунда гап сўз амалга тўғри келиши кўзда тутилган.
2. Амалдаги содиқлик.
Бунда қилинадиган ишнинг фармонга тўғри бўлиши кўзда тутилган.
3. Ҳолдаги содиқлик.
Бунда қалб ва аъзоларнинг амаллари ихлосга тўғри бўлиши кўзда тутилган.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам содиқларнинг имоми бўлганлар. У зотнинг энг машҳур сифатларидан бири «Содиқ» бўлган. Набий саллоллоҳу алайҳи васалламда сидқ сифати барча тарафдан мукаммал тарзда намоён бўлган.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтадиларки: «Бизга Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадис айтдилар. У зот содиқу масдуқдирлар: «Сизнинг ҳар бирингизнинг халқ қилиниш моддаси онасининг қорнида маний ҳолида қирқ кун жам қилинади. Сўнгра ана шу мислича алақа (зулуксимон қон) бўлади. Сўнгра ана шу мислича музға(чайналган гўшт) бўлади. Сўнгра ичига руҳ пуфланади. Ва тўрт калима; ризқи, ажали, амали ва бадбахт ёки некбахтлигини ёзиш амр қилинади. Ундан бошқа илоҳи маъбуд йўқ зот билан қасамки, бирингиз аҳли жаннатнинг амалини қилиб келиб, ўзи билан жаннат орасида бир аршин қолганда, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, дўзах аҳлининг амалини қиладида, унга киради. Албатта, бирингиз дўзах аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан дўзах орасида бир аршин қолганида, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, аҳли жаннатнинг амалини қилади-да, унга киради», дедилар». Тўртовлари ривоят қилган.
Ушбу ҳадиснинг муқаддимасида ровий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳабиб Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир сўзлари рост, тасдиқланган зот эканликларини таъкидлаб қўймоқдалар. У кишининг:
«У зот содиқу масдуқдирлар», деган гаплари шу маънони ифода қилади.
Содиқлик сифати Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг энг машҳур, энг кўп тарқалган сифатларидан бири эканлиги яхши маълум.
Масдуқликлари эса, яъни, ростгўйликлари тасдиқланган зот эканликлари ҳам худди шундоқ маълум ва машҳурдир.
Ровийнинг аввал бу сўзларни айтиб олиб, кейин ўзлари эшитган ҳадисни ривоят қилишга киришишларидан мақсадлари, бу ҳадисда келадиган маъноларга шак-шубҳа бўлмаслиги керак, деганларидир.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин саҳобалирдани бирлари «сиддиқ» лақабини олганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам исро ва меърож қилганларида мушриклар бу гапларга умуман ишонмасдан масхара қилиб кулдилар.
Иймон келтирганлардан баъзилари муртад бўлиб, диндан қайтди.
Бир гуруҳ одамлар Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу олдиларига югуриб боришди. У киши хабарни эшитгандан сўнг:
«У зот шу гапларни айтдими?» деб сўрадилар.
«Ҳа», дедилар.
«Агар у зот айтган бўлсалар, тўғри айтибдилар, мен бунга шоҳидлик бераман», деди.
«Шомга бир кечада бориб, яна Маккага тонг отмай туриб қайтиб келишига ишонасанми?!» дейишди.
«Мен у кишининг бундан ғариброқ нарсасини ҳам тасдиқлайман. Осмондан хабар айтишини ҳам тасдиқлайман», деди.
Шундан сўнг Абу Бакр «Сиддиқ» – ўта тасдиқловчи, деб атала бошладилар.
Сиддиқ сидқи кўп одам дегани. Баъзилар, ундан асло ёлғон содир бўлмаган одам сиддиқдир, деганлар.
Баъзи уламолар, сиддиқлар набийлардан бир оз фазли кам одамлардир, деганлар.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик, ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», деган (177-оят).
Оятнинг аввалида мусулмон одамга лозим бўлган гўзал сифатлар зикр қилиниб, охирида мазкур олиймақом сифатларга эга бўлганларни:
«Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», деб таърифланмоқда.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломдан, иймон нима, деб сўраганларида, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ушбу оятни тиловат қилганлар. Кейин яна қайта сўраганларида, яна шу оятни тиловат қилганлар.
Шундай қилиб, Аллоҳ битта оятда эътиқод асосларини, жон ва мол ибодатларини бирлаштириб, бир-биридан ажрамайдиган қилиб, уларнинг ҳаммасига «яхшилик» деб сарлавҳа қўйибди.
Шунинг учун ҳам ушбу унвон остига дохил бўлиб, унга амал қилганларни Аллоҳ таоло «Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», деб таърифламоқда.
Ҳа, ўшалар иймонида, исломида содиқ бўлганлардир.
Ана ўшалар ақийдасида, амалида содиқ бўлганлардир.
Ана ўшалар Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтган тақводорлардир.
Ўтган азизларимиздан Суфёни Саврий ушбу оятни ўқиб туриб: «Яхшиликнинг барча тури шу оятдадир», деганлар.
Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи: «Ким шу оят билан сифатланса, Исломнинг барча соҳаларига кириб, яхшиликнинг бошидан тутган бўлади», деганлар.
Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасида: «Албатта, ҳақиқий мўминлар Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирган, сўнгра шубҳа қилмаган ва Аллоҳнинг йўлидан моллари ва жонлари ила жиҳод қилганлардир. Ана ўшалар, ўшаларгина (иймонида) содиқлардир», деган (15-оят).
Демак, ушбу ояти кариманинг бошида айтиб ўтилган сифатларнинг ҳақиқий эгаларинигина мўминлар деса бўлар экан. Ана ўшаларгина иймонида содиқлар, ақийдасида содиқлар, мен мўминман деган гапларида содиқлар. Ҳа,
«Ана ўшалар, ўшаларгина (иймонида) содиқлардир».
Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида: «Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар», деган (119-оят).
Сўзларида, ишларида, ниятларида ва иймонларида садоқатли эркак - аёллар содиқлардир. Сўзда садоқатли бўлиш рост сўзлаш, ёлғон гапирмасликдир. Содиқлик гўзал сифатдир. Ҳар бир эркак-аёл учун олий сифатлардан бўлиб келган. Содиқлик иймоннинг аломатидир. Ким содиқ бўлса, нажотга эришади.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши! Бу Аллоҳдан бўлган фазлдир ва билгувчиликда Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур», деган (69-70-оятлар).
Ушбу оятни ўқиган ҳар бир киши қалбида Аллоҳга ва Пайғамбарга соллаллоҳу алайҳи васаллам итоат қилиш истаги туғилиши ва кучайиши турган гап. Чунки ўзини билган, эси бор ҳар бир одам учун набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва омма мусулмонлар ичидан етишиб чиққан солиҳлар (яхши ишлари ила машҳур бўлган кишилар) билан бирга бўлишдан ортиқ бахт йўқ! Бу бирлик, албатта, жаннатда бўлади.
Жаннатдаги мақомларда эса, мазкур бахтиёр тоифаларнинг мақоми энг юксак мақомлардир. Бу дунёда, баъзи бир солиҳлар билан бир марта кўришиб қўйган, бирорта мажлисда бирга бўлган кишилар умр бўйи ёдлаб, фахрланиб юрадилар. Бу оятда зикр қилинаётган биргалик эса, у дунёда, бир эмас, барча набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва аҳли солиҳлар билан абадий бўлади.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида: «Аллоҳ: «Бу кун, ростгўйларга ростгўйликлари манфаат берадиган кун. Уларга остидан сувлар оқиб турган жаннатлар бор, унда абадий-боқий бўлурлар. Аллоҳ улардан рози бўлди. Улар Аллоҳдан рози бўлди. Бу эса улуғ ютуқдир», деди», деган (119-оят).
Оятдаги «ростгўйлар»дан мурод иймони содиқлардир. «Кун»дан мурод эса, қиёмат кунидир.
«Бу-кун, ростгўйларга ростгўйликлари манфаат берадиган кун».
Аллоҳ таолонинг таъкидлашича, қиёмат кунида иймонлиларга иймонлари манфаат беради. Мазкур манфаат қуйидаги шаклда зоҳир бўлади.
«Уларга остидан сувлар оқиб турган жаннатлар бор, унда абадий-боқий бўлурлар».
Яъни, қиёмат куни иймонлиларга дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор. Улар мазку жаннатларда абадий қолурлар.
«Аллоҳ улардан рози бўлди. Улар Аллоҳдан рози бўлди. Бу эса улуғ ютуқдир».
Бундоқ бўлишида ҳеч шубҳа йўқ. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар ростгўйликни лозим тутинглар. Чунки ростгўйлик яхшиликка бошлайди. Яхшилик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапираверса ва ростгўйликни истайверишда бардавом бўлса, Аллоҳнинг ҳузурида сиддиқлардан деб ёзилади.
Сизлар ёлғондан ҳазир бўлинглар. Чунки ёлғон фужурга бошлайди. Фужур эса дўзахга бошлайди. Киши ёлғон гапираверса ва ёлғончиликни истайверишда бардавом бўлса, Аллоҳнинг ҳузурида каззоблардан деб ёзилади», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилган.
Сиддиқ бўлиш катта бахт. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда сиддиқларни мадҳ этган. Каззоб бўлиш катта бадбахтлик. Аллоҳ таоло каззобларни ўз душмани деб эълон қилган.
Бас, ҳар бир мўмин-мусулмон сиддиқлардан бўлишга ҳаракат қилсин ва каззоб бўлишдан ўзини сақласин.

Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига аҳли Нажддан бир одам келди. Унинг сочлари тўзиган, овозининг ғўлдираётгани эшитилар эди-ю, нима деяётганини фаҳмлаб бўлмас эди. Яқин келувди, қарасак, у Ислом ҳақида сўраётган экан.
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир кеча-ю бир кундузда беш вақт намоз», дедилар.
«Менинг бўйнимда ундан бошқаси ҳам борми?» деди.
«Йўқ. Магар ўз ихтиёринг бўлса», дедилар.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамозон рўзасини тутишлик», дедилар.
«Менинг бўйнимда ундан бошқаси ҳам борми?» деди.
«Йўқ. Магар ўз ихтиёринг бўлса», дедилар.
Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга закотни зикр қилдилар.
«Менинг бўйнимда ундан бошқаси ҳам борми?» деди.
«Йўқ. Магар ўз ихтиёринг бўлса», дедилар.
Бас, ўша одам: «Аллоҳга қасамки, мана шундан зиёда ҳам, кам ҳам қилмайман» дея орқага қайтди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар гапида содиқ бўлса, ютди», дедилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сени шакка солган нарсани қўйиб, шакка солмаган нарсага ўт. Албатта, содиқлик хотиржамликдир. Албатта, каззоблик шубҳадир», дедилар». Термизий, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтадилар: «Кимнинг одамларга уч нарсаси бўлса, одамларга унинг ҳақида уч нарса лозим бўлади. Ким уларга гапнинг содиғини айтса, омонат қўйсалар хиёнат қилмаса ва ваъда берса вафо қилса, уларга уни қалблари ила севиш, тиллари ила мақташ ва ёрдамларини аямаслик лозим бўлади» (Одобуш шраъия. 29).
Абдулвоҳид ибн Зайд: «Сидқ Аллоҳга амал ила вафо қилишдир», деган.
Иброҳим ал-Хаввос: «Содиқни фақат фарзни адо этаётганини ва фазлга амал қилаётганини кўрасан», деган.
Жунайд раҳматуллоҳи алайҳ: «Сидқнинг ҳақиқати ёлғондан бошқа нажот бермайдиган ерда рост гапиришдадир», деган.

Сидқнинг фойдаларидан:

1. Сидқ аброрларнинг жаннатга борадиган йўлидир.
2. Содиқлар Аллоҳнинг муқарраб аҳбобларидир.
3. Содиқларни одамлар яхши кўрадилар, уларга ишонадилар ва омонатларини топширадилар.
4. Содиқларнинг жамиятда иззати бўлади.
5. Содиқлик амалларни кўтаради ва шанини улуғлайди.
6. Содиқлик қувватнинг аломатидир.
7. Содиқлик ўзига ишончнинг белгисидир.
8. Содиқлик нажотдир.
9. Содиқлар набийлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга тириладилар.

СОДИҚЛИКНИНГ МАЪНОЛАРИ

Имом Ғаззолий Содиқликнинг олти маъноси ҳақида батафсил сўз юритганлар:
1. Тилдаги содиқлик.
Бу маъно фақат хабарларга ва хабарни ўз ичига олган маъноларга боғлиқ бўлади. Хабар ўтган ёки келаси замонга боғлиқ бўлади. Бунга ваъдага вафо қилиш ҳам киради.
Ҳар бир бандага сўзини муҳофаза қилиши ва ростдан бошқани гапирмаслиги лозим бўлади. Бу содиқликнинг энг машҳур туридир.
2. Ният ва иродадаги содиқлик.
Бу борадаги содиқлик ихлосга муҳтож бўлади. Бунинг барча ҳаракот ва саканотлар ёлғиз Аллоҳ таолонинг ўзигагина бўлишидан бошқа боиси йўқ. Агар унга озгина бўлса ҳам бошқа нарса аралашадиган бўлса, ниятнинг содиқлиги бузулади ва унинг эгаси козибга айланади.
3. Азму қарордаги содиқлик.
Кўпинча инсон амалдан олдин азму қарор қилади. Мисол учун, агар Аллоҳ таоло менга мол берса, мадраса қураман, дейди. Худди манашу азму қарор гоҳида жазм ила содиқ бўлса, гоҳида истак ва орзудан нарига ўтмаган бўлиши мумкин. Шундан азму қарори ҳеч қандай майлсиз, иккиланишсиз ва заифликсиз тугал қувватга эга бўлган кишини содиқ дейилади.
4. Азмга вафо қилишдаги содиқлик.
Гоҳида нафс қарор қилиниши билан азмни амалга оширишга киришади. Гоҳида эса шаҳватлар ғолиб келиб азму қарорга амал қилиш қийинлашиб қолади. Аҳдига вафо қилганларгина содиқлар бўлади олади.
Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасида: «Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир. Бас, улардан баъзилари ажалини топди. Баъзилари эса, интизор бўлиб турибдир. Улар бирор нарсани алмаштирмадилар», деган (23-оят).
Яъни, мўминлар ичида Аллоҳ таолонинг йўлида жонини фидо қилишга аҳду паймон берган, азму қарор қилган кишилар бор. Улар мунофиқ ва иймони заифлар каби қўрқоқлик қилмайдилар. Собитдан, у амакиси Анасдан, У Ҳишомдан ривоят қилинади: «Ушбу оятда назарда тутилган кишилардан бири Анас ибн Назр розияллоҳу анҳу Бадр урушида қатнашмай қолган эди. Бу иш унга жуда оғир ботди.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иштирок этган биринчи урушда ғойиб бўлдимми?!» деб афсусланиб юрарди. Шу билан бирга: «Агар Аллоҳ таоло кейинчалик менга бир урушни кўрсатса, менинг нима қилишимни Аллоҳнинг Ўзи кўради», дер эди.
Уҳуд уруши куни Анас ибн Назр розияллоҳу анҳу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан урушга чиқди. У йўлда кетаётиб Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳуни учратди ва унга: «Эй Абу Амр! Оҳ! Оҳ! Жаннатнинг ҳиди қаёқдан келмоқда! Мен уни Уҳуд томондан келаётганини сезяпман!» деди. Урушга кириб, шаҳид бўлгунича жанг қилди. Унинг жасадидан саксондан ортиқ найза, қилич ва камон ўқи изларини топдилар. Унинг синглиси Рубаййиъ бинти Назр: «Акамни фақат бармоғидан таниб олдим, холос», дерди.
Бас, ушбу оят нозил бўлди: «Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир. Бас, улардан баъзилари ажалини топди. Баъзилари эса, интизор бўлиб турибди. Улар бирор нарсани алмаштирмадилар».
Буни у ва унинг асҳоблари ҳақида нозил бўлган деб билар эдилар». Аҳмад ривоят қилган.
Алҳамдулиллаҳ, мусулмонлар ичида бу кишига ўхшаб жонини фидо этганлар жуда кўп чиқди. Уларнинг фидойиликлари Исломга, мусулмонларга шону шуҳрат келтирди ва келтирмоқда.
«Бас, улардан баъзилари ажалини топди».
Анас ибн Назр розияллоҳу анҳуга ўхшаб шаҳиди аъло бўлди. Орзуига эришди. Ўзи кўзлаган олий мақомга етишди.
«Баъзилари эса, интизор бўлиб турибдир».
Ажаллари етмаганлари шаҳид бўлишга, Аллоҳга берган аҳдни амалга оширишга зору интизор турибди.
«Улар бирор нарсани алмаштирмадилар».
Бу мўминлар Аллоҳга берган аҳду паймонларини ҳеч нарсага алмаштирмадилар.
5. Амалдаги содиқлик.
Бунда банда ташқаридаги амали ичкарисида ўзида бўлмаган сифатга далолат қилиб қолмаслиги учун жидди жиҳод қилади. Ичида бори ташқарига чиқишига эришади. Баъзи кишилар ташқаридан намозни хушуъ билан ўқиётгандек бўлиб кўринади. У буни одамлар кўрсин учун қилмайди. Аммо шу билан бирга ичи ташига тўғри келмайди. У ташқаридан хушуъ ила намоз ўқиётган бўлиб кўринсада, ичида хаёли бозорда юрган бўлади. Демак, бундай одам амалида содиқ эмас, балки козибдир.
Шундан қуйидаги хулоса чиқади. Одамнинг ичи ташига тўғри келмаслиги икки хил бўлади. Агар бу иш ният ва қасд билан қилинаётган бўлса, риё бўлади. Аммо ният ва қасдсиз қилинаётган бўлса, содиқликка зид бўлади.
Бу нотўғри ҳолатдан қутилиш учун киши ичи ва ташини бир хил бўлишини таъминлаши лозим.
Язийд ибн Ҳорис раҳматуллоҳи алайҳ: «Агар банданинг сири ва ошкори бир хил бўлса, ишнинг ярми ҳосил бўлади. Агар сири ошкоридан афзал бўлса, фазлга эришади. Агар ошкори сиридан афзал бўлса, жаврчи бўлади», деган.
Абдурроҳман ибн Зайд: «Ҳасан бир нарсага амр қилса, ўшани ўзи ҳаммадан яхши қилар эди. Бир нарсадан наҳий қилса, ўшандан ўзи ҳаммадан кўра узоқда бўлар эди. Мен унинг каби ичи ташига ўхшаш одамни кўрмаганман», деган.
6. Дин мақомотларидаги содиқлик.
Бу содиқликнинг энг олий ва азиз даражасидир. Бу даражадаги содиқлик хавф, ражо, таъзим, зўҳд, ризо, таваккул, муҳаббат ва шунга ўхшаш нарсаларда бўлади.
Мазкур ишларнинг бошланиши, ғояси ва ҳақиқати бор. Бир нарса ғолиб бўлиб ҳақиқати юзага чиқса, ўша нарса содиқлик даражасига кўтарилган бўлади. Мисол учун, содиқ хавф, содиқ таваккул ва бошқалар.
Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасида: «Албатта, ҳақиқий мўминлар Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирган, сўнгра шубҳа қилмаган ва Аллоҳнинг йўлидан моллари ва жонлари ила жиҳод қилганлардир. Ана ўшалар, ўшаларгина содиқлардир», деган (15-оят).
Бу ояти каримадан кўриниб турибдики, ҳақиқий содиқ мўмин бўлиш учун анчагина ишларни амалга ошириш керак.
«Албатта, ҳақиқий мўминлар Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирган»,
Демак, аввало, Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтириш керак.
Сўнгра ушбу иймонда шак-шубҳага ўрин қолмаслиги керак.
«…сўнгра шубҳа қилмаган…»
Оғзида мўминликни даъво қилса-ю, кўнглида Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг зотига ёки сифатларига ёки сифатларидан бирортасига озгина шак ёки шубҳада бўлса, Пайғамбар алайҳиссаломга ишончсизлик қилса, бўлмайди.
Демак, ҳақиқий иймон мўмин кишининг қалбида ишониши лозим бўлган барча нарсаларга нисбатан ҳеч қандай шак ёки шубҳа қолдирмайди. Ҳамда бу ҳолат доимий бўлади.
Иймонли киши ўз эътиқодида собит бўлган нарсаларга ҳаётида амал қилиб яшамоғи лозим. Аммо ушбу эътиқоддаги, таъсавурдаги ҳолатни воқеаликка чиқариш осон бўлмайди. Бу йўлда кўпдан-кўп тўсиқлар учрайди. Ўша тўсиқларни енгиб ўтиш учун эса, курашиш керак. Курашга мол-мулкни, ҳатто жонни фидо қилиш талаб этилади.
«ва Аллоҳнинг йўлидан моллари ва жонлари ила жиҳод қилганлардир».
Демак, мазкур сифатларнинг ҳақиқий эгаларинигина мўминлар деса бўлар экан. Ана ўшаларгина иймонида содиқлар, ақийдасида содиқлар, мен мўминман деган гапларида содиқлар. Ҳа,
«Ана ўшалар, ўшаларгина содиқлардир».
Шундай қилиб, ҳақиқий иймонни ва ҳақиқий мўминни аниқлайдиган мезонни ҳам билиб олдик.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ўзининг .Албидая ван ниҳая, номли китобида келтиради.Жуъайф Самарқандий Аббосий халифалардан бўлган Мўътазиднинг дўсти эди. Бир куни у давоми...

2300 17:00 / 03.04.2022
Саломлашиш деганда кишиларнинг учрашган чоғда биринчи бирshyбирларига тилак маъносида сўз айтишлари тушунилади. Саломлашиш ҳамма миллатларда қадимдан мавжуд. давоми...

4060 05:00 / 04.03.2017
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон янги кийим киядиган бўлсалар, кўйлак ёки салла, деб унинг номини айтиб туриб, давоми...

2701 05:00 / 03.03.2017
Аллоҳ таоло .Эй Пайғамбарлар Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни ўта билгувчиман,, деган Мўминун, 51.Ва яна давоми...

4226 05:00 / 03.03.2017