1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Сув тошқини Аллоҳнинг жазосими?

17:05 / 04.05.2020 4935 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Охирги пайтлар юртимизга келган сув тошқини ва корона каби синовлар ортидан кўплаб мўмин биродарларимизнинг, хусусан, баъзи аҳли илм биродарларнинг “Бу Аллоҳнинг балоси”, “Аллоҳнинг жазоси” каби гапларига кўзимиз тушяпти. Воқеликка бундай ҳукм бериш, айниқса баъзиларнинг жазм билан бу нарсани ҳеч қандай шубҳасиз, гўёки Аллоҳдан ваҳий олгандек, гапириши албатта кўпчиликнинг қалбини оғритмай қолмайди.

Аслида муносабатимиз қандай бўлиши керак?

Бунга жавоб беришдан олдин икки муҳим қоидани, икки буюк ҳақиқатни тушуниб олишимиз керак:

Биринчи ҳақиқат:

Билингки, Аллоҳдан мўминларга бир синов келса, бундан икки нарсани кўрамиз:

1. Бу - жазо. Бундай ўйлашимиз хавф - қўрқувдан ҳисобланади.

2. Бу раҳмат ва тавба қилишга фурсат – бунда биз билмаган яхшиликлар бор. Бундай ўйлаш эса ражо – умидворликдан ҳисобланади.

Мўмин киши доимо мана шу иккаласининг - қўрқув ва умидворликнинг ўртасида туради.

Ражонинг ҳаддан ортиқ устунлиги амалларни қолдириб, Аллоҳнинг раҳматидан асоссиз умидвор бўлиб юришга, охир - оқибатда муржиаликка олиб келса, хавф-қўрқувнинг ҳаддан ортиқ устунлиги умидсизлик, такфирчилик, хаворижлик ва бошқа шайтоний йўлларга бошлайди.

Хўш, бу иккаласи тенг бўлиши керакми?

Йўқ. Мўмин киши доимо Аллоҳдан қўрқиши, бироқ умидворлик унинг қалбида устунроқ бўлиши керак. Аллоҳ ҳақида, уни она боласини яхши кўрганидан чексизлик баравар кўпроқ яхши кўрадиган, раҳмати барча нарсани қамраб олган Роббиси ҳақида яхши гумон унинг қалбида кучлироқ бўлиши керак.

Бу умидворлик ҳаддан ошганини қандай биламиз?

Агар мана шу умидворлик “Аллоҳ кечиради, Аллоҳ раҳмли” дея фарзларни ташлаш ёки ҳаромдан сақланмасликка олиб борса, ўшанда у ҳаддан ошган умидворлик бўлади.

Бу биринчи ҳақиқат эди.

Иккинчи ҳақиқат:

Аллоҳ берган нарсаларнинг жазо ёки яхшилик экани ўша нарса сизга ёқиши ёки одамлар наздида яхши нарсадек кўриниши билан ўлчанмайди. Масалан, фарзанд одамлар наздида яхшилик. Ваҳоланки, у бало ва жазо бўлиши ҳам мумкин, қанчадан - қанча фарзандлар борки, ота-оналарига икки дунёда ёмонлик келтирадилар. Ёки вабо – оғир касаллик. Бу одамлар наздида ёмонлик, бироқ аслида яхшилик бўлиши мумкин. Ким унга сабр қилиб вафот топса, шаҳид мақомида бўлади.

Демак, ҳаётингиздаги ҳар қандай нарса - синов ва ўша синов жазоми ёки мукофотми билиш учун унинг одамлар наздидаги баҳосига қараш кифоя қилмайди. Шунинг учун Роббимиз айтади:

‎وَعَسَىٰ أَن تَكْرَهُوا شَيْئًا وَهُوَ خَيْرٌ لَّكُمْ ۖ وَعَسَىٰ أَن تُحِبُّوا شَيْئًا وَهُوَ شَرٌّ لَّكُمْ ۗ وَاللَّهُ يَعْلَمُ وَأَنتُمْ لَا تَعْلَمُون

«Балки ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлар. Ва балки ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ билади, сиз билмайсиз.»

(Бақара сураси, 216- оят)

Хўш унда бирор нарса бизга яхшилик – неъмат қилиб берилдими ёки жазо қилиб берилдими, буни қандай биламиз?

Буни билишнинг жуда осон йўли бор:

Қарайсиз, ўша нарса сизни кўпроқ дуо ва ибодат қиладиган қилиб, Аллоҳга яқинлаштирдими ёки аксинчами? Ўша нарса сабаб ҳаромлардан сақланиб, фарзларни бажарадиган бўлдингизми ёки аксинча ҳаром ишлар қилиш ва фарзларни ташлашга сабаб бўлдими? Илм олиш бўлсин, бойлик бўлсин, касаллик бўлсин, ушбу тошқин бўлсин, барчасини Аллоҳ синов ҳовлиси бўлган бу дунёда сизга раҳмат қилиб бердими ёки жазо ва истидрож қилибми мана шу саволга жавоб бериш билан билиб оласиз:

Бу сизни фарзларни бажарадиган, ҳаромдан тийиладиган ва Роббингизга кўпроқ тавба-тазарруъ қиладиган мўминга айлантирдими ёки аксими?

Агар шу икки қоидани яхши тушуниб олган бўлсак,  сўнгги пайтларда ҳаётимизда бўлаётган синовларга қандай муносабатда бўлишимиз кераклиги мавзусига қайтиб, айтамиз:

Аввало, мўмин биродарингиз бошига мусибат келса, бу сенга жазо, бу ёмонликлар кўпайгани учун келди, дейишга шошманг. Биринчидан, сиз буни Аллоҳ нега юборганини аниқ билмайсиз. Қолаверса, бундай муносабат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари ва исломнинг одобларига зиддир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

‎بشروا ولا تنفروا

«Яхши башоратлар беринглар, нафратлантирманглар!»

Биров оғир касалликка дучор бўлса, унга бу касаллик гуноҳларинг сабаб келган жазо демайсиз, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилиб, “тоҳур иншааллоҳ” (маъноси: иншааллоҳ, бу касаллик сизни гуноҳлардан покловчи) дейсиз.

Ўша одам гуноҳ иш қилаётганини кўрсангиз, унга касаллик келишидан олдин, бало келиши мумкин деб айтсангиз - яхши. Бироқ касаллик келгач, уни чиройли сабрга ва тавбага чиройли башоратлар билан ундайсиз.

Бинобарин, бундай синов келишидан олдин одамларни огоҳлантириб айтсангиз яхши эди. Энди эса уларга бу Аллоҳнинг жазоси дейиш ҳикматдан бўлмаса керак.

Каҳф сурасини эсланг. Мусо алайҳиссаломга Ҳизр алайҳиссаломга берилган ғайб илмлари берилмаганди. Бинобарин, Ҳизр алайҳиссалом болани ўлдириши, кемани чўктириб юбориши Мусо алайҳиссалом учун адолатсизлик ва ёмонлик бўлиб кўринди. Бироқ Аллоҳ учун ва Аллоҳ мана шу масалаларда ғайбни билдиргани Ҳизр алайҳиссалом учун бу ишлар яхшилик эди. Сиз билмайсизки, бу корона ва тошқин ортида қанчадан – қанча яхшиликлар бордир, биз буни кўрмаймиз, Аллоҳ буни билади.

Шундай экан, одамларга Аллоҳни ғазаб қилувчи, инқитом олувчи, ёмон кўрувчи қилиб эслатишга шошманг, бундан бошлайдиган бўлманг. Айниқса, уларга мусибат келиб турган пайтда, гуноҳлари билан юзларига урманг.

Албатта сиз бу билан уларни Аллоҳнинг ғазабидан қўрқитиб, ислоҳга бошлайман, дерсиз. Бироқ билингки, қўрқув қилолмаган ишларни муҳаббат қилади. Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал сўзларини яна бир бор эсланг:

Яхши хабарлар беринглар, нафратлантирманглар!

Аллоҳнинг марҳамати ва муҳаббати мўмин бандаларига ғазабидан кўра кўпроқ бўлганидек, муҳаббатнинг одамлар қалбидаги таъсири қўрқувнинг таъсиридан кучлироқдир. Роббимиз айтади:

‎قَالَ عَذَابِي أُصِيبُ بِهِ مَنْ أَشَاءُ ۖ وَرَحْمَتِي وَسِعَتْ كُلَّ شَيْءٍ ۚ فَسَأَكْتُبُهَا لِلَّذِينَ يَتَّقُونَ وَيُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَالَّذِينَ هُم بِآيَاتِنَا يُؤْمِنُونَ

‎الأعراف : 15

«Азобим ила кимни хоҳласам, тутаман. Раҳматим эса, барча нарсадан кенгдир. Уни тақво қилганларга, закот берганларга, оятларимизга иймон келтирганга ёзажакман.»

(Аъроф сураси, 15-оят)

Айтингки, Аллоҳ раҳмли ва меҳрибон зот. У бандаларини она ўз чақалоғини севганидан чексиз баробар кўпроқ севади. У бандаларига улар тавба ва тазарруъ қилишлари ҳамда гуноҳлардан покланиб, Унинг тоатига қайтишлари учун синовлар юбориб туради. Роббимиз айтади:

وَمَا أَرْسَلْنَا فِي قَرْيَةٍ مِّن نَّبِيٍّ إِلَّا أَخَذْنَا أَهْلَهَا بِالْبَأْسَاءِ وَالضَّرَّاءِ لَعَلَّهُمْ يَضَّرَّعُونَ

«Қайси бир қишлоққа Пайғамбар юборсак, албатта, унинг аҳлини тазарръу қилишлари учун зарарлар ва мусибатлар ила тутганмиз.»

Яна айтади:

وَقَطَّعْنَاهُمْ فِي الْأَرْضِ أُمَمًا ۖ مِّنْهُمُ الصَّالِحُونَ وَمِنْهُمْ دُونَ ذَٰلِكَ ۖ وَبَلَوْنَاهُم بِالْحَسَنَاتِ وَالسَّيِّئَاتِ لَعَلَّهُمْ يَرْجِعُونَ

«Ва уларни ер юзида жамоатларга бўлиб юбордик. Улардан аҳли солиҳлари бор ва улардан ундай эмаслари ҳам бор. Ва уларни (Аллоҳга) қайтишлари учун яхшиликлар ва ёмонликлар ила синадик.»

Демак, бундай синовларни Аллоҳ бандаларига раҳмат ўлароқ, тазарруъ қилиш билан, Ўзига, тоатига қайтишлари учун юборар экан.

Қолаверса, модомики бандалари тоат - ибодатда эканлар, модомики, Аллоҳдан келган нарсага розимиз, Уникимиз ва Унга қайтамиз дея чиройли сабр қилар эканлар, оёқларига кирган тикан учун ҳам чексиз ажру савоблар оладилар.

Ҳозир мана шу ёзувларни ўқиётган пайтингиз, бир лаҳзага тўхтаб, гуноҳларингизни афсус билан эслаб, астағфируллоҳ дея олсангиз, жаннатни эслаб, Роббим менга Жаннатни бергин, десангиз, агар намозларингизни ўқиб, гуноҳ кабиралардан тийилиб, энг муҳими Лаа илаҳа иллаллоҳ деяётган бўлсангиз, билингки, Аллоҳ сизни севади ва У сиз билан иншааллоҳ. Аллоҳ Таоло айтади:

‎إِن تَجْتَنِبُوا كَبَائِرَ مَا تُنْهَوْنَ عَنْهُ نُكَفِّرْ عَنكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَنُدْخِلْكُم مُّدْخَلًا كَرِيمًا

«Агар қайтарилган нарсаларнинг катталаридан (кабира гуноҳлардан) четда бўлсангиз, гуноҳларингизни кечирамиз ва сизни Жаннатга киритамиз.»

Шундай экан, одамларга уларнинг бошларига тушган синовлар Аллоҳнинг жазоси ва балоси деманг, балки, сабр қилиб гуноҳлардан покланиб олишлари учун Аллоҳнинг раҳмати денг.

Айтингки, албатта бу синовлар ортидан икки ўз енгиллик ва яхшилик бор. Зеро, мўмин бандаларига меҳрибон ва раҳмли бўлган Роббимиз таъкидлаб айтади:

‎{فَإِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا (5) إِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا (6)}

‎الشرح : 5-6

Оятлар маъноси:

«Албатта, қийинчилик ортидан осончилик бордир. Албатта, ўша қийинчилик ортидан яна бир осончилик бордир.»

Маҳмуд Усмон

Мавзуга оид мақолалар
.Раҳийм, сифати луғатда .юмшоқлик,, .ачиниш, ва .кўнгилчанг бўлиш, каби маъноларни ифода этади. Аллоҳ таоло Қуръони каримни ҳам раҳмат дейиш билан бирга, унда ёмғирни давоми...

5154 20:30 / 17.03.2019
Салмон Форсий розияллоҳу анҳу вафотидан олдин кўп йиғлади. .Нима учун йиғлаяпсиз, деб сўрашган эди, .Дунёдан кетаётганимга ачинганимдан йиғламаяпман. Аммо давоми...

3617 07:40 / 01.04.2019
Суфён айтади .Зубайд ёмғир ёққан кечада қўлига машъала тутиб, маҳалладаги қарияларнинг уйини айланиб, .Уйингиздан ёмғир ўтмадими Машъала берайми, дер эди. Тонг давоми...

1690 09:05 / 29.09.2019
Аллоҳ таолодан қўрқувчи аёл Аллоҳга ва эрига астойдил итоат қилиши, розилигини қозонишга жидду жаҳд билан ҳаракат қилиши лозим. Зеро, эр аёлнинг жаннати ёки давоми...

5075 09:40 / 27.03.2019
Аудиолар

135081 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55358 14:35 / 11.08.2021