1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Таровеҳ намози

11:30 / 23.04.2020 1545 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рамазонда бедор бўлиб ўқиладиган намоз «Таровеҳ» деб номланиши ҳаммага маълум. Таровеҳ – роҳат, истироҳат маъносидадир. Чунки мазкур намоз истироҳат ҳисобланади, ҳар тўрт ракатни ўқиб бўлгандан кейин истироҳат олинади. Макка аҳли эса, ўша пайтда ҳар тўрт ракат таровеҳ намозидан кейин Байтуллоҳни тавоф қилар эканлар.

Абу Салама ибн Абдурраҳмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Оишадан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазондаги намози қандоқ эди?» деб сўраган экан. Шунда у киши: «Рамазонда ҳам, ундан бошқа вақтда ҳам ўн бир ракатдан зиёда қилмас эдилар. Тўрт ракат намоз ўқир эдилар. Уларнинг ҳусни ва узунлигини сўрамай қўявер. Сўнгра яна тўрт ракат ўқир эдилар. Уларнинг ҳам ҳусни ва узунлиги сўрамай қўявер. Кейин эса, уч ракат ўқир эдилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, ухлашингиздан олдин Витр ўқийсизми?» дедим. У зот: «Эй, Оиша, албатта, менинг кўзларим ухлар қалбим ухламас», дедилар» деди».

Бешовлари ривоят қилган.

Оиша онамиз ривоят қилишларича, Пайғамбар алайҳиссалом Рамазонда ҳам, Рамазондан бошқа вақтларда ҳам кечаси намоз ўқиганларида ўн бир ракъат ўқиганлар. Ўша тунги намозларни ниҳоятда чиройли қилиб ва узун ўқиганлар. Бу ҳақда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари ухласа ҳам қалблари ухламаслиги ҳақида маълумотлар келган. Бу ерда таъкидлашимиз лозим нарса шуки, бу жавобда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кечаси ўқиган намозлари неча ракатлиги ҳақида Оиша онамиз ўзлари билган нарсани айтмоқдалар. Бу эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн бир ракатдан бошқа намоз ўқимаган эканлар-ку, деган хаёлга олиб бормаслиги керак. Эътибор берадиган бўлсак, бу ерда таровеҳ намози ҳақида эмас, кечасиги таҳажжуд намози ҳақида сўз бормоқда. Чунки таровеҳ намози Рамазондан бошқа пайтда ўқилмайди. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бўлсалар:«Рамазонда ҳам, ундан бошқа вақтда ҳам ўн бир ракатдан зиёда қилмас эдилар», демоқдалар. Чунки у зот Оиша онамизнинг ҳужраларида айнан таҳажжуд намози ўқиганлар. Таровеҳ намозининг ракатлари адади қанча деганда мазҳаб боши имомлар ҳам ўз шароитларидан келиб чиқиб, ўзларига етиб келган ривоятларнинг кучига қараб, турлича ададларни олганлар.

Мисол учун, Шофъеий мазҳабида саккиз ракат олинган бўлса, Ҳанафий мазҳабида йигирма ракат олинган. Демак, таровеҳ намози ракъатлари адади ҳақидаги ривоятлар ихтилофли эмас, турлиликни ифода этгандир.

Бошқа масалалар ҳам худди шунга ўхшайди. Хилоф йўқ, турлилик бор. Фуқаҳолар эса, ўша турли нарсалар ичида қай бири афзал, деган маънода баҳс юритганлар.

Язид ибн Румон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Одамлар Умар ибн Хаттобнинг замонида йигирма уч ракат ила қоим бўлар эдилар».

Шарҳ: Аввало ровий Язид ибн Румон розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик: Язид ибн Румон Асадий ал-Маданий, кунялари Абу Руҳ. Бу зот Зубайр ибн Афвон оиласининг қулидирлар. Ҳадисларни Ибн Зубайр, Анас, Убайдуллоҳ ва яна бошқа кишилардан ривоят қилдилар. Бу зот ривоят қилган ҳадислар 6та «Саҳиҳ» китобларида бор.

Ибн Саъд айтадилар: «Язид ибн Румон олим ва кўп ишончли ҳадис ривоят қилган тобеинлардан эдилар». Бу зот ҳижратнинг 130-йили Мадинада вафот этдилар.

Мазкур йигирма уч ракатнинг йигирма ракати таровеҳ, уч ракати витр намози бўлган. Баъзи бир ривоятларда ўн бир ва ўн уч ракат ҳам дейилган. Лекин йигирма уч ракат маълум ва машҳур.

Баъзи уламоларимиз олдин оздан бошлашган, кейин бориб-бориб йигирма учда тўхташган ва шу одат бўлиб қолган мусулмонлар жумҳури шуни қабул қилган, дейишади.

Шофеъий мазҳабида саккиз ракат ҳақида сўз бўлса ҳам, амал қилишда йигирма ракат қабул қилинган. Шунинг учун ҳам барча мусулмонлар қадимдан таровеҳ намозини масжидларда, жамоат билан йигирма ракатдан ўқишга одат қилганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёки Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан: «Мўминлар яхши, деб билган нарса Аллоҳнинг ҳузурида ҳам яхшидир. Мусулмонлар ёмон, деб билган нарса Аллоҳнинг ҳузурида ҳам ёмондир», деб ривоят қилинган».

Ушбу икки ривоятни Имом Молик келтирган.

Шарҳ: Ушбу ривоятдаги мўмин-мусулмонлардан мурод Қуръон, ҳадис ва фиқҳни яхши биладиган аҳли илм мўмин-мусулмонлар эканлигидан ҳеч шак-шубҳа йўқ. Ушбу ривоятни бу ерда келтиришдан мурод таровеҳ намозини масжидда жамоат билан йигирма ракатдан ўқишни Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг замонларида жорий қилиш ўзбошимчалик, динга унда йўқ нарсани қўшиш эмас, балки диний асосда Ислом умматининг зубдаси бўлмиш саҳобалар томонидан шариат кўрсатмаларига, хусусан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимотларига амал қилинган ҳолда бўлганини таъкидлашдир.

Зотан, ижмоъ шариатимизда ҳукмга манба бўлган тўрт манбанинг биридир. Ижмоъ эса, бир замонда яшаб турган ижтиҳод даражасига етган мусулмонларнинг бир фикрга жам бўлишларидир. Шунинг учун, ҳозирги шаклда таровеҳ намози ўқишга ҳеч тил теккизиб бўлмайди.

Islom.uz портали таҳририяти

Мавзуга оид мақолалар
Кўфада келишган, кўп ибодат қиладиган зоҳид йигит яшарди. У Нахаълик бир қавмга қўшни бўлдию, ўша қабиладаги бир гўзал қизни кўриб, унга ошиқ бўлиб қолди. Қиз ҳам давоми...

2930 08:00 / 23.12.2020
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда биз бандаларга шундай хитоб қилган .Ва осмондан баракали сувни тушириб, у билан боғроғларни ва дон ҳосилини ўстирдик. Ва зич давоми...

1446 11:07 / 26.08.2020
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни оналари Омина онамиз етти кун эмиздилар. Омина онамизнинг сутлари етмаганликлари сабабли бир неча кун у зотнинг давоми...

4190 07:00 / 06.12.2018
Ҳорис Аъвар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Масжиддан ўтдим. Қарасам, одамлар турли гапларга шўнғишмоқда. Шунда Али розияллоҳу анҳунинг олдиларига кирибndash Эй давоми...

2070 09:10 / 31.07.2019