1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

«Тавҳид» рисоласи аҳли сунна ақийдаси бўйича муҳим манба (биринчи мақола)

11:30 / 15.04.2020 2946 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кириш
Сўнги пайтларда ўзбекзабон мўмин-мусулмонлар ўртасида Имом Мотуридий ва у кишининг ақийдавий қарашлари хусусида асоссиз ва бир ёқлама гаплар тарқаб қолди. Бу буюк Имом ҳақида деярли ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган халқимиз ана ўшандай туҳмат, фитна гапларга алданиб қолмоқдалар. Бу ҳам етмагандек, ақийдада чалғиб, мушаббиҳаларнинг сўзларига мойил бўлиб қолишмоқда ва улуғ олимларни билимсизларча танқид қилиша журъат қилишмоқда. Бу жуда ҳам хатарли ҳолат бўлиб, диннинг асосига, пойдеворига зил кетиш ҳисобланади. Суриштирсангиз, ўшаларнинг бирортаси Имом Мотуридийнинг бирорта ҳам китобини кўрмаган, ўқимаган ва ўқий олмайди ҳам. Улар нари борса, соҳа мутахассислари қошида ҳеч қандай илмий қийматга эга бўлмаган битта-яримта мақоланинг таржимонлари, кўзи кўр ўқувчилари, холос. Бирортаси бу борада илмий тадқиқот олиб бормагани аниқ. Фақат бировларнинг гапларини ўзиники қилиб жар солишни билишади, холос. Аммо жоҳилликлари шунчаликки, ўзлари ҳеч ким бўлмаганлари ҳолда ўзлари умуман танимаган одамни танқид қилишади, ўқимаган гаплари устида баҳс юритишади. Буни «жаҳли мушкил» дейилади.

Исломда эътиқод масаласи жуда ҳам жиддий ўрин тутади. Зотан, мусулмон кишининг бутун ҳаёти эътиқод устига қурилади.  Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тўғри англаш учун ҳам ақийда тўғри бўлиши даркор. Шу боис, уламолар қадимдан бу жабҳага қаттиқ туришган. Қадимги мужтаҳид олимларнинг ақийда мавзусини «Фиқҳул-акбар» ‒ Катта  фиқҳ деб номлашлари ҳажм жиҳатидан эмас, аҳамият эътиборидан бўлган.

Ақийдадаги тойилиш барча соҳаларни издан чиқарди ва ижтимоий-маънавий зарарларни келтириб чиқаради. Тадқиқотчи ва тарихчи олимларнинг таъкидлашларича, бузуқ ақийдалар устувор бўлган замонларда мусулмонлар ҳеч ҳам зафар қучмаганлар.

Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг бир қатор асарларида Имом Мотуридий ҳақларида маълумот бериб ўтганлар ва бу борада «Ҳидоят имоми» деган ном билан мустақил рисола ҳам ёздилар.

Куни кеча Самарқандда «Имом Мотуридий таълимоти: ўтмиш ва бугун» мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди. Унда Ислом оламининг нуфузли олийгоҳларидан бир қатор таниқли олимлар иштирок этдилар. Бу ҳам айни дамда буюк Имомнинг ҳаёти ва таълимотини ўрганиш долзарблигидан келиб чиққан.

Мазкур анжуман атрофида мотуридия ақидасига оид бир қатор мақолалар ва асарлар ҳам битилди. Жумладан, Саидмухтор Оқилов тарафидан «Абу Мансур ал-Мотуридий илмий мероси ва мотуридия таълимоти» номли асар нашр қилинди.

Имом Мотуридийнинг таълифотлари, ақийдавий қарашларини ўрганишдаги асосий манба унинг айнан шу мавзуга бағишланган «Тавҳид» китобларидир. Мотуридия ақийдасининг асоси ҳисобланган бу асарни ўрганиш бироз мушкул бўлса-да, ғоят аҳамиятлидир. Ундаги фикрлар Имом Мотуридийнинг қарашларини ўзида ифода этади. Мотуридия эътиқодини асл манбалари асосида халққа етказиш, танитиш мақсадида ўқувчиларимизни «Тавҳид» асарининг умумий мазмуни билан таништиришни лозим деб топдим. Ушбу мақола шу мақсад сари босилган илк қадам бўлса, ажаб эмас.

Асар борасида сўз очишдан олдин муаллиф хусусида қисқача маълумот бериб ўтилди ва бу борада бошқа манбаларда етарли тафсилотлар тарқаб бўлгани эътиборидан бу ерда батафсил тўхтаб ўтирилмади. Асосий эътибор «Тавҳид» асарига қаратилди.

Шуни таъкидлаш ўринлики, Имом Мотуридий ҳақларида уламоларнинг сийратларига оид манбаларда кўп маълумот учрамайди. Айрим муҳим асарларда у киши ҳақида умуман сўз очилмаган. Бироқ, бу ҳол у кишининг илмдаги мартабаларига соя солмайди. Зотан, бунинг бир қатор ички ва ташқи сабаблари ҳам бор. Жумладан, у кишининг Халифалик марказидан узоқ бўлишлари, шогирдларнинг Имом Мотуридийни таниқли деб билганларидан ҳақларида кўп сўз айтмай, таълимотларига кўпроқ эътибор қаратганлари ва бошқа омилларни айтиш мумкин. Шунга қарамай, замонамиз олимлари у кишининг сийратлари борасида янги тадқиқотлар олиб бориб, алоҳида асарлар ҳам битишмоқда. Хусусан, Аҳмад Даманҳурийнинг «Садду-суғур бисийроти Аламил-ҳуда Абу Мансур» (Ҳидоят имоми Абу Мансурнинг сийрати борасида кемтикни тўлдириш) асари бунга ёрқин мисол бўлади олади.

Имом Мотуридийнинг буюкликлари, сийратларини англашдаги энг катта манба ‒ у кишининг асарларидир. Бу зотнинг ихлосу тақволари, парҳезкорликлари, соғлом ақл ва эътиқоддаги даражалир, ақлий етукликлари, фикрий илғорликларини у кишининг асарларини ўрганган одам дарҳол фаҳмлаб олади. Ушбу мақола орқали биз ҳам бу борада озми-кўп илмга эга бўлсак, ажаб эмас.

Аллоҳ таолодан ушбу битикларни манфаатли этишини сўраб қоламан ҳамда бу йўлда кўмаклашган аҳли илмларимиз ҳақларига ташаккур ва дуолар қиламан.

(Давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

05.03.2020

 

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Бакр ибн Абу Марямдан ривоят қилинади .Вафо ибн Бишрни тушимда кўриб, .Сизга қандай муомала қилинди, деб сўрадим. .Барча ҳаракатлардан кейин нажот топдим,, деди. давоми...

1703 08:10 / 22.10.2019
Абдурраҳмон ибн Маҳдий айтади .Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳдек қалби юмшоқ инсонни кўрмаганман. Мен кечаси у зотнинг ибодатларини кузатардим. У зот кечанинг давоми...

2598 08:00 / 18.03.2020
Яҳё ибн Одам айтади .Мисъарнинг вафоти яқинлашганда унинг ҳузурига Суфён Саврий кирди. Уни бетоқат аҳволда кўриб, .Нима учун бетоқатсиз Аллоҳга қасам, қанийди мен давоми...

2706 08:05 / 23.03.2020
Иброҳим ибн Муслим Қурашийдан ривоят қилинади .Фотима бинти Муҳаммад ибн Мункадир кундузлари рўзадор бўлар, кеч кирганда эса ҳазин овозда .Бу кечани зулмат давоми...

1445 08:00 / 13.07.2020
Аудиолар

135078 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55356 14:35 / 11.08.2021