1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

«Такаасур» сураси нима учун нозил бўлди биласизми?

18:00 / 10.04.2020 3724 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу сура Маккада нозил бўлиб, 8 оятдан иборат. Унинг номи ўзининг биринчи оятидаги «такаасур» сўзидан олинган. «Такаасур» сўзи «молу дунё, мансаб-мартаба ва бола-чақанинг кўплиги билан фахрланиш» деганидир. Ушбу сурада кишилар дунёнинг ўткинчи матоҳини кўпайтиришга ўзларини уришлари, ана шу иш билан машғул бўлишни жонлари чиққунча давом эттиришлари ҳақида гап кетади.

Такаасур сураси ниҳоятда кескин хитоблар ила одамларни мазкур ишни қилмасликка ундайди.

Ва, ниҳоят, охиратда кўриладиган даҳшатларни эслатиш ила сурага хотима ясалади.

Бу сураи карима туғёнга кетган моддапарастлик муаммосини муолажа қилади. Ҳозирги ҳаёт инсонга турли сарфларни талаб қиладиган маданиятни тақдим этди. Ҳойи-ҳавасга эришаман, деб инсон бу нарсаларнинг қули бўлиб қолди. Шу сабабдан ҳаёт роҳат ўрнига чарчашга айланди. Инсон иложи борича кўпроқ бойлик тўплайдиган ва бу йўлда ҳар қандай пасткашликлардан қайтмайдиган бўлиб қолди. Ҳавойи нафс йўлида юриш, мол-дунёга ўчлик инсонни инсоний фазилатларидан жудо қилди, инсонийлигини унуттирди ва, ниҳоят, яратган Холиқини ҳам эсидан чиқартирди. Оқибатда инсон Аллоҳга эмас, молу дунёга сажда қиладиган бўлиб қолди.

Такаасур сураси бунинг оқибати нима бўлишини баён қилади.

1. «Кимники кўп» сизни машғул қилди… (Такаасур сураси, 1-оят) 

Эй одамлар, кўп молу дунё тўплашга, мансаб кетидан қувишга, бола-чақа, ёру дўст кўпайтиришга тинмай уриниш сизни Аллоҳ таолонинг итоат ва ибодатидан машғул қилди. Молу дунём бошқалардан кўра кўп бўлсин, деб тинмай уриндингиз, Аллоҳ таолонинг тоатидан машғул бўлдингиз. Бошқалардан каттароқ мансабга эришай, деб тинмай уриндингиз, Аллоҳ таолонинг тоатидан машғул бўлдингиз. Бошқалардан кўра кўпроқ бола-чақа, ёру дўстим бўлсин, деб тинмай уриндингиз, Аллоҳ таолонинг тоатидан машғул бўлдингиз.

2. то қабрларни зиёрат қилгунингизча. (Такаасур сураси, 2-оят)

Яъни ўлиб, қабрга киргунингизча кимўзарга бойлик тўплаш билан овора бўлиб, Аллоҳ таолонинг тоат-ибодатини эсдан чиқардингиз.

3. Йўқ! Тезда биласиз! (Такаасур сураси, 3-оят)

Йўқ! Бу қилмишингиз нотўғри! Молу дунё кўпайтиришга берилиб, Аллоҳ таолонинг тоати, ибодатидан машғул бўлманг! Мансаб орқасидан югуриб, Аллоҳ таолонинг тоат-ибодатидан машғул бўлманг! Бола-чақа, ёру дўстим деб, Аллоҳ таолонинг тоат-ибодатидан машғул бўлманг!

Ҳали бунинг оқибатини тезда биласизлар.

4. Яна йўқ! Тезда биласиз! (Такаасур сураси, 4-оят)

Ҳа, тезда – ўлишингиз билан молу дунё кўпайтиришга, мансабга ўч бўлишга ва бола-чақа, ёру дўстга ружуъ қўйишга берилиб, Аллоҳ таолонинг тоат-ибодатидан машғул бўлишнинг оқибатини кўрасизлар. Шунинг учун ҳам вақт борида бу машғулликни йиғиштириб, Аллоҳ таолога қайтинг.

5. Йўқ! Агар аниқ илм ила билганингизда эди… (Такаасур сураси, 5-оят)

Йўқ! Бу қилмишингиздан қайтинг! Ўткинчи дунё матоҳи учун кимўзарга берилиб, Аллоҳ таолонинг ибодатидан қолишни йиғиштиринг! Агар сизлар бунинг оқибати нима бўлишини очиқ-ойдин билганингизда эди, бу ишни қилмас эдингиз. Молу дунё кўпайтириш билан машғул бўлиб, Аллоҳ таолонинг ибодатини унутмас эдингиз. Мансаб кетидан қувиш билан машғул бўлиб, ўлгунингизча уриниб, Аллоҳ таолонинг ибодатини унутмас эдингиз. Бола-чақа, ёру дўст билан машғул бўлиб, Аллоҳ таолони эсдан чиқармас эдингиз.

Афсуски, мол-дунё, мансаб, бола-чақа, ёру дўст масаласида кимўзар ила ўлиб, қабрни зиёрат қилгунингизгача машғул бўлдингиз. Энди

6. Албатта жаҳаннамни кўрасиз. (Такаасур сураси, 6-оят)

Яъни кўрмай қолмайсиз. Чунки бу дунёда молу дунё кўпайтириш ила овора бўлиб, мансаб кетидан қувиш билан овора бўлиб, Аллоҳ таолонинг ибодатини унутганларнинг жойи албатта жаҳаннам бўлиши аниқ. Ҳа, эй ғофил бандалар! Сизлар албатта жаҳаннамни кўрасизлар!

7. Ва яна албатта уни ишонч кўзи билан кўрасиз. (Такаасур сураси, 7-оят)

Ҳа, ишонаверинг, жаҳаннамни ўз кўзингиз билан кўрасиз. Бу аниқ!

8. Сўнгра ўша Кунда албатта неъматланишдан сўраласиз. (Такаасур сураси, 8-оят)

Яъни қиёматда ҳар бир неъматни нимага, қандай сарф қилганингиз ҳақида сўралади. Ҳа, каттаю кичик ҳар бир неъмат ҳақида сўраласиз. Ҳар бир неъматга шукр қилдингизми, йўқми – сўраласиз. Аллоҳ таоло сизга берган молу дунё неъматини нимага сарфладингиз – ҳалолгами, ҳаромгами, Аллоҳ таолони рози қиладиган йўлгами, ғазабини қўзғатадиган йўлгами – ҳамма-ҳаммаси ҳақида сўраласиз.

Мансабдан қандай фойдаланганингиз ҳақида ҳам албатта сўраласиз. Мансабингиздан тўғри, Исломий йўлда истифода қилдингизми ёки нотўғри, ёмонлик ишлар йўлида истифода қилдингизми – сўраласиз! Шунингдек, бола-чақа, ёру дўст ҳақида ҳам сўраласиз!

Ушбу ҳис – қиёмат куни каттами-кичикми, ҳар бир неъмат ҳақида савол-жавоб бўлиши муқаррарлиги ҳисси ҳар бир мусулмонни доимий равишда қамраб турмоғи лозим. Ана шундагина жамият аъзоларидаги масъулият ҳисси ортади, ҳушёрлик зиёда бўлади ва улкан натижалар ҳосил бўлади. Худди шу ҳис мусулмонларнинг биринчи авлодида олий даражада бўлган, шунинг учун ҳам улар улкан ютуқларга эришганлар.

Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Шиххийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борсам, «Алҳаакумут-такаасуру»ни қироат қилаётган эканлар. Сўнгра у зот: «Одам боласи «молим, молим», дейди. Сенинг еб тугатганингдан, кийиб чиритганингдан ва садақа қилиб ўтказганингдан ўзга молинг бормиди?!» – дедилар», дейилган. Яъни, мазкурлардан бошқа мол-дунё бевафо нарсадир.

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни ёки кечаси ташқарига чиқиб, Абу Бакр ва Умарга дуч келдилар. Бас, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Икковингизни бу соатда уйингиздан нима чиқарди? – дедилар. Иккови:

– Очлик, эй Аллоҳнинг Расули, – дейишди. Ул зот:

– Нафсим қўлида бўлган Зот билан қасамки, мени ҳам икковингизни чиқарган нарса чиқарди, туринглар! – дедилар. Ул зот билан бирга туриб, ансорийлардан бирининг ҳузурига боришди. У киши уйида йўқ экан. Аёли у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриши билан:

– Хуш келибсиз! – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлдан:

– Фалончи қаерда? – деб сўрадилар. Аёл:

– Сув олиб келгани кетди, – деди. Тезда ансорий саҳоба ҳам етиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг икки саҳобаларига назари тушиши билан:

– Алҳамдулиллаҳ! Бугун менчалик ҳурматли меҳмонлари бор ҳеч ким йўқ! – деди. Бориб, бир тизим хурмо келтириб: – Енглар, – деди ва қўлига пичоқни олди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

– Зинҳор ва зинҳор соғин ҳайвонга тегма! – дедилар. Ансорий саҳоба уларга бир қўй сўйди. Улар қўйдан ва ҳалиги хурмодан тановул қилишди, ичишди. Тўйиб, сероб бўлганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр билан Умарга: – Нафсим қўлида бўлган Зот билан қасамки, қиёмат куни албатта ушбу неъматдан сўраласизлар. Сизни уйингиздан очлик чиқарди. Энди эса сизга ушбу неъмат етганидан кейин қайтасизлар – дедилар».

Ҳа, Такаасур сураси ўзи қисқа, оятлари оз бўлса ҳам, ана шундай улкан маъноларни ўз ичига олгандир. Унинг маъносини тушуниб, тадаббур ила тез-тез ўқиб туриш кишининг кўзини очиб, эсини жойига келтириб, масъулиятини ҳис эттириб туради. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу қисқа сурани ўқиган одамга минг оят ўқиганнинг савобини башорат қилганлар.

Имом Байҳақий Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Сизлардан қай бирингиз ҳар куни минг оят ўқий олади? – деб сўрадилар. Саҳобалар томонидан:

– Ким ҳам ҳар куни минг оят ўқий оларди? – дейилди. Шунда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Бирортангиз ҳам «Алҳаакумут-такаасуру»ни ўқишга қодир эмасмисиз? – дедилар».

Демак, шундан маълум бўладики, бу сураи карима минг оятга баробар экан.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Авомнинг даражаси. Бу Ҳақнинг муомаласидан халқни чиқариш Аллоҳ таолога ибодат қилаётганда одамларни аралаштирмаслик ила бадан ва мол муҳофазасини, ризқнинг давоми...

1775 12:00 / 03.08.2019
Аллоҳнинг масжидларида Унинг исми зикр қилинишини ман этган ва уларни хароб қилишга саъйshyҳаракат қилган кимсадан кўра золимроқ ким бор Ана ўшалар уларга фақат давоми...

4514 17:10 / 01.06.2019
Муътамир ибн Сулаймоннинг мажлисида бир аъробий одобни шундай васф қилди .Ҳақиқий одоб дин одобидир. У тавфиққа чақиради, саодатга сабаб бўлади ва тақвони зиёда давоми...

1931 07:00 / 29.12.2018
.Ибн Муборакнинг вафоти яқинлашди. У озод қилган қули Насрга .Бошимни тупроққа қўйинглар,, деди. Наср йиғлаб юборди. Ибн Муборак унга .Нега йиғлайсан, деди. У давоми...

1757 08:00 / 22.05.2020