1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Фитналардан сақловчи амалларни билиш

18:00 / 05.04.2020 2991 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ حُذَيْفَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسل  مقَالَ: فِتْنَةُ الرَّجُلِ فِي أَهْلِهِ وَمَالِهِ وَوَلَدِهِ وَجَارِهِ تُكَفِّرُهَا الصَّلَاةُ وَالصَّوْمُ وَالصَّدَقَةُ وَالْأَمْرُ وَالنَّهْيُ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кишининг аҳлидаги, молидаги, боласидаги ва қўшнисидаги фитнасини намоз, рўза, садақа, амр ва наҳий ўчиради», дедилар».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

«Фитна» сўзи «синов» маъносини англатади. Арабларда маъданни ўтга солиб, синаб кўриш ҳам «фитна» дейилади.

Маънавий соҳада эса инсоннинг иймон-эътиқоди, шариатга амал қилиши, унинг инсоний фазилатлари учун синов бўладиган нарсалар фитна дейилади. Шу маънода инсон учун унинг аҳли аёли ҳам фитна бўлиши мумкин. Баъзи кишиларнинг аҳли аёлига қизиқиб, уларни рози қиламан, деб, турли хатоларга йўл қўйишлари сир эмас.

Шу билан бирга, молу дунё тўплаш, уни сақлаш, жой-жойига сарфлаш ҳам маълум маънода фитнадир. Инсон мол-дунё ва унга тааллуқли ишлар билан машғул бўлиб кетиб, баъзи камчиликларга йўл қўйиши мумкин.

Бола-чақа ҳам инсон учун фитнадир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

«...Молларингиз ва фарзандларингиз фитнадан ўзга нарса эмас», деган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб турганларида масжидга кириб келган жажжи набиралари йиқилиб тушганини кўриб, югуриб бориб уни кўтариб олганлар ва юқоридаги оятни ўқиганлар. Демак, бола-чақа деб ҳам баъзи камчиликлар содир бўлиши мумкин. Бу болаларнинг фитнасидир.

Қўшнилар билан бўладиган муносабатларда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар содир бўлса, буни қўшнининг фитнаси дейилади.

 Мазкур хатоларга йўл қўйганда уларни ювиш учун Аллоҳ таоло мусулмонларга тўрт нарсани: намозни, рўзани, садақани ҳамда амри маъруф ва наҳйи мункарни бергандир.

Мусулмон бу тўрт ибодатни ўз вақтида адо этиб турса, аҳли аёли, моли, боласи ва қўшнисидан иборат тўрт нарсанинг фитнаси туфайли содир бўлган хатолари ювилиб турар экан. Ана шу фитналар туфайли содир этиладиган хатоларнинг каффороти учун бажариладиган амалларнинг бошида намознинг туриши бу ибодатнинг нақадар зарур ибодат эканлигини кўрсатмоқда.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Яъло розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ жойда изорсиз ғусл қилаётган одамни кўриб қолдилар. давоми...

5101 12:02 / 19.01.2020
339. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъдан бош кўтарсалар, ушбуларни айтардилар .Роббана лакал ҳамду давоми...

6754 13:00 / 13.03.2020
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким намозни унутса, бас, уни эслаган пайтида ўқиб олсин. Унинг бундан бошқа каффороти давоми...

2590 13:30 / 14.06.2020
399. Абул Ҳайяж Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Алий ибн Абу Толиб менга .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени юборган нарсага сени юборайми давоми...

2758 19:00 / 05.04.2024
Аудиолар

213189 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар