1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Ислом ёшларни кексаларни эъзозлашга тарғиб қилади

18:36 / 26.03.2020 1864 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини Ислом таълимотлари барча соҳада мукаммал ва гўзал тарзда тақдим этилгандир. Бу нарса кексаларни эъзозлаш бобида ҳам яққол намоён бўлади. Аввало шариатимизда ота ва онага алоҳида эътибор қаратилган. Ота-онанинг фарзанддаги ҳақлари жуда ҳам кўп бўлиб, кексайиб қолганларида фарзанднинг зиммасидаги бу ҳақлар яна ҳам ортади. Яъни мусулмонлик, инсонлик, яқинлик ва ота-оналик ҳақларига энди кексалик ҳаққи ҳам қўшилади.

Бизда ота тараф ва она тараф қариндошларнинг ҳам мусулмонлик, инсонлик, қариндошлик ҳақлари бордир. Уларнинг мазкур ҳақларини силаи раҳм алоқалари билан адо этиб борамиз. Улар кексайганларида эса бизнинг зиммамизда уларнинг кексалик ҳақлари ҳам зиёда бўлади ва бу ҳақни ҳам шараф билан адо этишимиз лозим бўлади.

Кексаларни эъзозлаш бу билан ниҳоясига етмайди. Бу борада кейинги ўринда мусулмонлик, инсонлик ҳаққи бор диндошларимиз турадилар. Уларнинг ҳақларини ўз ўрнида адо этиш бизнинг шарафли бурчимиздир.

Динимизда бу борадаги бурчлар ҳам шаръий ҳужжат ва далиллар асосида собит бўлгандир.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўйсафид мусулмонни, ғулувга кетмаган ва жафо қилмаган Қуръон ҳомилини (қорини) икром қилиш ҳамда одил султонни икром қилиш Аллоҳни улуғлашдандир», дедилар».

Абу Довуд ҳасан санад ила ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда соч-соқолига оқ тушган мусулмонларни иззат-икром қилиш Аллоҳ таолони улуғлашнинг турларидан бири экани таъкидланмоқда.

Қарияларни икром қилиш ҳақидаги маъно жуда ҳам кенг кўламдаги маънодир. Бунга иззат-икромнинг барча турлари киради. Кексаларни эъзозлаш ижтимоий, иқтисодий, тиббий, баданий ва бошқа соҳаларда намоён бўлади.

Ҳадисга диққат билан назар соладиган бўлсак, унда бандани қарилиги учун икром қилиш Холиқ таолонинг икроми билан тенглаштирилмоқда. Кучли Зот билан ўта кучсиз, заиф зотнинг икроми бир ўринга қўйилмоқда.

Бу ҳадисда яна қариб қолган мусулмон одам тўғри йўлда юрган Қуръон ҳомили билан тенглаштирилмоқда.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қай бир ёш кексани ёши учун икром қилса, Аллоҳ унга ҳам қарилик чоғида ёши учун икром қиладиган кишини муҳайё қилади», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Кекса ёшдаги кишиларни эҳтиром қилиш мусулмонларнинг одатига айланиб қолгани кўпчиликка маълум. Ҳаммага маълум мазкур одатлар Ислом таълимотлари асосида шаклланганини ҳам билиб қўймоқ лозим.

Ким қариган чоғида ўзгалар унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишини истаса, ёшлик чоғида кексаларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатмоғи шарт. Аксинча, ким ёшлик чоғида кексаларни икром қилмаса, қарилик чоғида ўзи ҳам ҳеч кимдан икром кўрмайди.

Кексаларга икром кўрсатиш, уларни эҳтиром қилиш, улуғлаш каби ишларнинг энг аввалида уларга раҳм қилиш туради.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Макка фатҳи куни Абу Бакр розияллоҳу анҳу Абу Қуҳофани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига етаклаб келди. У кўзи кўр, қари одам эди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кекса одамни уйда қолдирсанг бўлар эди. Ўзимиз унинг ҳузурига борар эдик», дедилар. Абу Бакр:

«Аллоҳ унга ажр беришини истадим. Сизни ҳақ ила юборган Зот ила қасамки, мен ўз отамнинг Исломга келишидан кўра Абу Толибнинг Исломга келишидан кўпроқ хурсанд бўлар эдим. Бу билан кўзингиз қувонсин, эй Аллоҳнинг Расули», деди.

«Рост айтасан», дедилар у зот».

Баззор ва бошқалар ривоят қилишган.

Ушбу ҳодиса рўй берган пайтда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг оталари Абу Қуҳофа ҳали мусулмон бўлмаган эди.

Бошқа ривоятларда таъкидланишича, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўз оталарининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилаётганини кўриб, йиғлаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Нимага йиғлаяпсан?» деб сўраганлар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бу саволга жавобан: «Агар отамнинг қўли ўрнида амакингизнинг қўли бўлганида ва у Исломга келиб, сиз хурсанд бўлганингизда, мен учун яхшироқ бўлар эди», деганлар.

«Ёши улуғ бир чол Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ирода қилиб келди. Қавм унга йўл очишда кечикиб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кичкинамизга раҳм қилмаган, каттамизни улуғламаган биздан эмас», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Исломда катта ёшдаги кишиларни ҳурмат қилиш юксак одоб намунаси ҳисобланади. Мўмин-мусулмонлар қадимдан кексаларнинг ҳурматини жойига қўйганлар.Бу ишга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари асос солганлари ва бош бўлганлари ушбу ҳадиси шарифдан ҳам кўриниб турибди.

У зот алайҳиссалом катта ёшдаги одамга йўл очишда кечикиб қолингани учун саҳобаларга танбеҳ бердилар ва:

«Кичкинамизга раҳм қилмаган, каттамизни улуғламаган биздан эмас», дедилар».

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Катта ёшдаги кишиларни кўрганда тезроқ уларга ёрдам беришга ҳаракат қилиш лозимлиги.

2. Кичкина болаларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлиш мусулмонликнинг аломатларидан экани.

3. Катта ёшли кишиларни улуғлаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш мусулмонликнинг аломатларидан экани.

«Кексаларни эъзозлаш» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Кулгини камайтир. Зотан, кўп кулги қалбни ўлдиради,, дедилар,.Шарҳ Демак, беҳуда, ноўрин кулавериш давоми...

2071 17:00 / 15.03.2022
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Бир киши.Эй Аллоҳнинг Расули Менинг бир қўшним бор, ҳар доим менга озор беради,, деди..Бориб, уй анжомларингни кўчага олиб чиқиб қўй,, давоми...

3269 19:50 / 04.12.2019
. , . . , . . ,. .Абу Бакр ибн Ҳафсдан ривоят қилинади.Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. У гуноҳ қилган эди. У зот.Онанг давоми...

3015 16:10 / 24.02.2020
Баъзи уламолар ахлоқни .ироданинг одати, деб таъриф қилишган. Яъни ирода ўзига бир нарсани одат қилиб олса, ўша нарса ахлоққа айланган бўлади. Мисол учун, кишининг давоми...

1885 14:30 / 18.01.2023