1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (78-дарс). Қуръони Каримнинг муҳофазаси учун ҳаракат қилиш зарур

14:10 / 24.03.2020 3784 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Г.Флюгель 1834 йили Олмониянинг Лейпциг шаҳрида ўзига хос Қуръонни чоп этди. Ушбу босманинг имлоси янги ва осон бўлгани сабабли оврупаликлар уни катта иштиёқ билан қабул қилдилар. Лекин бу нусха Ислом оламида шуҳрат топа олмади.

Ҳиндистонда ҳам Қуръони Каримнинг бир неча босмалари зоҳир бўлди.

Сўнгра бу улкан ишга 1877 йилнинг бошларида Остона (Турк султонлиги) қўл урди.

Кейин ниҳоятда аҳамиятли, улуғ иш содир бўлди. Ҳижрий 1342 (милодий 1923) санада Қоҳирада Азҳари шарифнинг улуғ шайхлари назорати остида гўзал, дақиқ, жуда ҳам латиф Қуръони Карим нусхаси чоп этилди. Бу иш Малик Фуад биринчи томонидан тайин қилинган илмий гуруҳнинг қарори билан бўлди.

Ушбу мусҳаф Ҳафснинг Осимдан қилган ривоятига мувофиқ равишда тайёрланган эди. Бу мусҳафни Ислом олами яхши қабул қилди, миллионлаб нусха чоп этилди ва ундан ҳар йили турли юртларга тарқатилди.

Бу нусха асосий нусха бўлиб қолди. Чунки машриқу мағриб уламолари унинг хати ва расми диққат билан амалга оширилганига ижмоъ қилган эдилар.

Кейинчалик Саудия Арабистонида Малик Фаҳд номидаги Қуръон чопхонаси ташкил қилиниб, Ҳафснинг Осимдан қилган ривоятига мувофиқ равишда Қуръон чоп этилди. Бугунги кунда бу нусха «Мадина босма» номи билан танилган. Ҳозирда ҳам ҳажга борганларга шу нусхадаги Қуръондан жуда кўп сонда тарқатилмоқда.

Лекин фақат ушбу босма мусҳафга қараб қолингани йўқ. Бошқа мамлакатларда ҳам ўзига хос, ажойиб суратда Қуръон чоп этилиши давом этмоқда. Жумладан, Ливан, Миср, Сурия ва бошқа ўлкаларда ҳам бу иш яхши йўлга қўйилган. Ўзларида имконият бўлмаганлар имконияти борларга буюртма бериб, чоп эттиришмоқда. Қуръон қироатини осонлаштириш учун қўйиладиган ишоралар босқичи ҳам тўхтаб қолгани йўқ. Хусусан, тажвид қоидаларини ифода этувчи, яъни тажвид қоидалари ранглар билан ифодаланган «тажвидли Қуръон»лар чоп этилди. Қуръони Каримнинг тўғри ўқилиши мақсадида қилинган бошқа ишлардаги каби, ушбу тажвид қоидаларини ифодалашда ранглардан фойдаланишга дастлаб саудияликлар эътироз билдирдилар. Тажвидли Қуръон дастлаб Сурияда чоп этилгач, эътирозлар ҳам сусайди ва ҳатто эътироз билдирган тарафларнинг ўзлари ҳам бу каби Қуръонларни чоп этишни бошладилар. Инсонларнинг Қуръони Каримни ўқишлари осон бўлиши учун қилинадиган хизматлар ҳокимлар учун ҳам, раийят учун ҳам шарафли ишдир. Бугунги кунда интернетда ўқиладиган, овозли электрон Қуръонлар ҳам ихтиро қилинмоқда. Яна қаламли Қуръонлар кашф этилди. Унда қалам қайси бир оятга қўйилса, ўша оятнинг машҳур қори томонидан қилинган қироати янграйди.

Либиядаги «Дунё Ислом даъвати» ташкилоти Нофеънинг Қолундан қилган ривоятига мос мусҳафларни кўплаб чоп этиб, ушбу қироатда ўқийдиган мусулмонларга тарқатди. Шу билан бирга, мазкур қироатдаги Жазоир, Мағриб каби ўлкаларда ҳам шу каби мусҳафлар чоп қилинмоқда.

Уламолар дастлаб бу ишга – Қуръони Каримни чоп қилишга рухсат бермадилар. Улар мазкур услуб ила чоп этиш Қуръони Каримнинг обрўсига тўғри келмайди, деган тушунчага борган эдилар. Чунки аввалги чопхоналар мусулмон бўлмаган шахсларга хос бўлиб, Қуръони Каримни чоп этиш фикри ҳам ўша шахслардан чиққан эди. Ҳақиқатда, агар ўша пайтда Қуръони Каримни чоп этишга рухсат берилса, унинг обрўсига тўғри келмас эди.

Вақт ўтиши билан мусулмонлар ҳам чопхона ишларини аъло даражада ўзлаштириб олганларини, Қуръони Каримни кўплаб чоп этишга эса эҳтиёж ниҳоятда ортиб бораётганлигини эътиборга олиб, уламоларимиз муқаддас Китобимиз ҳимояси учун керакли шартларни қўйиб, уни чоп этишга изн бердилар.

Аллоҳ таолонинг Қуръони Каримни муҳофаза қилиш ҳақидаги ваъдаси ана шу тарзда амалга ошиб келмоқда. Аллоҳ таолонинг инояти ила Қуръони Карим ҳозиргача У Зотнинг ҳузуридан қандай нозил бўлган бўлса, бирор ҳарфи ўзгармай, ўшандай ҳолида турибди.

Тарих давомида душманлар Қуръони Каримга ўзгартириш киритиш учун турли йўллар билан ҳаракат қилдилар, аммо Ислом уммати доимо ҳушёр турди. Ҳар бир янги пайдо бўлган Қуръони Карим нусхасини дарҳол синчковлик билан текшириб, хатоси бўлса, ҳамма томонга жар солиб, ўша нусханинг барча ададларини куйдириш йўлга қўйилмоқда.

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинким, Қуръони Карим ҳозиргача Аллоҳ нозил қилган ҳолида, заррача ўзгаришсиз ўқилмоқда, ёдланмоқда ва ёзилмоқда.

Бу маънода Қуръони Карим ягона Китобдир.

Қуръони Карим биринчи бор ёзилгандан бошлаб, ҳозиргача бирор ҳарфи ҳам ўзгармагани аниқ.

Қуръони Карим биринчи бор талаффуз қилинганидан бошлаб, ҳозиргача бирор лафзи бошқача талаффуз қилинмагани аниқ.

Бошқа илоҳий китобларда мазкур ҳолни топиб бўлмаслиги ҳаммага, жумладан, ўша китоб­ларга эътиқод қилувчиларга ҳам аён.

Мазкур эътибордан, Қуръони Каримнинг Аллоҳ таоло томонидан ҳозирги ҳолида собит бўлгани қатъий эканига эътиқод қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам зарур. Қайси бир мусулмон унинг бирор сураси, ояти ёки ҳарфининг собит бўлиши қатъий эканига шубҳа қилса, диндан чиқиб, кофир бўлади.

Юқорида зикр этилиб, шарҳ қилинган таърифдаги ва шаклдаги Қуръони Карим мусулмонлар ўн беш асрдан буён эътиқод қилиб, эъзозлаб, ёд олиб, авлоддан-авлодга нақл қилиб, китоб шаклида ёзиб, ибодатларида тиловат қилиб ва ниҳоят, амал қилиб келаётган илоҳий Китобдир. Дунёдаги бирор ҳарфи ҳам ўзгармай, Аллоҳ таолодан қандай нозил бўлган бўлса, шундай сақланиб келаётган яккаю ягона китоб ҳам худди шу Қуръони Каримдир.

Қуръони Каримнинг бу шаклда муҳофазада бўлиб келаётгани аввало Аллоҳ таолонинг инояти биландир. Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримнинг Ҳижр сураси, 9-оятида:

«Албатта, Зикрни Биз нозил қилдик ва албатта, Биз унга муҳофазачимиз», деб қўйгандир.

Ана ўша ваъдага биноан, Аллоҳ таолонинг Ўзи Ўз Қуръонини у нозил бўлган биринчи лаҳзадан ҳозирга қадар заррача ўзгаришсиз муҳофаза қилиб келмоқда ва қиёматгача муҳофаза қилади. Чунки У Зот Ўз ваъдасига ҳеч хилоф иш қилмайди.

Биз ожиз бандалар эса Аллоҳ таолонинг мазкур ваъдасининг ҳозиргача юзага чиқишига Ислом уммати сабаб бўлиб келаётганини мулоҳаза қила оламиз, холос. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Ўзининг Қуръони Каримни муҳофаза қилиш ҳақидаги ваъдаси юзага чиқиши учун мусулмон умматини хизматкор қилиб қўйганини кўрамиз. Бундай мисли кўрилмаган буюк масъулиятни адо этишда Ислом умматига Аллоҳ таолонинг Ўзи доимий ёрдамда бўлди.

(Тамом)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
3. Имом Жалолуддин Муҳаммад Маҳаллий ва имом Жалолуддин Абдурраҳмон Суютийнинг .Тафсирул Жалалайн, тафсирлари. Ушбу китобнинг номини ўз тилимизга таржима давоми...

2929 13:30 / 13.04.2021
Кўпчилик мусулмонлар Қуръони Каримни фақат ажрсавоб умидида ўқишади, чунки улар Қуръоннинг улуғ манфаатларидан бехабардир. Улар банда Қуръонни қандай ниятда давоми...

22171 19:00 / 04.07.2022
7172. Роббинг Бани Одамнинг умуртқа поғанасидан, қиёмат куни, бундан ғофил эдик, демасликларингиз учун, зурриётларини олиб, ўзларига ўзларини гувоҳ қилиб .Роббингиз давоми...

7998 05:00 / 19.01.2017
Замон ўзгариб, одамлар қадимги китобларнинг услуби ва тилидан узоқлашиб қолдилар. Ушбу сабаб туфайли катта уламолардан бошқалар эски тафсирлардан фойдаланишни давоми...

2911 17:30 / 11.05.2021