1446 йил 7 рабиъус сони | 2024 йил 10 октябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

БЕМОР КЎРИШ СУННАТДИР

05:00 / 01.03.2017 3607 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Беморни кўргани бориш ва унга ширин муомала қилиш ҳақида бошқа ҳадиси шарифлар ҳам кўп. Бу ишни қилиш ҳар бир мусумоннинг диний бурчидир. Биз ўз динимиз кўрсатмасига амал қилиб, беморларимизни ўз вақтида кўргани бориб юрсак ҳар томонлама фойда бўлади.

Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Маккада бемор бўлиб қолдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар. Бас, у зот қўлларини пешонамга қўйдилар, сўнгра қўллари ила юзимни ва қорнимни силадилар. Кейин эса: «Эй, бор Худоё! Саъдга шифо бергин. Унинг ҳижратини батамом қилгин», дедилар. Ҳозиргача унинг жигаримдаги совуғини хаёлимда сезиб тураман». Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўз ҳижратларидан кейин Маккаи Мукаррамага қайтиб борган пайтларида бемор бўлиб ётиб қолган эканлар. Шунда бу ердан ҳижрат қилиб кетган эдим, энди шу ерда ўлиб қолсам ҳижратим нима бўлади, деган хаёлга борган эканлар. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг ҳақларига дуо қилганларида:
«Эй, бор Худоё! Саъдга шифо бергин. Унинг ҳижратини батамом қилгин», дедилар».
Яъни, яна ўзи ҳижрат қилган жой Мадийнаи Мунавварага қайтиб бориб ҳижратини охирига етказишини насиб қилгин, деганлари. Аллоҳ Щз Пайғамбарининг дуосини қабул қилди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу тузалиб кетдилар. Кейинчалик ажаллари етганда Мадийнаи Мунавварада вафот этдилар.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Таниш одамнинг бемор бўлганидан хабордор бўлганда уни кўришга бориш лозимлиги.
2. Бошлиқ одам ўзига тобеъ кишини кўргани бориши.
3. Кўргани келган одам беморнинг пешонасига қўлини қўйиши жоизлиги.
4. Кўргани келган одам беморнинг оғриётган аъзоларини силаши жоизлиги.
5. Кўргани келган одам беморга шифо ва яхшиликлар тилаб дуо қилиши кераклиги.
6. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хайри-баракаларидан Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу умр бўйи у зотнинг қўллари текканидан ўз жисмларида ҳузур ҳис қилиб юрганлари.

Барча мўмин-мусулмонлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб беморларни кўргани боришлари ва ўша ерда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаш тасарруф қилишлари лозим.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир одамни кўр гани кирдилар ва: «Ҳечқиси йўқ, инша Аллоҳ покликдир», дедилар. «Йўқ! Балки, қари чолни қабрга элтиш учун қайнатиб турган иситмадир», деди у. Шунда у зот:
«Хўп! Ундоқ бўлса!» дедилар
». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам беморга поклик тилаб дуо қилсалар, бемор ўша дуони қабул бўлишини сўраш ўрнига беодоблик ва сабрсизлик қилиб ўзига ўлим тилагани ҳақида сўз бормоқда. Оқибатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам беодоб беморнинг ўз тилагига яраша бўлишини тасдиқлабдилар.
Бемор кўргани борган одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб, «Ҳечқиси йўқ, инша Аллоҳ покликдир», дейишга одатланса яхши бўлади.
Бемор бўлса, мазкур беодоб ва бесабр беморга ўхшамай, дуони эшитганда, омийн, демоғи керак.

Яҳудлардан бир ғулом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хизмат қилар эди. У бемор бўлиб қолди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўргани келдилар ва: «Мусулмон бўл», дедилар. Бас, у мусулмон бўлди.
Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган. Унинг лафзи: «Бас, унинг бош томонига ўтирдилар ва унга: «Мусулмон бўл», дедилар. Ғулом отасига назар солди. «Абул Қосимга итоат қил», деди.
Бас, у мусулмон бўлди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни дўзахдан қутқарган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деб ўрниларидан турдилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Ғайридин одамнинг беморлигини кўргани бориш жоизлиги.
2. Ёш болаларни кўргани бориш жоизлиги.
3. Ғайридин кишини кўргани борганда уни Исломга даъват қилиш жоизлиги.
4. Бирор кишини Исломни қабул қилганини билганда Аллоҳга ҳамд айтиш кераклиги.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг менга суяниб туриб: «Эй, бор Худоё! Мени мағфират қилгин. Менга раҳим қилгин. Мени рафиққа етиштиргин», деганларини эшитдим». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дуоларни ўзлари вафот хасталиклари даврида қилганлар. Бемор одам Аллоҳ таолодан мағфират ва раҳмат сўраб туриши лозим экан.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «мени рафиққа етиштиргин» деганларидаги рафиқдан мурод фаришталарнинг олий тўпламидир. Уни, рафиқи аъло, дейилади. Аммо бундан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам беморлик пайтларида ўзларига ўлим тилаган эканлар, деган хулосага келмаслик лозим. Щзига ўлим тилаш жоиз эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ножоиз ишни зинҳор қилмайдилар. Бу ердаги гапларининг маъноси, вақти соати етиб вафот этганимда мени рафиқи аълога етиштиргин, деган истакдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ азза ва жалла қиёмат куни: «Эй, Одам боласи, бемор бўлдим, кўргани келмадинг?!» дейди.
«Эй, Роббим, қандоқ қилиб Сени кўргани бораман? Сен Роббул Оламийн бўлсанг?» дер.
«Билмадингми? Бандам фалончи бемор бўлди. Сен уни кўргани бормадинг. Билмадингми? Агар сен уни кўргани борганингда, Мени унинг ҳузурида топган бўлар эдинг. Эй Одам боласи, сендан таом сўрадим, Менга таом бермадинг?!» дейди.
«Эй, Роббим, қандоқ қилиб Сенга таом берайин? Сен Роббул Оламийн бўлсанг?» дер.
«Билмадингми? Бандам фалончи сендан таом сўради. Сен унга таом бермадинг. Билмадингми? Агар сен унга таом берганингда, ўшани Менинг ҳузуримда топган бўлар эдинг. Эй, Одам боласи, сендан сероб қилишни сўрадим, Мени сероб қилмадинг?!» дейди.
«Эй, Роббим, Қандоқ қилиб Сени сероб қилай? Сен Роббул Оламийн бўлсанг?» дер.
«Бандам фалончи сендан сероб қилишни сўради. Сен уни сероб қилмадинг. Агар сен уни сероб қилганингда, ўшани Менинг ҳузуримда топган бўлар эдинг», дейди
». Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси қудусийда муҳтож кишиларга таом ва шароб тутиш худди Аллоҳ таолога таом ва шароб тутишга тенглаштирилмоқда. Бундай улуғ ишни қилишга имкони бўлган ҳар бир мусулмон, албатта, уни амалга ошириши лозим бўлади. Аллоҳ таолонинг, «ўшани Менинг ҳузуримда топган бўлар эдинг», дейиши, ўша ишнинг савобини, деганидир.
Биз бу ривоятдан ҳозир далил бўладиган жойи қуйидаги қисмидир:
«Эй, Одам боласи, бемор бўлдим, кўргани келмадинг?!» дейди.
«Эй, Роббим, қандоқ қилиб Сени кўргани бораман? Сен Роббул Оламийн бўлсанг?» дер.
«Билмадингми? Бандам фалончи бемор бўлди. Сен уни кўргани бормадинг. Билмадингми? Агар сен уни кўргани борганингда, Мени унинг ҳузурида топган бўлар эдинг».
Демак, бир бемор бандани кўргани борган одам жуда улуғ иш қилган бўлар экан. Бир бандани бемор бўлганини билиб туриб уни кўргани бормаган одам эса, катта нуқсонга йўл қўйган бўлар экан.
Шунинг учун таниш-билишларимиздан бемор бўлган кишиларни дарҳол кўргани боришга ҳаракат қилмоғимиз лозим.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари Савбондан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир беморни кўргани борса, то қайтгунича жаннатнинг хурфасида бўлур», дедилар. «Эй, Аллоҳнинг Расули, жаннатнинг хурфаси недир?» дейилди. «Мевасидир», дедилар». Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Беморни кўргани борган киши учун бундан ортиқ яна қандоқ мукофот бўлиши мумкин? Ислом беморларнинг ҳолидан хабар олишни ана шундоқ муҳим ишга айлантирган. Чунки, бу иш бемор учун, шахсий алоқаларни мустаҳкамлаш учун, жамиятни мустаҳкамлаш учун ғоят зарурдир. Мўмин-мусулмонлар ана ўша олий мартабага эришиш учун доимо ҳаракат қилиб келганлар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир мусулмон беморни кўргани борса-ю, етти марта: «Улуғ Аллоҳдан, улуғ Аршнинг Роббисидан сенга шифо беришини сўрайман деса, ажали етмаган бўлса, албатта, офиятланур», дедилар». Термизий ва унинг икки соҳиби ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф беморни кўргани борган мусулмон шахс ўша беморга Аллоҳ таолодан шифо сўраб дуо қилишининг маълум услуби ва сийғаси таълим берилмоқда. Мана шу дуони ёдлаб олиб, бемор кўргани борганимизда етти марта ўқиб юрсак, ажаб эрмас Аллоҳ таоло бу дуони қабул қилиб, беморларимизга шифо берса.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бир беморнинг ҳузурига кирсангиз ажали ҳақида унинг кўнглини кўтаринг. Албатта, ўша ҳеч нарсани қайтармас, лекин унинг кўнглини равшан қилур», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Албатта, бемор одам кўнгли синиб, бир оғиз ширин сўзга муҳтож бўлиб ётади. Уни кўргани боришдан асосий мақсад ҳам кўнглини кўтаришдир. Щша кўнгил кўтаришда бир оз муболаға қилиб юбориш ҳам жоиз экан. Бу маънони кўпчилик яхши ўзлаштириб олган. Лекин шу нарсани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларига мувофиқ равишда, суннатга амал қилмоқдаман, деган ниятда қилинса савоб бўлади.
Беморни кўргани бориш ва унга ширин муомала қилиш ҳақида бошқа ҳадиси шарифлар ҳам кўп. Бу ишни қилиш ҳар бир мусумоннинг диний бурчидир. Биз ўз динимиз кўрсатмасига амал қилиб, беморларимизни ўз вақтида кўргани бориб юрсак ҳар томонлама фойда бўлади.
Бошқа миллатларда шу нарсага муҳтожлар. Беморларини кўргани бориш унчалик кўнгилдагидек бўлмаган жойлар ҳам бор экан. Ҳатто баъзи жойларда фалон шифохонадаги бир беморнинг ҳолидан хабар олиб бунча вақт гаплашиб ўтирган одамга манавунча ҳақ берамиз, деган эълонлар ҳам чиқар экан.
Шундан ҳам бизнинг динимиз қанчалик раҳмат, шафқат дини эканини билиб олсак бўлаверади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади Эй одамлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва ризқни чиройли суратда талаб давоми...

3817 05:00 / 03.03.2017
Бахт ҳар бир инсон излайдиган орзудир. Файласуф ўткир фикри билан, содда киши оддий соддалиги билан, подшоҳлар гўзал, ҳашаматлик қасридан, камбағаллар эса давоми...

8129 05:00 / 04.03.2017
Энам Тозагул момонинг айтганлариХудога минг қатла шукрки, биз невараларга бувимизнинг қартайиб, сочлари оқариб, кексалик гаштию азобларини тортаётганларини давоми...

2723 15:00 / 15.08.2021
Наҳв олими Ибн Хайётнинг кўчада дарс қилиши ва чуқурга йиқилиб тушишиАбу Ҳилол Аскарий quotАлҳассу ала толабил илм вал ижтиҳади фи жамъиҳиquot номли китобида давоми...

3816 05:00 / 03.03.2017
Аудиолар

131429 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51909 14:35 / 11.08.2021