Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Фиқҳий китобларимизда олди-сотди масалаларига кенг ўрин берилади. Чунки бу иш асосан ризқ топишга қаратилган. Ризқнинг ҳалол бўлиши учун эса иш шариатга мувофиқ бўлиши керак. Савдода «хиёр» деган нарса бор. Яъни бир киши бирор нарсани сотиб олса, ўзаро келишувга биноан, маълум муддатда савдодан айниб, сотиб олган нарсани эгасига қайтариб бериш ихтиёри «хиёр» дейилади. Бу жуда кенг масала бўлиб, фиқҳ китобларида батафсил муҳокама қилинади. Шу бобда «Харидор сотиб олган кийимни хиёр даврида қора рангга бўяб қўйса, сўнг эгасига қайтариб берса, қора рангга бўялгани нуқсонми ёки зиёда, фазлми?» деган савол тушган. Шунга биноан, қора рангга бўяш нуқсон бўлса, қайтиб бераётиб, сотувчига нуқсоннинг ҳақини қўшиб бериши, зиёда бўлса, ўз ҳақини сотувчидан олиши керак.
Ушбу саволга жавоб излаб эски фиқҳ китобларига мурожаат қилсангиз, баъзиларида хиёр вақтида қорага бўяш зиёда, дейилган. Бошқаларида эса бу иш нуқсон деб баҳоланган. Бир саволга икки хил жавобни кўриб, жиғибийрон бўласиз, оддийгина саволга икки хил жавоб! Беихтиёр «Ўзи фақиҳлар ихтилоф қилиш учун дунёга келган эканлар-да!» дейсиз.
Лекин шошманг, азизларим, олдин мазкур китоблар кимники экани, қачон ёзилгани ҳақидаги ва бошқа маълумотларни ўргансангиз, ҳамма нарса равшан бўлади. Фақиҳларни айблашга шошмаслик керак, улар ҳужжатсиз, далилсиз бирор иш қилмайдилар.
Кийимни қорага бўяшни зиёда ва фазл ҳисоблаган уламолар аббосийлар ҳукмронлиги даврида яшаган зотлардир. Маълумки, аббосийлар қора рангни ўзларига шиор қилиб олган эдилар. Қора рангли нарса у даврда қадрли ҳисобланарди. Шунинг учун ҳам бу уламолар ўз даврларининг талабларидан келиб чиқиб, «Кийимни хиёр вақтида қорага бўяш зиёда ва фазлдир», деб фатво берганлар.
Уларга қарама-қарши фатво чиқариб, «Кийимни қорага бўяш айб ва нуқсондир», деган уламолар аббосийларга мухолиф ҳукмдорлар даврида яшаганлар. Улар ҳам ўз шароитларидан келиб чиқиб фатво берганлар. Демак, икки тарафнинг фатвоси ҳам ўз замонаси учун тўғри ва ўринли. Бунинг нимасини ихтилоф дейишимиз мумкин?
Шунингдек, уламоларимиз фатво чиқаришда ўзлари яшаб турган юрт ва жамиятнинг шарт-шароитларини ҳам эътиборга олганлар.
Мисол учун, имом Шофеъий Ҳижозда яшаб турган пайтларида маълум фатволар чиқарган масалалар бўйича Мисрда яшаб турганларида мутлақо ўзгача фатволар чиқарганлар. Буни ҳам ихтилоф деб бўлмайди.
Сиз билан бизга ихтилоф бўлиб кўринаётган нарсаларнинг ўзига яраша сабаблари бор. Бу нарсалар алоҳида китобларда батафсил баён қилинган. Биз бу сабаблардан фақат иккитасини эслатиш билан кифояланамиз.
1. Араб тилидаги лафзларнинг турли маъноларни ифода этиши.
Ҳаммамизга маълум ва машҳурки, таҳоратда бошга масҳ тортиш фарз. Ҳамма бошига масҳ тортади. Аммо фиқҳ имомлари бу масаланинг энг нозик жиҳатларигача ўрганишган. Одамлар тарафидан тушган ёки тушиши мумкин бўлган «Бошнинг қанча қисмига масҳ тортиш фарз?» деган саволга жавоб беришган. Ана шунда жавоблари икки хил чиққан.
Имом Абу Ҳанифа «Бошнинг тўртдан бир қисмига масҳ тортиш фарз», десалар, имом Шофеъий «Ҳаммасига масҳ ториш фарз», деганлар.
Хўш, бунга нима сабаб бўлди? Аллоҳ таоло Қуръонда таҳоратнинг баёнида: «Вамсаҳуу би руъусикум» – «Ва бошларингизга масҳ тортинг», деган.
Имом Абу Ҳанифа: «Би руъусикум»даги «бо» ҳарфи араб тили қоидалари бўйича «баъзи» маъносини англатади. Шунинг учун оятнинг маъноси «Бошингизнинг баъзисига масҳ тортинг», дегани бўлади. «Баъзи» дегани «тўртдан бири», дейишга сабаб эса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир жойда таҳорат қилганларида саллалари остидан бошларининг олд қисмига масҳ тортганликлари ривоят қилинган», дейдилар.
Имом Шофеъий эса: «Би руъусикум»даги «бо» ҳарфи араб тили қоидаси бўйича илсоқни, яъни ёпишишни билдиради. Оятнинг маъноси «Бошингизга қўлингизни ёпиштириб масҳ тортинг», дегани бўлади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам доимо бошларининг ҳаммасига масҳ тортиб юрганлар», дейдилар.
Амалда эса шофеъий мазҳабидаги кишилар ҳам, ҳанафий мазҳабидаги кишилар ҳам бошларининг ҳаммасига масҳ тортадилар.
Имомларнинг баҳси эса фақат илмий баҳс, баъзан ўрни келганда ишлатиш учун захира бўлиб қолади. Шунга ўхшаш, араб тили қоидалари, ҳарфларнинг далолатлари асосида фақиҳларимизнинг турлича тушунишлари бошқа масалаларда ҳам бўлган.
Талоқ қилинган аёл идда ўтириши лозимлигини ҳамма билади. Аммо идданинг муддати ҳақида бир мазҳаб уламолари «Уч марта ҳайз кўргунча», деса, иккинчи мазҳаб уламолари «Уч марта ҳайздан поклик муддати ўтиши керак», дейишади.
Масала битта бўлса, нима учун жавоб ҳар хил? Ёки далиллар ҳар хилми? Далилга келсак, икки томон учун ҳам Аллоҳ таолонинг «Вал муталлақоту ятараббасна би анфусиҳунна саласата қуруъ» – «Талоқ қилинган аёллар ўзларича уч қуруъ кутадилар», деган ояти каримаси асос бўлган.
Жавобнинг турлича бўлиши «қуруъ» сўзидан келиб чиққан. Бу сўз араб тилида икки маънони, ҳам «ҳайз» ва ҳам «ҳайздан поклик» маъноларини англатади. Демак, имомларнинг айримлари ўша сўздан ҳайз маъносини олиб, «Идданинг муддати талоқдан сўнг уч ҳайз кўргунча кутиш», десалар, бошқалари «поклик» маъносини олиб, «Идданинг муддати уч марта ҳайздан поклик муддатининг ўтиши», деганлар.
Албатта, уламолар бу маъноларни ўзларича ёки гапим бошқаникига ўхшаб қолмасин, деб эмас, балки қўшимча кучлантирувчи далиллар асосида олганлар.
2. Ривоятларнинг турлича бўлиши.
Бир имомга маълум ҳадис етган бўлса, бошқасига ўша ҳадис етмаган бўлиши мумкин.
Бир имомга маълум ҳадис заиф йўл билан етган бўлса, бошқасига ўша ҳадис кучли йўл билан етган бўлиши мумкин.
Бир имомга маълум бир ҳадис етган бўлса, бошқасига бу мавзуда бошқа ҳадис етган бўлиши мумкин ва ҳоказо.
Демак, шу ва шунга ўхшаш сабаблар туфайли фиқҳ уламоларимиз мазҳабларида ўзига хослик ва турли-туманликлар келиб чиққан. Илм ва уфқ доираси етарли кишилар буни оддий бир ҳолат, турли-туман инсонлар яшайдиган жамиятда бўлиши табиий воқеълик ва қолаверса, аввал айтиб ўтилганидек, мусулмон уммати учун раҳмат деб тушунганлар. Чунки оғир аҳволга тушиб қолганда бир мужтаҳиднинг фатвосидан жавоб топилмаса, иккинчисиникидан топилади ва ҳоказо.
Лекин, минг афсуслар бўлсинки, уфқ доираси тор мутаассиблар бу ҳолатдан жанжал ва келишмовчиликлар чиқаришган ва мусулмонларга катта зарарлар етказишган.
Буни кўрган учинчи бир тоифалар эса фиқҳни ва фиқҳий мазҳаб бошлиқларини, уларга эргашганларни танқид қилишган. Фиқҳни умуман тарк қилишга даъват этишган.
Аммо фиқҳ ҳаётий зарурат сифатида ривожланиб бораверган. Модомики ҳаёт ўзгарар экан, модомики дунё шундай тузилган экан, мусулмонларнинг доимо фақиҳларга иши тушиб туради. Бу эса ўз навбатида фақиҳларни илмий изланишга, баҳсга чорлайди.
Шундай қилиб, Қуръон ва Суннат, шариат қонунлари асосида қоидалар ишлаб чиқилди. Сон-саноқсиз китоблар ёзилди. Турли фиқҳий қомуслар яратилди. Натижада мусулмон уммати инсоният тарихидаги энг катта ва энг бой илмий меросга эга бўлди. Фиқҳ уламолари ҳаётда содир бўлган масалалардан ташқари, эндиликда содир бўлиши мумкин бўлган масалаларни ҳал қилиб қўйган жойлари ҳам бор.
Фақиҳларимиз қолдирган бу мерос ҳамманинг таҳсинига сазовор бўлди. Fайридин халқлар ҳам ўз қонунчиликларида исломий фиқҳдан фойдаланишди. Ҳаммалари бир овоздан фақиҳларимизга таҳсинлар ўқишди. Ўзини билганлар ҳозир ҳам шундай қилмоқдалар.
Уламоларимиз бугунги кунда фиқҳий мазҳабларга амал қилиш янада аҳамиятли эканини таъкидламоқдалар. Чунки фиқҳий мазҳабга амал қилиш ҳозирда мавжуд турли ихтилофлар ва келишмовчиликларнинг олдини олиб, ҳамма ўз мазҳабига амал қилган ҳолда, ўзга мазҳабларни ҳам ҳурматлашига сабаб бўлади.
Бу масалада бугунги кунда ихтилоф асосан мазҳабни тан олмасликдан келиб чиқмоқда. Мазҳабни инкор қилувчиларнинг гап-сўзлари ва тасарруфлари кўпчиликни норози қилмоқда.
Уларга «Сиз айтгандай, мазҳабни қўйиб, бевосита Қуръон ва Суннатдан ҳукм чиқаришга илмимиз етмаяпти, нима қилайлик?» дейилса, «Менга келинглар, тушунтириб қўяман», дейдилар ёки «Фалончи устозимизга боринглар», дейишади. Фалончилар эса билиб-билмай ихтилоф қилишади. Натижада бир босиб ўтилган йўлни яна бошлашга тўғри келади.
Шунинг учун ҳам уламоларимиз: «Ижтиҳод даражасига етмаган кишилар муайян бир мазҳабни ушлаши лозим», дейдилар.
Шундай қилинганда, ихтилофдан сақланилади. Шунингдек, бошқа мазҳабларга ва уларга эргашганларга ҳурмат билан қараш лозим.
Бир ишда бир мазҳабга, иккинчи бир ишда бошқасига эргашиш дуруст эмас. Буни уламолар «талфиқ» дейдилар. динда адашмаслик учун маълум бир мазҳабни ихтиёр қилиб, фақат унга эргашиш лозим.
Уламоларимиз: «Ҳатто илми юқори даражага етиб, мазҳабларнинг далилларини солиштириб, кучлисини аниқлаш даражасига етган одам ҳам бировларга бу ҳақда гап қўзғамасин, фатво бермасин, шахсий амал қилса, рухсат», дейишади.
Буларнинг ҳаммаси мусулмонлар орасида ихтилоф чиқармаслик учун кўрилган чора-тадбирлардир. Бундай чоралар айниқса оммавий диний илмсизлик ҳукм сураётган бизнинг юртимизга ўхшаш жойларга жуда ҳам зарур.
Кези келганда, мусулмонлар жамиятининг доимо фиқҳга эҳтиёжи борлигини яна бир бор таъкидламоқчимиз. Ҳар бир мусулмон ибодатини ва муаммоларини шариат қонунлари асосида олиб бориши лозим. Бу қонунларни ўргатиш учун эса фиқҳ керак. Аввалги уламоларимиз қолдириб кетган улкан фиқҳий меросдан самарали фойдаланишимизнинг ўзи етарли эмас.
Чунки, аввал таъкидлаганимиздек, ҳаёт ўзгариб туради. Шу туфайли янгидан-янги масалалар ҳам пайдо бўлиб туради. Бу масалаларга тўғри жавоб топишда фиқҳ керак бўлади. Гапни чўзиб ўтирмасдан, бир-икки мисол келтирайлик:
Авваллари бировнинг қонини иккинчи одамга қуйиш, бир кишининг аъзосини бошқа бир одамга кўчириб ўтказиш ёки эркак кишининг уруғлигини олиб, уни махсус найчада (пробиркада) урчитиб, сўнгра аёл кишининг бачадонига ўрнатиш каби ишлар умуман бўлмаган, ҳатто бировнинг хаёлига ҳам келмаган.
Шунинг учун эски фиқҳий китобларнинг ҳаммасини бирма-бир варақлаб чиқсак ҳам бу масалаларга жавоб топа олмаймиз. Ҳаёт эса бу масалаларга жавоб беришни тақозо қилади. Демак, яна фиқҳга ҳожатимиз тушади.
Шунинг учун ҳам Ислом мамлакатлари уюшмаси ҳузурида ва «Робитатул Оламил Исломий» ташкилоти қошида биттадан Ислом фиқҳи академияси ишлаб турибди. Уларда ҳар бир Ислом давлатидан вакиллар бор. Янги пайдо бўлган масалалар аввало академия аъзоларига алоҳида ўрганиш учун тақдим қилинади. Сўнгра академиянинг йиллик мажлисида, керакли соҳа мутахассислари иштирокида бу масалалар муҳокама қилинади ва керакли фатволар чиқарилади. Баъзи аъзоларнинг алоҳида фикрлари бўлса, унга ҳам ишора қилинади.
Шу йўл билан масалалар ихтилоф ва жанжалсиз ҳал қилиб келинмоқда. Демак, Аҳли сунна вал жамоа ақийдасидаги фиқҳий мазҳаблар ҳар қандай ихтилофларни четлаб ўтсалар бўлар экан. Бунинг учун эса кенгбағирли, тушунган ва етарли илмий савияга эга бўлиш зарур.
«Кифоя» китобининг 1-жузидан