1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тавҳид ва ибодат

05:00 / 01.03.2017 4575 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тавҳид ва ибодат

 «Тавҳид» сўзи луғатда «ваҳҳада» феълининг ўзаги бўлмиш «тавҳид» масдаридан олинган бўлиб, бирор нарсага бирлик ва ёлғизликни нисбат беришни ва унда кўпликни инкор этишни англатади.

Шаръий истилоҳда эса «Тавҳид Аллоҳга ширк келтиришнинг турли кўринишларидан воз кечиш ҳамда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зотида ҳам, сифатларида ҳам, ишларида ҳам, исмларида ҳам, ҳукмларида ҳам шериги йўқ, деб эътиқод қилишдир».

 

– Тавҳиднинг ўрни.

«Лаа илааҳа иллаллоҳу – Аллоҳдан ўзга илоҳ (ибодатга сазовор зот) йўқ».

Ушбу калима тавҳид калимаси бўлиб, барча набийлар шунга даъват қилганлар. Ушбу калима ила инсон ширк зулматидан чиқиб, иймон нурига киради.

 

– Тавҳиднинг фойдалари:

1. Тавҳид бағрикенгликнинг энг улуғ сабабидир. Чунки у Аллоҳ таолога нисбатан бўладиган одобнинг энг улуғ даражасидир.

2. Ким тавҳид ҳақиқатини рўёбга чиқарса, ҳисобсиз ва азобсиз жаннатга киради.

3. Тавҳид, агар қалбда ундан ачитқининг бир донасича бўлса ҳам, дўзахда абадий қолишни ман қилади. Агар у қалбда мукаммал бўлса, умуман, дўзахга киришдан асрайди.

4. Тавҳид ила гуноҳлар мағфират қилинади ва ёмонликлар ўчирилади.

5. Тавҳид бу дунё ва охират ғамларидан холи бўлишнинг бош сабабидир.

6. Тавҳид ила киши шайтондан сақланади.

7. Тавҳид ҳасадгўйнинг ёмонлигини даф қилади.

8.Тавҳидда бўлганларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари насиб бўлади.

9. Тавҳидда бўлганлар қиёмат куни Аллоҳ таолонинг изни ила ўз қариндошларини шафоат қиладилар.

10. Тавҳид соҳибига бу дунё ва охиратда ҳидоят, камолот ва омонлик ҳосил бўлади.

11. Тавҳид Аллоҳ таолонинг розилиги ва савобига эришишнинг асосий сабабидир.

12. Тавҳид барча эзгу гап-сўз ва амалларнинг қабул қилиниб, савобга сабаб бўлиши учун асосий шартдир.

13. Тавҳид бандага яхшиликларни қилишни, ёмонликлардан четланишни осон қилади ва мусибатларда тасалли беради.

14. Тавҳид қалбда камолга етса, эгасига иймонни маҳбуб қилади, зийнатлайди ҳамда унга куфр, фисқ ва исённи ёмон кўрсатади.

15. Тавҳид бандани махлуқларга қул бўлишдан, улардан қўрқишдан, қарам бўлишдан озод қилади.

16. Тавҳид ила Аллоҳ таоло бу дунёда нусрат, иззат, шараф, ҳидоят ва осонликни кафолатлайди.

17. Тавҳид ила Аллоҳ таоло бу дунё ва охиратнинг ёмонликларини даф қилади ва инсонга фаровон ҳаёт ҳамда хотиржамлик ато қилади.

18. Тавҳид комил бўлса, риё, нифоқ каби ботиний гуноҳи кабираларни даф қилади.

19. Тавҳидда ўлганларнинг ортидан қилинган дуо ва садақалар марҳумга фойда беради.

 

– Ибодат.

«Ибодат» сўзи араб тилида бир-бирига зид бўлган икки тушунчани – «мулойимлик ва ўзини паст олиш» ҳамда «шиддат ва қўполлик» маъноларини англатади.

Уламолар уни қуйидагича таърифлайдилар:

«Ибодат Аллоҳ таоло яхши кўрадиган ва рози бўладиган барча зоҳирий ва ботиний гап-сўзлар ва амаллардир».

 

– Тоат ва ибодат орасидаги фарқ.

Ибодат баркамол неъмат берувчига баркамол қуллик қилишдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолодан бошқага ибодат қилиб бўлмайди. Ибодат қилинувчи, яъни маъбуд ҳақида маърифат ҳосил бўлмагунча, ибодат қилинаётган Зотни танимагунча, ибодат ҳам ҳосил бўлмайди.

Тоат – тоат қилинадиган зотнинг иродасига мувофиқ воқе бўлган ишдир. Тоат қилинадиган зот уни адо қилувчидан, тоат қилувчидан юқори мартабада бўлиши шарт. Тоат Холиққа ҳам, махлуққа ҳам бўлаверади. Тоат бировга эргашишни истамаса ҳам бўлаверади. Мисол учун, баъзилар шайтонга эргашишни истамасалар ҳам, унга тоат қилишлари мумкин.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Мукаммал саодат йўли китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу мақолада ужбнинг сабаблари, кўринишлари ва ундан қутулиш йўллари ҳақида сўз юритилади. Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтадилар Билгинки, ужб кибрга олиб боради. давоми...

5571 05:00 / 01.03.2017
Гарчи вақти таъйин қилинган бўлсада ваъда қилинган нарсанинг амалга ошмаслиги сени ваъда ҳақида шубҳалантириб қўймасин. Чунки, у сенинг қалб кўзинга нуқсон давоми...

4408 05:00 / 01.03.2017
Ҳар бир мўминмусулмон банда ҳазир бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан бири бахилликдир. Бахиллик луғатда карамлилик ва сахийликнинг зиддидир.Уламолар давоми...

4552 05:00 / 01.03.2017
Имом Байҳақий Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади .Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, .Эй Аллоҳнинг Расули Менга давоми...

5849 05:00 / 01.03.2017
Аудиолар

213141 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132362 14:35 / 11.08.2021