1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Зулматли асрлар

11:05 / 17.12.2019 2407 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўта бузилган динни ўзига дастак қилиб олган черков мислсиз туғёнга кетган давр. Черков одамларни Аллоҳ таолога ибодат қилишга эмас, ўзига бўйсунишга мажбурлар, черковнинг даъво қилишича, Аллоҳ таоло ҳаворийларнинг каттаси Пётрга «Мен султонимни черковимга бердим» деган эмиш.

Шунинг учун барча иш папа бошчилигидаги черков арбобларига ҳавола қилинган. Бу эса ўз навбатида черков арбобларининг туғёнига олиб келди. Уларнинг бу борадаги туғёнлари атрофлича бўлди;

- Руҳий маънавий ҳаётдаги туғён.

Черков одамларининг бу борадаги туғёни шу даражага етдики, улар диндорларнинг ибодати ҳам черков одамлари орқали бўлишини йўлга қўйдилар. Бунга “мағфират чипталари” деб аталган сафсата ёрқин мисолдир. Гуноҳларидан Аллоҳ таолога тавба қилмоқчи бўлган банда тавбани черков ходимига қилиб, ундан “мағфират чиптаси”ни сотиб олиши керак. Ҳатто иш шу даражага етдики, одамлар ҳали содир этилмаган, келажакда қилиниши қўзланган гуноҳга ҳам черков руҳонийсидан аввал “мағфират чиптаси”ни сотиб олиб, кейин гуноҳга қўл урадиган бўлди.

Ақлий ва фикрий ҳаётдаги туғён.

Черков диндорларга иймон келтиришни фарз қилган учликка ишониш, Ийсо масийҳнинг жасади нонга ва қони хамр - ароққа айланиши ва шунга ўхшаш соғлом ақл кўтара олмайдиган ақийдалар ҳақида ақл ва фикрни ишга солишни қатъиян тақиқлади. Бунга ўхшаш инсон ақли бовар қилмайдиган сафсаталарни черков оталари кўплаб ўйлаб чиқарганлар ва диндорларни ўша сафсаталарга чуну чаро демай, ақлни ва фикрни ишлатмай иймон келтиришга мажбурлаганлар.

Молиявий ҳаётдаги туғён.

Черков ўрта асрлардан молиявий ҳаётда ҳам туғёнга кетган эди. Диндорлар оммасини тарки дунёга чақиришдан зинҳор чарчамайдиган, зоҳидликдан оғиз кўпиртириб гапиришдан тўхтамайдиган черков ва  унинг арбоблари молу дунёнинг қулига айланиб қолишган ҳамда барча бойликларни ўзиники қилиб олишган эди.

Америкалик тадқиқотчи Вил Дуюрант қуйидагиларни ёзади:

«Черков европадаги ер эгаларининг ва феодалларнинг энг каттасига айланган эди. Мисол учун «Влада» монастирининг ўн беш мингта кичик қасри бор эди. «Сант Гул» монастири эса икки мингта крепостной – ерга боғлиқ қулларга эга эди. Роҳиблардан Кувин Витор деганининг йигирма мингта ерга боғлиқ қули бор эди. Подшоҳ епископларнинг ва монастирларнинг бошлиғини ўзи тайинлар эди. Улар эса бошқа феодал бойлар қатори подшоҳ олдида итоат қасамини ичар эдилар».

Черков одамларга доимий равишда турли туман солиқлар солиб турарди. Одамлар ўлимда олдин мол-мулки ҳақида васият қиладиган  бўлса, роҳибнинг ҳузурида қилиши керак эди. Бунда ҳам васиятни черков фойдасига бўлиши кўзда тутилган эди. Буларга ўхшаш черков ва унинг ходимларига даромад келтирадиган манбалар кўп эди. 

Черков одамларининг ахлоқсизликлари.

Ҳамма тарафлардан турли имтиёзларга эга бўлган черков пешволарининг ахлоқи мисилсиз даражада бузилиб кетган эди. Уларнинг бу борадаги саргузаштлари тилларда дастон бўлиб кетгани ҳаммага маълум. Биз мазкур одамлар бир-бирини кулдириш учун айтадиган латифлардан эмас, дунёда обрўли ва салмоқли ҳисобланадиган илмий баҳсчиларнинг ҳужжатли маълумотларидан иқтибос келтирамиз.

Америкалик тадқиқотчи Вил Дуюрант ўзининг “Цивилизатсия қиссаси” номли китобининг “Дин арбобларининг ахлоқи” бобида (21-жуз, 83-86-бетлар) жумладан қуйидагиларни ёзади:

«...Бажио роҳиб ва диний ходимларнинг ахлоқий бузуқликларини, фисқу фасодларини, баднафсликларини, жоҳилликларини ва бепаросатликларини ёмонлаш учун ўзининг барча сўкиш сўзларини ишга солган. Фулинжо «Орландио» китобида ушбу қиссанинг айни ўзини такрорлайди.

Афтидан ушбу кунлардан раҳмат фаришталари бўлиб кўринаётган роҳибаларнинг ҳам айшу ишратда насибалари бўлган кўринади. Улар хушбичим ва гўзал бўлиб юришган. Венециядаги эркаклар ва аёлларнинг монастирлари яқинлигидан фойдаланиб тез-тез бир тўшакка шериклик қилишган. Монастирларнинг роҳиб ва роҳибаларнинг жинсий боғланишлари ҳақидаги маҳкамаларнинг ёзувлари йигирма жилддан иборат. Аритинонинг Венетсия роҳибаларининг қилмишлари ҳақида ёзганларини тилга олишни инсон боласи ўзига эп кўрмайди.

Одатда босиқ ва мўътадил киши Жутшардини Рим ҳақида сўзлаганда ўзини унитиб, тавозунини йўқатади ва қуйидагиларни айтади: «Аммо Рим саройига келсак, киши уни сифатлаш учун керакли оғир сўзларни топа олмайди. У абадий қолувчи ор ва номусдир. У оламдаги барча пасткашлик ва хижолатпазликларнинг тимсолидир».

«...Ушбу гувоҳликлар муболағага ўхшаб кўринади. Холисона бўлмаслиги эҳтимоли ҳам бордек кўринади. Лекин алиёхоним Катрин Синоияга қулоқ осинг:

«Юзингни қаёққа бурсанг ҳам, черков ходимигами, епископгами ёки бошқа дин одамигами, ёхуд турли диний тоифаларгами, паст табақадаги роҳибу олий табақасидагигами, ёшигами, қарисигамии барибир, албатта, ёмонлик ва разолатдан бошқа нарсани кўрмайсан. Бурнинг жирканч одамий хатолар ҳидини ҳидлайди. Уларнинг барчаси ақли паст, очкўз ва бахилдирлар. Улар руҳий тарбиядан ортда қолганлар. Қоринларини ўзларига илоҳ қилиб олганлар. Улар шовқин суронли маросимларда еб-ичиб ахлатхоналарда ағанаб ётадилар. Ҳаётларини фисқу фужур билан ўтказадилар. Болаларига фақиру фуқароларнинг молларини егизадилар. Диний хизматлардан қамоқдан қочгандек қочадилар».

Албатта, христиан дини черков арборларнинг битта қолмай барчаси шуларга ўхшайди дейиш инсофдан эмас. Уларнинг ичида ўз ақийдаларига мувофиқ яшаганлари ҳам бор. Аммо черков арбобларининг аксар ҳолати юқоридаги иқтибосларда келган ҳолатдир.

Ўша пайтларда черков дини тарқалган барча ҳудудларда, европаликларнинг ўз таъбирлари билан айтилганда, «зулматли асрлар» ўзининг қоп-қора зулмати ила ҳаётнинг барча соҳасининг қамраб олган эди. Бу асрлар ва ҳудудларнинг сиймоси жаҳолат, қолоқлик, саводсизлик, зулм, истибдод инсон зотига ор ва номус бўлган нарсалардан иборат сиймо эди.

 

«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Туғил, чўқин ва ўлгин mdash Ҳаммасига пул бергин. Рус мақолиЮтербог шаҳри барвақт уйғонади. Ҳали тонг ёришгани йўқ, аммо бўёқхонадаги турли рангдаги суюқликлар давоми...

2906 15:09 / 17.11.2020
Профессор Бакир Карлиға Боғчашеҳир университети.Қуръон инсониятга араб тилида нозил қилинди. Бироқ у фақат араблар эмас, бутун башарият учундир. Шунинг учун ҳар давоми...

3320 09:18 / 12.10.2019
Франциялик машҳур олим ва тарихчи Гюстав Лебоннинг .Араблар тамаддуни, номли асаридан иқтибосни келтириб ўтамизНасроний солномачиларнинг битикларидаги ҳар бир давоми...

1530 12:19 / 24.11.2023
Европаликлар ўзларини диндан мосуво қилдилар. Ахлоқ деган монеълик қилгувчи ёки дин деган тийиб тургувчи ҳам, илоҳий илмдан иборат уларни тўғриликка бошлагувчи давоми...

1017 11:23 / 31 июль