1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Ота-онанг олдида «уфф» дема!

12:05 / 28.11.2019 6189 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кексаларни эъзозлашнинг боши ота-онанинг ҳурматини жойига қўйишдан бошланади. Ҳар бир инсон ота ва онадан туғилади ҳамда уларнинг бағрида вояга етади. Фарзанд вояга етганидан бошлаб, то ўзини ўнглаб, мол-дунё топадиган, қўлидан иш келадиган бўлгунича ота-она қариб, ўзгалар ёрдамига муҳтож бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам Исломда ота-онани эъзозлашга алоҳида аҳамият берилган. Фарзанд ўзининг дунёга келишига сабабчи бўлган, оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган, таълим-тарбия берган ота-онасини эъзозлаб савобга эришар экан, бу билан қарияларни эъзозлаш учун эришиладиган ажр-савоблардан ҳам баҳраманд бўлади.

Ота-онага яхшилик қилиш, уларни эъзозлаш борасида қўпгина ояти карималар ва ҳадиси шарифлар бор. Бу масалада ҳеч бир тузум ёки тарбия воситаси Исломга тенг ҳам, яқин ҳам кела олмайди. Ота-онанинг ҳурмати, фарзанд устидаги ҳаққи тўғрисидаги оятлар, ҳадислар, исломий ҳикматлар, мусулмонлар ҳаётидаги тажрибалар дунё тарихида мисли кўрилмаган олиймақом нарсалар эканлиги маълум ва машҳурдир.

Ислом фарзандлар зиммасида ота-оналарнинг бир қанча ҳақ-ҳуқуқлари борлигини таъкидлайди. Бу масала Қуръони Каримда, Суннати набавияда ва Ислом тарбияси хусусидаги китобларда батафсил баён қилинган.

Фарзандлар ўз ота-оналарига яхши муомала қилишлари, ширинсухан бўлишлари, уларга меҳрибонлик кўрсатишлари, доимий эҳтиром билан уларни тақдирлаб туришлари, Аллоҳ таолонинг шариатига зид бўлмаган барча буйруқ, талаб-истакларини бажармоқлари лозим.

Ота-онага яхшилик қилиш диний адабиётларимизда «Биррул волидайни» дейилади. Аввал «Биррул волидайни» – «Ота-онага яхшилик қилиш» бирикмасининг тўлиқ маъносини тушуниб олайлик.

«Бирр» сўзи бизнинг тилимизга «яхшилик» дея таржима қилиниб, «фазилат», «содиқлик», «тоат» ва «солиҳлик» деган маъноларни ифода этади.

Уламолар истилоҳида «Бирр» юмшоқ ва латофатли сўз ила яхшилик қилиш ва нафратга сабаб бўлувчи қўпол сўздан четда бўлишдир. Айни пайтда «бирр» бир-бирига шафқат, меҳр-муҳаббат асосида молиявий амаллар ила яхшилик қилишдан иборатдир.

«Волидайни» – ота-она. Бу сўз бобо ва момоларни ҳам ўз ичига олади.

Энди ушбу маънони ифода қиладиган баъзи оят ва ҳадисларни умумий тарзда ўрганишга киришайлик.

Аллоҳ таоло Исро сурасида шундай марҳамат қилади:

ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ

«Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишингни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, уларга «Уфф», дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт! Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва: «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт» (23-24-оятлар).

Бу ояти каримада Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга амр этилгандан сўнг, бевосита ота-онага яхшилик қилиш буюрилмоқда.

«Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди».

Бу амал бандаларнинг ихтиёрига ташлаб қўйилган иш эмас, балки Аллоҳнинг бандаларига амри, буйруғи, фармонидир. Хоҳласа қилиб, хоҳламаса қилмайдиган ҳаваскорлик ҳам эмас. Қариб, ҳеч нарсага ярамай қолганда юзланадиган кўнгилхушлик ҳам эмас. Бу амр Аллоҳ таолонинг қатъий ва ўзгармас буйруғи бўлиб, уни бажариш ҳар бир банданинг бурчидир.

Аллоҳнинг ибодатидан кейинги келадиган иш ота-онага яхшилик қилишдир. Бу ҳам Аллоҳнинг амри. Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилишга чақирган амрдан кейин, шу жумланинг давомида ота-онага яхшилик қилишни таъкидламоқда. Бу икки ҳукмнинг бир оятдаги ягона жумлада баён қилинишининг ўзиёқ Исломда ота-онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканлигини кўрсатади.

«Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, уларга «Уфф», дема».

Бу жумланинг «уфф» сўзига боғлиқ икки хил маъноси бор. Бир маъноси – «Ота-онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилма», дегани бўлса, иккинчи маъноси – «Ота-онанг олдида «Уфф», дема, улар «Болам оғир ҳолга тушибди», деб озорланадилар» деганидир.

«... уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!»

Ота-онангга ҳеч бир озорни раво кўрма! Қандай яхши сўз бўлса, ўшани ота-онангга раво кўр!

«Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва: «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт».

Фарзанд ота-онанинг ҳузурида ўзини қанчалик хокисор тутса, шунчалик яхши. У бутун меҳрини хокисорлик ила ота-онасига пояндоз қилса ҳам оз. Шу билан бирга, доимо уларга Аллоҳ таолодан раҳм-шафқат тилаб, дуо қилиб туриши лозим.

«Кексаларни эъзозлаш» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Осим ибн Лақийт ибн Собира отасидан ривоят қилади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. Чўпон қўрага янги туғилган қўзичоқни киритди.Набий давоми...

1889 11:01 / 22.05.2020
Отаонанинг фарзанд ҳаққига ва зиддига қиладиган дуоси ҳақида кўп гапирилади. Аммо ўша гапларга далил бўлган матнларни кўпчилик аниқ билмаслиги мумкин. Шунинг давоми...

1388 14:34 / 24 май
намоз ибодатларнинг онасидир18. Абу Дардодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга тўққиз нарсани васият қилдилар.Аллоҳга ширк келтирма, давоми...

2459 12:16 / 06.11.2018
Мазкур бўлимда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг Одоблар хазинасиrdquo асаридан отаонага яхшилик қилиш масалаларига бағишланган мавзуларни тақдим этиб давоми...

2907 00:46 / 30.09.2018