1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Пайғамбар ошиғи - Ҳасан

16:56 / 24.11.2019 9179 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Туркчадан таржима)

Профессор доктор Адҳам Жамил ўғли, ибратли бир ҳаётий воқеани шундай ҳикоя қилади. Уни сизга ҳавола қилмоқчиман. Биз яшаётган ҳаёт билан солиштирсак, айтадиган бир сўз тополмасак керак.

Хуллас, ўн икки ёшида ҳаёт билан видолашган Пайғамбар ошиғи бўлган Ҳасаннинг жуда таъсирли ҳикояси бу.

Йигирма беш йил бўлди ёки ўттиз йилга яқин.

Ҳасаннинг ёши ўн бир, ўн иккиларда. Ҳали балоғат ёшига етмаган. Ўша вақтларда «Рисолат» фильми машҳур бўлган эди. У фильмнинг аввал инглизчасини томоша қилган эдик. Кейинроқ туркчасини ҳам уч марта кўрдик. Арабчасини ҳам икки марта томоша қилдик. Инсонни ажиб ҳолга туширадиган фильм эди. Ушбу фильм Ҳазрати Ҳамзани англатар эди. Воқеалар Ҳазрати Ҳамзанинг атрофида содир бўлар, уни марказга олиб, ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётини тақдим этишга ҳаракат қилинар эди.

Мана шу фильм чиққан вақтларда Ҳасаннинг отаси менга айтиб берган эди:

Ўн икки ёшларида Ҳасаним вафот этди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёти ҳақидаги фильмни бир видеомагнитофонга қўйдик. Видеони оиламиз билан томоша қилдик. Фильм уч соатча давом этарди. Жуда таъсирландик. Пайғамбаримизнинг ҳаёти оиламизнинг ҳар бир аъзосига ўз таъсирини кўрсатди.

Ҳазрати Ҳамзанинг Ваҳший тарафидан ўлдирилиши.

Мана ўша жанг.

Уҳуд. Пайғамбаримизнинг чеккан азоблари ва бошқа саҳналар.

Шу кундан бошлаб ўғлим Ҳасан ҳар куни мактабдан келиб шу видеони қўйиб томоша қиладиган бўлди. Шанба ва якшанба кунлари эса, эрталаб ҳам, кечқурун ҳам томоша қилар эди.

- Ўғлим, бу кинодан зерикмадингми?

- Ота, Пайғамбаримизни жуда севдим мен..

- Қандай қилиб?

- Пайғамбар севгиси, отажон. Пайғамбаримизни жуда яхши кўриб қолдим.

Шундай қилиб, уйимизда ҳар куни шу кино.

Бир куни ўғлим намоз ўқий бошлади.

Онасининг у вақтларда бошида рўмоли йўқ эди.

- «Онажоним, рўмолингизни ўраб сиз ҳам намоз ўқинг».

Онасига доим шундай дерди Ҳасан.

Ҳасаннинг ҳолати бутунлай ўзгарди. Қуръон ўқишни ўргана бошлади ва «Алам таро..» дан пастини ёдлаб олди. Бизга ҳам ўргатгиси келарди. Ҳар куни севган киносини томоша қилишни канда қилмасди. «Пайғамбаримизни севдим», деб такрорларди.

Бир куни Ҳасаннинг усти боши чангга беланган, кийимлари йиртилган, ким биландир ёқалашган ҳолда уйга кириб келди.

- Ҳасан ўғлим, сенга нима бўлди?

- Ота, синфимизда бир ўртоғимиз бор. Пайғамбаримизни сўкди. Сўкканига чидаб туролмадим. Уни урдим. У ҳам урди. Мен ҳам урдим.

- Сўкса сенга нима?

- Пайғамбаримизни сўкишларига чидаб туролмайман, ота. Ҳам урдим, ҳам калтак едим.

Эртаси куни, хизматчим келди.

- Ҳасаннинг ўқитувчиси сизни чақиряпти, - деди.

Аёлим билан бирга мактабга бордик.

- Ҳасан тўполон қиляпти. Ўртоқлари билан кўп уришяпти. Болангизни назорат қилинг.

Ўқитувчиси ёшгина бир аёл. Бир нарсалар тушунтира олмадик. Албатта у ўғлимнинг феълидан норози эди.

- Ўғлингизга ҳушёрроқ бўлинг. Янада каттароқ ишкал чиқармасин.

Шуларни англатди ўқитувчи. Биз жуда хафа бўлиб, уйга қайтдик. Ҳасаннинг қулоғини бураб, жазосини беришга мажбур бўлдим.

- Ҳасан, бундан кейин ҳеч ким билан ғавғо чиқариб юрма, тушундингми? Ўқитувчинг бизни тергади. Биз сен туфайли гап эшитдик. Яхшими шу?

- Аммо, ота! Пайғамбаримизни ҳақорат қилиняпти, ахир. Мен бунга чидаб туролмайман. Нима қилай? - деб йиғлай бошлади Ҳасан.

- Яна шундай қилсанг, мендан калтак ейсан!...

Ҳасан намозида бардавом эди. «Ота, онажоним, сиз ҳам намоз ўқинг», деб доим такрорлар эди.

Яна бир куни мактабдан бурни қонаган, боши ёрилган ҳолда келди. Кийимлари тупроққа қоришган. Ҳасан яна калтак еган эди.

- Ўғлим, яна нима бўлди?

- Ота, ўртоқларимдан бири Аллоҳни ҳақорат қилди. Чидолмадим. Уни урдим. У ҳам жавоб қайтарди.

- Ўғлим, қачонгача сени деб ўқитувчингдан гап эшитамиз, ахир! У томонга юрдим. У эса қочиб кетди. Етиб олсам, яхшигина мендан калтак ерди. Етолмадим.

Икки кун тоғасиникида қолди. Мен ҳам ўзимга келганимдан кейин тоғаси уни олиб келди.

- Уни урма, деди.

- Энди яна бир марта шундай бўлса, ураман, дедим.

- Ота! Аввалгиси пайғамбаримизни сўккан эди. У бошқа масала эди. Энди буниси Аллоҳни ҳақорат қиляпти. Мен бунга чидаб туролмайман! Яна шундай қилса, яна ураман, тепаман уни.

- Яна шундай қилсанг, мен ўзим сени таъзирингни бераман!

Ҳасан шу гапимдан сўнг, мактабга тинч бориб-келиб юрди. Орадан ўн беш кунлар ўтди. Бир куни Ҳасан грипга ўхшаш ҳолатга тушиб, ҳасталаниб қолди. Шифокорга олиб бордик.

Грипга қарши дори берди, аммо дори таъсир этмасди. Ҳасан кундан-кун ҳолдан тойган, озиб кетди. Ҳасталиги кун сайин кучаяр эди. Тамоман қувватсизланиб қолди. Дориларни берганимиз сари унинг таъсири сезилмас эди.

Яна шифокорга олиб бордик.

- Қон олайлик. Қонини текшириб кўрамиз, деди доктор.

Қон таҳлилини олди.

Эртаси куни жавобини олгани бордик. Шифокор:

- Шубҳали бир нарса бор. Яна бошидан нозикроқ таҳлил қилиб кўришимиз лозим, -деди.

«Нозик таҳлил» учун яна қон олдилар.

Таҳлил жавобини олиш учун борар эканмиз, минг турли ҳаёллар бор эди бизда.

- Ўғлингиз оққон ҳасталигига чалинган. Даволашдан ожизмиз.

Бу сўз юрагимизга ўқдек тегди. Оҳ, Ҳасаним у энди 11 ёшда. Тўртинчи синфда.

Ҳасан кимётерапия ола бошлади. Билмадим нима бўлади.

Даво излаб у ёқ бу ёққа югурар эканмиз, Ҳасаннинг аҳволи оғирлашиб, тўшакка ётиб қолди. Ўртоқлари уни кўргани келардилар. Ўқитувчиси ҳам зиёратга келди.

- Ҳасан қалайсан? Тузукмисан?

Ҳасан бошини аранг қимирлатар эди.

Ҳасан кетаётган эди. Э воҳ, ўғлимиз кўз ўнгимизда гўё эриётган эди. Овқат деярли еёлмасди. Озгандан озиб кетди. Касаллик енгиб борар эди уни. Ўғлимнинг сочлари тўкила бошлади.

Шунга қарамай Ҳасан Қуръон ўқир эди. Онасига ҳам Қуръондан бир нарсалар ўргатар эди.

- Она, тасаттурга киринг. Она, бошингизга рўмол ўранг. Аллоҳ очиқ аёлларга ғазаб билан қарайди. Намозингизни ўқинг. Отажон! Сиз ҳам намоз ўқинг!..

Бола ҳаста! Унга қарши келолмадик. Хотиним билан бирга намоз ўқий бошладик. Боланинг кўнгли ўксимасин, дея.

Ҳасан ўзи овқатлана олмай қолди. Унга амаллаб овқатини едирардик. Чўпдек озиб кетди. Кундан-кун сўлиб борар эди, Ҳасан. Шу ҳолида дуолар қилар эди. Пайғамбаримизга давомли саловотлар айтар эди.

- Пайғамбаримизни севинг. Аллоҳни севинг. Қуръонни севинг. Намозингизни ўқинг, дерди. Охират бор...

Шу каби сўзларни тинмай такрорлар эди.

Саҳарда чироғи ёнар, у бомдод намозини ўқир эди. Биз калитнинг тешигидан уни кузатар эдик. Намоздан сўнг аста бориб деразани очар эди. Қўлини қоронғуликка йўналтириб бир нарсалар айтар эди.

Аммо, биз нима деяётганини эшитмас эдик. Гўё у ким биландир гаплашаётгандек эди. Бу ҳол ҳар куни давом этар эди. Биз кўп ажабландик. Чўжуқ кетишини сезяпти. Буни кўтара олмай, ақлини йўқотдимикин, дея ўйга бордик. Ҳар куни шу аҳвол эди. Бир куни намозидан сўнг деразани очиб бир нарсалар деяётганида эшикни очиб ичкарига кирдик.

- Ҳасан, нима қиляпсан?

- Ҳеч нима...

- Ўғлим! Ҳар куни тонгда сени шу тешикдан кузатамиз. Намоздан кейин деразани очасан. Қоронғуликка қўлингни чўзиб бир нималар дейсан. Нима бу? Кимга гапирасан?

- Отажон. Ҳар тонгда тонг шамоли эсади-ку. Мен шу шамолга дейман:

«Эй шамол. Сен доим кезасан. Сендан илтимос, агар Мадинага йўлинг тушса, менинг саломимни Пайғамбаримизга етказгин?»

Шу тарзда Пайғамбаримизга салом йўллайман.

Мана шу воқеадан сўнг, Ҳасан анчагина кучдан қолди. Энди чақалоқни боққандек, ҳамма нарсани шимдириб бера бошладик. Аранг ютар эди. Туролмай қолди.

Бир куни тонгда Ҳасан бизга деди:

- Отажон! Бугун кечаси ажиб ҳодиса рўй берди.

- Нима ҳодиса бўлди? Тушунтирчи, ўғлим.

- Ота, бугун шундай ҳодиса бўлди. Йўқ, бу туш эмасди. Тушни нима эканини биламан-ку. Уйқум келганда кўзимни юмаман. Ухлайман. Кейин тушлар кўраман. Лекин, бу ҳодиса туш эмасди, ота. Бу ҳодисани икки кўзларим бор-ку, мана шу кўзларим билан кўрдим, ота. Айтсам ишонмайсиз. Уйимизнинг шифти бор-ку, иккига айрила бошлади. Чатир-чутур овоз келди. Мен зилзила бўлаяпти, деб ўйладим. Шундай ўтирдим. Қарадим, юқоридан икки киши тушиб келарди. Арабларга ўхшаш оппоқ кийимдалар. Соқоллари қоп-қора. Кулиб ёнимга тушдилар.

- Биз фаришталармиз, дедилар. Мени қучоқладилар. Ўпдилар.

- Қалайсан, Ҳасан? Яхшимисан?

Бири сочимни силарди.

Иккинчиси елкамни силарди. Ўзимни жуда бахтли ҳис қилдим.

- Сизнинг исмингиз нима? дедим. Исмларини айтдилар. Лекин, унутдим, ота.

- Ҳасан, жуда чарчадинг-а? Истасанг сени бир айлантириб келайлик. Қара, неча ойдан бери шу ерда ётибсан. Шундай бўладими? Юр, сени бир айлантирамиз, -дедилар.

- Майли, дедим.

Фаришталарнинг бири бир қўлимдан, бошқаси иккинчи қўлимдан тутди. Биргалашиб юқорига кўтарилдик. Тепадан бизнинг даламизни кўрдим. Булутлардан кечдик. Яна кўтарилдик. Яна...

- Бу ер нима?

Бир ажойиб кўм-кўк жой кўринди. Жуда катта жой эди.

- Бу жой жаннат, Ҳасан, дедилар.

- Шунақами?

- Қани юр, кўрайликчи.

Айланар эканмиз, катта бир кўшк кўринди.

- Бу кўшк, дедилар. Бу сенинг кўшкинг, Ҳасан. Кўришни хоҳлайсанми?

- Албатта, хоҳлайман.

- Юр унда бирга айланамиз.

Кўшк шу қадар каттаки, нариги учи кўринмас эди. Шу кўшк меники эмиш, ота. У ерда кўп нарсалар бор эди. Ўйинчоқлар, ўртоқлар бор эди. Хизматкорлар бор. Ейдиган, ичадиган нарсалар ҳам бор. Шу қадар гўзал нарсалар борки...

Мени кўп айлантирдилар. Кейин:

- Ҳасан, сенга бу ер ёқдими? Қолишни истайсанми? Шу ерда қолақол.

- Ёқди. Қолишни истайман.

- Мана бу бузоқ сеники. Рухсат бер, биз уни сўямиз. Шу ерда қоласан. Дунёга тушма...

Бирдан сизларни эсладим.

- Бўлмайди. Мен онамни истайман, отамни истайман. Мен уларни соғиниб қоламан.

- Ҳасан! Қара, биз сени севамиз. Шу жойлар ҳаммаси сеники. Пастда ҳаста бўляпсан. Қийналяпсан. Ҳасанча, шу ерда қол, деб кўп қистадилар ота. Яъни, у бузоқ сўйилар экан-да, мен у ерда қолар эканман. Яхши тушунмадим. Ота, нафсим ўлимимга ишорат этмоқда. Улар мени кўндиришга кўп ҳаракат қилдилар.

- Қара шу ерлар сеники. Бу ерда абадий қоласан.

Мен эса:

- Мен онамни, отамни жуда яхши кўраман. Улардан айрилишни истамайман. Шунинг учун бу бузоқни сўйманг. Истамайман, дедим.

Мени кўндира олмадилар.

- Майли. Сен хоҳласанг қоласан, хоҳламасанг йўқ. Сени пастга олиб тушамиз, дедилар. Қўлимдан тутиб, аста пастга туширдилар. Ётоғимга ўтқаздилар. Пешонамдан ўпдилар. Кейин юқорига чиқиб кетдилар. Сўнг шифт ёпилди...

Шундан кейин Ҳасаннинг ҳасталаги яна кучайди. Оддий ҳожат ишларини ҳам ўзи бажаролмай қолди. Аянчли ҳолда эди у. Шунга қарамай, у доимо саловот келтирарди. Дуолар қиларди. Зиёратга келган дўстлари, қариндошларига доимо намоз ўқинг. Ҳатто садақа закот бериш, яхшиликлар қилиш кераклигини айтаверар эди. Аёлларга эса, рўмолларини доимо бошларида бўлиши кераклигини айтаверарди. Аллоҳни севишни, пайғамбарни севишни, Қуръонни ўқишни ва ҳоказо, масжид имомидек, насиҳатлар қиларди. Биз онаси билан беш вақт намозни қолдирмасдик. Бизни кўриб, Аллоҳ Сиздан рози бўлсин! Сизларни жуда яхши кўраман, дерди. Намозингизни ҳеч ташламанг, дея ёлборарди. Жон дилидан ўтинарди.

Шундай қилиб, Ҳасаннинг ҳасталиги авжга чиқди. Таом еёлмай, фақат сув ичарди, холос. Баъзан шўрванинг сувини аранг озгина ичирган бўламиз. Намозларни ётган жойида ўқир эди. Фақат дуо қиларди:

«Аллоҳим, мамлакатимизни қутқар, душманларимизни ўзинг даф қил. Ҳидоятингдан айирма! Ўлимимизни осон қил. Иймонимизни саломат қил! Исломиятга куч бер! Пайғамбаримизга лойиқ уммат қил. Пайғамбаримизга муҳаббатли қил!  У зот ҳам бизни севсин!...»

Ҳасан биз ҳеч билмайдиган тарзда дуолар қилар эди. Гўё, Аллоҳ унга ўзи илҳом бераётган эди.

Бир куни онаси билан бирга таом бериш учун кирганимизда деди:

- Она, отажон. Анави ҳодиса яна содир бўлди. Ҳўв бир марта бўлган эди-ку!

- Қандай бўлди, ўғлим?

- Яна уйимизнинг шифти чатир-чутур қилиб бўлинди. Ўша фаришталар яна келдилар. Бири кулар юзли, соқолли ёш йигитлардек эди.

- Ассалому алайкум, дедим.

- Ва алайкум ассалом, биз яна келдик, дедилар. Мени қучоқладилар, силадилар, эркаладилар.

- Қалайсан, Ҳасан. Яхшимисан. Анча қийналяпсан. Сени яна жаннатга олиб чиқайликми?

- Майли, фақат у ерда қолиш йўқ. Майлими?

- Йўқ, Ҳасан. Сени у ерда зўрлаб қолдирмаймиз.

- Бўпти. Мени яна чиқаринг, унда. Яна кўтарилдик. Ярим кеча эди. Булутлардан ошдик. Яна жаннат каби бир жойга етдик. Гўзал, ям-яшил жой. Зиёрат қилган кўшким ҳам кўринди.

- Бу сенинг кўшкинг. Айланган эдинг-ку!

Қарасам кўшкимнинг ёнида яна бир кўшк пайдо бўлган эди. У каттароқ эди. Жуда ажойиб безакли. Охири кўринмайди.

Бутунлай бошқача эди у.

- Бу нима? -дедим.

- Бу ҳам сеники. Аллоҳ севгани сари яна бераверади.

Истасанг у ерни айлантирамиз.

- Майли. Фақат бу ерда қолишни истамайман. Мен онам-отамни жуда яхши кўраман. Кейин мени пастга олиб тушиб қўясиз, майлими?

- Майли, Ҳасан. Сен истамасанг, сени бу ерда қолдирмаймиз. Сен ташвишланма, -дедилар.

Сўнг ичкари кирдик. Кўшкнинг ичида ҳовузлар бор экан. Сувлар сероб экан. Ҳамма нарса бор экан. Менга ўхшаган болалар ҳам кўп эди. Улар билан ўйнадим. Мошиналар бор экан. Уларни миндим. Таомлар ҳам едим. Бу дунёда кўрмаганман ундай таомларни, ота. Кейин велосипед миниб ҳар томонни айландим. Ҳамма ёқ олтин-кумушдек, олмосдек порларди. Ҳамма ёқ шундай. Анча сайр қилганимдан сўнг,

- Ҳасан, қалай, роҳатландингми? - деб сўрадилар.

- Роҳатландим, дедим.

- Энди сени онангга олиб тушамиз, сўз берганмиз, - дедилар. Аммо, муаммо йўқ. Ана сенинг бузоқчанг турибди. Хоҳласанг, уни сўямиз. Шу ерда қоласан. Истамасанг, йўқ. Пастга олиб тушамиз. Онангни, отангни жуда севасан-ку, ахир!

- Ҳа! Мен уларни жуда севаман. Бу ер гўзал. Ҳаддан ташқари гўзал! Лекин, мени ота-онамдан айирманглар.

Уларга шундай дедим. Кўшкдан чиқмасимиздан, кўшкнинг ичида бир катта эшик кўринди. Олмосдан, маржондан, жуда гўзал тошлардан иборат, ажойиб эшик эди. Шу қадар гўзалки, дедим:

- Бу эшик қулфми? Бу қаерга олиб чиқади, ўзи?

Менга дедилар:

- Бу эшикнинг орқасида жуда буюк бир Зот бор. Хоҳласанг зиёрат этдирамиз.

- Албатта, истайман.

- Яхши, - дедилар. Эшикка яқинлашдилар. Эшикнинг калит йўқ эди.

- Уни қандай очамиз, калит йўқ-ку?

- Калит керакмас. Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм, Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур росулуллоҳ! десанг, очилади.

Эшикка айнан шу сўзлар билан сасландим. Эшик бирдан очилиб кетди. Аммо ота, ичкаридан шундай кучли бир нур таралар эдики, кўзларим қамашди. Кўзларимни тўсиб олдим. Кейин ичкаридан ажойиб мушк каби ҳидлар тарала бошлади. Шундай ёқимли эдики, ота, мен бундай ҳидни олдин туймаганман. Бир-икки қадам ичкарига киришим билан, кўзимни қамашиши қолди. Ичкарида катта бир тахт турган эди. Қироллар ўтирадиган тахтлардан ҳам гўзалроқ эди. Қарадим, юзи ва кўзлари гўзал бир Зот менга:

- Кел, деди.

Уни кўрар кўрмас, ичимда гўзал бир ҳислар ҳис этдим. Унинг ёнига бориб тиз чўкиб ўтирдим. Унинг юзига боқдим. Шу қадар гўзал эдики, пирил-пирил порлар эди. Шундай гўзал юз эдики, ота. Ҳайрон қолдим. Бу қандай гўзаллик экан? У менга боқарди. Бошимни силади.

- Ҳасаним, деди. Ҳасаним деди, ота.

Мен ҳам унинг юзига шундай лаззат билан томоша қилиб тикилардим. Қараб тўймасдим. У мени сочларимни силарди. Қўллари пирил-пирил, мушк каби ҳид таратар эди, ота. Пахтадек юмшоқ эди қўллари. У шундай гўзал инсон эдики, ҳаётимда ҳеч у каби инсонни кўрмаганман. Охири, ўзимга келдим. Сўрадим:

- Афандим, сиз кимсиз?

Сочимни силаб туриб:

- Оҳ, Ҳасаним! Мен сени жуда яхши кўраман, -деди. Сен ҳар тонгда намозингдан сўнг, деразани очиб шамоллардан салом юборар эдинг-ку. Ўша сен салом юборадиганинг инсон менман, - деди ота!

- Эй, Расулуллоҳ! Бу Сизми?

- Менман.

Қучоғига отилдим. Уни қучоқладим. У ҳам мени қучоқлади. Бир-биримиз билан шундай қучоқлашдик.

- Оҳ, Ҳасаним менинг, -деди.

- Я Расулаллоҳ, дедим.

Мушк каби ёқимли ҳидли эди пайғамбаримиз, ота. Бағри шундай юмшоқ эдики, ота. Она қучоғи каби эди. Кейин менга дедики:

- Ҳасаним. Мени яхши кўрасанми?

- Жоним Сизга фидо бўлсин, эй Расулаллоҳ. Сизни жуда яхши кўраман.

- Онангдан, отангдан ҳам кўпроқ яхши кўрасанми?

- Отам-онам Сизга фидо бўлсин! Сизни онамдан ҳам кўпроқ яхши кўраман. Отамдан ҳам кўпроқ яхши кўраман.

- Унда, Ҳасаним, ота-онангни олдига бормасангда, менинг ёнимда қолсанг, бўладими?

- Бўлади, -дедим.

- Лекин, сен онангни кўп соғинасан-ку, Ҳасаним!?

- Сизнинг ёнингизда уларни соғинмайман, эй Расулаллоҳ, - дедим. Чунки, Сизни улардан кўпроқ яхши кўраман!

- Ундай бўлса, мени эшит Ҳасан. Бу ерда сенинг бузоғинг бор. Уни сўйсинлар. Сен унинг ёнида туриб тур, ҳўпми?

- Ҳўп, ё Расулаллоҳ, - дедим. Ота, кейин ҳалиги иккита фаришта бузоғимни сўйдилар. Ота, бузоқ Аллоҳ, Аллоҳ деб жон берди. Бузоғим ўлди. Пайғамбаримни қучоқладим. Шундан кейин пайғамбаримиз менга: - Қани, энди пастга туш. Бугун пешинга азон айтилгандан сўнг, сени олгани борамиз. Шу ерда, ёнимда қоласан. Менга қўшни бўласан. Мендан айрилмайсан. Менинг ўғлим бўласан. Бирга яшаймиз. Шундай бўлди ота.

Кейин ҳалиги ёш малаклар мени яна пастга олиб тушдилар. Ичкарига кирдик. Ётоғимга ётқиздилар.

Мана тонг отди. Бугун пешинда Пайғамбаримиз мени олгани келадилар. Бирга кетамиз. Бундан буён у Зот билан бирга яшаймиз.

- Омон, ўғлим. - дедим.

Ҳолатни тушундик. Бола бугун пешинда кетади. Буни англадик. Лекин, туш кўряптими, воқеликми, буни англолмадик. Аммо, нима бўлганда ҳам, буни Ҳасан кўрди. Ўзидан сўрасак, туш эмас бу, - дейди.

Маҳзун бўлдик, йиғладик. Боланинг ўлим вақти келган эди. Унинг бузоғи сўйилди.

Пешин намозига азон айтилганда ўз ишим билан машғул эдим. Онаси телефон қилди:

- Ҳасан оғирлашди. Пайғамбаримиз келади. Мени олиб кетади. Мени бир оз тўғриланг. Орқамни ёстиққа суянг. Пайғамбаримиз тўғри қибла тарафидан келади. Ётоғимни қиблага тўғриланг. Оёққа туролмайман. Лекин, жуда бўлмаса, ётган ҳолатда бўлмайин, - деяпти. - Сизни чақиряпти, - деди. Югуриб бордим. Ҳасанни қучоқладим.

- Ота, нега ҳафа бўласиз? Мен Пайғамбаримизнинг олдига кетяпман, ахир! Шунга ҳафа бўляпсизми? Сиз нима деб ўйлаяпсиз?

Ҳаммага хабар берилди. Қариндошлар тўпландилар. 30-40 киши келдилар.

- Пайғамбаримиз келадилар. Вақт бўлди, дейди. Қибла тарафдан келади. Мени олиб кетади. Атрофида йиғилган қиз ва ўғилларга хитобан:

- Бир-бирларингизни ҳафа қилманглар. Кўнгил синдирманглар! Аллоҳни, Пайғамбарни севинглар! Намозга хушёр бўлинг! Мусулмон бўлинг! Динга хизмат қилинг! Аллоҳни севинг! Бир-бирингизни ҳурмат қилинг! Жўмард бўлинг! Уйингизда таом едиринг! Садақани кўпайтиринг! Кўп-кўп закот беринг! Фақирларнинг ёнида бўлинг!

Бир масжид домласидек, насиҳатлар қиларди, Ҳасан. Ўн бир ёшлик бир бола олимлардек насиҳат ўқирди. Атрофдагилар кўз ёшларини тутолмас, аммо кўрсатмасликка ҳаракат қилар эдилар.

Ҳасан бир оз дам олар, кейин яна давом этарди. Ярим соатча шундай бўлди. Гапиради, жим бўлади...

Шундан кейин,

- Ота, деди.

- Лаббай, дедим.

- Қаранг, Пайғамбаримиз келяптилар. Оппоқ отга миниб олганлар. Ёнларида ҳазрати Абу Бакр, ҳазрати Умар, ҳазрати Усмон, ҳазрати Али, ҳазрати Ҳамза орқаларидан саҳобалар келишяпти. Йигирма кишича. Ҳаммалари оқ отдалар. Кўряпман...

- Алҳамдулиллаҳ, мен Расулуллоҳга қовушаман.

Биз қибла тарафга қарадик. Ҳеч нарса кўрмас эдик. Ҳасан кўраётган эди. У ҳаяжонда эди. Юзи бирдан жонланди. Ҳаракатга тушди. Ҳолбуки, оёғини ҳам қўлларини ҳам кўтара олмас эди. Бир жонланиш бўлди. Ҳаяжон билан:

- Расулуллоҳ келяптилар. Мени ёнларига олиб кетадилар. Ана, кўприкдан ўтдилар. Яқинлашдилар.

Биз деворга қарадик. Ҳеч нарса йўқ эди.

- Яқинлашдилар. Мана уйга кирдилар ота, - дейиши билан уй қандайдир чайқалиб кетди. Бир нарса кўрмадик. Аммо, келдилар деган онда, уйда гўё зилзила бўлгандек бўлди. Англадикки, нимадир бор. Кейин сездикки, уй ичи мушк каби ҳидга тўлди. Бу ҳид дунё ҳиди эмас эди, домлам. Ҳасан турмоқчи бўлди. Қимирлай олмади.

- Ассолату вассалааму алайка я Росулаллоҳ!

Хуш келибсиз, эй Расулулаллоҳ!

Ассолату вассалааму алайка я Ҳабибаллоҳ!

Ассолату вассалааму алайка я Набияллоҳ!

Ассолату вассалааму алайка я Саййидал аввалийна ва охирийн. Салавот. Қўлини очди. Нима бўлганини билмадик. Аммо, бирдан боши секин орқага кетди. Руҳини осонлик билан топширди.

Ҳасан ўлди....

Ўлганидан кейин етти кунгача уйимиздан ўша ҳид кетмади. Бир нарса кўрмадик. Лекин, ажойиб ҳид уйимизда тарқалган эди. Ҳатто кийимларимизгача бу ҳид сингди. Дўстларимиз, бу қандай ҳид деб сўрадилар.

- Билмадим, домла. Ҳасан ўлаётганида шундай ҳид тарқалди. Бу ҳид кийимларгача таъсир қилди...

Ҳасан ўлди.

Пайғамбарга муҳаббат билан тўлган қалб билан.

Жондан ортиқ севгани - Пайғамбарига қовушди.

Қандай яшасак, шундай ўламиз. Ҳаётимиз қандай бўлса, ўлимимиз шундай бўлади.

Биз қандай яшаяпмиз?

Islom.uz портали таҳририяти

Мавзуга оид мақолалар
Шаъбон ойи ndash ҳижрийқамарий тақвимнинг саккизинчи ойи бўлиб, Ражаб ва Рамазон ойлари ўртасида жойлашган. Бу ой тўғрисида келган маълумотларни ўрганиб кўрсак, давоми...

1807 18:45 / 06.03.2023
Бир киши чодирда ўтирган дарвешнинг олдидан ўтиб қолиб, шундай дедиndash Сенинг дўстинг кимndash Қалбим.ndash Суҳбатдошинг кимndash Сабр.ndash Нима билан вақтингни давоми...

1443 08:00 / 15.08.2020
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қўлидан тутиб, Албатта, ҳар бир умматнинг амийни бўлади. Бу умматнинг амийни Абу Убайда ибн Жарроҳдирrdquo деганлар.Набий давоми...

2587 14:30 / 17.05.2019
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Раббингизнинг Сизга ато этган барча неъмати ҳақида эса одамларга сўзлангrdquo, ndash деб марҳамат қилган. Зуҳо сураси, 11оят.Ушбу оятнинг давоми...

1635 11:45 / 30.08.2019